1 462

ЎЗБЕКИСТОН ПАЛОВИ ГИННЕСНИНГ РЕКОРДЛАР КИТОБИДА

2017 йил 8 сентябрь куни пойтахтимизда  “O’zbegim” Миллий қадриятлар фестивали бўлиб ўтди.Фестиваль доирасида доирасида ўзбекистонлик ошпазлар томонидан 7 360 килограммлик палов тайёрланди. Палов тайёрланадиган ҳудуд санитария-гигиена талабларига риоя этиш мақсадида тўсиб қўйилди. Жараён эса фестиваль ўтказиладиган ҳудудга ўрнатилган 17 та экранларда намойиш этиб борилди. Палов тайёрланиш жараёнини Guinness World Records вакиллари бевосита кузатиб борди.
– Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилиш учун таомга тўрт тонна масаллиқ сарфланиши керак эди, – дейди Guinness World Records вакили Ричард Стенинг. – Бугун ушбу талаб ошиғи билан бажарилди. Паловни тайёрлаш жараёнида Гиннеснинг рекордлари китоби талабларига тўлиқ риоя қилинди. Демак, палов тайёрлаш бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди. Бу, албатта, Гиннеснинг рекордлар китобига қайд этилади.

Таомнинг соф оғирлиги 7360 килограммни ташкил этди. Уни тайёрлаш учун 50 нафар ошпаз 6 соат давомида иш олиб борган.

Паловни тайёрлаш учун рекорд даражадаги масаллиқлар: 1500 кг мол гўшти, 400 кг. қўй гўшти, 220 кг қуйруқ ёғи, 1900 кг. гуруч, 2700 кг сабзи, 220 кг. пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг. туз, 100 кг. нўхат, 190 кг. майиз, 5 кг. зира, 2 кг. майдаланмаган мурч, 1 куркума ва 350 литр сув солинди.

Таом ва қозоннинг умумий вазни қарийб 14 450 килограммни ташкил этди.

Тайёр палов “Мурувват”, “Саховат”, қариялар ва ногиронлар уйларига, шунингдек, фестиваль меҳмонларига тадбир ҳудудидаги 14 та жойда тарқатилди.

Ўз мухбиримиз

Улашинг: