2 410

ШАЙТОН СОВҒАСИ (мистик ҳикоя)

Зайниддин бугун хурсанд. Ниҳоят, унинг лавозимини оширишди. Албатта  оддий ишчидан цех бошлиғи ўринбосарлигига ўтиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бир цехда 5 йилдан буён ёнма- ён ишлаб келаётган  Нозим йиғилишдан сўнг уни табрикласа-да, кўзларидан хурсанд эмаслиги кўриниб турарди. Ахир улар деярли бир кунда заводга йўлланма билан ишга келишган. Аммо Нозим иш вақти тугар тугамас, жуфтакни ростлашга ҳаракат қилар, Зайниддин эса берилган буюртма бўйича ишни охирига етказмагунича иш жойидан жилмас эди. Албатта, раҳбарият буни билади…

— Юр ўртоқ, бугун лавозимни ювамиз. Хотиндан яширган бир-икки сўмим бор, пивохўрлик қилишга етади. — Зайниддин Нозимнинг ёвқараш нигоҳига эътибор бермай, унинг елкасига қўл ташлади.

— Лавозимни пиво билан эмас, ароқ билан ювиш керак. Балки бугун “Тонгги юлдуз”да ўтирармиз.

— Бўпти,  бир мазза қилайлик.

“Тонг юлдузи” кафеси кечки салқинда одамлар билан тўлиб тошган. Аранг бўш стол топиб ўтирган дўстлар, овқатга буюртма беришгач, уни олиб келгунларича атрофдаги хўрандаларни томоша қила бошлашди.

— Зайни, анови қизга қара, жа-а кетворган эканми?

— Уларнинг қарама-қаршисида столчада ўтирган аёл ҳақиқатдан ҳам ҳурлиқонинг ўзи эди. Оппоқ юзи, шаҳло кўзлари, қуюқ қора киприклари, ғунчадек кичик, бежирим лаби инсонни ўзига ром этмай қўймасди.

— Зайни, бир ўзи эканми? Балки столимизга таклиф этармиз? — Нозим қиздан кўзини узмасди.

— Қўйсангчи, бунақа чиройлилар ҳеч ҳам ёлғиз юришмайди, йигитими, эрими ташқарига чиққандирда? — Зайниддин ҳарчанд нигоҳини олиб қочсада, беихтиёр қиз томонга қарар, у ҳам ундан кўз узмаётганлигини кўриб, қизариб кетди.

— Ростданам ҳеч кими йўқ, шекилли. Қандай қилиб таклиф этамиз?

Худди уларнинг гапларини эшитиб тургандек, қиз ўрнидан туриб, ичиб турган коласини қўлига олдида, уларнинг ёнига келди.

—          Салом йигитлар, ёлғиз зерикиб кетдим, бироз сизлар билан ўтирсам майлими?

Нозим шошганича ўрнидан туриб, қизга  курсини сурди.

— Марҳамат, жонимиз билан.

— Ўртоғингиз  сизлар билан ўтиришимни истамаяпти шекилли. Унинг келишган қадди-қомати, кўзларини сузиб гапириши-ю, ширали овозидан Зайниддин ўзини юқотиб қўяёзди.

— Й-ў-қ, нега энди? Марҳамат.

Қиз қўлидаги уяли телефонини стол устига қўйиб, Нозимжон у томон сурган курсига назокат билан  ўтирди.

— Телефонингиз чиройли экан, сенсорли шекилли.

— Ҳа, тўғриси бу эркаклар тутиб юрадиган русумли телефон, аммо менга айнан шунақаси ёқади.

Қиз тинмай гапирар ва… анчагина ичар экан. Ҳар қадаҳ уриштирганда унинг бўялган узун тирноқлари янада нозиклаштириб кўрсатаётган бармоқларига қўлининг тегиши, баданини бир сескантирар,  юрагида қизга нисбатан қўрқув аралаш, аллақандайдир ҳаяжон пайдо бўлганлигини кўрсатмаслик учун, ҳар гал ундан нигоҳини олиб қочар эди.

Эрталаб Зайниддин  кўзини очганида кун пешин бўлаёзганди. Каравоти ёнидаги кичик стол устида турган чойнакдаги чойни жумрагидан симирдида, ичида уни дамлаб, ишга кетган хотинини алқаб қўйди.

Ишга кеч қолибди. Боши кеча кўп ичганидан лўқиллаб оғрир, кўнгли ҳам айниб қайт қилгиси келаётганидан, ювиниш хонасида юзини совуқ сувга чайди.

— Шунчалик ҳам ичаманми? Лавозими кўтарилганнинг биринчи кунидан ишга бормасам, қанақа одам бўлдим. Ишга бориш керак, бирор баҳона топарман. Шундай уй-хаёллар билан шошиб шимини кия бошлади. Шу пайти гилам устига кеча анови ҳурлиқонинг қўлида кўрган телефон тушди.

Зайниддин бир зум телефонга анграйганича қараб турди. Наҳотки маст ҳолда телефонни ўғирлаган бўлса? Йўғ-ей, бўлиши мумкин эмас! Шу пайтгача бировнинг бир тийинини ҳам ўзидан сўрамасдан олмаган. Бўлмаса бу телефон қаердан келди?

Зайниддин цех эшиги олдида Нозимжонга тўқнаш келиб, тилла топган одамдек суюниб кетди.

— Ўртоқ, кечаги қизнинг исмини, қаерда яшашини билмайсанми?

— Ҳа, тинчликми? Юракдан қаттиқ урибди шекилли?

— Йўғ-ей,  унинг  телефони менда пайдо бўлиб қолибди, шунга яна қидириб юргандир? Бизни ким деб ўйлади экан-а?

— Қара шунча бирга ичиб, отини сўрамабмиз-а, телефон масаласига келсак, учиб қолмасингдан сал аввал ўзи сенга уни совға қилди. Ўзингам тинмай “шундай телефон орзу қилиб юрувдим”, “шунақасини сотиб олмоқчиман, аммо хозир пулим етмайди” деяверганингдан кейин, сенга совға қилди.

— Мен олдимми?

— Ҳа, ҳатто унинг қўлларини ўпиб ҳам қўйдинг.

— Алдамаяпсанми?

Шу кундан бошлаб унинг ишлари юришиб кетди. Бир ойдан сўнг цех бошлиғини арзимаган хатоси учун бўшатишиб, ўрнига Зайниддинни тайинлашди. Кейин завод кадрлар бўлимининг бошлиғи, сўнг директорнинг  ўринбосари, йил охирида эса директорнинг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилди. Бу, албатта, унинг тиришқоқлиги ва  меҳнатсеварлиги учун берилаётган мукофот эмаслигини Зайниддин ич-ичидан ҳис этар, бир томондан омади чопаётганидан хурсанд эди. Энг қизиғи, энди у ўша ҳурлиқо совға қилган қимматбаҳо телефондан ҳам қимматини олишга қурби етса-да, уни қўлдан қўймас, доимо белидаги камаридаги ғилофда олиб юрарди.

Кўп ўтмай завод директорини порахўрликда айблаб, қўлга олишди. Албатта унинг ўрнига Зайниддин вазирлик томонидан тайинланди. Уч йил мобайнида оддий ишчи бўлиб юрганида салом берса алик олмайдиган цех бошлиқлари-ю, бўлим бошлиқлари қўллари  кўксида қабулхонада “хўжайинни бирров табриклаб қўйиш” учун навбат кута бошладилар. Бир томондан бундан жаҳли чиқса-да, иккинчи томондан ғурури саҳрода қизиган тош сувга тушгандек салқинлаб, ором олди. Дўст-душманнинг кўзида тақдир уни эркалаганлигидан ич-ичидан суйина бошлади. Завод директорининг маошидан ташқари, заводга жалб қилинадиган сармоялар, ишлаб чиқилган лойиҳалардан келадиган улушлар… Тез орада Зайниддин хусусий қурилиш фирмасига ҳам эга бўлди. Фирма ҳам гуллаб-яшнай бошлади. Пул бор, каталакдек бир хона уйини сотиб, данғиллама ховли қурди. Хотини Сабоҳат ҳам маликалардек тиллага бурканиб,  институтдаги лобарантлигини ташлаб, буткул ўзини икки фарзанди тарбиясига бағишлади. Пулнинг қудррати, тақдирнинг марҳаматини қаранг-а? Орадан икки йил ўтар–ўтмас  оддий Зайни Зайниддин Иноғомовичга айланди. Бир пайтлари кези келса камситиб, бўлмаса устидан кулиб юрадиган Нозимжонлар энди соясига салом беради.

Шу куни янги дўстлари, катта тижоратчилар, вазирликларнинг юқори лавозимларини эгаллаб турган мансабдор  шахслар даврасида зиёфат еган Зайниддин уйга етиб келгунига қадар ўзини ҳолсиз сезиб, аранг ҳайдовчиси ёрдамида машинадан тушди.

“Кўп ичиб қўйибман, шекилли”, уйлади у, Сабоҳат ёрдамида  тўшагига чўзилар экан. Бир зумда уйқу оромбаҳш қучоғига тортганини сезмай ҳам қолди. Туш кўрибди.Унда Нозимжон билан илк лавозимини  “ювиш учун” борганда учратган ҳурлиқо билан турли гуллар қоплаган  далада қўл ушлашиб юришган экан. Бирдан олдиларида шохлари зумрад, мевалари эса ёқут тошдан ясалган олма дарахти пайдо бўлибди. Ён-атрофдаги гуллар ҳам ғалати, майин эсаётган шабадада тебранмас, ўзидан ифор таратмас эди. Уларнинг барглари қуёшда чарақлаб, қўл тегса эгилмас, букилмас, барчаси қимматбаҳо тошдан эди.

-Жоним, манавини татиб кўринг.

Ҳурлиқо қўлида пайдо бўлиб қолган ёқут олмани  Зайниддинга узатди.

-Ахир бу тошку, есам тишим синади-ку?

-Ейсиз, емай ҳам кўрингчи? Аввалига ширин жилмайган ҳурлиқо, сўнг қаҳ-қаҳ отиб кула бошлади. Унинг оғзи катталаша бориб, ўзи ҳам афсонавий девга айланди ва Зайниддин устига бостириб кела бошлади.

Қора терга ботган Зайниддин алаҳсираб уйғонганида тонг эндигина оқара бошлаган эди.

Куни билан ичи ғаш бўлиб юрди. Шу пайтгача  кўрган тушини дарҳол унутган бўлса, бу туши эса ҳеч ёдидан чиқмас, кўзини юмди дегунича гўзал ҳурлиқо девга айланиб, уни ютишга шайланарди.

Ҳар куни бир хил туш қайтарилиши натижасида Зайниддин ухлашга ҳам қўрқиб қолди. Бир ҳафтанинг ичида озиб, кўзлари киртайди. Сержаҳл бўлиб, бўлар-бўлмасга ходимларга бақира бошлади. Шу кунлари кўзи ожиз онасини кўрмаганига салкам бир йил бўлганини эслади. Эвоҳ, лавозим-у, пуллар кўзи эмас, қалбини кўр қилиб қўйибди. Сурхоннинг чекка қишлоғида қолган онасининг оқ фотиҳасини олмаганига ҳам қарийб бир йил бўлибди. Қайтанга оддий ишчи пайти тез-тез болалиги ўтган қишлоғига борар, синфдошлари билан кўришиб, отасининг қабрини  зиёрат қилар эди. Онажони  етти қишлоққа машҳур кинначи эди. Кимга кўз тегса, боласи касал бўлса, иши юришмаса албатта  уларникига келиб онасига нон силатар, кинна солдирар эди.  Ўқишни битириб, уйлангач, Зайниддин Тошкентда қолишни афзал билди. Онажони онасининг ўлимидан сўнг қаттиқ изтиробга тушиб, бирданига кўзи кўрмай бошлади. Шундай бўлса-да уларнинг уйларидан одам аримасди. Онасининг ёнида укаси Ботир қолишидан кўнгли таскин топган Зайниддин заводга ишга кирди. Балки қадрдон юртининг тафти уни бу қўрқувлардан халос этар. Балки мушфиқ онасининг доимо жамбил ҳиди келиб турувчи қўллари уни бу ташвишдан қутқарар.

Ризвоной она  ўрик дарахтининг сояси остида атрофдаги шовқинларга қулоқ тутиб ўтирар экан, енгил оёқ шарпасини сезиб сергакланди:

—          Ким у? Ботиржон сенмисан?

Зайниддин олдида совуб қолган бир пиёла чой, ранги унниқиб кетган кўрпачада ўтириб, ҳимоясиз равишда ҳовли ва боғдаги турли хил шовқинларга қулоқ тутаётган кўзи ожиз онасини кўриб, ўпкаси тўлиб кетди. Ўзини тута олмай, онасининг райҳон, олма ва аллақандай болалик хотиралари тўфонини қўзғатувчи ҳидлар келиб турган бағрига отди:

— Онажон… бу… мм-е-ен. Зайни…

—  Вой…

Ризвоной она қорачиқлари  оқ парда қоплаган кўзларидан оққан шошқатор ёшни ҳам артмай қўлларини олдинга чўзиб, анча тўлишган, қимматбаҳо атир ҳиди уфуриб турган ўғлининг елкасидан қучоқлади.

— Бормисан, болам… Сени кўролмай ўлиб кетаманми, деб ўйловдим. Йўқлай ҳам демайсан. Уканг Ботиржонга тилипон қил, қачон келар экан десам, рақамингни билмайман дейдими-ей?

— Мана келдим онажон, сизни соғиндим…

Зайниддиннинг келиши оилада ҳақиқий байрамга айланди. Кечга томон қўни-қўшнилар, ўртоқлари чиқишди. Гурунг тун ярмигача давом этди. Атрофида уни  у бундан 10 йил илгари қандай бўлса шундай қабул қилаётган, самимий суҳбатлашаётган одамларни кўриб, Зайниддиннинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Сўнгги пайтлари  юрагига солаётган қўрқув ҳам йўқолди. Сурига солинган кўрпачага чўзилар экан, тушига раҳматли отаси кирди.

-Болам, сен ўзингнинг ҳаётинг билан яшамаяпсан. Совғани қайтар болам.Ўз ҳаётинг билан яша, деди-ю, боғ четига экилган  маккайилар ичига кириб ғойиб бўлди. Зайниддин отасини соғинганлигини илк маротаба юрак-юрагидан ҳис этди. Ҳарчанд чақирмасин, отаси ортга қарамади, тушида ёш болага айланган Зайниддин эса падари бузрукворининг орқасидан қувиб етолмади. Ўпкаси тўлиб, ҳиқиллаганича, макка поялари атрофида пайдо бўлган кўринмас девор ортида қолди.

Уйғонганида кўз ёшидан ёстиғи ҳўл бўлган, элас-эласда итларнинг  уйқусираб ҳургани, боғ тўридаги молхонада ҳўкизнинг пишқиргани эшитилди. Кўкда сон саноқсиз юлдузлар чарақлар, боғ этагидаги маккайизор эса қорайганича, енгил шабадада шивирлар эди.

Зайниддин анчагача болалиини эслаб, ухлолмай ётди. Кейин эса кўзи илинибди. Ҳал ҳам маккайизор олдида турибди. Фақат энди улғайган. Бир оздан сўнг поялар шитирлаб, кимдир у томон қараб кела бошлади. Зайниддиннинг юраги ҳовлиқди. Отаси қайтди, отажониси уни яхши кўради,  ёлғиз ташлаб кетгиси келмади. У олдинга талпинган эди, отасининг ўрнига яшил баргларни суриб ўша ҳурлиқо чиқиб келди. Зайниддин қочмоқчи бўлган эди. Аммо оёқлари остидан томир чиқиб, улар ҳам маккайи поясига айлана бошладилар. Ҳурлиқо яқинлашгач, Зайниддинни ютиш учун оғзини катта оча бошлади. Шу пайт телефон жиринглади-ю, ҳурлиқо яна асл гўзал қиёфага кирди.

—          Телефон сизга бойлик келтирди, тўғрими, жоним? Аммо менинг улушим қани? Ҳақини тўламайсизми?

Зайниддин жавоб беришга улгура олмади. Телефоннинг тинимсиз жиринги уни қўрқинчли туш гирдобидан юлқиб олган эди.

Тонг отган, ҳақиқатдан ҳам доимо ёнида олиб юрадиган, ўша ҳурлиқо совға қилган телефони тинимсиз жирингларди.

Қўли қалтираганича телефонни кўтарган Зайниддин қулоғига, худди қабрдан чиқаётгандек овоз келди:

— Телефон сизга бойлик келтирди, тўғрими, жоним? Аммо менинг улушим қани? Ҳақини тўламайсизми?

— Кимсиз? Ким бу? Бу рақамни қаердан олдингиз?

Аммо телефондан қисқа гудоклар келар, қўнғироқ қилувчининг рақами ҳам дисплейда чиқмаган эди.

Қўлига худди қора чаён ёпишгандек телефонни кўрпача устига отиб юборар экан, шошганича онаси ётган уйга отилди. Ризвоной она бомдодни ўқиб бўлиб, нурсиз нигоҳини бир нуқтага қадаганича тасбеҳ ўгириб ўтирган экан.  Ҳарсиллаб кирган Зайниддиннинг атири димоғига гуп этиб урилиши билан жилмайди.

— Тинчликми болам? Салгина дам олмабсан? Ҳали эрта-ку?!

— Онажон қутқаринг, мен бошқа чидай олмайман. У мени ютиб юборади, ютади…

Ризвоной она ўғлининг гапини диққат билан эшитгач, бир оз сукутга чўмди. Сўнг:

— Совғани эгасига қайтар болам. Сен шайтонга ошно тутинибсан. Унинг совғасини олибсан. Тилипонинг аслида шайтон қуввати жойланган мослама. Бу қувват сенинг ҳаётий қувватинг билан озиқланган. Яна икки-уч ойдан кейин жонингни сўриб оларди. Касалдан бошинг чиқмасди. Уни эгасига қайтар…

— Қандай қилиб, ахир уни танимайман-ку?

— Уни олган жойингга бор. Ўша ўтирган столинг устига қўйгинда, Қуръон Каримдан мана бу сураларни ўқи. Сўнг ортингга қарамай чиқиб кет. Сендан хавотирда эдим. Яхшиямки, ўзинг келдинг.

Тошкентга қайтиб онаизорини айтганини қилган Зайниддин илк маротаба тинч ухлади. Тушида яна анвойи, бу сафар тирик гуллар очилган далада сайр этар, олма дарахтида кўзни қувонтириб, хушбуй ҳид таратиб турган олмани узиб олиши билан ёнгинасида кулгу эшитилди. Улардан сал нарида  уни таъқиб қилган ҳурлиқо  хўппа семиз, ёш бўлишига қарамай,  тепа сочи тўкила бошлаган йигитнинг қўлидан ушлаб, унга ёқут олмани узатмоқда эди…

Н.ҚОСИМОВА.

Улашинг: