Сўнгги йилларда “питчинг”, “медиа-питчинг” тушунчаси хорижий оммавий ахборот воситаларида тез тез кўзга ташланмоқда. Инглиз тилида PR-мутахассислар сўнгги йилларда “pitching your story to the media”, яъни “медиа учун сизнинг хабарингизни тавсия этмоқ” иборасини тез-тез қўллашмоқда. Ҳўш, питчинг ва медиа питчинг нима? У нима учун оммавийлашди?
“Питчинг” инглиз тилидаги “pitch” — сотувга қўймоқ сўзидан олинган бўлиб, бирламчи равишда лойиҳага ўз сармояларини тикишга тайёр бўлган сармоядорларни топиш учун кинолойиҳалар тақдимоти шундай аталган. Бугунги кунда питчинг тушунчаси турли соҳаларда самарали қўлланиб келинади. Масалан, балиқчиликда у зоғора балиқни тутиш учун қармоқни ташлаш техникасини ифода этиш учун ишлатилса, кино индустриясида сармоядорларни топиш, жамоатчилик билан алоқалар, яъни PR соҳасида эса қўлланилиб келаётган “медиа-питчинг” тушунчаси ОАВда маълумотларни илгари суришни англатади. Питчинг оғзаки, ёзма шаклда бўлиши мумкин. У ўз ичига питчинг хатни (pitching letter) ҳам олади. Питчинг хат бу журналистларга бирор бир ташкилот томонидан ўтказиладиган пиар кампаниянинг асосий тушунчаларини ўз ичига олган хабар, янги мавзулар ва воқеалардир. Мақсад- журналистни қизиқтириш, ташкилот, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида ёзишга ундаш, уни ҳамкорликка чорлашдир. Албатта ташкилот турли йўналишда фаолият юритадиган ОАВга унинг йўналишига мос мавзуларни таклиф этиши лозим. Фақат шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Самарали медиа-питчинг ҳар қандай журналист “қалби” йўл топиш имконини беради ва ташкилотнинг ОАВ орқали имижини шакллантиришда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Сир эмаски сўнгги йилларда турли хил ОАВ учун материал тайёрлайдиган журналистлар, яъни фрилансёрлар кўпайди. Хорижда фрилансёрларни бирлаштирувчи етакчилар ҳам мавжуд бўлиб, улар асосан ҳамкасбларининг материалларини ОАВ муҳаррирларига таклиф этиш, тажриба алмашиш учун платформалар яратиш билан шуғулланишади. Шулардан бири News Fixed янгиликлар порталининг режалаштириш бўлими муҳаррири Жек Уотлингдир. У кўп йиллар давомида Жанубий Осиё ва Шарқий Африкада репортёр бўлиб ишлаган ва ўз материалларини Reuters Enterprise Team, CBC, ВВС ҳамда TV3 каналларига тақдим этган. Айни пайтда у 90 та мамлакатдаги 700 дан ортиқ малакали журналистларни бирлаштирган newsfixed.com сайтида уларнинг мақолаларини илгари суриш билан шуғулланади.
Ҳозирда фрилансёрлик Ўзбекистонда ҳам оммалашмоқда. Айниқса интернет нашрлар учун ёзадиган журналистлар аксарият ҳолатларда ўз маҳсулотларини бош муҳаррирларга қай тарзда тақдим этишларини билишмайди. Кўпинча уларнинг меҳнатлари муносиб баҳоланмай қолади. Албатта, бунда уларга питчингдан хабардорлик қўл келади. Бунинг учун улар ўзлари тайёрламоқчи бўлган материалларнинг мавзусини тақдим эта билишлари ва бош муҳаррирларни қизиқтира олишлари керак. Бу қандай амалга оширилади:
Шаблон яратинг.
Мақолангиз питчини яратиш кўп вақт талаб этмаслиги учун шаблон яратинг. Унда асосий тушунчалар мавжуд бўлиб, фақатгина келгуси мақолангизнинг номи,унда кўрсатмоқчи бўлган фактларингиз, ҳодисанинг “қаймоғи”ни киритсангиз бас. Масалан,
Муаммо кўриниши: Истеъмол учун республикамизда етказиб бериладиган сувнинг арзонлиги кўп ҳолларда унинг беҳуда сарфланишига олиб келмоқда. Масалан, савдо дўконларида бир литрли баклашка суви ўртача 1000 сўм туради ва бир куб сув минг литрлигини ҳисобга олиб, ушбу сонни мингга кўпайтирсак, 1 миллион сўм келиб чиқади (Бу ерда ишлаб чиқариш харажатлари ҳамда талаб ва таклифдан шундай баҳо келиб чиққанлигига биз қарши эмасмиз), аммо аҳолига қувурлар орқали етказиб берилаётган 1м3 тоза ичимлик сувига ҳам катта миқдорда ишлаб чиқариш харажатлари кетиши ҳеч кимга сир эмас. Оқибатда айрим истемолчилар, яьни корхона, ташкилот ҳамда аҳоли ўртасида қувурларда етказиб берилаётган тоза ичимлик сувига нисбатан баҳоси ўта паст бўлганлиги сабабли (яъни бир минимал иш ҳақи 01.04.2016 йилдан 118 минг бўлса, 250 сўм сув баҳоси-унинг тахминан қарийб 0,23 фоизинигина ташкил қилаётгани кўриниб турибди) беписандлик билан қараш, сувни қадрига етмаслик, унитаз ва ванналар орқали канализацияларга, ариқларга, таморқаларга, боғларга, бедапояларга кўп ҳолларда мақсадсиз оқизиб қўйишлик, маҳаллаларда кўчаларга меъёрсиз сув сепишлик ҳолатларининг гувоҳи бўламиз.
Питч: “Соҳиба ҳар куни қишлоқ чеккасидан оқиб ўтадиган анҳордан ҳовлига сув олиб келса, шаҳар марказида жойлашган уйнинг тўртинчи қаватида турадиган Нигора ишдан чарчаб қайтгач, ҳар икки уйнинг ўртасига ўрнатилган кранлардан тўртинчи қаватга челаклаб сув ташийди. “Шаҳар “Сувоқова” ташкилотидан келган вакилга эса тўлов масаласида доимо бир хил жавоб қайтарилади “Тўртинчи қаватга сув чиқариб еринглар, сувни пулини тўлаймиз. Нега энди мен пастда оқаётган бир кун фойдаланиб, икки кун фойдаланмайдиган сув учун тўлашим керак?”
Мен ўз мақоламда бугунги кунда республикада мавжуд ичимлик суви танқислиги муаммосини ёритиб, уни истеъмолчи ҳамда етказиб берувчилар нуқтаи назаридан солиштирма таҳлил этмоқчиман”.
Мақолада жонли воқеалар келтириш унга нисбатан қизиқишни орттиради
Таҳлилий мақолада келтирилган жонли мисоллар, мақола қаҳрамонларининг ҳис-туйғулари, муаммони ечишга ўлган уринишлари муаммонинг нақадар долзарблигини кўрсатади. Воқеани тасвирлаётганда “бўлиши мумкин”, “эҳтимол”, “балки” деган сўзларни қўллашдан қочиш зарур. Улар воқеанинг ҳақиқатдан ҳам содир бўлганлигига шубҳа билан қарашга мажбур этади.
Асосий ахборот манбаларини кўрсатинг
Питчда кимларнинг фикрларини келтирмоқчисиз, ахборот манбаларингиз кимлар эканлигини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Бу бош муҳаррирларга сизнинг ўз ишингизга масъулият билан ёндошаётганингизни исботлайди.
Материални топшириш муддатини кўрсатинг
Материал қайси жанрда бўлиши, унга фотосуратлар илова қилиниши ҳамда қайси куни топширишингиз ҳақида питч сўнггида кўрсатиб ўтиш зарур. Шунингдек якуний қисмида “Агарда Сизни менинг материалим қизиқтирган бўлса, уни қабул қилиш шартлари хусусида менга бир кун ичида жаво берсангиз” дея қайд этиш, мақола биринчи таҳририят томонидан қабул қилинмаса, уни бошқа нашрга тавсия этиш имконини беради.
Портфолио
Албатта питч охирида ўзингизнинг бошқа материалларингизга ҳаволалар бериш ёки босма нашрларда чоп этилган мақолаларингизнинг нусхасини илова қилиб жўнатиш муҳаррирларда сизнинг фаолиятингиз, ижодингиз хусусида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишга имкон беради.
Бугунги кунда интернет журналистикасида ўз ўрнига эга бўлиш ва ижод маҳсулини сотиш учун онлайн журналистларга ёрдам сифатида фрилансёр Кабир Чиббер www.pitch me сайтини яратди. Унда барча фрилансёрлар ўзларининг питчларини жойлаштиришлари, муҳаррирлар эса уларни қизиқтирган материалларга буюртма беришлари мумкин. Фрилансёр сифатида бой тажрибага эга бўлган Чиббер ёш ҳамкасбларига самарали питч ёзиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги хусусида маслаҳат беради:
Эътиборни тортадиган сарлавҳа танланг. Албатта мақолангиз сарлавҳаси ёзадиган мақолангизни қайси йўналишдаги ОАВга тақдим этмоқчи бўлсангиз, унинг услуида бўлгани маъқул.
Питч қисқа бўлсин. Сизнинг таклифингиз қисқа, лўнда ва аниқ бўлсин. Чунки муҳаррирларда узундан узоқ жумлаларни ўқиб ўтиришга вақти йўқ.
Бошидан қизиқтиринг. “Энг асосийси биринчи жумла билан муҳаррирни қизиқтириш лозим”,- дейди Чиббер. – Бу сиз ўз ўқувчингизга тақдим этмоқчи бўлган энг қизиқарли факт бўлиши керак.
- Ўзингизни реклама қилинг. Ўз питчингизда қисқача ўзингиз ҳақида ёзишни унутманг ва Сиз фрилансёрлар ичида … энг зўри эканлигингизни, таҳририят ўз мухбирини юбора олмаган жойлардан ҳам материал тайёрлай олишингизни айтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Ғоя эмас қаҳрамонларни таклиф қилинг. “Аслида сиз ғоя эмас, қаҳрамонларингизни сотасиз” – дейди Чиббер. Бошқа мамлакатдаги ижтимоий муаммо ҳақида ёзгандан кўра, ўз ҳудудингиздаги мазкур муаммодан азият чекаётган бола тўғрисида сўзлаб берган муҳимроқ. Чунки ўқувчини яшаб турган жойидаги масалалар кўпроқ қизиқтиради.
Наргис ҚОСИМОВА