Япония дунёнинг энг ривожланган давлатларидан биридир. Аммо Кунчиқар мамлакат анчадан бери туғилиш ва аҳоли сони камайиши, меҳнат кучлари қариши ҳамда ишчи кучи етишмаслиги муаммосига тўқнаш келмоқда. 2017 йил якунларига кўра, мамлакат аҳолисининг 27 фоизи 65 ёшдан ошган кишиларни ташкил қилади. Агар ушбу ҳолат сақланиб қоладиган бўлса, бир неча ўн йиллардан сўнг мамлакат аҳолисининг тахминан 40 фоиздан ортиғи фуқароларнинг мазкур ёш қатлами ҳиссасига тўғри келади. Меҳнат бозорида эса 8,5 миллион ишчи кучи тақчиллиги юзага келади. Прогнозлар мамлакат аҳолиси 2060 йилга бориб, уч баравар камайишини кўрсатаяпти.
Нега Японияда туғилиш кам? Бунинг сабаби нимада? Тадқиқотчилар мазкур муаммонинг туб илдизини иқтисодий ривожланиш, аёлларнинг иш билан бандлиги, юқори лавозимларга интилиш кучайганлиги, шунингдек бола туғилишидан бошлаб унинг тарбияси ва таълимига сарфланадиган харажатларнинг катталиги билан изоҳлашмоқда. Аммо шунга қарамай, Японияда оилавий қадриятлар ўз ўрнини йўқотгани йўқ. Оила бу қалъа, ва ҳаётнинг ҳар қандай нохушликларидан унинг деворлари ортида яшириниш мумкин. Фарзанд тарбияси оилада жуда ҳам муҳим бўлиб, оналар ўз фарзандларини бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдиришмайди.
— Мен Японияда 4 йил яшадим ва шу даврда японияликлар учун оила муқаддаслигига, унда белгиланган қоидаларга ҳар бир оила аъзоси қатъий риоя қилишининг гувоҳи бўлдим, — дейди ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг катта ўқитувчиси Беруний Алимов. – Яхши ишга жойлашиш учун албатта қизлар турмуш қурган, йигитлар уйланган бўлиши керак. Аммо японлар оила қуришга шошилишмайди. Аввало уй-жой масаласини ҳал қилиб, маълумотли бўлиб, бирор ишнинг бошини тутгачгина қизлар 30 ёшда турмушга чиқишса, йигитлар 35 ёшларида уйланишади ва 40 ёшга борибгина фарзанд кўриш ҳақида ўйлашади.
Оилада ёш бўйича иерархияга қатъий амал қилинади. Хаттоки, бобо ва бувилар узоқ кўрмаган невараларини ҳам қучоқлаб, ўпиб кўришишмайди, балки бир-бирларига таъзим қилиш орқали саломлашиб қўя қолишади. Оилада ота муҳим роль ўйнайди ва масалан, у келмагунича овқатланишмайди. Ҳаттоки эри сафарда бўлса ҳам хотини телефон орқали эридан кечки овқат тановулини бошлаш ҳақида рухсат сўрайди. Ўзимизнинг машҳур “Суюнчи” бадиий фильмимиз қаҳрамони Шерматнинг япон аёлларининг эрларига қандай муносабатда бўлишлари ҳақидаги гапларини бир эсланг-а.
Японияда сув жуда ҳам қимматлиги сабабли, замонавий уйларда ҳам ваннада тўлдирилган сувда аввал оила бошлиғи, сўнг хотини, охирида ўша сувда болалари чўмилишади. Болаларнинг тарбиясига, билим олишига қаттиқ эътибор берилади. Бола тарбияси билан асосан оналар шуғулланганлиги сабабли, уйда ўтирган оналар учун бепул масофавий ўқишлар мажбурий қилиб белгилаб қўйилган. Бу ўз навбатида ёш оналарнинг ҳаётдан орқада қолиб кетишига йўл қўймайди. Мактабда бой ёки камбағаллигидан қатъий назар ҳамма бир хил формада юради, синфга уйдан овқат олиб келиш тақиқланади ва барча ўқувчилар мактаб ошхонасида пиширилган овқатдан ейди. Ногиронлиги бор болалар ҳам ижтимоий ҳаётда фаолдир. Уларнинг оддий болалар билан бирга ўқиши йўлга қўйилган. Масалан, мактабда югуриш бўйича мусобақа бўладиган бўлса, ногиронлик аравачасида ўтирган болани соғлом болалар қаторида отаси аравачани итариб югуради. Ҳар бир ота-она хоҳ шаҳарда, хоҳ қишлоқда бўлсин албатта болалари билан ўйнашга, сайр қилишга вақт топади. Япония таълим тизими бирор бир соҳага чуқур йўналтирилганлиги ва ихтисослаштириш кучлилиги билан ажралиб туради. Таълимнинг кейинги босқичларида ҳам мазкур жиҳат сақланганлиги боис, соҳаларнинг чуқур билимдонлари етишиб чиқади, бу эса турли йўналишларда мамлакат ривожини таъминлаб, кашфиёт ва ихтиролар сонинг кўпайишига олиб келади.
Бундан 100 йил илгари анъанавий япон оиласи жуда ҳам катта эди. Бир уйда бир неча авлод вакиллари яшашган ва албатта оиладаги энг ёши улуғ эркакка барча бўйсунган. 5 ёшгача бўлган боаларга эса барча нарса мумкин бўлган. Ҳозир бир уйда ҳамма яшамасада, айнан ёши улуғларга бўйсуниш ва беш-олти ёшгача бўлган болани ўз ҳолига қўйиш ҳануз сақланиб қолган. Айнан беш ёшгача онаси болани уришмай, урмай балки ўз хатти-ҳаракатлари билан намуна кўрсатган ҳолда тарбиялайди. Бола чақалоқлигиданоқ ҳар доимо онасининг орқасида, махсус халтада бўлади. Япон аёли доимо у билан гаплашади, ашулалар айтиб беради. Шу жиҳатини олганда ўзимизнинг “бола – пошшо” деган нақлимиз японларда ҳам бормикан, деб ўйлаб қоласан киши. Бу ҳолат ўзбек ва япон киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган “Ойижон” фильмида жуда чиройли тарзда очиб берилган. Ёдингиздами, япон эр-хотин кўчада сайр қилиб юришганда кичкина бола бехосдан эркакнинг плашига музқаймоғини тегизиб олади. Боланинг отаси бундан хижолат бўлиб таъзим қилганча қайта-қайта узр сўрайди. Шунда эркак болани хурсанд қилиш учун унинг қўлидаги музқаймоқни олиб бошига шляпадай қўндириб олади.
Аксарият ҳолатда бола юришдан олдин гапира бошлайди. Японияда оналар бола билан уч ёшгача уйда ўтиришади, сўнг боғчага беришганда ҳам бу вақт 3-4 соатдан ошмайди. Боғчада болакайларни этикетга ва жамиятда ўзини тутишга ўргатишади. Бундай машғулотларда она ҳам қатнашади. Албатта Японияда кун бўйи ишлайдиган боғчалар ҳам бор, аммо уларга фарзандини бериш учун ота-она кунига 4 соатдан ортиқ ишлашларини исботлаб беришлари зарур. Японияда кичик болалар деярли йиғламайди, чунки уларнинг истакларини онаси олдиндан билади. Беш ёшга тўлган бола мактабга берилади ва жамоа тартибларига қатъий бўйсинишга, ўз манфаатларидан кўра жамоа манфаатларини биринчи ўринга қўйишга ўргатила бошлайди. Катта бўлиб, ишга кирганида ҳам компания ва жамият манфаатлари ҳар доим биринчи ўринда туради. Японияда ажралиш ишда лавозим пиллапояларидан юқорига кўтарилишга жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли мамлакатда ажралишлар ниҳоятда камдир.
Японияда қариялар жуда ҳам қадрланади. Нафақа чиққач, уларнинг аксарияти шаҳардаги уйини фарзандларига қолдириб, қишлоққа кўчиб кетишади ва асосан томорқада ўз эхтиёжлари учун зарур мева ва сабзавотларни етиштириб, ҳаёт кечиришади. Саёҳатга кўп чиқишади. Чунки коммунал хизматлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жуда ҳам қиммат бўлганлиги сабабли маълум бир вақт хорижда бўлиш, уларга ўз уйида яшашдан кўра арзонга тушади. Оилада ҳар бир иш қариялар билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилади. Тўй ва ўлим ҳолатларида қариндошлар маросимни ўтказиш учун пул йиғиб беришади, агарда инсон ёлғиз бўлса бунга давлат томонидан пул ажратилади. Аксарият ҳолатларда доимо ишда бўлган фарзандлар ўз ота-оналарини “Қариялар уйи”га топширишади. Жамиятда бу уят ҳисобланмайди. Чунки улар бу ерда 24 соат давомида шифокорлар назоратида бўлиб, ҳар бир қарияга унинг касалидан ва ҳолатидан келиб чиққан ҳолда алоҳида ёндошилади. Қарияларга давлат томонидан жуда кўп имтиёзлар берилиб, бу уларнинг ўта оғир меҳнат фаолиятидан сўнг фаровон турмуш кечиришлари учун ҳукумат томонидан кўрсатиладиган эътибордир.
Наргис ҚОСИМОВА