Устозлар шундай инсонки, уларни фақат байрам куни эмас, ҳар куни, ҳар соатда йўқлаб, эгилиб таъзим қилсак ҳам кам. Чунки улар берган билимлар бизга ҳар кун, ҳар бир дақиқада керак бўлади, бутун ҳаётимиз давомида мураккаб масалаларни ечишга ёрдам беради.
Юртимизда малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган инсонлар жуда кўп. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора БОБОЖОНОВА ҳам ана шундай бағри кенг, меҳридарё устозлардан. У билан суҳбатда бунга яна бир бора амин бўлдик.
Суҳбатдош ҳақида:
1971 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. Мутахассислиги филолог-германист.
Кейинчалик Москва давлат университетининг журналистика факультетида номзодлик диссертациясини ёқлаган.
1971-1997 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг халқаро радио ахборот каналида (“Иновещание”) директор ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
1997 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази директори лавозимида ишлаб келмоқда.
— Гулнора Нажимовна, аввало ўзингиз раҳбарлик қилаётган марказ ҳақида гапириб берсангиз. Унинг вазифалари нималардан иборат?
—Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази 1997 йилда ташкил қилинган бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилот, ОАВ вакиллари малакасини ошириш йўналишидаги таълим муассасаси ҳисобланади. Фаолиятимиз Ўзбекистонда ривожланган фу қаролик жамиятини қуришда фаол ва ташаббускор журналистлар авлодини шакллантиришга қаратилган.
Ўозирда замонавий журналистиканинг талаби ҳам шу. Журналист янгича нуқтаи назар, янгича фикрлаш ҳамда эркин мулоқотга киришиш кўникмаларига эга бўлса ҳамда жамият тараққиётининг янги йўналишлари ва қонунчиликнинг янгича асосларига таянган ҳолда фаолият олиб борсагина мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўша олади.
Марказимиз фаолиятида юртимиз журналистларининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, ихтисослаштириш, малакасини ошириш, хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишларини ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.
Мисол учун, бугунги кунда тиббиётда долзарб бўлган масалалардан бири — силга қарши кураш мавзусини ОАВда ёритиш ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳадир. У Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Project HOPE» USAID ташкилоти билан ҳамкорликда жорий этилмоқда. Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ҳамда чет эллик таниқли журналистлар иштирокида марказий ва ҳудудий ОАВ вакиллари учун семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилади. Шунингдек, кўрик-танловлар орқали фаол журналистлар рағбатлантириб борилади.
ФАОЛ БЎЛИШ УЧУН СОҒЛОМ БЎЛИШ КЕРАК
— Нашримиз ўз низомига кўра анъанавий ва ноанъанавий тиббиёт, таълим-тарбия йўналишларини қамраб олади. Шунинг учун мухлисларни қизиқтирадиган айрим саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз.
Айтинг-чи, сиз ўзингиз ҳаёт ва меҳнат жабҳаларида доим фаол, тетик бўлиш учун нималарга эътибор қаратасиз?
— Турмушда ва ишда фаол бўлиш учун одам аввало соғлом бўлиши керак. Мен саломатлигимни асрашда кун тартибини биринчи ўринга қўяман. Қиладиган ишларимни режалаштирганда соғлом турмуш тарзига мувофиқ бўлган тадбирларни эътиборсиз қолдирмайман. Мисол учун, кунига 8 соатлик уйқу режими мен учун муҳимлик ва мунтазамлик касб этади. Барча зарур ишларимни вақтида бажараман ва уйқу соатларимни қисқартирмасликка эришаман.
Бундан ташқари, кўп овқат емайман. Кунига 4-5 маҳал кичик порциядан овқатланаман. Атрофимда ихтиёрий антистресс муҳитни таъминлашга ҳаракат қиламан. Яъни суҳбатдошим билан кулиб, яхши кайфиятда мулоқот қиламан. Тортишув ва баҳслардан ўзимни узоқ тутаман. Миш-миш ва ғийбатларга ишонмайман. Бу кун давомида асабимни асрашга ёрдам беради.
Ҳаётий тажрибамиз ва ҳиссиётларимиз бизнинг энг яхши ўқитувчиларимиздир. Ирода ва руҳият кучи, янгиликка интилиш ҳаётда ва меҳнат фаолиятида илғор бўлишга ундайди.
— Саломатликда овқатланишнинг роли қандай аҳамиятга эга?
—Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак. Қиёфа ҳам, қомат ҳам, кийим ҳам, муомала, тарбия ҳам… Менинг фикримча, “Сиз нима есангиз — ўшасиз” деган мақол тўғри айтилган.
Инсон организмидаги барча аъзоларнинг ҳолати, саломатлиги унинг овқатланиш маданиятига боғлиқ. Киши витаминга бой озиқ-овқатларни қанча кўп истеъмол қилса, тана ҳам шунча соғлом бўлади. Шу билан бирга, кимёвий таркибга эга маҳсулотлар одамни эрта қаритади, турли касалликларга гирифтор этади. Яна ортиқча вазнга сабаб бўлувчи маҳсулотлардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Негаки семириш — осон, озиш — қийин.
ИШЛАШНИ БИЛГАН ОДАМ ДАМ ОЛИШНИ ҲАМ БИЛАДИ
— Айрим одамлар касбимни севаман, ишласам дам оламан дейди. Сизнинг бу борада фикрингиз қандай?
— Меним фикрим шуки, ишлашни билган одам, албатта, ўз вақтида кўнгилдагидай дам олишни ҳам билиши керак. Ҳар бир инсон ўзига ёқадиган дам олиш шаклини ўзи танлайди. Кимдир таътилда сайру саёҳат қилишни, кимдир ишдан кейин дала ҳовлига боришни ёки бирон қизиқ китобни ўқиб хордиқ чиқаришни яхши кўради. Баъзи бировлар фарзандлари, неваралари билан суҳбатлашишдан ё бирон ширин таом пиширишдан ҳам завқ олади.
Мен эса иш билан хордиқни уйғунликда олиб бораман. Айтишади-ку, «фойдали ишнинг ёқимли бўлишига эришмоқ керак». Яъни ҳамкасблар, шогирдлар даврасида фаолликдан тўхтамаган ҳолда дам олишни маъқул кўраман.
— Асл шифокор қандай бўлиши керак?
— Шифокорлар ҳақида сўз кетганда ҳар доим раҳматлик онам Хаирова Рашида Фаттоховнанинг ибрати кўз олдимга келади. У деярли 70 йиллик меҳнат стажига эга тажрибали шифокор эди. Мурожаат қилган беморларнинг илтимосини хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, хоҳ кундуз, хоҳ кечаси бўлсин, ҳеч қачон рад қилмаган.
Ўозирда шогирдларининг барчаси малакали шифокор бўлиб етишишди. Онам касал ётганида тез-тез келиб, ҳолидан хабар олиб туришди, зарур тиббий ёрдамларини аяшмади. Улар ҳамон ўз устозини ҳурмат билан ёдга олишади.
Балки ҳақиқий шифокор аслида шундай, бўлиши керакдир… Албатта, инсонларга беминнат хизмат қилиши, ҳар қандай вазиятда тезроқ ёрдамга шошилиши керак! Юртимизда шундай шифокорлар кўплигига ишончим комил.
Суҳбатдошдан тавсиялар:
- Даволаниш усулларига келганда, мен ҳаммадан кўпроқ табиий усулларни афзал биламан. Мисол учун, меъда-ичак тизими касалликларида қизилпойча ўти (зверобой), қуштовон (спорыш) дамламалари яхши фойда беради. Шамоллашда эса наъматак қайнатмаси, лимонли ва малинали чойга тенг келадигани йўқ.
- Биз ёзда малинага шакар сепиб, совиткичда музлатиб қўямиз. Қишда эса чойга солиб ичамиз, пишириқларга ишлатамиз. Бу ҳам иштаҳани очади, ҳам қон босимини меъёрига келтиради, каттаю кичикка фойдалидир.
Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.