2 245

АРМОН

Саида кечир мени. Бир умр азобга ташлаб кетдинг .. Мана орзуимга хам етишар эканман, қизинг Севара ўғил кўрди. Гулига  ҳам тинмай совчилар келаяпти. Қизинг учун шундай қувончли ва ташвишли кунда  ёнида сен йўқсан. Эҳ Саида, Саида! Қани энди қайтиб кела олсанг. Аллоҳ менга барча виждон азобларидан қутилиш учун имконият берса  эди».

Рўзимат ака ёноғига томган кўз  ёшини артиб, рафиқаси Саидага ёзган хатини тортмадаги картон қути ичига йиғилган хатларга қўшиб қўйди. Бу хатлар ҳеч қачон ҳеч қаерга юборилмайди. Бу хатлар ҳеч қачон ўз эгасининг қўлига тегмайди, чунки уларда  виждон азоби, бир умрлик армон битилган эди…

Рўзимат уйланиб икки фарзандли бўлгунига қадар оилавий ҳаётидан нолиган эмас. Хозир беш қизнинг отаси. Хотини ҳам юмшоқ, кўнгилчан аёл. 13 йил бирга кечирган ҳаётлари давомида бирон марта ҳам унинг юзига тик қараб гапиргани, гап қайтарганини эслай олмайди. Шундай бўлса ҳам негадир  кейинги вақтларда Рўзимат оиласидан совий бошлади. Ишда алламаҳалгача қолиб кетадиган,   ишини эртароқ тугатса, дўсти Бадриддин олдига борадиган бўлиб қолди Уйга борса, бўлар бўлмасга жаҳли чиқар, э йўқ, бе йўқ қизларига ушқириб, хотинига қўл кўтарадиган ҳам бўлди.  Мана бугун ҳам хисоб-китобини тугатгач, анча вақт ўйга толди. Ўтган кунги воқеани эслаб, ичи сиқилди. Хотинини бугун эрталаб, туғруқхонадан уйга олиб келган эди. Энди эса, олдига ҳеч ҳам боргиси йўқ. Тўғриси боришга уялади. Бир хафта олдин хотининг кўзи ёриб, яна қиз тўғилганини эшитгач, улардай ичган, сўнг Бадриддиннинг машинасига ўтириб, туғриқхонага боришган эди.Худди қиз туғилганига улар айбдордек, йўлда учраган оқ халатлиларни буралаб сўкканини эслайди, кейин эса нима булгани эсида йўқ. Фақат эртаси куни боши лўқиллаб, ўз ётоғида кўзини очди. Жўраси уйига олиб келиб ташлаган бўлиши керак. Шунга ҳам  рахмат.

Рўзимат, нима қилишини билмай каловланиб турди-да, бирданига жўралари чойхонага йиғилмоқчи бўлганларини эслади. Шошиб эгнига курткасини кийиб, чойхонага йўл олди.

Ёшликдан дўст тутинган   тўрт журасини Собир маслаҳатга чақирган экан. Собир кенжа  икки фарзандини суннат қилмоқчи. Қандай бахтли инсон. Тўрт ўғилнинг отаси. Ош ейилиб, бир икки пиёла  «оқидан урилгач», тўйни ўтказиш тартиби бўйича ҳамма ўз фикрини айта бошлади. Фақат Рўзимат жим.

— Ҳа, нега индамайсан. Собирга атаганинг йўқми?, Ё у қайтармайди деб қўрқаяпсанми? Суннат тўйи қилмасанг бир кунмас бир кун қиз чиқарарсан, ахир?!

Энг яқин дўсти Бадриддиннинг бу сўзлари Рўзиматнинг юрагини наштар мисол тилиб ўтди.

— Нима устимдан кулаяпсанми? Ким айтди сенларга менда ўғил бўлмайди деб? Рўзимат қўлидаги пиёлани ерга отиб юборди. Чил-чил синган пиёла овозидан  бирдан сергак тортиб ўрнидан турдида, эшикни қарсилатиб  ёпиб чиқиб кетди. Шу кетишича, уйлари  ёнидаги дукончадан бир шиша ароқ олди. Шу ернинг ўзида уни очиб, шишаси билан кўтарди.

Уйига келганида болалари ухлаган, Саида чақалоқни эмизиб ўтирган эди. Эрининг оёқда зўрға турганини кўриб,  суяб ичкарига олиб кириш мақсадида олдига борди.

-Ҳа ифлос, ҳали сенми мени жўралар олдида масхара қилдирадиган. Рўзимат яқин келган Саиданинг юзига тарсаки туширди. Хотининг индамай , чириллаб йиғлаётган боласининг олдига кетганини кўриб, Рўзиматнинг баттар жахли чикди. Болани унинг кўлидан тортиб олиб, диванга отиб юборди.

— Вой, дадаси, нима қилаяпсиз? деб чақалоққа талпинган Саидани сочидан ушлаб, дуч келган жойига ура бошлади. Қушни хондан югуриб чиққан онаси ўғлининг қўлига ёпишди.

-Вой нима қилаяпсан, ахир у бугун туғруқхонадан келди-ку. Қуйвор, уйинг куйгур, ўлдириб  қўясан.

Рўзимат бир онасига, бир ерда  ётган хотинига, хонанинг эшигида тўпланиб, йиғлаётган қизларига  қараб, «Ўчир баринг овозингни!» деб бақирдида, ётоқхонага кириб кетди.

Орадан бир йил ўтди.  Ота-онасининг насиҳатлари таъсир қилдими, ёки кенжатойи Азизанинг шириндан-ширин қилиқлари уни ўзига ром этдими, хайтовур Рўзимат энди онда-сонда бўлса ҳам кечқурунлари кўпроқ вақтини оиласи билан ўтказадиган, Азизани тиззасига ўтқазиб, унинг қилиқларидан завқланиб куладиган бўлди.

Маржон хола ўғлидаги бу ўзгаришларни кўриб, ич-ичидан қувонар, пайт пойлаб, хали албатта ўғилли бўлишини, одамлар ўнта қиздан кейин  ҳам ўғил кўришаётгани  ҳақида гап бошлар эди. Бундай пайтлари Рўзимат индамай қолар, шифокорлар қаршилик қилсалар ҳам яна ҳомиладор бўлган, аммо буйраги касаллигидан оёқлари шишиб кетган хотинига қараб-қараб қуяр эди.

Саида… Саида эса доимо фақатгина қиз туққани учун гуноҳкор сезар эди. Уни кузатаётган гинеколог эртага аппаратга тушасан деган. Эй Худо, ўғил бўлсинда. Ўғил бўлса эрининг ҳам, қайнона-қайнотасининг олдида юзи  ёруғ бўлар эди. Бечора қайнонаси яхши аёл. Эри  ўғли йўқлиги учун таъна қилиб бошласа, доимо унинг ёнини олади. Аммо қайнотаси хар гапининг орасида неварасига суннат тўй қилмай, армонда ўтиб кетишини гапиради. Уни ҳам тушунса бўлади. Рўзимат акаси оилада ягона фарзанд. Эри ҳам, қайнотаси ҳам Исахоновлар  авлоди давом этшини хохлашади. Бунинг учун эса ўғил керак.

УЗД аппаратининг мониторидан кўзини узмаётган  ёшгина шифокор аёлга тикилар экан, Саида тезроқ уни гапиришини интиқиб кутар эди.

— Нечта фарзандингиз бор? Сўради шифокор аёл нихоят Саидага  қараб

— Нима экан? Саида саволга савол билан жавоб берди.

-Мунча шошасиз, ўзи сизга ким керак ўғилми, қиз?

-Ўғил…

-Бўлмаса суюнчини чўзинг, Худо хохласа буниси ўғил бўлади.

Саида  хурсанд бўлганидан қандай қилиб, уйга етиб келганини билмайди.  Хар доим маюс юрадиган келинини хурсанд холда кўрган қайнонаси унга пешвоз чиқди.

-Ҳа, тинчликми? Дўхтирлар нима деди?

-Ўғил аяжон, ўғил

— Худога шукр.

Рўзимат бу хушхабардан боши осмонга етди. Нихоят орзулари ушаладиган бўлди. Элга шундай тўй берсинки, уни устидан кулганлар ер билан битта бўлишсин.

Уша кундан бошлаб  бу хонадонга файз киргандек бўлди. Рўзиматнинг қизларининг ўқишлари, рўзғорнинг кам-кўсти билан қизиқа бошлаганини кўриб, Маржон хола ҳам, Саида ҳам ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Кунлар ҳам  хурсанд бўлиб, қувлашмачоқ ўйнаётгандек, тез ўта бошлади.

Кечаси-ю, кундузи тиниб-тинчимайдиган Саида ўша куни  қайнонасининг ҳай-ҳайлашига қарамай дарвоза олдига тўкилган ғузапояни қизлари билан кечгача ташиди. Кечқурун овқатга уннар экан, белида оғриқ сезди. Бир амаллаб, овқатни сузиб дастурхонга қўйди-да, индамай ётоққа кириб кетди.

Бир ёшли Азизани онаси олдига ўтқазиб, овқатлантираётганини кўрган Рўзиматнинг жахли чиқди-да, хотинини чақирди. Ичкаридан хотини чиқавермагач

-Ая, Азизани келингизга Беринг, ўзи овқатлантирсин –деди

-Қўй болам, чарчагандир, бугун куни билан ғўзапоя ташиди. Бир пас дамини олсин – деди Маржон  опа, ўғлини босиш учун.

-Беринг деяпман, ўлмайди. Саида…

Хотининг овоз бермаганини кўриб, шахд билан ичкарига кирди. Саида кравотда ғужанак бўлиб ётар эди.

-Нима қулоғинг том битганми, чақирсам эшитмайсан. Рўзимат хотининг елкасидан ушлаб, ўзига тортди

-Дадаси, мазам бўлмаяпти –пичирлади Саида.

-Тур, аямнинг кўлидан болани ол. Тур деяяпман. Рўзимат хотининг  қўзғолмаганини кўриб баттар жахли чиқди. Уни силтаб турғизди. Хотининг баттар бўшашганини кўриб, юзига тарсаки туширди. «Вой» деб қорнини чангаллаб ерга утирган хотинини сочидан тортиб турғизмоқчи бўлди.

Э, онангни… Хали сенми онамни ишлатиб, ётадиган.

Эрининг қўлидан сочини чиқариб олишга харакат қилган Саида, оғриқдан бақириб юборди. Сўнг эса биқинига тушган муштдан, кўз олди қоронғилашиб, ерга йиқилди.

Операция уч соат давом этди. Аммо шифокорлар на Саиданинг, на фарзандининг ҳаётини сақлаб қола олмадилар.  Муддатидан уч ой илгари туғилган бола ўғил

эди.

Наргис ҚОСИМОВА

2005

Улашинг: