4 217

ҚАБР ТОШИ МАШМАШАСИ

— Қанча, учтами? Ҳа, албатта оламиз. Мани исмим Ихтиёр. Тошларимиз мана бу ёқда. Кўринг. Қандай шаклда бўлади, қандай ўлчовда?  Мана бўларимиз 60 минг, каттароқлари 85 мингдан 150 минггача. Агарда гранит қўйдирмоқчи бўлсангиз 200 минг. Қабр тошининг ёнига мармар ётқизасизми ё йўқми, гул солишга кўзача…

— Тўхтанг, тўхтанг. Келинг аввало  тош қанча бўлади, атрофидаги мармар, сиз айтган кўзача. Ҳаммасини ҳисоб-китоб қилайлик, кейин чўнтагимиз кўтарса буюртма берамиз, бўлмаса ўйлаб кўрамиз.

Йигитнинг бирдан кайфияти ўзгарди. Аввалги хушмоамалалигидан асар ҳам қолмади.

— Бўпти, юринг.

Салкам 40 дақиқа давом этган ҳисоб-китобдан сўнг учта қабрга қўйиладиган оддийроқ кўринишдаги тошларнинг нархи 500 минг сўмдан ошиб кетди.

— Уста ўзимиздан бўладиган бўлса ҳар бир қабр учун 20 мингдан берасиз, ўзим уларга мардикор ёллайдиган бўлсам, яна 20 минг сўм.

-Хўп укажон, шундай бўлса тошларни ўрнатишга хом –ашё ўзларингизданми?

Ихтиёр олдида аёл киши эмас, ўзга сайёралик ўтиргандай Севарага ажабланиб тикилди.

-Қизиқ экансизку, албатта сиздан. Ҳозир ҳисоблаб бераман. Ҳм… Мана тайёр. Ҳаммасига 600 килограм цемент, 24 метр угольник, 65 та шлакоблок, бундан ташқари ярим мошин қум, ярим мошин шағал кетади. Ҳа майли, сув ўзимиздан.

Севара кичикроқ бир хона қуришга кетадиган қурилиш материалларини эшитиб капалаги учди. Аммо онасининг тўрт йилдан буён «дадангни қабри хор бўлди» деб зорлангани ёдига тушиб, «хўп» дегандек бошини қимирлатди.

Онасининг гапида жон бор. Отасининг вафот этганига тўрт йилдан ошди. Беш фарзанд бўлишларига қарамай, хайрли ишга фақат уч қиз бош қўшди. Мол -дунё талашиб, опа-сингиллари билан юз-кўрмас бўлиб кетган иккинчи опаси Фариданику-я, ҳисобга олишмади. Оиланинг якка-ю ягона ўғли Носир отаси ўлганидан бошлаб зўр-базўр маъракаларига қатнашди-ю, сўнгра ҳовлининг ўртасидан девор уриб, бутунлай онаизорни қақшатганича саломини ҳам волидасидан аяйдиган бўлди. Ҳар куни Севара ишдан қайтса онасининг йиғидан қизарган кўзларини кўриб, кўнгли алланечук бўлар, укасининг бемеҳрлигидан куйиб, аламини ичига ютарди. Онасида нима айб. Кечани кеча, кундузни кундуз демай бир умр чеварлик қилиб, уларни тарбиялаганидами ёки Фарида опаси ҳам, Носир укаси ҳам сал йўталса, кечалари мижжа қоқмай бошида Худодан уларга соғлиқ тилаб  тунларни бедор ўтказганидами? Ёши 60 ни қоралаганида ниҳоят ҳавас билан келин туширган, аммо унинг қўлидан бир пиёла чой ичишга ҳам муяссар бўла олмаганидами? Келинлари Сабоҳат шу уйга тушган куниданоқ турмуши бузилиб, қайтиб келган қайин опаси билан жангни бошлаб юборди. Аста-секин қайин опалари дарвозадан онаси-ю, отасини кўриб орқага қайтадиган бўлишди. Бу ҳам камлик қилгандай, оталари қазо қилганига икки йил тўлар тўлмас, ҳовли ўртасига девор урдиртирди. Тақдир экан, ҳозир беш фарзанддан фақатгина уч қиз онаизор атрофида гирдикапалак. Рўзғордан орттириб, тийинлаб ёдгорлик тошига пул йиғишувди. Уста билан учрашувдан сўнг йиққанлари аранг иккитага етишини чамалаб, яна қаердан пул топиш мумкинлигини ўйлаб, боши қотди.

Серава ҳаёл уммонига ғарқ бўлиб, ўзи тўғилиб –ўсган уйига келганлигини сезмай ҳам қолди.  Қизига пешвоз чиққан она унинг «ҳаммаси яхши, гаплашдим ойижон» деган гапидан кўнгли тўлмади. Ҳарчанд суриштирмасин, Севарадан бошқа гап чиқмаслигини сезиб,  ошхонага йўналди.

*                         *                        *

Қурилиш материаллари бозори чаққон. Юк машиналарининг ҳайдовчилари бозор дарвозасидан кирган ҳаридорнинг олдига югуриб боришади, бир-бирларига гал бермай ўз хизматлаини таклиф этадилар.

— Опа, нима керак, қумми, цементми? Арзони менда бор. Чангдан қош-киприги оқариб кетган ёшгина йигит Севарани судрагудек бўлиб, қаёққадир бошлади. Ҳеч ҳам бундай жойларга иши тушмаган Севара унинг орқасидан кетар экан, атрофдаги нархларни суриштириб ҳам кўрмаганлиги ёдига тушди.

— Менга қаранг ука, аввал мен нархларни, молнинг сифатини билай, кейин бир гап бўлар. Олинг қўлингизни-ей…

— Ўзи сизга нима керак? Ҳаммаси менда бор.

Севара бир амаллаб керакли молларни харид қилиб олгач, юк машинасига ортди-да, қабристон ёнидаги устахонага олиб борди.

Ихтиёр ғишту, темирларни туширишга ёрдамлашар экан,  темирни кестирмабсизку, деб тўнғиллаб қўйди.

— Ишни қачон бошлайсизлар? Тошни ўзингиз қўясизми?

Севаранинг саволига Ихтиёр кулиб қўйди.

— Қизиқсиз опа, ўзимизни устамиз бор. Ана ўзлари ҳам келаяптилар. Исмлари Одилбой. Сиз берадиган пулингизни тахт қилиб, тушлик тайёрлайверинг, бу киши бу ерда ишни дўндирадилар. Қотмадан келган, нигоҳини илғаб олиш ийин бўлган одам уларга яқинлашиб, салом берди. Қурилиш материаллари олиб келингалигини билиб, ишни эртагаёқ бошлашини айтди.

-Ука, сиздан илтимос, яхшилаб қилинг. Ишдан жавоб беришмаяпти, шунинг учун бошларингда туришга вақтим йўқ. Тушликни онам пишириб, ўғлимдан бериб юборадилар.

— Кўнглингиз тўқ бўлсин опа, охир-оқибат бу ер ҳаммамиз келадиган жой, одамларнинг дуоси-ю, савобини олиб юрибмизда. Одилбой шу гапларни айтар экан, Эндигина ўттиз беш ёшга кирсада, ҳусни тароватини юқотмаган Севарага ҳирс билан тикилди.

Унинг нигоҳидан кўзларини олиб қочар экан, Севара секингина «раҳмат» деганича, тез-тез юриб кетди.     Икки эркак Севаранинг орқасидан бир зум индамай қараб туришди-да, аёл кўча муюлишидан бурилиб кетиши билан Одил Ихтиёрга «Қандай бўлди?» дегандек қош қоқди.

— Ҳар доимгидек. Аёлларни ўзи аҳмоқ бўлади. Учта қабрга 600 килограмм цемент-у, 24 метр угольник десам, индамай кўтариб келаверди.

— Яшавор, сал кўпроқ айтсан тешиб чиқмасди. Ҳа майли, шунгаям шукр, буёғини арра қиламиз.

Ихтиёр билан Одил яқинларига қабр тоши  қўйдиргани келганларнинг барчаси уларнинг рўҳини шод этиш учун пулни аямасликларини яхши билишар ва бундан усталик билан фойдаланар эдилар.  Ҳар бир буюртмадан 50-100 килограммгача цемент, 3-5 метр угольник, қум, ғишт уриб қолиб,  ўзига тўқ мижозларининг «материал ўзимизда бор» дея пулини икки баровар қилиб олиб, бошқа буюртмадан уриб қолинганини ишлатишар эди. Тошнинг устига ҳам салкам икки баробар нарҳи қўйилади. Мана ҳеч ҳам кам бўлганлари йўқ. Ихтиёр ота-онасининг хароб кулбасини янгидан кўтарган бўлса, Одилбой қабристон биқинида жойлашган ҳовлисини шоҳона таъмирлашга киришди. Анави содда аёл қиёфасидаги буюртмачи жудаям вақтида келдида. Баҳор пайти иш кам бўлиб, «заказ»лар асосан ёзда тушади. Кузги хазонрезлик бошланиши билан улар яна 6 ой дам оладилар. Одилбой чакка ўтган ошхона томини бузиб, уни икки фарс юқорига  кўтарган, ёпишга келганида ақчаси тугаб, боши қотаётган эди. Ана худонинг ўзи етказди. Учта қабр баҳонасида ошхона томи ҳам ёпилиб қолади.

*           *             *

Саломат хола тушликни тайёрлаб, овқатнинг устини товоқ билан ёпди, иккита нонни тугунга тугди. 10 ёшли невараси Тулаган тугунни инқиллаб кўтарганини кўриб, унинг қўлидан тутди.

— Юр болам, усталарнинг ҳам бобонгга тош қўяман деб қорни очиб кетгандир, иккаламиз бориб келамиз.

Улар катта кўча ёқалаб, йўл четида саф тортган қайрағочлар соясида боришар экан, бир зум Саломат холанинг кўз олдида Қурбон бобонинг сиймоси жонлангандек бўлди. Рўмолининг учи билан беихтиёр юзига томган кўз ёшларини артиб, неварасига билдирмай хурсиниб қўйди. Қурбон бобо билан салкам 50 йил умргузаронлик қилиб, беш фарзандни оқ тараб, оқ кийдиришди. Афсуски, иккитаси ноқобил чиқиб, онадан юз ўгирди. «Балки сиз ёнимда бўлганингизда шу кўргуликлар бошимга тушмасмиди, дадаси?». Саломат хола беихтиёр кўз олдида жонланган чсиймога мурожаат қилди.

-Бувижон, нима дедингиз? Тўлаганнинг овозидан ҳушёр тортган Саломат хола маҳзун жилмайди.

-Ҳеч нарса болам, бобонг ёдимга тушди-да…

Буви- невара қабристон эшигидан кириб келишганида кун тиккага келган. Эрталабдан бери тиним билмай вижир-вижир қилаётган қушларнинг овози тиниб, аҳён-аҳёнда мусичанинг кукулагани  сукунатни бузар эди.  14 асрда бунёд этилган бу қабристон шаҳарнинг энг қадимги мозорларидан бўлсада, фақат киравериш обод этилган, гул экилиб, дарахт ўтқазилган, шу ерга кўмилган аксарият қабрлар устига тош қўйилган эди. Ичкарироқда эса қабристондаги ўтлар сарғайиб, бир ёни ўпирилган, қаровсиз қабрлар талайгина. Уларни кўздан кечирар экан, Саломат хола тиловат қилиб, юзига фотиҳа тортди.

—  Э, Аллоҳ, шу ерда ётганларнинг охиратини обод қилиб, жаннатингдан жой бергин. Одам шарпасини сезиб, мунчоқдек қора кўзларини  яқинлашиб келаётган буви билан неварага тиккан юмронқозиқлар хавфни сезиб, бир зумда қабрлар орасида кўздан  ғойиб бўлишарди.

-Ассалому-алайкум, ҳорманглар. Қорнингиз ҳам очқаб кетгандир-а. Қарилик қурсин, вақтига етказиб кела олмадим. Неварамдан бериб юборай десам тугун оғирлик қилди. Саломат хола юз-кўзидаги терни рўмолча билан артиб, дарахт соясидаги ажириқ устида ёнбошлаб ётган уста билан унинг шогирдларининг олдига тугунни қўйди.

-Ассалому –адлайкум, хола, ҳеч қиси йўқ. Бу иссиқда  бир оз дам олмасак, ишлаб бўлмаяпти. Одилбой чаққонлик билан тугунни очиб, дастурхон тузатди.  Дарахтларнинг томирини ювиб ўтаётган ариқчага ётқизиб қўйилган бир шиша ароқни олиб, оғзини очди. Саломат холанинг норози қиёфасини кўриб, ўзини оқлаган киши бўлди:

— Э, чанг-тупроқда ишлаганингдан кейин бу савилдан олиб турмаса бўлмайди. Одамнинг ичини ювади-да.

Саломат хола атрофга таралган спирт хидидан бурнини жийириб ўрнидан турди. Ўпирилган лаҳадларни эҳтиётлик билан айланиб ўтар экан, Қурбон бобонинг бошига борди. Шу ерга онаси билан қайин укаси ҳам кўмилган. Қабрлар текисланиб, бир қатордан шлакоблоклар териб чиқилибди. Саломат хола аранг чўкка тушиб, яна бир бор тиловат қилгач,  ғиштларнинг тагидан кўриниб турган эски, занглаб кетган темирнинг учини кўриб кўнгли алланечук бўлди. Кеча қизи бозордан темирларни янгисини сотиб олганлигини айтган эди, наҳотки худодан-у, марҳумларнинг рўҳидан қўрқмай, эскисини қўйган бўлса?

Қоринларини тўйдириб, чой хўплаб ўтирган Одилбойнинг олдига қайтар экан, Саломат хола шу ерда турган харсанг тошга оғир чўкди.

— Болам, тошларни тагига эски темирни қўйибсизларми? Қизим янгисини олиб бориб бердим, девди.

— Йўғей, қизингиз олиб келганини қўйганмиз. Икки учи сал занглаган экан, шуни кўргансиз. Бизам худодан қўрқамиз, хола. Ўлганлар у ёқда турсин, тирикнинг ҳам ҳақига ҳиёнат қилмаймиз.

Саломат хола кўнгли ғаш бўлиб, бўшаган идиш товоқларни олиб ортга қайтди. Тўлаган бувисининг кайфияти йўқлигини кўриб, унинг ўлини маҳкам тутганича, ортига қарайққарай, қабристонни тарк этди.

*              *                     *

— Дадаси, катта уйнинг «ремонт»ини қачон бошлайсиз? Манам одамларга ўхшаб янги «стенка»ли бўлай. «Ремонт»дан кейин олиб бераман девдингиз. Анови Ҳожар борку, Избосар жўрангизни хотини, ўшалар яқинда 300 долларга «элита» пардаси олиб, залига илибди. Бизла қачон қиламиз? Мунира эрига эркаланиб, чой узатди.

— Э, чакагингни ёп. Аста-секин бўлаяптику. Мани пул чиқарадиган заводим бормиди, санга ҳаммасини бирдан муҳайё қилсам. 300 долларга парда олгандан кўра, ўша пулга иккита мол олсанг, бир йилда икки баробар ташлайди. Ҳали ўғлингни суннат қилдириш керак. Буёғини ўйласангчи товуқ мия. Жўраларим олдида, бир йилдан кейин катта суннат тўйи қиламан деб мақтаниб қўйгандим, ҳар гаштакда шуни эслатиб, бир узиб олишади. «Ремонт» тугаши билан аввало тўйнинг тараддудини бошлаймиз.

Одилбой чойнакни кўтариб, тўнғиллаганича ошхонага қараб йўналган хотининг орқасидан қараб, бош чайқадида, яна янги ёпилган ошхонасининг томини завқ билан томоша қила бошлади.

*    *       *

Карнай- сурнай садоси  қўни-қўшнини тўйга чорлар. Учига жиға тақилган саллача кийиб, кимхоб чопончаси ўзига ярашган Анваржон бир қўлида бир шингил узум, иккинчи қўли билан «яхши амакилар» берган бир даста минг сўмликни бағрига босганича борар эди. Одилбой уч яшар ўғлини даст кўтариб, лўппи юзларидан чўлпиллатиб ўпди-да, хотинини чақириб Анваржонни унга берди. Ўзи эса дарвозахонани тўлдириб кириб келган гаштак жўраларига пешвоз чиқди.

— Анваржон, бу пулларни бер, яшириб қўямиз. Эртага санга даданг морожний об берадилар. Мунира ўғилчасининг қўлидан пулларни олди. Ман санга ҳозир шоколад бераман. Ошхонадаги музлатгичга қўйиб қўйганман…

Гумбирлаган овоз-у, атрофга чўккан бир сониялик даҳшатли сукунат тўйхонани азага айлантирди. Аввалига нима содир бўлганлигини тушунмаган Одилбой юқорига ўралаётган қуюқ чанг-у, ҳовлини тутган хотин-халажнинг дод-войидан карахт бўлиб қолди. Яқиндагина битирган ошхонанинг томи қулаб тушганлигини англаганича орадан 3-4 дақиқа вақт ўтди.

-Вой жигарим, вой-дод жигарим. Мунира-а-а… Анваржон-н… Одилбой бир одамлар қўлидан юлқиниб, нураган иморат томон  талпинаётган қайнонасига, бир ойналари чил-чил синиб, оғзи ўпирилган лаҳадга ўхшаб қолган ошхонасига тикилар экан, бирдан юраги санчиди, кўз олди қоронғилашиб, ихраганича ёнбошига йиқилди.

Наргис Суннат қизи.

2002

 

Улашинг: