287

ЭРНЕСТ КУРТВЕЛИЕВ: “ФОТОЖУРНАЛИСТ ЁЛҒОН СЎЗЛАМАСЛИГИ, АКСИНЧА ОДАМЛАРГА ҲАҚИҚАТНИ КЎРСАТИШИ ЛОЗИМ”

Ўзбекистоннинг етакчи фотожурналисти, замонавий фотосуратчи, ўзининг бетакрор, ғоявий жиҳатдан ранг-баранг ишлари билан бир неча бор  юртимизни жаҳон айвонида  намойиш қилган Эрнест Куртвелиев ўз ижоди ва бугунги замонавий фотожурналистика хусусидаги фикрлари билан меҳмонимиздир.

—      Сизнинг суратларингиз бошқалардан тубдан фарқ қилади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб, ноодатий кўринишга эга. Масалан, мусиқачилар дарахт шохида ўтирган ҳолда саксофон,  пианиночи эса дарё бўйида фортепиано чалади. Бу фотошопми?

—      Албатта йўқ. Фотосуратдаги мусиқачилар таниқли шахслар бўлиб, уларни суратга олиш учун табиат қўйнига чиқдик. Ҳар бир мусиқа асбоби бирор бир табиат кўриниши билан мос келади. Шу сабабли суратнинг орқасидаги фон ҳам шунга мос равишда танланади. Юлдузларни шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат  қиламан. Фотошоп  масаласига келсак, мен ўз мухлисларимни алдашни истамайман. Фотограф, фотожурналист ёлғон сўзламаслиги, аксинча одамларга ҳақиқатни кўрсатиши лозим. Масалан, журналнинг бош бетига сурат туширар эканман, аввало у  ўқувчига нима содир бўлаётганлигинпи ҳам кўрсатиши ҳам сўзлаб бериши лозим. Спортчини стадионда суратга тушириш ҳеч кимни ҳайратлантирмайди. Аммо уни ғаройиб булутлар фонида суратга тушириш, унинг шахсини кўрсатишга ёрдам беради. Мен студияда суратга туширишни ёқтирмайман, табиат қўйнида, эркинликда ижод қилишни ҳуш кўраман.

—      Фоторепортаж  тайёрлаш жараёнида эса қандай йўл тутасиз?

—      Албатта бу жараёнга журналист ҳам, фотосуратчи ҳам аралашишига ҳаққи йўқ. Чунки содир бўлаётган воқеа-ҳодисанинг табиий ривожини кўрсатиш лозим. Шундагина ахборотдаги у сурат бўладими ёки матн холислик сақланиб қолади.

—      Сизнинг фотосуратларингизнинг барчасида ҳаракат, динамика бор…

— Яхши фотосурат аввало ўзида ҳаракатни мужассамлаштириши лозим. Мен саёҳат қилишни ҳуш кўраман ва қаерда бўлмай айнан ўша ҳудуд, халқ, мамлакатга хос бўлган, оддий одам эътибор бермайдиган  деталларни кўрсатишга  ҳаракат қиламан. Юртимизни деярли тўлиқ айланиб чиқдим. Кўҳна шаҳарларимиз, қадимий обидалар, тенгсиз кўллар, бетакрор табиатини суратларимга муҳрладим. Индонезияга сафарим жараёнида  у ердаги бетакрор урф- одатларни, оддий одамларнинг ҳаётини, жунгли ўрмонларининг салобатини, Европанинг дурдонаси Прага шаҳрининг меъморчилиги, Барселонадаги фламенко рақси, Шимолий Америка ландшафтининг ўзига хослиги ва гўзаллигини  ўз суратларимда кўрсатишга ҳаракат қилдим.  Фотография дунёга объектив орқали бошқа кўз билан қарашга имкон беради. Масалан,  мотокроссни олаётганимда, спортчидан  кичкинагина кўлмакдан  мотоциклини ҳайдаб ўтишини сўрадим. Ҳосил бўлган  сув томчилари эса  суратдаги  мотоциклчини бошқача ракурсда кўрсатди.  Албатта ҳаракатдаги жараённи олиш учун маҳорат ва озроқ иқтидор керак, деб ўйлайман.

—      Адашмасам,  сиз мусиқачисиз. Нега айнан фотографияга бўлган қизиқиш мусиқадан кўрса устун келди?

—       Ҳа , маълумотим бўйича мен мусиқачиман. Уфадаги фагот синфи бўйича санъат билим юртини тугатгач, Тошкент маданият ва санъат институтини саксафончи ва дирижёр йўналишида тугалладим. Агарда 1988 йили ўз фотоаппаратимни сотиб олмаганимда балки таниқли мусиқачи бўлиб кетармидим. У пайти 13 ёшимда эди. Табиатни, жониворларни яхши кщрганлигим учун биологияни қизиқиб ўрганардим, сурат чизишга ҳаракат қилардим. Аммо мендан рассом чиқмади, балки шунинг учун ҳам унинг ўрнини фотография эгаллагандир. Олий ўқув юртида  таълим олиш жараёнида ҳам фотография менинг қизиқишларимдан бири бўлиб келди. Ўз курсдошларим, талабалик ҳаётни суратга олар эканман илк ижодим газета ва журналларда чоп этила бошланиши, менинг келгусидаги ҳаётимни аниқлаб берди. Синов ва тажрибалар, хатолар орқали тўғри ракурс танлаш, суратга олишни ўргандим.  Бунда менга рангли журналлар, таниқли фотосуратчиларнинг ишлари ёрдам берди. Фотомоделларнинг юзларига тикилар эканман, суратчи қайси томондан  унинг юзига ёруғлик туширган, ўзи қайси томондан туриб суратга олганлигини билишга ҳаракат қилардим. Аста- секинлик билан қизиқиш касбий фаолиятимга айланди. Бундан ташқари фотография янги билимларга эга бўлишга ҳам имкон беради. Масалан, қушларни суратга олар эканман, албатта кейин уларнинг тури ва яшаш тарзи ҳақида маълумотларни излайман.

—      Кўпроқ  қайси жанрда ижод қилишни ҳуш кўрасиз?

—      Фотожурналистиканинг ҳар бир жанри алоҳида фан. Ҳозиргача мен  фотожурналистиканинг барча сирларидан хабардорман, дея олмайман. Айни пайтда “Ёш куч” журналида ишлайман. Шунинг учун ҳам шароитга қараб у ёки бу жанрда суратга оламан. Аммо айтишим керакки,  қайси жанрда суратга олманг, хоҳ у портрет бўлсин, хоҳ репортаж, хоҳ пейзаж  доимо профессионал техникадан фойдаланиш зарур. Менга кўпроқ уйғунлик ва табийлик мавжуд бўлган жанрлар  ёқади. Мен реклама ёки fashionни суратга олаётган бўлсам ҳам уларни реал шароитда бажаришга ҳаракат қиламан.  Менинг юқорида тилга олинган “Мусиқа” деб номланган лойиҳаларимдан бирида  биз оркестр бўйлаб ўзига хос “саёҳат” уюштиришни назарда тутган эдик.  Мен ёш солистлар, халқаро танловларнинг лауреатларини турли фаслларда ва табиат қўйнида олишга ҳаракат қилдим. Масалан, най чалаётган лауреатимизни тераклар фонида, барабанчини қора булут қоплаган, эндигина ёмғир ёғиб, кўлмаклар ҳосил бўлган куз фонида, пианиночимизни эса дарё бўйида суратга олдим. Бунинг учун рояль сурат оолиш жараёни бошлангунига қадар ўша жойга олиб борилган эди.  Қайси жанрларни ёқмаслигига келсак, мен фотошопда ишланган коллажларни мутлақо қабул қила олмайман.

—      Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган суратларда нима етишмайди, деб ўйлайсиз?

—      Афсуски, орадан 25 йил вақт ўтганига қарамай босма  ОАВда берилаётган суратларда динамика ва ёрқин ранглар, ҳиссиёт  етишмайди. Ҳануз собиқ шўро мактабининг таъсири ҳамон сезилади. Фотожурналист кўз илғамайдиган оддий нарсаларни кўрсата олиши лозим.  ОАВ учун олинаётган ҳар бир сурат ўзида  фойдали  ва зарур маълумотларни акс этиши лозим. 2000 йили Ўзбекистонга   франциялик фотосуратчи Бруно Барбет ташриф буюрган эди. У репортажни албатта кенг форматда олиш кераклигини уқтирганди. Фақат шундагина аудиторияга  атрофдаги воқеа-ҳодисани тўлиқроқ кўрсатиш имкони бўлади.

—      Қайси суратчиларнинг ижоди сизга кўпроқ ёқади?

—         Реклама соҳасида Игорь Сахаровнинг, шунингдек юртимизда  Рустам Хожибоев, Павел Ким, Александр Шипелин,  Алексей Тудаковларнинг ижодларини ҳурмат қиламан.

—      Эндигина қўлига  фотоаппаратни  ушлаган, аммо келажакда қатъий равишда маҳоратли фотограф бўлишни аҳд қилган ёшларимизга нима маслаҳат берган бўлардингиз?

—       Ўқиш, ўрганиш ва томоша қилиш. Мен ўз шогирдларим билан мунтазам равишда музейларга, арт галерияларга, фотокўргазмаларга бораман.  Уларга  нур ва соя ҳамоҳанглигида яратилган суратларнинг ўзиг ахос жиҳатларини тушинтиришга ҳаракат қиламан. Инсоннинг қанчалик дунёқараши кенг бўлса, қанчалик кўп ўқиса, ўрганса, шунчалик у  эстетикани тушинади. Суратга олишда ахлоқий жиҳатларга эътибор беради. Ҳар бир кадрни қалбан ҳис этади.

Наргис Қосимова суҳбатлашди.