362

БИРОДАРКУШ

Асқар қамоқхонанинг ғадир-будур, вақтнинг шафқатсиз кучи билан қорайиб кетган каталакдек тор хужрасида ўтирар экан, цемент полга оёқлари қоқилган каравотга тўшалган юпқа матросга ижирғаниб қараб қўйди.  Қандай қилиб,  жон-жигарига қўл кўтарганлигини  ҳануз тушуна олмай ҳайрон эди. Ҳали ўғрилик  учун берилган муддатни ўтаб бўлмай, милиция назоратида юрган, шу воқеа бўлмаганида уч ойдан сўнг жазо муддати тугаган бўлар эди.

Асқар сифатсиз совунда ювилавериб  кулранг тусга кирган ёстиқ жилдига қарамасликка харакат қилиб, каравотга чўзилди. Киприклари бир-бирига қовушиши билан, яна  ўша даҳшатли манзара кўз олдига келди…

Турдимурод яна бир бор неча йилдан бери яшаб келаётган эски гараж атрофини кўздан кечириб чуқур уф тортди.  Раиснинг ҳиммати билан жамоа хўжалигининг эски гаражини уй қилиб олган, атрофини шох-шабба билан ўраб бир амаллаб оиласи билан кун кечириб келар эди. Ака-укаларининг унга раҳми келдими, ёки онаизорининг илтижолари уларга таъсир қилдими, ишқилиб биргаликда унга уй қуришга аҳд қилишди. Хашарга  тонг саҳарлаб келган Асқар шимининг поччасини тираб эндигина лой қоришга тушганлигида Турдимуродни жамоа хўжаликнинг гаражига  пайвандлаш ишларига чақириб келишди.

— Асқар ака, менсиз ўзингиз бошлайверинг.  Ҳали замон Турдиёр ҳам келиб қолса керак, қарашиб юборади. Ишимни битираман-у орқага қайтаман- деди Турдимурод. Ҳар қандай қишлоқ хўжалик техникасининг пири  бўлиб кетган турдимурод тиним билмас,  бир-икки ёрдамчиларини айтмаганида ширкат хўжаликнинг аллақачонлар металлаломга топшириб юборилиши керак бўлган трактор-у, баронасини  амаллаб юрғизиб турарди.

-Бўпти, фақат тезроқ қайт. Анави такасалтанга ишонч йўқ — деди норози оҳангда Асқар, лойга сомон аралаштира туриб.

Уларнинг кенжаси Турдиёр оғирнинг усти енгилнинг остида юрадиганлар хилидан эди. Унинг хали-бери  келмаслигини билиб, тўнғиллаганича ишини давом эттирди.  Ёз охирлаб қолган бўлишига қарамай, август қуёши оловли игналарини унинг елкаларига санча бошлагач, бир оз дам олиш учун ховли четидаги ўрик соясига  қўйилган супага ўтирди.

-Ҳа, ака, халиям ишни бошламадингми? Ё мени кутиб ўтирибсанми?

Ховлига бир қўлида ярми ичилган «Қибрай» пивосининг шишасини ушлаб олган Турдиёр кириб келганида, Асқар икки пиёла совуқ чойни бир кўтаришда бўшатишга улгурган эди.

— Қаерларда юрибсан, кун пешин бўлдику, бунда уйни ёғин-сочингача битираолмаймиз. Қуриган ғиштларни ҳам ташиб олиш керак.

— Уларни менсиз ташиб олавермайсанми, онангни…

Турдиёр шишани кўтариб, оғзидан қолган пивони ича бошлади.

— Сўкинма, мани онам сани ҳам туққан.  Ундан кўра бор уйга кириб ёт.

— Хоҳласам сўкаман, хоҳласам ҳурмат қиламан, сани ишинг нима?

Асқар  Турдиёрнинг хунук тиржайиб турганлигидан ғазаби келдида, ўрнидан даст туриб, қўлидаги шишани тортиб олди.

— Бу ёққа  бер, онангни….

— Сўкинма дедим. Асқар мушт бўлиб тугилган укасининг қўлини ушлаб орқасига қайирди. Жони оғриган Турдиер бир силтаниб, қўлини бўшатдида, куч билан акасининг кўкрагига мушт туширди. Акасининг ғазабдан титраётган қўлларига, қизариб кетган юзига қараб, бармоғини  бигиз қилди.

-Онагни палон қилсам ҳам, қилмасам ҳам қўлингдан нима келарди?

Асқарнинг кўзи супада ёзилган дастурхондаги пичоққа тушди. Келини эрталаб у келганида чой тайёрлаб, дастурхон ёзган, сариёғни суртиш учун рўзғоридаги шу ягона пичоқни ҳам олиб чиққан эди.

Фикри бирдан бузилган Асқарнинг миясига қон тепди. Пичоқнинг тахтадан ишланган сопини махкам қўлида қисар экан, укасига овозини ўчиришни буюрди.

Оғзидан боди кириб шоди чиқаётган Турдиёр олдинга  хамла қилиб, Асқарнинг юзига мушт туширди.

Ака-уканинг жиққа мушт бўлиб, ховлини бошига кўтараётганлигини кўрган Мунаввар  бурчакда ўйнаб ўтирган қизини олиб, қайнонасиникига югурди.

Бу орада Асқар билан Турдиёрнинг жанжали авжига чиққан, укасининг барча ҳамлаларини  бўш қўли билан қайтараётган ака, Турдиёр унга учоқ бошида ётган темир Косов билан ҳамла қилганида чидаб тура олмади.   Акасининг бошини мўлжаллаб темирни кўтарган Турдиёр  уришга улгурмади. Асқар темирни махкам ушлаб, ўнг қўлидаги пичоқ билан укасининг кўксига пичоқ санчиди. Нима бўлганлигини тушуна олмаган Турдиёр «онангни» деганича секин  пастга эна бошлади.

-Яна онамни сўкасанми? Тилингни кесиб оламан…

Кўзи қонга тўлган Асқар кетма-кет пичоқ санчигач,  оёғи остига  йиқилган укасига бир зум қараб турди.  Турдиёрнинг ҳали жони узилмаган, ихраб нафас олганида оғзидан қонли кўпиклар чиқар эди.

Асқар қонга бўялган пичоқни енгига артди-да, қўй сўйишга тайёрланган қассоб сингари укасининг сочидан ушлаб, унинг бўғзига пичоқ тортди. Сўнгги бор ялт этиб кўзлари очилган  Турдиёрнинг кўзларида сўнгги бор хайронлик аломатлари акс этди. Бунга ҳам қаноат қилмай ваҳшийлашган ака пичоқни яна бир бор укасининг қулоғи остига тиқиб қарамаққарши тарафга тортди.

-Ҳали санми мани онамни ҳақорат қиладиган, тилингни кесиб оламан девдим-а.

Асқар чап қўлини Турдиернинг хиёл очиқ оғзига тиқиб, уни очдида тилини кесиб олди.  Ҳали совуб улгурмаган ва бир парча гўштга айланган тилни унинг юзига ёпиштириб қўйди. Худди қўйни сўйиб, ўз ишидан мамнун қассоб сингари супа олдига келиб, ерда турган офтобадаги сув билан аввал юз-қўлини, дастасигача қора қонга ботган пичоқни ювди. Сўнг чойнакдаги  совуқ чойни кўтарганича охиригача симирди. Беҳол супада бошини қуйи солганича ўтирар экан,  Турдимуроднинг келиб, «сенга нима бўлди?» деган саволидан сўнггина ўзига келди.

— Турдиёрни ўлдирдим…

-Нима? Нима дединг?

Турдимурод шундагина Асқарнинг  уст-боши қонга беланганлигини сезди.

-Қани у?

Асқар индамай ховли четига омонат қурилган учоқ бошини кўрсатди. Бир она қорнидан талашиб тушган укасининг аҳволини кўрган Турдимурод Асқарга қаради-да,  кўкрагини чангаллаганича  ерга юзтубан йиқилди.

Суд муқаддам қасддан содир этган жинояти учун жазони ўтаб юриб, яна қасддан ваҳшийларча одам ўлдирган А. Шавкатовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 60- моддасига кўра унинг ўталмай қолган жазони тайинланадиган жазога қисман қўшишликни лозим топди ва  уни УР ЖК сининг 97-моддаси 2-қисми  «ж» банди билан айбдор деб топиб 15 йил-у , уч ойга озодликдан маҳрум этди.

(Воқеада қаҳрамонларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган)

Наргис Қосимова, журналист.

2000 й