117

ТАШЛАНДИҚ

Унга молхона чироғининг хира нурида, қора латталар орасидан икки кўз тикилиб турарди.

– Вой ўлмасам, бу бечора болани ким бу ерга ташлаб кетди экан-а?

Бола заиф овоз чиқарди. Совуқдан унинг лаблари кўкариб кетган,  ҳолсизликдан йиғлашга ҳам мажоли йўқ эди. Салима челакдаги сутни ҳам унутиб, чақалоқни кўтарганича уйга югур­ди. Бу пайт қайнонаси бомдодни ўқиб бўлиб, ҳовлига чиқиш учун махсига ка­лишини кия олмай қийналаётган эди.

–Эна, кимдир молхонага чақалоқ ташлаб кетибди.

Равшанак момо тинмай ёшланадиган кўзларини енгининг учи билан артиб, келинига ажаб­ланиб қаради. Сўнг унинг қўлидаги чақалоққа кўзи тушиб,  айвон устунига суянди.

–Қайси қўли сингур бундай қилган экан-а? Боланинг уволи тутишидан қўр­қиш­май­диям-а.

– Қорни жуда очга ўхшайди. Ўлиб қолмасайди, деб қўрқаяпман. Кечаси ташлаб кети­шибди. Бола бечора жуда ҳам совқотган.

Салима болани қайнонасининг қўлига тутқазиб югурганича  ичкаридан жун рўмол, ўзи­нинг эски  сатин кўйлагини олиб чиқди. Бола ўралган латта –қора аёллар юбкасини чет­га улоқтирди. Уни авайлаб ўрагач, челакдаги сут ёдига тушиб, сутни пиширгани ошхонага югурди. Сутни ютоқиб ичган чақалоқ бир зумда пишиллаб ухлаб қолди.

Шу куниёқ ташландиқ бола ҳақидаги хабар бутун қишлоққа тарқалди. Қишлоқ посбони Юнус қора Равшанак момо ҳовлисида баённома тузишга киришди.

–Хўш, болани Тошкентдаги “Гўдаклар уйига” топшира­сиз­лар, унгача эса Қутби дўхтирга кўрсатиш керак. Яна бирор ка­сали бўлмасин, — деди у охирида қоғозга алланималар ёзгач. – Момо, мана бу ерга имзо чекинг.

Кечқурун Салима эри билан маслаҳатлашиб, чақалоқни ас­раб олишга келишишди. Бунда Равшанак момонинг ҳиссаси кат­та бўлди.

– Худонинг сизга кўрсатган марҳамати бу, болаларим. Ке­лин уч йилдан бери фарзанд кўрмайди, худо хоҳласа чақалоққа меҳр берсангизлар, албатта фарзандли бўласизлар…

Онасидан Равшанак момонинг келини молхонадан чақалоқ топиб олганлигини эшитган Ойшанинг ранглари оқарди. Хамир қораётган онаси қизининг бехол устунга суянганини кўриб, чар­чоққа йўйди. Тинмай бўлиб ўтган воқеа ҳақида гапирар экан, қизи уни эшит­ма­ётганини сезмасди ҳам. Ойша бўлса, сут­га тўлган кўкракларидаги оғриқни ҳам унутиб, бир нуқтага ти­килганича қотиб қолган, кўз олдидан ўша машъум кеча кетмас, қулоғида яна бир бор Султоналининг эҳтирос билан  ши­вирлаган сўзлари янграгандай бўларди.

Султонали Ойшани анчадан бери кўз остига олиб қўйганди. Коллежни тугатиб, дипломни қўлга олгач, отаси уни Душан фер­мерга ҳисобчи қилиб ишга жойлаштириб қўйди. Аммо орадан етти ой ўтар-ўтмас бу иш ҳалоллик, аниқлик ва тўғри­ликни талаб этишини сезган Султонали ўз аризасига кўра ишдан бўшади. Тўғрироғи, Душан фермер фермер хўжалигининг ярим йиллик молиявий ҳисоботидаги чалкашликларни кўриб, юрак хуружига учрашига оз қолди ва Султоналини ишдан ҳайдади. Бу орада 9-синфни битириб, тумандаги ягона коллеж­га ҳужжат топширган Ойша, ҳар куни иккита дугонаси билан Ду­шан фермернинг даласига чопиққа чиқарди. Хўжалик идо­раси олдидан ўтган қизлар­нинг шўх кулгуси Султоналининг юрагини ханжар мисол тиларди. Ниҳоят юрак ютиб, кун қо­рай­гач даладан қайтаётган қизларнинг йўлини тўсган Сул­тонали Ойшани четга им­лади.

Шу-шу улар тез-тез далани ёзги гармселдан тўсадиган тут­зорда учрашадиган бўлдилар. Йигитнинг бақувват қўллари қизнинг нозик белини қучганида, Ойшанинг баданида титроқ турар, ҳар гал Султонали қатъийроқ ҳаракат қилишга чоғлан­ганида қиз чап бериб, ўзини олиб қочар эди.

– Нега менга ишонмайсан, ахир ман сени жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Хоҳласанг, эртагаёқ уйингга совчи юбораман. Фақат мендан ўзингни олиб қочмагин. Нима фарқи бор, бу нарса тўйдан олдин бўлдими ёки кейин. Барибир энди сен меникисан.

Деярли ҳар куни қайтариладиган бу сўзларга Ойша ишонди, аммо…

Кундан кунга кўнгил айниши, ўзини ҳолсиз сезиши қизнинг юрагида ваҳима уйғотди. Онасининг илмоқли саволига дуго­на­синикида сал «айниган ҳасип еганлигини» айтиб, зўрға қу­тилди. Аммо ичини кемираётган дардга чидай олмай, онасини кўргани келган катта опасига ёрилди.

Галдаги учрашувда у ҳомиладорлиги ҳақида Султоналига айтиши билан, йигитнинг авзойи ўзгарди. Зарур иши борлиги ҳақида ғўлдираб, Ойша билан тезда хайрлашди. Қизнинг ҳар доимгидек кеч тушиши билан Султоналини тутзорда кутиш­лари бесамар кетди. Эртаси ҳам, индинига ҳам Султонали уч­рашувга чиқмади. Қишлоқда унинг шаҳарга ишлагани кет­гани ҳақида гап тарқалди.

Ойша опасининг маслаҳати билан қорнини маҳкам рўмол билан танғб, ўзини тетик кўрсатишга ҳаракат қилиб юрди. Қишлоқдаги қиз-у жувон киядиган одми, кенг кўйлак ҳам Ой­ша­нинг гуноҳини яширишга хизмат қиларди.Онаси қизидаги ўзгаришларни сезиб, бир неча бор дўхтирга олиб бормоқчи бўлганида, у оёқ тираб туриб олди.

– Бормайман…

Шу куни кечқурун боши оғриётганини баҳона қилган Ойша, кечки овқатни ҳам емай кўрпага ўраниб олди. Ҳомиласи 7 ойлик бўлган, яна икки ой шу азобни бошидан ке­чи­ри­шини ўйлаган сари қизнинг юрагини ваҳима босар,  онаси ёки отаси билиб қолса, уни соғ қўйишмаслигини билиб, баттар эзиларди. Уйнинг чироқлари ўчиб, оила аъзо­лар­нинг барчаси уйқуга кетгач, Ойша секин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Тунги  салқин ша­бада қизнинг юзи, бўйнига урилиб, баданини жунжиктирди. Ой нурида боғдаги дарахтларнинг сояси янада ваҳимали кў­ри­ниб, бойўғлининг совуқ овозидан чўчиб тушган қиз фик­ридан қайтиб, уй томон югурди. Аммо фош бўлиш олди­даги қўр­қув унга янги куч бағишлади. Тез-тез юрганича пастқам  мол­хонанинг томига чиқиб, ўзини ерга отди. Учинчи бор сак­раганида қорнининг пастида кучли оғриқ сезиб, додлаб юбор­маслик учун билагини тишлади. Туғилган бола жуда ҳам кич­кина ва нимжон эди. Амаллаб болани уйдан олиб чиққан қо­ра юбкасига ўраб, қишлоқнинг энг чеккасида жойлашган Равшанак момонинг уйига қараб йўл олди…

…Чақалоққа берган бор меҳриданми ёхуд Равшанак момо­нинг дуолари ижобат бўлганиданми, орадан олти ой ўтар-ўтмас Салима ҳомиладор бўлди. Бир йўла икки фарзанднинг онаси бўлган бахтли келинчак лўппи юзлари қизарган, қоп-қора кўзлари доимо кулиб турувчи Элдоржонни кўтариб кўчага чиққанида, Ойшанинг юрак бағри эзилиб кетар, болани Салиманинг қўлидан олиб юз-кўзларини ютоқиб ўпар эди.

–Турмушга чиқсангиз, худойим сизга ҳам ана шундай ўғил ато этади,– дерди Салима қизнинг кун ора болани кўришга келганидан ажабланиб. Ойша эса бошини эгганича тез­да жувон билан хайрлашиб ортга қайтарди. Аммо Салима бурилиши билан ўзини ба­ҳайбат чинорни панасига олиб, бола кўтарган бахтиёр аёлнинг орқасидан қараб қолар экан, юзини юваётган ёшларни сезмасди…

Наргис  Қосимова

2013