432

ПАСТКАШЛИК

Гулзода (исмлар ўзгартирилган) Бақит билан гаплашганига бир йилдан ошди. Аммо у Сарқарни учратди-ю, ҳушуни юқотди. Аммо Бақит ҳам Гулзодадан воз кечадиган анойилардан эмас эди. Қиз билан ўтган дамлар, уни бот-бот Гулзоданинг олдига етакларди.

-Мен сиз билан бўла олмайман, бошқа одамни яхши кўриб қолдим. Гулзода йўлини пойлаб турган Бақитга ниҳоят нега унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қочиб юрганининг сабабинидангал айтди.

-Ким у, ўлдираман уни. Мен сенга уйланмоқчиман. Бақитнинг қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Йўқ. Йўқ, мени тушининг. Ўртамиздаги муносабатларимиз тугади. Бошқа менга телефон қилманг.

Бақит индамай кетадиган анойилардан эмас эди. У  Гулзодадан  аламини қандай олишни билмай, кўпи ўйланди. Агарда қизга тан жароҳати етксзса, ани қамалиб кетади. Бошқа йўлини топиш керак.

Ўртоқлари билан учрашган Бақит дардини уларга айтганида биттаси интернет орқали қизни ёмонотлиқ қилишни таклифини айтиб қолди.

-Расмини қўйиб, телефон номерини бер. Тагига чиройли қилиб, фоҳишалар ёзадиган сўзларни ёзиб қўй, бўлди. Ўша танлаган йигити ҳам уни ташлаб кетади,. Гулзода эса ўзингга қолади.

Йигитлар хохолаб кулишишди.

Бақитга ҳам бу ғоя ёқиб қолди. Ўша куниёқ дўстларини айтганини қилиб, Гулзоданинг суратини телефон рақами ҳамда “мен мижоз қабул қиламан” деган ёзув  билан телеграмдаги танишув гуруҳларга жойлаштириб чиқди.

Шундан сўнг телефондан турли хил шилқимлик таклифлари Гулзодага қордек ёғила бошлади. Бундан хабар топган дугоналари Гулзоданинг устидан кула бошлашди, маҳалланинг олдида ота-онасининг боши эгилди.

Қорақалпоғистон Реабилитация ва мослаштириш маркази ходимлари уларга мурожаат қилган Гулзодага аввало психологик ёрдам кўрсатишди.

-Гулзода бўлиб ўтган воқеалардан қаттиқ руҳий тушкинликка тушган эди, дейди Марказ психологи Роза Аманова. -Шу билан бирга воқеа юзасидан ички ишларга мурожаат қилдик. Йигитни қидирувга бердик. Маълум бўлишича, йигити Қозоғистонга ишлагани кетган экан. IT соҳасидаги мутахассис ёрдамида гуруҳдаги Гулзоданинг аккаунтини  ёпдик.

Афсуски, виртуал тазйиқ сўнгги йилларда инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатиш, хотин-қизларнинг юзини қора қилиш, ҳаётини дўзахга айлантиришнинг энг ососн йўли бўлиб қолди. Йигитлик ғурури, ори бўлмаган кимсалар бу усуллардан осонгина фойдаланишмоқда.

Бундай ҳолатларнинг кўпайишини олдини олиш учун 2022 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, унда шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгилаб берилди.

Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, ИИВ ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
  • чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистондан чиқариб юбориш ва Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;
  • аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;
  • икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: