1 032

ҚАЧОНГАЧА ТЕЛЕВИДЕНИЕДА КЎЧИРМАКАШЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНАМИЗ?

Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 дан  ортиқ телеканаллар фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми ҳозирда ўз вақтларини ижтимоий тармоқлар билан биргаликда  телевидение қаршисида ўтказишлари сир эмас.

2013 йили октябрида “техник сабаблар”га кўра эфирга чиқмай қўйган NTT оилавий телеканали эфирга  2014 йили “Sevimli” номи билан қайтган эди. “Kantar Media” компаниясининг 2019 йилда эълон қилган маълумотларига кўра,  миллий каналлар ичида 3,38 фоиз тўплаган “Sevimli” телеканали етакчиликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни 2,78 фоиз аудитория тўплай олган “Zo’rTV” телеканали эгаллаган. “Sevimli” телеканали асосий аудиторияси сифатида  7 ёшдан 70 ёшгача бўлган  аҳолини қамраб олади. Анчагина шов-шувга ва эътиборга молик бўлган “Zirapcha”, “Mening Qaynonam General”,  “Eslab, eslab…” теледастурлари жуда катта телетомошабинлар  аудиториясини йиғади. Аммо мазкур дастурларнинг аксарияти  Россия телеижодкорлари томонидан яратилган дастурларнинг ғояси билан деярли бир хиллиги ўзбек телетомошабинларини албатта  ташвишга солаётгани йўқ. Масалан, “Zirapcha” реалити шоуси, Россиянинг “Пятница” телеканалидаги  “Пацанки” билан деярли бир хил бўлиб, унинг ғояси йўлдан адашган “кўча” қизларини тўғри йўлга қайтариш, тарбиялаш, ўз ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлган қизларга ёрдам беришдан иборат.  Реалити шоуда чеклов йўқ. Дастурда уруш, жанжаллар, ҳақоратлар очиқ берилади, хаттоки қизларни танлаб олиш жараёнлари (кастинг)нинг қоидалари ҳам Россия билан бир хил. Айтиш жоизки, Россия телеканали  “Пацанки” реалити шоусини эфирга қўйишдан олдин Британиядаги “Бўйсинмасларни жиловлаш” телешоусидан унинг ғоясига муаллифлик ҳуқуқини сотиб олган эди. Шу билан бирга фарзанд тарбиясига боғлиқ “Ideal ona” реалити-шоуси Россиянинг “Суббота” телеканалида эфирга узатилган “Моя прекрасная мама”, СТС каналидаги “Супер мамочка” реалити-шоулари билан жуда ўхшаш. “Тушлик вақти” теледастури Россиянинг “Первый” каналида берилган “Время обедать” дастури билан айнан ўхшашлиги таажжубли ҳолат. “Sevimli” ижодкорлари ғояни ўғирлашгач, ҳаттоки дастур номини сал ўзгартиришни ҳам ўйлашмаган.

Бу борада Milliy TV  телеканали ҳам  “Sevimli”дан қолишмайди. Масалан телеканалда кечки пайт  бериладиган  «MTV Show» кўнгилочар кўрсатуви Россиянинг “Первый” телеканалидаги  “Вечерний Ургант”га жуда ҳам ўхшаш. Иккаласида ҳам бошловчилар кўрсатувга таклиф қилинган меҳмонлар билан долзарб муаммолар ҳақида  суҳбатлашиш жараёнида ҳазил ва импровизация қилишади. Кўрсатувлар студияларининг безатилиши ҳам бир бирига ўхшаш бўлиб, иккаласи ҳам мусиқа билан бошланади. MTV Show ҳар ҳафта душанбадан жумагача соат 21:00 да эфирга узатилади.

“Вечерний Ургант” телелойиҳаси ҳам аслида оригинал эмас. У АҚШнинг Late Night Show   телешоусининг рус аудиториясига мослаштирилган варианти, десак ҳам бўлади. Рус муқобилининг бошловчиси Иван Ургант телелойиҳа ишга туширилганига қадар атайин АҚШга бориб,  кўрсатув ижодкорлари билан суҳбатлашган, ўз лойиҳасига бироз янгилик киритишга ҳаракат қилган эди. “Вечерний Ургант” эфирга 2012 йил 16  апрелдан буён узатилиб,  телетомошабинлар уни  аввалроқ эфир юзини кўрган “Добрый вечер с Игорем Угольниковым” телешоусига ўхшатишган эди.  Ўз навбатида  телешоуга америкаликлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи сотилган.

“Амирхон Умаров шоуси” ўз тузилиши ва олиб бориш услубигача 2017 йилгача россиялик машҳур шоумен  Андрей Малахов олиб борган “Пусть говорят” ток шоусига жуда ҳам ўхшаб кетади. Иккаласида ҳам бирор бир мавзу танланиб, таклиф қилинган экспертлар ўз фикрларини билдиришади. “Амирхон Умаров шоуси” ҳам “Пусть говорят”га ўхшаб, телетомошабинлар томонидан аксарият ҳолатда танқидга учрайди. Хатто Амирхон Умаров телешоуни олиб боришда ҳам Андрей Малаховнинг хатти-ҳаракатлари, хайрлашиш услубини ҳам кўчирган, назаримизда.

Сўнгги пайтлари телетомошабинлар томонидан турли хил фикрларга, ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларга сабаб бўлаётган ZO’RTV телеканалидаги  Муҳаббат Хамроева бошловчилигида олиб борилаётган “Ёр-ёр” кўрсатуви Россияниг “Первый” телеканалида Лариса Гузеева бошловчилигида эифрга чиқадиган “Давай, поженимся” ток шоуси билан  деярли бир хил.  Иккала кўрсатувда ҳам куёв келинликка учта номзод билан учрашиб, “совчи”ларнинг таҳлили асосида  бирини танлайди. Мазкур кўрсатув эфир юзини кўргач, жуда ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, аксарият телетомошабинлар “  …Бу энди бизнинг миллатимизга, ўзбек халқига, урф-одатларимиз ва қадриятларимизга мутлақо ёт нарса. Бизнинг қизларимиз ёки йигитларимиз дунё дунё бўлибдики, “менга эр керак” ёки “менга хотин керак” деб кўпнинг олдига чиқиб, ўзини бозорга солган эмас. Бу ишлар совчилар орқали, ими-жимида, яқин қариндошлар иштирокида амалга оширилган….” қабилидаги эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

“Yoshlar” телеканалида бундан бир неча йиллар аввал анча машҳур бўлган ва бугунги кунда ҳам вақти-вақти билан такроран намойиш этиб туриладиган “Наво шоу” рус  телешоуси “Угадай мелодию”дан  нусха кўчирилгани ҳеч кимга сир эмас.  1995 йилдан буён Вальдис Пельш бошловчилигида эфирга чиқаётган  кўрсатувга нафақат актёрлар, шоу-бизнес намоёндалари, балки оддий фуқаролар ҳам таклиф этилиб, қатнашчилар бирор бир ашуланинг қисқача фрагментини эшитиб, уни топишлари лозимдир. “Наво шоу”нинг “Угадай мелодию”дан кичик фарқи, унга асосан хонандалар, телебошловчилар ва актёрларнинг таклиф этилишидир.

Афсуски, телеканалларимиз орқали эфирга узатилаётган янги реалити ёки ток шоуларнинг бошқалари ҳам оригиналлиги билан ажралиб турмайди. 2020 йили “Юксалиш” умумиллий  ҳаракати томонидан ўзбекистонликлар ўртасида энг юқори рейтингга эга телеканалларни аниқлаш бўйича социологик сўровнома ўтказилганди.Сўровнома натижасига кўра қатнашчиларнинг 44,5% миллий телеканалларни кўришларини айтишган. Шу билан биргаликда 12,5%  қатнашчилар телеканалларда оригинал кўнгилочар дастурлар ва ток шоулар, 12,4%  эса  реалити-шоулар етишмаслигини қайд этишган.

Албатта, бугунги кунда сифатли телекўрсатув, ток шоу, реалити шоуларни телетомошабинларга тақдим этиш учун ижодкорларнинг ўз йўналишлари, оригинал  ғоялари бўлиши лозим. Фақатгина кўпроқ аудитория йиғиш учун ҳаракат қилиб, хориж телеканалларидан кўчирмакашлик билан шуғулланиш нафақат мазкур телеканал, балки Ўзбекистон имижига ҳам салбий таъсир кўрсатишини наҳотки телеижодкорлар тушиниб етмаса? Чунки, маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлидаги асосий тўсиқлардан бири мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш борасидаги ишларнинг жуда ночор аҳволда экани билан ҳам боғлиқ. Демак, муаллифи ёки ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз бадиий асарларни таржима қилиш, мусиқаларни ёки кўрсатувлар, кинолар, сериаллар ғояларини очиқчасига ўзлаштириш хорижда давлатимиз ҳақида у қадар ҳам ижобий фикрлар шаклланишига хизмат қилмайди.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: