702

КОММУНА ИСМОИЛОВА: “РЕАБЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИ ДОИМО КЕРАК, ЧУНКИ ҲАР ҚАНДАЙ ЖАМИЯТДА ҲАМ ИНСОННИНГ, АЙНИҚСА, ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ БУЗИЛИШИ МУМКИН”

Қашқадарё вилояти Аёлларни Реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Коммуна Исмаиловани воҳада танимаган одам камдан-кам топилади. Ҳаёти давомида кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилиб келган К.Исмоилова ўз касбий ҳаёт йўлида катта тажрибага эга бўлган шахслардан. Вилоят хотин-қизларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда алоҳида хизматлари бор. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш доирасидаги бир неча йиллик фаолияти давомида ҳаётида турли тўсиқларга учраган хотин-қизларга давлат ва жамоатчилик ёрдамини кўрсатишда ташаббускор бўлди. Соҳани ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича сезиларли ютуқларга эришди. Бугунги суҳбатдошимиз Коммуна Исмоилова билан соҳадаги ютуқ ва муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.

Мамлакатимизда гендер тенглиги масалалари давлат сиёсати даражасига олиб чиқилгани натижасида мазкур йўналишдаги мавжуд муаммолар рўйи рост бўй кўрсатди ва уларни ҳал қилиш, олдини олишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилди. Шу маънода, Сиз раҳбарлик қилаётган Марказга ўтган йили қанча мурожаат келиб тушди? Мурожаатчилар айнан қайси масалаларда кўпроқ ёрдам сўрашмоқда?

– Хабарингиз бор, ўтган йили Президентимизнинг қарори билан Марказлар фаолияти мақбуллаштирилгач, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. Масалан, энди Ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсларни ИИБ томонидан профилактик ҳисобга олиш белгиланди.

Шунингдек, 24 соат узлуксиз ишловчи “Ишонч телефони” рақами орқали хотин-қизларга шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатила бошланди. Бу эса, табиийки, мурожаатларнинг янада кўпайишига олиб келди.

 Ўтган йили Марказимизга жами 609 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 341 таси ижобий ҳал қилинди. Шундан 164 тасида уйга киритиб қўйиш сўралган. Уларнинг 129 таси ўз ижобий ечимини топди. Алимент ундириш муаммоси бўйича ҳам 6 та мурожаатнинг барчаси қаноатлантирилди.

 “Аёллар дафтари”га киритилган мурожаатчилар 130 нафарни ташкил этди. Шулардан 68 нафар мурожаатчининг масаласи ижобий ҳал этилиб, 9 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди. “Темир дафтар”га киритилган 70 нафар аёл Реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг пишириқ пишириш, тикиш-бичиш, компьютер ўрганиш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Ишга марҳамат” мономаркази курсларига йўналтирилди. Уларга сертификат берилганидан сўнг ҳам, мурожаатчи аёллар Марказимизга келиб кредит, ер, уй-жой олиш масалаларида ёрдам сўрашди. Уларга ҳам имкон даражасида ёрдам кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатларни бердик. Ҳозир уларнинг кўпчилиги хусусий тадбиркорлик билан машғул.

Ўтган йили ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган “16 кун зўравонликсиз ҳаёт” акциясида Қашқадарё вилоятидаги мавжуд олий, ўрта-махсус таълим муассасаларини қамраб олиб, тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордик. Мақсад – айнан жамиятимиздаги, айниқса оиладаги мавжуд зўравонлик ҳолатларининг олдини олишдир. Бугунги кунда ҳам тушунтириш, профилактик  ишларини олиб бормоқдамиз, ва Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Маҳалла ва нуронийлар бошқармалари, Ёшлар агентлиги билан самарали ҳамкорлик қиляпмиз.

Фаолиятимиз давомида, мурожаатчилар айнан моддий ёрдам масалаларда кўпроқ ёрдам сўрашмоқда. Афсуски, бу масалада, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган одамларга ҳам дуч келмоқдамиз. Яқинда бир аёл мени “Темир дафтар” рўйхатига киритишда ёрдам беринг, деб мурожаат қилди. Унинг ҳақиқий муҳтожлигини билиш мақсадида у билан суҳбатлашиб кўрсам, менинг автомобилим бор, шунинг учун “Темир дафтар”га киргизишмаяпти, дейди. Ўзи тижоратчи, савдо-сотиқ билан шуғулланар экан. “Темир дафтар”га кам таъминланганлар, ишлай олмайдиган ногиронлар, ҳақиқатан ҳам муҳтожлар киритилади”, деб астагина тушунтирганимдан сўнггина ортига қайтиб кетди.

– Коммуна опа, Реабилитация марказларининг келажагини қандай кўрмоқдасиз?

– Реабилитация марказлари доимо керак, чунки ҳар қандай жамиятда ҳам инсоннинг, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин. Биргина мисол, хизмат сафари билан Польшада бўлганимда ҳам биз дуч келаётган муаммоларни кўрдим. Уларда ҳам зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни бошпаналарга жойлаштириш, айнан оилада зўравонлик ҳолатларини камайтириш борасидаги қатор масалалар мавжуд экан. Шунингдек, Польшадаги шелтерлар жуда яхши қўриқланади, аёллар ўзларини жуда эркин ҳис қилишади. Ишларига ҳам бориб келишади, барча шелтердаги ишларни ҳам аёлларнинг ўзлари бажаришар экан. Мени ҳайрон қолдирган жиҳати, уларда ҳомийлик ёрдами салмоқли даражада экани бўлди.

Шу билан бирга, Реабилитация марказларининг келажагини мен эркак – тажовузкор, ҳамда аёл – жабрланувчи билан ишларни тўғри ташкил қилишда кўраман.  Келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилар эканмиз, оилавий жанжалларда эркаклар ҳам, аёллар ҳам айбдорлигини эътиборга олиш керак. Бинобарин, одамларимизда оиланинг ўзи нима экани, оиланинг тўғри модели қандай бўлиши ва оила масъулияти ҳақида етарли даражада тушунча йўқ. Албатта, оила, оилавий ҳаёт, болаларни тарбиялаш борасида ҳали жуда кўп ишларни қилишимиз керак.

– Реабилитация марказининг муаммолари нималардан иборат?

– Афсуски, бизда мурожаатчилар билан ишлаш учун профессионал ва малакали ходимлар етишмайди. Бугун бизга жабрланувчи ва тажовузкор шахслар билан ишлашни тўғри йўлга қўя оладиган ўқимишли кадрлар ниҳоятда зарур. Бундай мутахассислар ҳозирда бизда анчагина етишмайди, албатта. Яна шуни таъкидламоқчиманки, бюрократик қопламалар камроқ бўлишини жудаям хоҳлардим…

Шу каби муаммоларга қарамасдан, зўравонлик ва тазйиқларга учраган опа-сингилларимизга астойдил, беминнат ёрдам кўрсатишга, уларнинг мурожаатларини имкониятимиз даражасида ҳал этишга сидқидилдан ҳаракат қилиб келмоқдамиз.

Наргис Қосимова суҳбатлашди

Улашинг: