301

                     Ситамкор ҳаёт

 

Дунё ситамларга тўла. Яшашдан мақсад борми?  Бу дунёда бирор меҳрибоним йўқ.  Фарида (исмлар ўзгартирилган) нигоҳида ёш халқаланади. Узоқларга тикилади. Ҳаётини айтишга шошилмайди.

Фарида  34 ёшда. Болалар уйида катта бўлган. Ота-онасини эслай олмайди. Айтишларича, гўдаклигида автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлишгач, эндигина 4  ёшга тўлган қизалоқни яқинлари “Меҳрибонлик уйи”га топширишган экан. Бу ерда тарбиячилар унга ҳам ота ҳам она бўлишди. Аммо  ота-она меҳрини истаган ўнлаб болаларнинг барчасига ҳам уларнинг меҳри етармиди? Кун сайин вояга етаётган қиз-ўғилларнинг дардини тинглашга уларда вақт топилармиди? Аслида эса кези келганда  тўкис хонадоннинг фарзандининг ўй-ҳаёлидан баъзида ота-онаси бехабар бўлади, ишдан ортмай, боласининг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари билан қизиқмайди.  “Меҳрибонлик уйи”дан учирма бўлган Фарида ота уйига,  Арнасой туманига қайтди. Аммо аллақачон тоғаси уйни сотиб юборганлигини эшитиб, шокка тушди.

Тоғаси ҳам жиянини ҳушламай қабул қилди. Орада уйи торлиги-ю, боласи -чақаси билан сиғмаётганини қистириб ўтди. Тоғасининг хотини эса очиқчасига Фаридага уйларида жой йўқлигини айтди.

Шаҳарга қайтган Фариданинг боши қотди. Яшаш керак. Яшаш эса курашишдан иборат. Ҳаётда бирор бир касбинг, маълумотинг бўлмаса қийин. Фарида иш қидира қидира қаҳвахонага идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга кирди. Серғайрат, тиниб-тинчимас қиз қаҳваҳона хўжайинига маъқул  келиб, бироз муддат ўтиб, уни официантликка ҳам олишди.

Ёш қизга кимдир тўғри, кимдир ола кўз билан қарайди. Официантлик осон эмаслигини Фарида шунда тушиниб етди. Очиқдан -очиқ унга шаҳвоний муносабатда бўлганлар ҳам учраганидан, у бошқа иш қидиришга тушди.  Умри давомида фаррошлик қилди, кимнингдир кирини ювди, мардикорлик қилди. Айниқса, мардикор бозорига иш қидириб чиққанида бу ерда ҳам иш бераман, деб келган эркаклар аёлларга ишчи кучи сифатида эмас, балки ҳирсини қондириш ниятидагилар ҳам борлигидан ўкинди.

Ўша куни таниш бўлиб қолган аёллар билан навбатдаги иш берувчини кутиб туришарди.  Иш излаган кўп. Эркаклар тўда бўлиб мардикор бозорининг бир четида, аёллар бир четида туришарди. Қайси тўдага машина яқинлашса, ҳамм унга қараб ёпириларди. Аёлларни асосан ўтоққа, уй тозалашга олишади. Бу сафар аёллар олдига келиб тўхтаган қиммат машинага ёпирилган аёлларни менсимай, уларга юқоридан қараб турган катта ёшли одам Фарида ва унинг олдида турган Соҳибага кўзи тушиб. Қизларни имлаб чақирди.  Дала ҳовлини тозалаш кераклигини айтди. “Мени олинг. Мен борай, чиппа-чинни қилиб, тозалаб бераман”, деб ялинаётган аёлларнинг гапига қулоқ тутмай, қизларга машинага ўтиришни буюрди.

Олдиндан пули келишилмаса, кейин иш учун кам ҳақ тўлашларини ўйлаган Фарида, эркакдан қанча беришларини сўради.

-Қўрқма, айтганингни бераман. Аввал уйни кўринглар, деди эркак сигарет тутатиб. Улар шаҳардан чиқиб, анчагина юришди. Дала  ҳовли  жуда ҳам катта эди. Эркак уларга хоналар, ошхонани тозалашни айтиб, 3 соатларда келишини билдирди. Қизларга челак. Латталар қаерда туришини кўрсатиб, ўзи чиқиб кетди. Қизлар индамай ишга киришишди. Хоналарда кийимлар, аллақандай латталар сочилиб ётарди. Эркакнинг айтганини қилиб. Хаттоки тўшакларнинг чойшаб ва жилдларини алмаштириб кир машинага тиқишди. Ошхонада чала ейилган овқат қолдиқларидан бадбуй ҳид таралиб, ювилмаган идишларнинг баъзилари моғорлай бошлаганди.

-Эҳҳей, бу ерда бир кунлик иш бор. Олдиндан пулини келишмадикда, деди Фарида Соҳибага қараб. -Ишқилиб алдамасин.

Соат кечки 18.45 бўлганида ишларни зўрға тугатишди. Ҳаттоки  кир машинада ювилган кирларни дазмоллаб, шундагина қоринлари жуда ҳам очқалганлигини, ўта чарчашганлигини сезишди. Шу пайт дарвоза очилиб,  эрталаб уларни олиб келган эркак яна бир паканароқ эркак билан кириб келишди. Қўлларида нимлардир солинган қора пакетлар бор эди. Атрофнинг тозалигини кўриб, биринчи эркак жилмайди.

-Баракалла, қизлар, яхши ишлабсизлар. Мана буни олиб, дастурхон ёзинглар, тамадди қилиб олайлик. Қоринларинг ҳам очқагандир.

-Амаки, илтимос пулимизни  бериб, бизни шаҳарга олиб бориб қўйинг, кеч бўлиб кетди, деди Соҳиба.

-Вой, мен сенга қандай амаки бўлай. Ҳали ёшманку. Қаерга ҳам шошасизлар. Бироз чақчақлашиб ўтирамиз, кейин олиб бориб қўяман, деди эркак.

Фарида воқеани бундай тус олишини кутмаганидан жаҳли чиқди.

-Ака илтимос, биз кетайлик. Кеч тушиб қолди. Пулимизни беринг. Мана ҳамма айтган ишларингизни қилдик,  хатто кирларни ҳам ювиб, дазмоллаб қўйдик.

-Баркалла, яшанглар. Ҳаммаси кўнглимдагидек, энди бироз сизларнинг кўнглингизни олсак, эркак Фаридага яқинлашиб унинг белига қўл югуртирди. Иккинчи эркак эса Соҳибанинг билагидан ушлади. Фарида бақирганича уни итариб ташлаб, дарвозага югирди. Иккинчи эркакнинг қўлидан аранг қутилган Соҳиба унинг орқасидан чопди. Ташқарига чиқиб, қўрққанларидан   ярми ёритилган кўча бўйлаб югуриб кетишди. Фақатгина кўчанинг бошига борганларидагина орқаларидан ҳеч ким келмаётганига ишонч ҳосил қилиб, нафас ростлаш учун тўхташди.

-Энди нима қиламиз, уйга қандай етиб оламиз, деди Фарида Соҳибага қараб.

-Менда бироз пул бор. Анови ифлослар чиқиб қолмасидан такси ушлайлик. Шундан сўнг Фарида қайтиб, мардикор бозорга чиқмади. Яна қаҳвахонага идиш ювувчи бўлиб жойлашди. Аммо орадан икки ой ўтиб, қаттиқ шамоллаганича ётиб қолди.

-Фарида  бизга мурожаат қилиб, ўпка-нафас йўллари шамоллаганлиги, ҳозирги кунда яшашга уй-жой йўқлигини айтди.  Бошидан кечирганларини кўзида ёш билан сўзлаб берди. Уларни алдаб, пулини бермаган, номусига тажоввуз қилмоқчи бўлган эркакларнинг исм-фамилиясини билмаслигини билдирди.  Ички ишларга ариза ёзишни эса ўша  эркаклардан қўрқиб, рад этди.  Энг ачинарлиси, қиз ҳаттоки доимий  равишда қаерда руйхатда туришини ҳам  айта олмади.  Шу кунгача турли жойларда ижарада яшаб келган экан.  Унга уй- жой олишда амалий ёрдам кўрсатишимизни сўради. Фаридага ҳуқуқшуносимиз Умеджон Сайфиев ҳокимиятга мурожаат қилиб, ётоқхонада жой ажратилишига ёрдам сўрашини маслаҳат берди. Шу билан биргаликда  ҳокимиятга мазкур мазмундаги сўровни Марказ номидан ҳам жўнатдик. Бундан ташқари Ички ишларга мурожаат қилиниб, Фариданинг қаерда рўйхатда туришини аниқлаш бўйича сўров жўнатилди.  Маълум бўлишича,   у аллақачон  сотиб юборилган ота-онаси уйидан руйхатда чиқариб юборилган, аммо бошқа жойда руйхатда турмаган экан. Унга  тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Ётоқхонага жойлаштирилиб, у ерга рўйхатга қўйилди, дейди Марказ раҳбари Нодира Алимова.

Наргис Қосимова

Улашинг: