312

ОНАСИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНГАН ҚИЗ

 Инсон бу дунёга бир марта келади. Тақдири азал томонидан унинг пешонасига битилган ҳаёт чизиғидан оғишмай умрининг охиригача боради. Афсуски, аксарият ҳолатда  инсон тақдирини бошқалар белгилаб беришади.

Хосият (исмлар ўзгартирилган)нинг онаси  Зиёда қўшмачи эди. Уйларида доимо бегона эркакларнинг қадами  узилмасди. Қандайдир қизлар яшарди. Хосият 8 синфга ўтганиданоқ, онаси уни бошқа эркакларга қўша бошлади. Аввало бунга қаршилик кўрсатган қизалоқ, угай отаси, онасидан яхшигина калтак еди. Сўнг “айтганимни қилмасанг, сўйиб ташлайман” деган таҳдидлардан қўрқиб, тақдирига тан берди. Эндигина 17 ёшга кирган қизни онасининг доимий мижози Шербек ёқтириб қолгач, Зиёда ўйлаб ўтирмай  қизини 47 ёшли Шербекка сотиб юборди.  Хосият 18 ёшида фарзандли бўлди. Аммо шаърий никоҳидан бўлган болани эркак тан олмади. Бунинг устига Хосият ўз онасининг Шербек билан жинсий алоқада бўлиб юришини эшитиб, баттар изтиробга тушди. Ўртадаги жанжаллар оқибатида  Зиёда қизини Шербекдан рашк қилиб, ажратиб олди.  Хосият учун  қора кунлар бошланди. Онаси уни очиқдан очиқ фоҳишаликка ундар, бўлмаса боласини бермаслик билан қўрқитарди. Тақдирга тан бериб яшаб келаётган Хосият Зиёда уни икки эркак билан бараваракайига қўшмоқчи бўлганида “портлади”.

Ичиб, кайфи бор Зиёда шу куни қизини овқатлантираётган Хосиятнинг олдига кирди.

-Хосият, бўл ўзингга бироз қара. Аҳволингдан от ҳуркадиган бўлиб қолган, деди у неварасини эркалаб.

-Яна нима ая?

-Бугун сенга иш бор. Мумайгина пул ишласак бўлади. Уларнинг айтганини қилсанг бўлди.

Хосият онасининг нимага шама қилаётганини тушунмай, Зиёдага қаради.

-Нимага бақраясан, бугун иккита эркак билан бирга бўласан. Бир пайтда! Тушундингми ғалча?

-Ая, ўйлаб гапираяпсизми? Қандай қилиб? Мени ўлдириб қўйишадику?

-Сенга жин ҳам урмайди. Боланг билан сени ким боқаётганини эсингдан чиардингми? Уйдан ҳайдасам кўчада санғиб юрасан, тушундингми? Гадойликни истаб қолдингми?  Кўп гапирма, болангга ана Насиба қараб туради, бор ювиниб чиқиб, ўзингга қараб ол.

-Йўқ, шу пайтгача сизни айтганингизни қилдим. Ундан кўра кўчада тиланчилик қиламан. Хосият зарда билан боласини кийинтира бошлади.

-Ҳой қиз жаҳлимни чиқарма деяяпман, улар олдиндан пулини тўлаб қўйган. Бўласан, дедимми бўласан.

-Йўқ, бўлмайман…

Шу пайтгача, бир қўрқитиб, бир яхши гапириб, йўлига солиб юрган қизининг қаршилик кўрсатишига чидай олмаган Зиёда, қўлига илинган нарса билан қизни ура кетди.  Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида стол устида турган пичоқни олган Зиёда онасига жон жаҳди билан  бир неча маротаба пичоқ урди.  Фақатгина қорнини ушлаб, қонга беланганича ерга йиқилган Зиёдани кўрибгина Хосиятнинг ҳуши жойига келди.

Зиёданинг жони касалхонанинг жонлантириш бўлимида узилди. Хосият эса суднинг қарорига кўра, қотилликда айбланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жазо тайинланганидан сўнг Хосият адвокати ёрдамида аппеляция тартибида ариза ёзди ва ҳомиладорлигини ҳисобга олишларини сўради.  Туман суди  ЖПКнинг 533-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан Хосиятнинг ҳомиладорлиги инобатга олиниб, жазони ўташ муддатини 1 йилга кечиктирди ва дарҳол қамоқдан озод қилди.

Аммо Хосиятнинг  қамоқдан чиқиб, борар жойи йўқ эди. Онасини ўлдиргани учун укаси ва бошқа қариндошлари Хосиятга  жазо кам берилганлигидан норози эдилар. Судда қатнашган  яқин қариндошлари уни чиққанингдан кейин соғ қўймаймиз, деб таҳдид қилишганди.

Чорасиз қолган Хосиятни Назифа Камалова раҳбарлик қилаётган “Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан қўллаб-қувватлади. Маҳалла фаоллари Хосиятнинг  қизини  қамалгач, неварасини олиб қолган қайнонасидан  олиб бериб, она-бола Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Жиззах вилоят худидий  бўлинмасининг бошпанасига жойлаштирилди. 

Марказга олиб келган аёл  тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож эди.  Айни пайтда  унинг эхтиёжларидан келиб чиққан ҳолда марказ руҳшуноси томонидан руҳий ёрдам кўрсатилди. Аёлда ўзи ва атрофдагиларга нисбатан ишончсизлик кўриниб турар эди. Ушбу фуқаронинг эҳтиёжлари ўрганилгандан сўнг, алоҳида ва гуруҳий шаклларда суҳбатлар олиб борилди ва параллел равишда психологик харита тўлдириш орқали оилавий муносабатлар ривожи ҳамда оилавий келишмовчилик сабабига ташхис қўилди. Конфликт сабаблари психоанализ қилинди, сабаб ва оқибат ўртасидаги узвий  алоқа  аниқланди.  Шу  асосда психологик  маслаҳат берилди.

Ҳозирда Хосиятга  бандлигини таъминланиш мақсадида қуроқчилик ва бисирчилик билан шуғилланиши учун керакли асбоб ва ускуналар билан таъминланди. Хомиладорлиги ва туғиш жараёни яқинлашаётганлиги сабабли туғруқхонада зарур бўладиган асбоб-анжомлар ва кейим-кечак билан таъминланди. Марказда вақтинчалик яшаган даврида собиқ турмуш ўртоғи билан муносабати тикланиб, Хосият оиласига қайтарилди.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: