323

“…Ботир унга хотинини сотиб, ҳамма ҳужжатларини қарзи эвазига бериб кетганини айтди…”

“Истиқлол авлоди” марказига мурожаат қилган аёлнинг овозида ҳадик ва хавотир, йиғламсираш оҳанги бор эди. У жияни Малика (исмлар ўзгартирилган) 2 ёшли фарзанди билан Қирғизистонда қулликка тушиб қолганини айтиб, уларни қутқаришда ёрдам беришни ёлвориб сўради.

Аёлнинг айтишича, жиянининг ота-онаси ёшлигида вафот этиб кетган, уни холаси, яъни ўзи фарзандлари қаторида меҳр билан катта қилган эди. Малика вояга етиб, Ботирни учратгач, холасининг эътирозига қарамай, тез орада у билан яшай бошлаган. Кейин эса ҳомиладор бўлган.

Дуч келган ишлар билан шуғулланиб юрган Ботир бир куни кечқурун уйга қайтгач, Маликага нарсаларни йиғиштиришни буюрди.

– Тинчликми Ботир ака, бошқа уйга кўчамизми? Шу ер яхши эдику, – оғироёқ Малика хавотирли нигоҳи билан эрига юзланди.

– Қанақа уй? Сен билан  Қирғизистонга кетамиз. У ерда бир дўстим иш топибди, ўша чақиряпти. Ўзим кетардиму, ҳомиладорсан, қийналиб қоласанми, дейманда. Автобусга билет олиб қўйганман, чаққонроқ бўл, эртага тонгда йўлга чиқамиз. Танишларим ўша ердан пул ишлаб, уй олишимизга ёрдамлашишади.

Бишкекда улар ижарада турган бир хонали квартирада яна етти киши яшарди. Дастлабки ойларда Малика ҳамманинг кирини ювиб, овқатини қилиб юрди. Эри эса Бишкекдаги бир бадавлат одамнинг ресторанига юк ташувчи бўлиб ишга кирди. Бу орада фарзандли ҳам бўлишди. Кечаси билан йиғлаб чиқадиган чақалоқдан хонадошлари норози бўла бошлашди. Кунларнинг бирида Ботир Маликага ресторанга кўчишларини, хўжайини уларга алоҳида хона ажратганини айтди. Малика хурсанд бўлиб кетди. Ҳарқалай, энди кичик хонада бўлса ҳам фарзанди, суюкли эри билан бирга, алоҳида яшашади. Уларга ажратилган жой рестораннинг лаш-лушлари сақланадиган кичик омборхонаси эди.

Эрталаб Ботир кечроқ келишини айтиб чиқиб кетди. Малика кун бўйи эрини кутди. Аммо у қайтиб келмади. Эртаси куни хонага ресторан хўжайини бўлган эркак киши кириб келди. Маликага энди уники бўлганини, Ботир унга хотинини сотиб, ҳамма ҳужжатларини қарзи эвазига бериб кетганини айтди.

Жувоннинг унга ҳайрон бўлиб қўрқув ва ваҳима аралаш қараб турганини кўрган хўжайин заҳархандалик билан истеҳзо аралаш жилмайди:

– Эшитяпсанми, энди сен меникисан. Болангни идиш ювувчи хотинлар тарбиялайди. Агар кўргани борадиган бўлсанг, болангни ўлдираман.

Шу кундан бошлаб Малика учун қора кунлар бошланди. Ҳар куни кечқурун ресторан хўжайини Малика ва яна унинг қўлида ишлаб, шу ерда яшайдиган икки нафар официант қизни маишат учун келган маст-аласт мижозларга жинсий хизмат кўрсатишга мажбурларди. Бошида бунга қаршилик кўрсатган Маликани хўжайиннинг қўриқчилари яхшигина дўппослашди.

8 ой давомида Малика ана шу тариқа дўзах азобида кун кечирди. Бир куни ухлаб қолган мижознинг телефонидан Ўзбекистонга, холасига қўнғироқ қилиб, боласи билан уни қутқаришларини ўтиниб сўради. Маликанинг холаси Зумрад опа ички ишлар бўлимига мурожаат қилганида, унга одам савдосига қарши курашиб келаётган “Истиқлол авлоди” марказига мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Марказ ходимлари ҳолатни ўрганишаётган даврда Малика боласини олиб, бу зиндондан қочишга муваффақ бўлди. У кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида яшириниб юрди, ресторан эгаси уни топиб олиб, яна фоҳишалик қилишга мажбурлашидан жуда-жуда ҳам қўрқарди. Икки ҳафта ўтгач, у холасидан олган телефон рақамга, яъни Марказга қўнғироқ қилишга амаллаб имкон топди. Ўз навбатида, Халқаро миграция ташкилоти ёрдамида Марказ аёлни фарзанди билан бошпанага жойлаштиришга муваффақ бўлди. Бироз ўзига келган Маликага “Истиқлол авлоди” ва Халқаро миграция ташкилоти ҳомийлик қилиб олиб берган авиачипта орқали ниҳоят Ўзбекистонга қайтарилди.

Малика узоқ вақт қўрқувда, қулликда яшагани оқибатида кучли стрессга тушиб қолган эди. Жувоннинг руҳиятини, жисмоний соғлиғини тиклаш мақсадида реабилитациядан ўтиш учун ойлар керак бўлди. Халқаро миграция ташкилоти ва Марказ кўмагида тикувчилик касбини эгаллаб, унга совға қилинган тикув машинасида буюмлар тикиб сота бошлади.

Маликанинг ота-онаси ёшлигида касаллик туфайли вафот этишгани, яшаши учун тайинли уй-жойи йўқлиги туфайли Марказ ҳуқуқшуноси ҳокимликка мурожаат қилиб, қисқа муддатда аёлга муқим туриши учун икки хонали уй ажратилишига эришди. Бундан ташқари, Маликанинг фарзанди Бишкекда туғилгани сабабли, унинг ҳужжатларини тўғрилаш учун бир неча маротаба Қирғизистонга бориб-келиб юрилиб, ниҳоят болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам олинди.

Айни пайтда Малика маҳаллада иш биланд банд. Фарзанди учун нафақа ҳам олади. Бўш пайтлари эса аёлларга кўйлак тикиб, сотади. Маликанинг ҳаётида ниҳоят ёруғ кунлар бошланди. Буларнинг барчаси “Истиқлол авлоди” маркази ва вилоят хокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилди.

Айни вақтда ўз хотинини сотиб юбориб, одам савдосидек жирканч ишга қўл урган Ботирга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо тайинланишига эришиш юзасидан ҳам Марказ томонидан тегишли ҳаракатлар бошланган.

Агарда ўзингиз ёки яқинларингиз қулликка тушиб қолган вазиятда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг одам савдосига қарши бўлимининг +99899 311-01-01 ёки

«Истиқлол Авлоди» ННТнинг (+99899) 092-91-11 рақамларига мурожаат қилиш мумкин.

Наргис Косимова

Улашинг: