323

«…Бу дадам ва аммам! Улар мени  уриб, сочимни олиб ташлашди, —  йиғлаганича сўзлади Шаҳло…»

«Раҳмдиллик» марказига яқинда Шахло (исмлар ўзгартирилган) исмли қиз мурожаат қилди. Марказ ходимлари унинг аҳволидан даҳшатга тушишди. Қизнинг сочи, қоши қириб олинганлиги сабабли рўмол ўраган, юзи ва танасида калтак излари бор эди.

Бу дадам ва аммам! Улар мени уриб, сочимни олиб ташлашди, — йиғлаганича айтиб берди Шахло Марказ психологига.

Маълум бўлишича, аммаси ва отаси Шаҳло севган йигити  билан учрашмаслиги учун, унинг ташқи кўринишини ўзгартиришга қарор қилишган.

Шаҳло 10 -синф ўқувчиси, Самарқанд вилоятида яшайди. Қизнинг онаси ва отаси, икки нафар укаси бор. Бундан ташқари, оилада улар билан бирга кекса бувиси, отасининг онаси ҳам яшайди.

Муаммо шундаки, оиладаги муҳит жуда носоғлом. Шаҳло эсини таниганидан буён ота-онасининг тинимсиз уришганини кўриб, вояга етди.  Отаси Наим ака мунтазам равишда спиртли ичимликлар ичади. Ўзининг айтишича  ароқни у “иштаҳани очиш учун” ичади…

Отам онамни доимо урарди, — дейди Шаҳло — кейин у мени ҳам ура бошлади. Онам ҳамма нарсага чидарди,  чунки унинг борадиган жойи йўқ, етим…

Уйдаги вазият деярли чидаб бўлмас даражада бўлиб, онаси йиғлар ёки бақирганича отасини лаънатларди. Аммо эри уни қанчалик таҳқирлаб, камситмасин отаси Шаҳлони уришганида доимо эрининг ёнини оларди. Оилада ҳеч ким Шаҳлони ҳимоя қилмайди…

Албатта, уйда  ўзаро  меҳр, ҳурмат ва муҳаббат бўлмаса, инсон уларни бошқа жойдан излайди. Шаҳло ҳам шундай қилди. Ўзидан ёши анча катта бўлган йигитни севиб қолди. Бундан хабар топган ота-онаси қизнинг чап қўлига қизиб турган дазмолни босиб, уни жазолашди, йигитни эса  “агар уни яна қизи билан кўришса, ўлдиришларини” айтиб, қўрқитишди.

Шаҳлонинг онаси Исроилга ишлагани кетгач, отаси янада қизини таҳқирлай бошлади.  Уйга  ичиб, кеч келар, Шаҳлони уйғотиб, йигит билан воқеани эслатиб, уни камситиб, уришарди.

Наим ака кундузи доимий равишда қизининг ҳар бир қилган ишидан хато топарди:  уйни яхши тозаламаганликда, овқатни шўр қилиб қўйганликда, дангасаликда айбларди. Шаҳло отасига гап қайтарса, албатта қизнинг калтакланиши билан якун топарди.  Уйдаги азобли ҳаётдан безиган қиз, уйдан қочишни бошлади, кечаси  уйда тунамайдиган одат чиқарди. Бир куни хаттоки ёрдам сўраб маҳаллага  ҳам  мурожаат қилди. Аммо у ерда қизга ишонмай, унинг отаси тарафини олиб, агарда Шаҳло уйдан қочишни бас қилмаса, болалар колониясига юборишини айтиб, қўрқитишди.

Яқинда Шаҳло яна бир йигит билан танишди. Бу ҳақда қўшнилари Шаҳлонинг отасига хабар беришганида, у ғазаб отига минди. Яна қизини калтаклади. Шундан сўнг Наим ака  синглиси билан қизининг сочи ва қошларини қириб ташлаб, кўчага чиқишни тақиқлашди. Қиз яна маҳаллага ёрдам сўраб мурожаат қилганида, отаси қизи уларнинг оиласини шарманда қилаётгани, Шаҳло умуман унинг айтганини қилмаслиги, шу сабабли уни  вояга етмаганларнинг колониясига жўнатишларини сўради. Отасининг таклифини  маҳалла раиси Шаҳлонинг онасига телефон орқали етказганида, у ҳам  эрининг фикрини қўллаб-қувватлади. “Қизим оиламизни шарманда қилаяпти, отаси уни колонияга жўнатмоқчи эканлиги, жуда ҳам тўғри”, деди у телефонда.

Маҳалла қўмитаси мутахассислари (хотин -қизлар ишлари бўйича ўринбосари) Шаҳлони Самарқанд вилоятидаги фуқаролик жамияти маркази — «Раҳмдиллик» ка олиб  келишди.

Мана бир ойдан ортиқроқ вақт давомида Шаҳло Марказнинг бошпанасида яшамоқда.  Қиз билан мунтазам равишда психолог ва ҳуқуқшунос ишлашмоқда.  Шаҳлога ҳимоя ордери ҳам берилди, аммо бу  қизга деярли ёрдам бермади. Чунки Наим ака “қиз меники, истасам уни ўлдираман” дерди. Ҳаттоки Марказ мутахассисларининг Наим ака билан бу борадаги суҳбатлари ҳам натижа бермади.  Наим ака ўзини ҳақ деб билиб,  унинг фикрича Шаҳло умуман уйдан чиқмаслиги ва фақат уй ишлари билан шуғулланиши зарур.

Шаҳло уйга қайтишдан бош тортмоқда.  «Раҳмдиллик» мутахассислари биз билан  суҳбатда қуйидагиларни айтишди: «Вазият жуда оғир, қиз бошпанада узоқ туролмайди, вояга етмаган, бундан ташқари яқинда мактабларда ўқиш ҳам бошланади. Бошқа томондан, отанинг фикри ўзгармагунча, Шаҳло учун ота -онасининг уйида бўлиш хавфли эканлиги аниқ. Биз қизнинг ота -онаси билан, биринчи навбатда, онаси билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқдамиз, уларга қизининг хулқ -атворидаги қийинчиликлар бутунлай оиладаги вазият билан боғлиқлигини ва ўсмирлик даврининг ўзига хос хусусиятлари туфайли оғирлашиб бораётганини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Шафқатсизлик билан қизни тўғри йўлга солиш мумкин эмас. Аммо, ота -онага бу нарсани тушинтириш қийин бўлаяпти … «.

Психолог ва «Раҳмдиллик» маркази директори Б. Орипова Шаҳлонинг онаси билан музокараларни давом эттиришмоқда. Бу ҳозирги шароитда ёрдам берадими ва Шаҳло ҳаётидаги воқеалар кейинчалик қандай ривожланади? Азиз муштарийлар, биз албатта бу ҳақида сизларга  хабар берамиз.

 

«Раҳмдиллик» фуқаролик жамияти ташкилотининг ишонч телефони: +998662333284

Улашинг: