374

“Мен бошқа бундай яшай олмайман. Ҳар куни дадам сизни калтаклашига, сизни ҳимоя қила  олмаслигимга  чидай олмайман. Мен кўрмаганим яхши бу кунларни. Мени кечиринг, онажон”.

Ноила (исмлар ўзгартирилган) учинчи фарзандини дунёга келтирса ҳам боши калтакдан чиқмади. Эри хотинининг ҳар бир қадамидан айб топар,  сал кўнглига ёқмаган иш қилса аямай урарди.  Ноиланинг тўнғич ўғли Самаджон бир-икки марта онасининг ёнини олмоқчи бўлиб, отасига ташланганида, қўшилиб ўзи ҳам калтак еди. Ўша мудҳиш куни ичиб келган Собир яна  хотинига қўл кўтарди. Бир бурчакка тиқилиб, йиғлаётган фарзандларининг кўз ёшлари ҳам уни тўхтатмади. Кечқурун таом тайёрлаб,  катта ўғлини овқатга чақириш учун кирган Ноила даҳшатдан  чинқириб юборди. Ўғлининг жонсиз танаси осилганича совуб,  кўзлари мангуликка қадалган эди.

Самаджон жонига қасд қилишдан олдин хат ёзиб кетган эди.

“Мен бошқа бундай яшай олмайман. Ҳар куни дадам сизни калтаклашига, сизни ҳимоя қила  олмаслигимга  чидай олмайман. Мен кўрмаганим яхши бу кунларни. Мени кечиринг, онажон”.

Самаджоннинг чўнтагидан чиққан ушбу хатни ўқир экан Ноила ҳушини йўқотди. Икки йилгача  тунлари ўғлининг овози қулоғи остида янграб, йиғидан уйғониб кетарди.Дугоналарининг маслаҳати билан яна  бир фарзанд кўришга қарор қилди.

-Ўзингни қўлга ол. Самаджоннинг руҳини чирқиратма. Яна  бир фарзанд кўрсанг, мана кўрасан, янги инсон унинг ўрнини босади, дейишарди улар ҳар учрашганларида.

Аммо ҳомиладорлик даврида ҳам эри уни тинч қўймади. Яна ҳақорат, камситиш, калтак. Янги туғилган фарзанд ногиронлигини кўриб, Собир яна ҳаммасида хотинини айбдор қилди. Бунинг устига бот-бот хотини ва фарзандларини тунда уйдан ҳайдаб чиқарадиган одат ҳам чиқарди.

Бу сафар ҳам ичиб келган Собир  хотини олдига қўйган овқатни хўплади-ю, оғзи куйганидан қошиқни олиб, Ноилага қараб отди. Сўнг бураб сўкинганича, қўрқиб йиғлаётган фарзандларини сўка кетди.

-Уларга бақирманг дадаси, кўрмаяпсизми, қўрқишаяпти, деб Ноила балога қолди. Юзига келиб тушган муштдан йиқилиб тушди. Болалари чириллаб йиғлай бошлашди.

Собир “Йўқол, итваччаларингни олиб, ўлдириб қўймасимдан” деб бақирганича амаллаб туриб, болаларини бағрига олган Ноилани судраганича дарвозадан кўчага чиқариб ташлади.

Ота уйига фарзандлари билан келган Ноила бу ерда ҳам кўп тура олмади. Акаси ва укасининг хотини, бола-чақалари билан тиқилиб яшаб, ҳар куни келинларининг “текин ошга шерик топилгани” ҳақидаги пичинглари кўпайгач,  ёрдам сўраб,  Ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш  «NIHOL»  марказига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Марказ ҳуқуқшуноси Муҳаббат Мирзаеванинг айтишича,  Ноилани фарзандлари билан уйга киргизиш учун унинг эрини судга бериб, ютиб чиқишган. Аммо Собир суд ҳукмини қайта аппеляцияга берган. Бу ҳолатда ҳам Марказ судда ютиб, Ноилани фарзандлари билан келин бўлиб тушган уйига киритиш бўйича судда ютиб чиқди. Аммо  бу орада яна бир муаммо пайдо бўлди. Собир Ноиладан қонуний ажрашмасдан туриб, шаърий никоҳ ўқитиб, бошқа хотин олганлигини иддао қила бошлади.

-Биз Собирга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини, бундан ташқари, Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида йўл қўйилмаслигини тушунтирдик, дейди Муҳаббат Мирзаева. -Ўзаро келишувга кўра ҳовлидаги  уйларнинг икки хонаси Ноила ва фарзандига берилиб,  Собирдан алимент ундириш борасида ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек Ноилага  “Ҳимоя ордери” олиб берилди. Энди Ноила   бошқа эшик очиб, фарзандлари билан  ўз уйида яшаш учун ҳаракатда.

Ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш  «NIHOL»  марказига нафақат Тошкент вилояти, балки водий ва Қашқадарё воҳасидан ҳам  аёллар мурожаат қилишади. Ширин Рашидова раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари ҳар бир мурожаатчига беминнат ёрдам кўрсатишади. Уларнинг фидокорона меҳнатлари олдида таъзимдамиз.

Ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш  «NIHOL»  марказининг “Ишонч телефони  +99870 762 41 63

Наргис Қосимова

Улашинг: