357

“…Меҳрга зор ўсган Севара келинлик уйида ҳам бахтли яшамади…”

Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига яқинда бир жувон тушиб қолди. Биз яхши биламизки, бу ерга ўтмиши бахтли кечган хотин-қизлар келишмайди, аксинча, бу маскан зўравонлик ёхуд тазйиқлардан жабрланган шахсларнинг жойидир. Аммо бу ерда улар ўзларига зарур бўлган барча ёрдамларни олишади. Энг муҳими, ўз ҳақ-ҳуқуқлари, хусусан, зўравонликка тоқат қилишга мажбур эмасликлари ҳақида тушунчага эга бўлишади, психолог кўмагида ўзларига бўлган ишонч мустаҳкамланади, балки келгуси ҳаётларини мутлақо ўзгартиришга тайёр бўлишади. Марказга келиб қолган Севара (исмлар ўзгартирилган) ҳам ўзининг машаққатли ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Қизалоқ ҳали гўдаклик чоғидаёқ, 1,5 ёшида онаси вафот этади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, отаси бошқа аёлга уйланади. Икки акаси ва чақалоқ Севара ўгай она қўлида қолишади. Аммо ўгай онаси мурғак қизалоққа яхши қарамаётганини, уни уриб-туртаётганидан хабар топган холаси қизчани отасининг розилиги билан ўз тарбиясига олди. Орадан йиллар ўтиб, балоғатга етган Севара холасининг қистови билан қўшни қишлоқдаги Мансур исмли йигитга турмушга чиқади. Таассуфки, болалигидан она меҳрини қўмсаб, меҳрга зор ўсган Севара келинлик уйида ҳам бахтли яшамади. Кундалик ҳаёти жанжаллар, уруш-тўполонлар, зўравонлик, таҳдид ва тазйиқларга тўла эди. Эри ҳатто ўғил фарзандининг кўз ўнгида ҳам Севарани камситиб, хўрлаб, калтаклашдан ўзини тиймасди.

Шу тариқа ўтаётган азиятли кунлар вақти келиб, Севаранинг бош оғриғини орттириб олишига сабаб бўлди. Қаттиқ стресс, руҳий тушкунлик уни адо қилди. Оқибатда касалманд хотин менга керакмас дея, эри уни кўчага ҳайдади ва у билан қонуний ажрашди. Севара ўғли Фариджон билан акасининг уйида яшаб юрди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай акасининг уйига ҳам сиғмай қолди, уни ўзининг дўстига шаръий никоҳ асосида мажбурлаб турмушга бериб юборди. Дард устига чипқон деганларидек, Севара иккинчи турмушидан ҳам ҳаловат тополмади, бу эри Севаранинг ўғилчасини чиқиштирмади. Ўртада яна можаролару низолар кўпайди. Буни эшитган Фариджоннинг бувиси собиқ келинидан неварасини олиб кетди.

Иккинчи турмуши давомида Севара яна бир ўғиллик ва қизлик бўлди. Бизнинг қаҳрамонимизга бу гал тақдир кулиб боққандек эди, гўё. Бироқ, минг афсуски, Севаранинг иккинчи рўзғори ҳам тазйиқ, зулм ва зўравонликлардан, асоссиз айбловлар ва азоб-уқубатлардан холи эмасди.

Навбатдаги машмашадан кейин Севара бу хонадонни ҳам тарк этишга мажбур бўлди. Болаларини унга беришмади, беришган тақдирда ҳам уларни қаёққаям олиб борарди? Бу орада Севаранинг холаси ҳам оламдан ўтиб кетган, жувоннинг ичида зардобдек йиғилиб қолган дарду ситамларини тўкиб солишга бирон сирдош одами, боришга жойи ҳам йўқ эди. Икки акасидан ҳам аввал зуғум кўрган сингил, яна қайтиб уларнинг биронтасиникига боришга юраги бетламади.

Ўта оғир ижтимоий аҳволда қолган, борадиган жойи йўқ, доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кучли стресс ва қўрқув ҳолатидаги Севара вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига мурожаат қилди. Бошқарма мутасаддилари томонидан жувонга дарҳол ёрдам кўрсатилиб, унга иш топилгунича Мўътабар Ҳасанова раҳбарлик қилаётган Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига вақтинча жойланди. Марказ ходимлари ҳаётдан бутунлай умидини узган аёлни Марказ қошидаги бошпанага жойлаштиришди. Бу ерда жабрланувчига бир нечта зарурий кўмак хизматлари тақдим этилди.

Биринчи навбатда, Севара чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Сўнгра фарзандларини ўзига қайтариб олиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилиб, бу масалада судга ариза ёзиш юзасидан Марказ ҳуқуқшуноси унга яқиндан ёрдамлашди.

Ўз навбатида, Марказ психологи Ш.Рўзиқулова жувон билан бир қатор руҳий машғулотлар ва суҳбатлар ўтказиб, унинг стрессдан чиқишини таъминлади ҳамда Севаранинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамловчи машқлар ўтказди.

Шу билан бирга, аёлга Марказ тикув цехида тикувчилик сирлари ўргатилди. Ва ниҳоят, уни иссиқхонада мавсумий ишга жойлаштириб қўйилди.

Айни вақтда суд томонидан болаларни онасига қайтариш бўйича даъво аризаси рад этилди, чунки Севаранинг доимий яшаш жойи мавжуд эмас ва унинг болаларини тарбиялаши учун етарли шарт-шароитлари йўқ.

Гувоҳи бўлганингиздек, бу ёшгина аёл икки марта турмушга чиқиб ҳам афсуски, ўз бахтини топа олмади, ҳаёти тазйиқ ва зўравонликларга тўла бўлди. Эҳтимол, буларнинг барига Севаранинг ҳаёти учун унинг ўзи эмас, балки ҳамма қарор қабул қилавергани сабаб бўлгандир? Чунки катталар “нима қилса яхши бўлишини” билишади.

Агар аёл ўқиб маълумот олганида ва қўлида бирон бир ҳунари бўлганида шу қадар кўп муаммоларга дуч келмаган, боши берк кўчага кириб қолмаган, ўзини ўзи уддалаган бўларди.

Севарага ёрдам беришмаганида, бир ўзи  муаммоларини қай тарзда  ечиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Ушбу  ҳикоя қаҳармонимиз каби хотин-қизларни қийин вазиятларда қўллаб-қўвватлаб, уларга нафақат психологик ёрдам, балки бошпана, ишга жойлаштириб, хаттоки  ҳунар ўргатиш билан ёрдам берадиган Реабилитация ва мослаштириш марказларининг кўмаги нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”:

 (90) 500-22-88. 

Наргис  Қосимова

Улашинг: