544

Яшагим келмаяпти, аммо мен ўзимни ўлдирсам, фарзандларим тақдири нима бўлади?

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш хамда ўз жонига қасд қилишни олдини олиш Жиззах вилояти марказига қўнғироқ бўлганида марказ ходимлари уйга қайтиш  тараддудида  эдилар. Ҳар бир қўнғироқ ортида инсон тақдири турганлигини  яхши билган марказ психологи гўшакни кўтарди.

Нариги томондан йиғи овози эшитилди.  Бироздан сўнг қўнғироқ қилаётган аёл ўзига келди шекилли, гап бошлади:

-Менинг исмим Нодира, икки нафар, катта бўлиб қолган фарзандим бор. Опажон ёрдам беринг, ҳаётдан тўйиб кетдим. На ишим, на уйим бор.  Болалрим билан кўчада  қолдик.

-Тўхтанг, бир бошидан гапириб беринг. Нега кўчада қолдингиз? Бунга ким сабабчи?

Гўшакдан яна йиғи овози эшитилди.

-Турмуш ўртоғим билан тўйимиз бўлганига 10 йил бўлди. Аввалига яхши яшадик. Эрим меҳрибон, ўз оиласига эътиборли эди. Аммо ишлари орқага кета бошлагач, аламини мендан ола бошлади. Уйга ичиб келадиган одат чиқарди. Ҳар ичганида тинчгина дам олиб ўзига келишнинг ўрнига мени ва болаларини калтак, ҳақоратлаб, сўкарди. Болаларим отасидан жуда ҳам қўрқиб қолишгна. Оқозини эшитиши билан ҳар қаёққа қочишга шай туришади. Ахир эртага уларнинг тақдири нима бўлади? Қўрқувдан жуда асабий бўлиб қолишган.

2 ой олдин, эрим яна ичиб келиб, тунда икки фарзандим билан мен кўчага ҳайдади. Ўзим андижонликман, Арнасой туманида турамиз. Қаерга боришни  билмай бошим қотди. Яхшиямки, меҳрибон қўшниларимиз бор. Уларникида тунаб, эртасига Андижонга кетдик. Онамникига бориб, бир ҳафтача яшадим. Аммо уйда келинлар, жиянларим бор. Келинлар болаларимни чиқиштирмай, менга ола қарай бошлагач, уйда жанжал кўпайди. Онанинг тр қорнига сиққан опа-сингил, ака-укалар кенг ҳовлига чиғмас экан.  Шу маҳаллада яшовчи опамникига бордим. Албатта опам, мени уйларига киргиздилар.  Аммо унинг  ҳам оилавий аҳволи оғир. Қўшимча 3 та одамни боқишга поччамнинг ҳам қурби етмайди.  Озгина яшаб, бу ерда ҳам ортиқчалигимизни сездик. Яна Арнасойга қатйиб келдим. Ҳозир гоҳ дугонам, гоҳ қўшниларникида яшаб юрибмиз. Эрим уйимизга киргизмаяпти.

-Эрингиз сизга қўл кўтариши ҳақида турар жойингиздаги профилактика инспекторига ариза билан мурожаат қилмаганмидингиз?

-Қилгандим, аммо ҳар гал инспектор уйга келиб, эрим билан гаплашгач, унинг баттар жаҳли чиқарди. “Ҳали сенми менинг устимдан шикоят қиладиган” деб урарди. Хаттоки уни   Пахтакор туманидаги наркология диспансерига даволаниш учун бир неча маротаба ҳам юборишди. Аммо фойдаси бўлмади. Онам  ҳам келиб, эримни инсофга чақирдилар. Аммо у  маст ҳолда онамни ҳам ҳақоратлаб, олдига қувиб солди. Илтимос опажон, менга ёрдам беринглар. Яшагим келмаяпти, аммо мен ўзимни ўлдирсам, фарзандларимтақдири  нима бўлади?

Шу куниёқ одирага икки нафар фарзанди билан марказга келиши тушунтирилди. Аёлни кутиб олиб, марказ бошпанасига жойлаштирилди. Бу ерда унга  ва фарзанларига руҳий ёрдам берилди.  Бир неча кун давомида аёлнинг ҳаёти ўрганилгач, Нодиранинг илтимосига кўра ичкки ишлар билан ҳамкорликда икки нафар фарзанди билан ўз яшаш хонадонига олиб бориб жойлаштирилди ва унинг турмуш ўртоғига “Ҳимоя ордери” берилди.

Ўйлаймизки, Нодиранинг ҳаёти яхшиланар, турмуш ўртоғи берилган “Ҳимоя ордери” таъсирида инсофга келиб қолар. Аммо ўртада дарз кетган муҳаббат, меҳрни тиклаб бўлармикан?

 

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш хамда ўз жонига қасд қилишни олдини олиш Жиззах вилояти марказининг “Ишонч телефони” (91) 197-9494

 

Наргис Қосимова

Улашинг: