24

ЖАННАТ    ҚИДИРГАНЛАР

–Орқамдан юринг!

Наташа аэропорт текширув пунктида паспортини текшираётган қизга хайрон бўлиб қаради-да, индамай унинг орқасидан эргашди. Хозиргина Исроилдан учиб келиб, анча толиққан, бунинг устига беш ойдан буён қизчасини кўрмай, уни жуда соғинган эди. Қиз Наташанинг паспортини навбатчига топширгач, ўзи орқага қайтди.

–Тушунмадим, нега мени ушлаб ўтирибсиз?

Наташанинг кўзлари чақнаб,  жаҳли чиққанидан  юзига қизиллик югурди.

– Ўтиринг. Сизнинг паспортингиздаги Ўзбекистон Республ­и­ка­сидан ташқарига чиқишга рухсат берувчи штамп ва муҳр қал­ба­ки. Сиз ушбу расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришда айб­ла­насиз.

– Туҳмат, мен ҳеч нарса қалбакилаштирганим йўқ.

– Илтимос, ўзингизни босинг. Паспортингизни экспертизадан ўтказмагунимизча, у бизда қолади. Ҳаммаси тўғри бўлса, албатта уни қайтариб оласиз.

Навбатчининг хонасидан чиққан аёл, йўлакка қўйилган курсилар­нинг бирига бўшашиб ўтирар экан, Ноилани учратган кунига ланъа­ти­лар ўқиди…

…Ноила  Наташа ишлайдиган қаҳваҳонанинг доимий мижоз­ла­ридан бири эди. Келишган, хушбичим қоматли бу аёл доимо овқатлангани ша­ҳарнинг гавжум кўчаларининг бирида жой­лаш­ган қаҳвахонага ке­лар ва танновул жараёнида атроф­да­ги­лар­ни синчиклаб кузатарди. Ях­шигина чой-чақа қолдирадиган бу мижозга  Наташанинг  ўзи хизмат қи­ларди.  Баъзида Ноила На­ташани ҳам  ёнига ўтиришга таклиф қилар, унинг  турмушга чи­қиб, бир қизчаси бўлгач, ажрашганидан бохабар эди.

Ишдан бўшагач, Наташа анча пайтгача ўзига маъқул келадиган иш топа олмай юрди.  Онаси-ю,  жажжи қизалоғи билан кун кечираётган бу оила асосан унинг боқувида бўлгани сабаб, улар анча қийналиб қолишди.

Бир куни тақдирнинг ўзи Ноила қиёфасида унга яна бир синов юборди.  Метро бекатида тасодифан Наташани учратган Ноила яқин қадрдонини кўргандай қувониб кетди.

– Салом, қаҳвахонада кўринмай қолдинг? Нега кайфиятинг йўқ? — деди ҳар доимгидан ҳам очилиб кетган Ноила .

– Уйдаман. Иш қидираяпман.

– Вой, тентаквой. Сенинг ҳуснинг-у, қадди қоматинг билан иш йўқ деб юрибсанми? Агар хоҳласанг, чет элда сен боп иш бор. Қаҳвахонада.

Ноила шундай деди-ю, шарақлаб кулиб юборди.

–Қаерда?

–Исроилда. Ўзинг биласан ҳозир у ерда собиқ юртдош­ларимиз анча кўпайган. Танишимнинг қавахонасига айнан чиройли рус официантка зарур. Сени учратганимни қара. Ўзи шуни эшитибоқ сен ҳақингда ўйловдим. Агар хўп десанг, мана телефон рақамим. Қўнғироқ қил. Фақат кўп ўйлаб ўтирма, жойни  бошқаси илиб кетиши мум­кин.

Наташа Ноиланинг маслаҳати билан кўп ўйлаб ўтирмади. Исроилда ишлаб топадиган пули-ю, орзусидаги шоҳона ҳаёт унга тинчлик бермасди. Бунинг устига Ноила барча харажатларни ўзи кўтаришини айтди. Бундай қулай фурсат бошқа бўлмайди. Демак, отини қамчилаши керак.

Ноила билан бир неча бор учрашгач, Наташа белгиланган куни  кийимлари ва паспорти билан аэропортга келди. Ноила унга шу ернинг ўзида, Москва шаҳрига самолёт чиптасини сотиб олиб, сирли жилмайганича Наташанинг қўлига тутқазди.

–Ана бўлди. Айтгандай, Москвада аэропортда сени Владик деган йигит кутиб олади. Қолган ҳужжатларингни тўғирлаб беради. Ўша ердан Исроилга учиб кетасан.

Наташа Ноилага миннатдорчилик билдириб, унинг бу қилган яхшилигини ҳеч қачон унутмаслигини  айтди.

Ҳақиқатдан ҳам Москванинг Домодедово аэропорти биносига кириши билан ўзининг фамилиясини  бот-бот такрорлаётган йигитга кўзи тушди. Наташанинг исми ва фамилиясини қайта сўраб олган йигит, уни шаҳарнинг чеккасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирига олиб келди. Бир хонали хонадонда молдавиялик икки қиз билан, ёши ўтган бир аёл бор эди. Владик Наташанинг паспортини олиб, уни шу ерда  қолдириб кетди. Бу ерга Владикдан ташқари яна бир йигит тез-тез келиб турар ва қизларга келгусидаги ҳаётларини турфа рангларда тасвирлаб берарди.

–Энг асосийси Исроилга бориб олсаларинг бўлди. Кейин нақ жаннатнинг ўзида яшайсизлар.

Қизлар унинг «жаннатмакон» юрт ҳақидаги ҳикояларини тинглашар экан, тезроқ у ерга бориш орзусида кун санашарди. Ниҳоят, улар интиқиб кутган кун ҳам етиб келди. Бир ҳафтадан сўнг Владик келиб, тантанали равишда  Наташанинг бир кундан сўнг Исроилга учиб кетишини эълон қилди. Эртаси куни «Домодедово» аэропортида  Наташанинг қўлига унинг паспорти ва самолёт чиптасини берар экан, ҳамма визалари жойида эканини, у хавотирланмаслигини айтди.

–Ие, нега чипта Мисрга. Сиз Исроилга борасан деган эдингизку?

Наташа ҳайрон бўлиб қўлидаги «Москва–Миср» йўналиши бўйича олинган чиптага тикилиб турарди.

–Исроилга кетадиганларнинг барчаси Миср орқали кетади. Мисрга келгач, аэропортда паспортингга бир ҳафталик виза қўйдирасанда, сайёҳлар автобусида меҳмонхонагача бориб, унга жойлашасан. У ердан сени бир ҳайдовчи олиб кетади. Уни танишинг учун сенга менинг номимни айтади. Мана сенга уяли телефон. Ичида фақат Миср ҳудудида ишлайдиган сим карта бор. Шу телефон орқали хабарлашиб турамиз. Тушундингми?

Наташа индамай бош ирғаб қўя қолди.  Ҳаммаси Владик айтганидай бўлди. Мисрнинг Шарм-эль–шейх шаҳри аэропортида виза қўйдиргач, автобусда «Дримсбич» меҳмонхонасига келиб тушди. Аммо орадан уч кун ўтса ҳам Владик айтган ҳайдовчининг қораси кўринмасди. Бегона шаҳар, бегона юрт, бегона одамлар. Наташа меҳмонхонадан узоққа кетмай кўчаларни айланар экан,  атрофида қаёққадир шошаётган минглаб одамлар орасида нақадар ёлғиз эканлигини ҳис этди. Мободо ўша сирли ҳайдовчи келмаса нима қилади? Ёнида Владик алмаштириб берган озгина пулдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Миясига келган фикрдан қўрқиб кетган Наташа яна Владикка қўнғироқ қилишга тушди.

–Эртага эрталаб,  йўлнинг  нариги томонидаги меҳмонхона ёнига бориб тур, айтган одамим келади.

Владикнинг таниши  араб экан. Улар машинада 4–4,5 соат юриб, чўли биёбонга чиқишди. Наташанинг рус тилида берган саволларига ҳайдовчи бир-икки марта бош чайқаб қўйгач, аёл бошқа оғиз очмади. Машина деразаси ортида Саҳрои Кабир ястаниб ётар, Наташа ҳар нафас олганда худди аланга ютгандек бўларди. Ниҳоят, саҳро ўртасида бирдан пайдо бўлган хурмо дарахтлари тагида тўхташди. Сап–сариқ қум ўртасидаги бу кичик ҳаёт оролчаси Наташанинг кўзига жаннатнинг бир бўлагидек кўриниб кетди.  Ҳайдовчининг имо-ишораси билан у дарахт тагида турган «Жип» машинасига ўтиб ўтиргач, улар яна йўлларида давом этишди. Наташа Исроилга бўлган йўл ноқонуний эканлигини ич-ичидан ҳис этиб турса-да, юрак бетлаб буни ҳеч кимдан сўрай олмас, бунинг устига йўловчиларнинг бирортаси ҳам рус тилини билмасди. Кечга яқин яна бир митти воҳада қад кўтарган  чайла олдида тўхтадилар.

–Здрасте,– деди уни кутиб олган араб.

–Вой, сиз русча гапиришни биласизми? Айтинг, нега биз бу ерда юрибмиз? Исроилга қачон борамиз?

Наташанинг кетма–кет саволларига қўл силтаган янги йўлбошчи эртага Исроилда бўлишларини бир амаллаб тушунтирди-да, нари кетди. Аммо эртаси куни ҳам, индинига ҳам йўлга чиқмадилар. Саҳрои Кабирнинг қайноқ тафтига ўрганмаган Наташа  ўтган тўрт кун ичида адои тамом бўлди. Кечалари тушларига Ўзбекистон, унинг ширин, зилол сувлари кирар, қизалоғининг чулдираши қулоғига эшитилиб, уйғонгач, алламаҳалгача ухлай олмай ётарди. Саҳро тунда жонланарди. Теварак– атрофдан эшитилаёган турли хил овозлар, аллақандай жониворлар оёқлари остида тўкилаётган қумнинг шиғиллаши-ю, қайсидир йиртқичнинг қурбонига айланган калтакесакнинг  ногоҳ чийиллашидан сесканиб,  азойи бадани музлаб кетарди. Наташанинг жуда ҳам уйга кетгиси келди. Ёлғиз ўзи бегона эркаклар ичида тунаши, гарчи тегишмасада уларнинг нигоҳларидаги совуқлик ва бефарқлик аёлнинг қалбини даҳшатга  соларди. Ниҳоят, чайлада ўтаётган умрининг тўртинчи куни яна 22 кишини олиб келишди. Шулардан 10 таси қизлар эди. Улар турли хил мамлакатдан келтирилган бўлиб, қизлар атрофга қўрқув билан боқишарди.  Наташани бу ерга олиб келган араб Исроил чегарасидан уч-тўрт кундан кейин  ўтишларини, йўл оғир бўлганлиги сабабли, ҳеч кимдан садо чиқмаслиги лозимлигини уқтирди. Бу «хушхабар»дан барчанинг баттар руҳи тушиб кетди.

Белгиланган куни чайла олдига иккита юк машинаси келиб тўхтади. Қиз­ларни усти очиқ юк машинасининг юкхонасига ёнма–ён ётишни буюришди. Қизларнинг бир-бирига қараб, ҳайрон бўлиб туришган­лигини кўрган араблардан бири ғазаб билан алланималар дея бақир­ди. Унинг овозидан чўчиб тушган қизлар, ноилож айтганини қилишди. Қизларнинг устига четларида оёқлари бўлган катта тахта қўйишиб, устини латта билан ёпишди. Латтанинг устидан чайла атрофига уйиб қўйилган тошларни ортдилар.  Орадан уч-тўрт дақиқа ўтар-ўтмас билинар-билинмас эсиб турган шабдадан ҳам маҳрум бўлган қизлар қора терга ботишди. Ўзларининг аянчли аҳволи-ю, жонсиз мол сингари машинага юклаб, қаёққадир олиб кетишаётганидан Наташанинг хўрлиги келди. Ёнида ётган украиналик қиз онасини чақириб, йиғлай бошлади. Машина силкиниб–силкиниб борар, тахтанинг ёриқлари-ю, латтанинг йиртиқларидан юзларига ёғилаётган чанг, қум доналари нафас олишни баттар қийинлаштирар, энг ёмони ётган жойлари билан тахта тирқиши орасидаги жой камлигидан  юзларидаги ғуборни қўлларини кўтариб арта олишмасди. Ана шу дўзах  қийноғи 1,5 соат давом этди. Ниҳоят машиналар тўхташди. Қизларга тушишни буюришди. Ташналикдан тамоқлари қақраб кетган қизлар пастга тушишганида бир-бирларини таний олмай қолишди. Атрофда ястаниб ётган чўлнинг ўртасида сочлари тўзғиган, тер ва чангдан қорайган юзларида фақатгина кўзлари-ю, тишларининг оқи кўриниб турарди. Ҳаммага бир стакандан сув беришгач, араблардан бири қўлидаги калта  таёқ билан Наташани орқасидан туртиб,  орқамдан юр дегандай ишора қилди. Энди ҳамма яёв йўлга тушишди. Ўртада қизлар, икки чекка, орқа ва олдинда уларни қўриқлаб бораётган араблар ўрта асрларда  бу йўллардан ҳайдаб ўтилган қуллар карвонини эслатарди. Наташага ушбу 4 соатлик йўл умуман тугамайдигандай туюлди. Қизлар оёғидаги енгил туфлилардан ўтаётган қайноқ қумнинг тафти  товонларини жазиллатар, бошларига  ёғилаётган жазирама қуёш нури уларни ҳолсизлантириб, кўнгилни айнитарди.

Йўлда  қизлардан бири йиғлаб, ерга ўтириб олиши билан, барзанги қўриқчи қўлидаги таёғи билан унинг елкасига туширди. Бехос оғриқдан чинқириб юборган қизнинг овози бошқаларни янада жадалроқ олға ҳаракат қилишга ундади.

–Тўхтанглар.

Йўлбошловчи қўлини кўтариб, узоқда кўриниб турган  сим тортилган чегарага тикилди. Теварак-атрофда ҳеч ким кўринмасди.

–Қоронғи тушишини кутамиз.

Қизлар бараваракайига кечки салқин тушганлигига қарамай, ҳамон иссиқ қумга чўзилишди.

Саҳрода қуёш ботиши билан қоронғулик бирдан чўкди. Баданга ҳуш ёқувчи шабода эсиб, қизларнинг иссиқдан ёрилиб кетган юзларини ялаб ўтди. Бундан улар жонланиб, юзларини иложи борича  шабода эсаётган томонга буришга ҳаракат қилишарди.

–Бу ёғига ҳамма эмаклаб ўтади. Ҳеч кимнинг овози чиқмасин. Айтганни қилмаганнинг жасади шу ерда қолади.

Инглиз ва рус тилларида айтилган ушбу сўзларан сўнг ҳеч ким чарчоқликдан шикоят қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Чегарадан ўтиш бор-йўғи 20 дақиқа вақтни олган бўлсада, оғиз–бурнига қум тўлган, тирсаклари шилинган Наташа бу дақиқаларни бир умр ёдидан чиқармаса керак.

Чегара ортидан ўтган йўл чеккасида қорайиб турган нарса «Жип» машинаси экан. Ҳамма ўтиб бўлиши билан, уларни машинага тиқишиб, Бершева шаҳрига олиб келишди ва арзон мехмонхонага жойлаштиришди. Саҳрои Кабирда ўтган ўн кундан сўнг, меҳмонхонанинг тахтадек қаттиқ тўшаги  қизларга парқуданда кўра юмшоқ  туюлди. Эртаси куни меҳмонхонага келган 37–38 ёшлар чамасидаги баланд бўйли эркак ўзини Марко деб таништирди. Уларни саралаб, уч-тўрт қизни бошқа шаҳарга олиб кетди. Уларнинг орасида Наташа ҳам бор эди Тел–Авивда Марко уларнинг ҳаммасини бир хонали уйга жойлаштириб, паспортларини йиғиб олди. Деярли ҳеч қаерга чиқмай, бу ерда бир ҳафта яшашганидан сўнг, Марко уларни Батьям шаҳрига олиб кетди. «Меркурий» меҳмонхонаси унинг сўнгги манзили эканлигини Наташа бу ерга  жойлашганидан сўнг билиб олди. Хонадоши ҳам Ўзбекистонлик экан.

Ўзини Света деб таништирган бу қиз, Наташанинг «қаерда ишлайсан?» деб сўраган саволига кулиб юборди.

–Нима бало, осмондан тушганмисан? Нима учун бу ерга келганингни билмайсанми?

–Менга бир руснинг қўлида официантлик қиласан, деб айтишувди.

– Кулгимни қистама, Маркога бунақа саволлар ёқмайди.

Марко ҳақиқатдан ҳам ортиқча савол берганларни, қизиқувчанларни умуман ёқтирмас экан. Ноиланинг берган ваъдасини унга эслатиши билан юзига келиб тушган шапалоқдан Наташа бироз гангиб турди-да, жаҳли чиқиб унга ташланди. Аммо Марко унга нима қилганлигини тушуна олмай, ўзини ерда кўрди.

–У қулоғингу, бу қулоғинг билан эшитиб ол. Энди сен меникисан. Менга  сен учун тўлаган пулларимни қайтариб беришинг керак. Қочиш ва мижозларнинг пулини яшириш хаёлингга ҳам келмасин. Паспортинг менда, сен бу ерда ҳеч ким эмассан. Шунинг учун жасадингни биров қидириб ҳам юрмайди!

Марконинг огоҳлантиришига қарамай Наташа бу ердан уч марта қочди. Ҳар гал уни тутишар, калтаклашар, икки-уч кун оч қолдириб, яна фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилишарди. Ўз жонига қасд қилишдан уни фақат бир нарса — уйида онаси билан  қолган қизалоғи  ҳақидаги ўйлари қайтариб турарди. Ҳеч қандай жазо Наташага таъсир қилмаётганлигини  ва бир-иккита мижозларининг «айтганни қилмайдиган фоҳи­ша­дан» шикоятидан сўнг Марко Наташани бошқа қулдорга со­­тиб юборди.  Бу сафар уни хусусий уйлардан бирида жой­лаш­ган фоҳишахонага олиб келиши. Бу ердаги фарғоналик қиз ўзини Катя деб таништирди. Наташанинг янги хўжайини қат­тиқ­қўлликда Маркодан қолишмасди. Энди аёлнинг фақат бирдан бир орзуси бу дўзахдан тезроқ қутилиб, уйга қайтиш бўлиб қолди.

– Бунинг учун ўзинг полицияга боришинг керак. Аммо пас­портсиз сени қамаб қўйишади. Қачон шахсингни аниқлагандан сўнг судда ишинг кўрилгач, орқага қайтаришади, – деди бир куни Катя кечқурун. — Фақат қамоқхонада оз бўлсада одам­ба­шара бўлиб яшашинг учун пул керак. Пулинг бўлса нозир­лар­нинг ўзидан барча керакли нарсани  сотиб оласан.

Катянинг бу гаплари Наташанинг ёдида муҳрланиб қолди. Эн­ди у  мижозларининг барча қилиқларини кўтаришга ҳаракат қилар, улар томонидан ора–чора ортиқча берилган пулни хона­сидаги полнинг  тахтасини кўчириб, ўзи ясаган туйнукка беки­тар­ди. Январь ойининг ўрталарида Катя  эрталаб қайтиб кел­мади. Орадан икки кун ўтгач, Наташа оқсоч қиздан уни миг­ра­ция полицияси ушлаб олганлигини эшитди. Катянинг ғойиб бў­лиши, хўжайинни қутуртириб юборди. Энди кам пул топа­ёт­ганлиги учун калтак Наташанинг бошида сина бошлади. Бу ер­дан қочишнинг вақти келганлигини Наташа ана шундан сўнг тушуниб етди.

Шу куни одатдагидек у  икки мижозни қабул қилиб, пастдаги катта хонада доимо бир бокал «Куантро» коняги билан орқама–кетин сигарета тутатиб ўтирадиган хўжайинга пулни бергач, ўз хона­сига кўтарилди. Хожатхонага  кириб, унинг кичик тўйнугидан олдиндан тайёрлаб  қўйган арқон билан пастга  осилиб тушди. Бахтига доимо эшик олдида турадиган барзанги ҳам қаёққадир ғойиб бўлган эди. Тонг ёришгунича уйдан унча узоқда бўлмаган истироҳат боғида бир амал­лаб тунни ўтказгач, эрталаб ўзи полиция макамасига кириб борди.

Наташанинг гапларини диққат билан тинглаган полициячи унинг ҳужжатлари йўқлигини билгач, кулиб қўйди. Унинг гап оҳангига қараганда ўз ихтиёрлари билан мамлакат ҳудудида ҳужжатсиз юрган бошқа мамлакат фуқаролари камдан-кам маҳкамага ташриф буюришарди, шекилли.

Тергов изоляторида бир ҳафта давомида сўроқ бергач, ниҳоят Наташанинг паспорт билан кийимларини олиб келишди ва икки кундан сўнг суд уни  Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида қарор чи­қарди.

Ватаннинг «тиллодан афзал остонасига» қадам қўяр экан, Ната­ша­­нинг кўзига  паспорти билан боғлиқ ишкалликлар ҳам кўринмас, у жан­натда яшаб туриб,  сароб излаб кетганлигини англаб етган эди.

 Наргис Қосимова

Улашинг: