1 484

ДОРИ ЎРНИГА РАҚС

-Ҳар куни дори ичиш жонимга тегди. Мен барибир ўламан. Мен билан хаттоки синфдошларим ҳам гаплашишни исташмайди. Мени семиз деб калака қилишади, кўзига ёш олди қизча.

— Сен ҳамма қизлардан чиройлисан. Фақат бунга ўзинг ишонишинг керак.  Янада чиройли бўлишингга эса рақс ёрдам беради. Айтчи,  одамда куч бор. Куч қандай бўлади?

— Кучли.

-Яна…

-Кучсиз.

-Қайси кино қаҳрамони кучли?

-Шварцнеггер…

-Қани Шварцнеггердай юриб кўрайликчи ва у қандай рақс тушишини бажариб кўрайликчи.

Ўқитувчи мусиқани қўйиб, кучли одам юраётган ҳаракатларни қилади. Қизалоқ  унинг орқасидан такрорлайди. Дарс давомида ўқитувчи бошқа образлар орқали қизалоқни рақс ҳаракатларига тортади. Аста секинлик билан боланинг кайфияти кўтарилади, юзида табассум акс этади, у ўзининг кучлилигига, ҳар қандай касалликни ҳам енгиб ўтишига ишона бошлайди.

Исроил касалхоналарда беморлар учун қўлланиладиган мазкур терапия усули омма ичида ижобий қабул қилинади. Рўхшунос Гила Петрованинг фикрига кўра, болалар учун қўлланиладиган рақс терапияси ўз ҳиссиётларини рақс орқали ифода этиш, стресслар, тушкунликдан халос бўлиш демакдир.

Ҳўш, мазкур усул қандай ишлайди?

Рақс терапиясининг  асосий тамойили руҳият, онг ва тананинг ўзаро бирлигида акс этади. Танани турли ҳаракатлантириб, биз ўзимизнинг руҳимизга ҳам таъсир этамиз. Бундан ташқари фикр, ҳиссиёт, хатти-ҳаракат уйғунлиги мавжуд бўлиб, айнан рақс орқали уларни осон ва тез мувофиқлаштириш, ривожланишда орқада қолаётган бирига таъсир кўрсатишимиз мумкин.

Жаҳонда номи танилган машҳур хореограф Анна Халприн илк маротаба рақс терапиясини саратон билан касалланган беморларда қўллаб, уларнинг руҳиятида ижобий томонга силжиш кузатилганлигини қайд этган. Кейинчалик мазкур усул ОИВ вирусига чалинган беморларда синаб кўрилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шифокорларнинг кузатишича, рақс терапиясидан сўнг айниқса ёш болаларда вируслар юкламаси даражасининг пасайганлиги кузатилган, боланинг кайфияти кўтарилган, у ўзига буюрилган муолажаларни қабул қилишга истак билдирган. Рақс терапиясида албатта мусиқа муҳим роль ўйнайди ва беморнинг ҳолатига, касаллик даражасига қараб мусиқа танлайди. Яна бир муҳим жиҳат -бу рақс жараёнида тўғри нафас олишдир ва албатта рақс тушаётганида сизнинг хатти-ҳаракатингиз тана аъзоларингизда оғриқ, ёқимсиз ҳиссиётларни уйғотмаслиги лозим. Энг аввало шифокор-руҳшинос беморнинг кам ҳаракат, “қотиб қолган” тана аъзоларига эътиборини қаратиши керак.

Бугунги ахборот асрида компьютерга берилган ва соатлаб унинг олдидан кетмайдиган болалар учун рақс терапиясини буюриш ижобий натижа бериб, болани компьютерга боғлиқлик ҳолатидан чиқаришга ёрдам беради, унинг ҳаётга, турли хил ўйинларга бўлган қизиқишини  оширади.

Биз ҳар куни турли хил стресс вазиятларга тушамиз. Кўпчилик айнан ўзларида йиғилиб қолган мазкур юкдан халос бўла олмайдилар. Айнан ана шу юк вақт ўтиши билан асаб касалликларини, дипрессияни, психологик муаммоларни келтириб чиқаради.  Танадиги мушакларнинг қотиб қолиши, томир тортишиш ҳолатлари кузатилади. Рақс терапияси мазкур блокларга таъсир кўрсатиб, улардаги яширинган ҳис-туйғулар, айтилмаган муаммола, жавобсиз қолган саволлардан халос бўлишга ёрдам беради.

Ўзларига ишонмаган болалар ўсмир ёшларга аксарият ҳолатларда шифокор –рўҳшунослар бугунги кунда урф бўлаётган “кўча” рақсларини тавсия этсалар, ёшлари катта, ўз таналаридан уяладиган одамларга жуфт бўлиб тушиладиган рақсларга эътиборларини қаратишни ўқтирадилар. Чунки айнан жуфтликда тушадиган рақслар жуфтликнинг ўзаро алоқада бўлиш, ҳиссиётлар алмашиш имконини беради. Аёлларга буюрилган рақс терапияси уларни янада жозиалироқ бўлишга, ўз танасини бошқаришга ўргатса, эркаклар ўз жуфтларининг фикр ва мулоҳазалари, ҳиссиётларига эътиборлироқ бўлишади.  Омма олдида ўзларини тута билишларига ёрдам беради.

Рақс терапиясини мамлакатимиздаги шифохоналарда тиббий дори дармонлар ўрнида инсонлар саломатлигини тиклашда қўлланилиши  юртдошларимиз саломатлигини асрашда қўйиладиган ижобий қадамлардан бири бўлиши шубҳасиз.

Наргис ҚОСИМОВА.

 

 

Улашинг: