159

Турли таълимотларда зиддиятлар динамикаси

Наргис Қосимова, ф.ф.н., доцент

Асосий тушунчалар: диний зиддиятлар, Украина, Мьянма, Сурия можароси, Марказий Осиё, насронийлик, буддавийлик, жайнизм, ислом, деструктив гуруҳлар тавсифи.

Замонавий воқеликда содир бўлаётган диний зиддиятларни ўрганиш жараёнида улар орасидаги ўхшашликни кўриш мумкин:

  • диний қарашлардаги номувофиқликлар ва ташкилотчилар ҳаракатидаги бешафқатлик;
  • зиддият тарафдорлари томонидан кураш учун барча воситалардан фойдаланиш (этник тозалаш, террорчилик ҳаракатлари, қатл этишлар, қийноқлар ва ҳоказо);
  • диний йўналишдаги шиорларнинг ишлатилиши ва талабларнинг қўйилиши;
  • профессионализм, моддий-техник жиҳатдан яхши таъминланганлик.

Дин жамиятни бирлаштириш ва интеграциялашга хизмат қилади. Агар диннинг таъсир доираси ижтимоий жараёнларга жиддий аралашишни тақозо этаётганлиги кузатилса, ижтимоий ва миллатлараро зиддиятларнинг келиб чиқишига, жамиятда рўй бераётган ҳодисаларнинг мураккаблашиб боришига сабаб бўлиши мумкин. Буларга диний фундаментализм ва экстремизм, маҳаллий диний зиддиятлар кабиларни киритсак бўлади. Замонавий сиёсий институт ва давлат ҳокимияти тизимлари диний экстремистлар тажовузкор ташланишларининг объектига айланмоқдалар. Замонавий экстремизмнинг ҳаракатлантирувчи кучларини асосан ёшлар, талабалар, ишчилар, кичик савдогарлар, муҳандислар, диний қарашларини ўзгартирган шахслар ташкил этади. Конфессионал ва этник сабаблар асосида содир этилган зиддиятлар бир неча йилларга чўзилиши мумкин. Масалан, Шимолий Ирландия, Болқон, Кавказ ҳудудлари бунга ёрқин мисол бўла олади. Аммо Ҳиндистон – Покистон ўртасидаги конфессиялараро низо биринчи маротаба ядро қуролларига эга бўлган мамлакатлар ўртасида содир бўлмоқда. Яқин Шарқ инқирозининг бошқа локал диний зиддиятлардан фарқли ўлароқ хусусияти шундан иборатки, муаммонинг марказида турган Қуддус, нафақат низо иштирокчилари (мусулмонлар ва яҳудийлар), балки ҳамма насроний конфессиялари учун ҳам катта аҳамиятга эгалигидир. Ирландиядаги католик ва протестантлар ўртасида давом этаётган диний қарама-қаршилик католикларнинг Буюк Британия таркибида қолишни хоҳламаётганлиги билан мураккаблашиб бормоқда. Бу ерда диний зиддиятлар этник ва мафкуравий қарама-қаршилик билан уйғунлашиб кетган. Ирландия Республикаси Армиясининг (ИРА) ғоявий-назарий асосини радикал-социалистик, деб баҳолаш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда кўпгина ғарб «сепаратистлар»и социалистик ва коммунистик ғояларга мурожаат қилмоқдалар. Масалан, басклар мустақиллиги ва Испания таркибидан чиқиб кетиш учун курашаётган ЭТА террористик ташкилоти радикал миллатчилик билан уйғунлашган марксизмни тарғиб қилади.

Бундан ташқари инсониятнинг бутун тарихий тараққиёти жараёнида ирқчилик ҳамиша у ёки бу давлатларнинг чегараларини кенгайтириш, босиб олиш, колонизациялаш, зўравонлик каби хатти-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни оқлаб келган. Замонавий тилда бундай ҳаракатларни «этник тозалаш» ёки «геноцид» деб аташ мумкин.

1970-йилларга келиб, «skinheads» – сочи олинган, қўпол оёқ кийимлар кийган, баданига турли белгилар чизган кишиларнинг умумий қиёфаси вужудга келган. Булар асосан камбағал оилалардан келиб чиққан ишчилар бўлиб, ўзининг шу каби ташқи қиёфаси билан бойларга нисбатан исёнини намойиш этган эдилар. Инглиз «сочи олинганлар»нинг кўпчилиги қора танлилар, яҳудийлар, гомосексуалистлар ва хорижликларга очиқдан-очиқ муросасиз муносабатда бўладилар. Европада ўзини «Ирқий зўравонликка қарши скинхэдлар» (SHARP) деб атовчи ташкилот мавжуд. Аммо унинг аъзолари ирқчиликка қарши курашиш ниятидан йироқдалар. Скинхэдлар қаторларини турли мамлакатларнинг неонацистлари, фаол жангарилари тўлдириб бормоқдалар. Улар ирқнинг тозалигини сақлаш тарафдорларидир. Германияда скинлар туркларга, Венгрия, Словакия, Чехияда лўлиларга қарши, Британияда осиёликларга, Францияда қора танлиларга қарши, АҚШда эса турли ирқий камсонли гуруҳлар ва эмигрантларга, айниқса, яҳудийларга қарши кураш олиб борадилар[1]. Бу ерда янги ҳаракат умрини суриб келаётган ирқий ва антисемит гуруҳлар (Ку-Клус-Клан), ярим ҳарбий неонацист ташкилотлар қўллаб -қувватлаши оқибатида кучайиб бормоқда.

ХХI асрнинг биринчи ярмида эса бутун дунёни ташвишга солган Сурия, Ироқ, Туркия, Яман, Конго, Украина зиддиятлари халқлар, элатлар ўртасидаги келишмовчиликни кучайтириб, унинг асосини сиёсий, диний, иқтисодий номувофиқликлар ташкил этди.

  1. Сурия. Жаҳон халқларини ташвишга солган Сурия можароси Тунис ва Мисрдаги ҳукуматни алмаштиришга қаратилган намойишларнинг тўлқини таъсирида содир бўлган эди. 2011 йил 15 март куни Сурияда университет талабалари университет деворига Башар Асад тузумини қораловчи шиор ёзиб чиқди. Ҳукумат эса бунга жавобан намойишчиларга ўқ узди. Шуни эътибордан қочирмаслик керакки, тартибсизликлар бошланишидан олдинги бир ой давомида Фейсбук тармоғида Дамашқ ва Ҳалабда президент Башар Асадга қарши «Ғазабли кун» деб аталган оммавий намойишлар уюштиришга чорловчи «Сурия инқилоби-2011» гуруҳи ташкил этилган. 15 март куни ижтимоий тармоқдаги чақириққа жавобан бир неча юз одам кўчаларга чиқди. Уч кундан кейин Суриядаги фуқаролар урушининг асосий «ўчоғи» бўлган Даръа шаҳридаги халқ ва полиция тўқнашуви содир бўлди. Ушбу воқеадан кейин Суриянинг барча шаҳарларида тўқнашувлар авж олди. EADaily халқаро ташкилоти Сурияга «араб баҳори» қандай қийматга тушганини ҳисоблаб чиқди[2]. БМТ маълумотларига кўра, 2011 йили Сурияда 21 млн. аҳоли истиқомат қилган. 2017 йилга келиб, уларнинг 250 минги ҳалок бўлди.  Суриянинг сиёсатни ўрганиш Маркази (SCPR) тақдим қилган маълумотда эса ҳалок бўлганлар 470 минг экани айтилади. Агар, бунга яна 1,9 миллион яраланган одамларни қўшсак, унда давлат 2018 йилгача 11,5% аҳолисини йўқотганлигини кўрамиз. Иккинчи жахон урушидан кейин Суриядаги можаро энг қонли урушлардан бири эканлиги  кўплаб халқаро ҳисоботларда қайд этилди. Шунингдек, 45% сурияликлар ўз яшаш жойларини алмаштиришга мажбур бўлдилар. 6,3 миллион одам давлат ичидаги қочоқларга айландилар. 4 миллиондан ортиқ киши эса мамлакатни тарк қилди. Сурия давлатининг иқтисодиётига уруш 255 млрд. АҚШ доллари миқдорида зарар келтирди. Мамлакатнинг ўнлаб шаҳарлари (2 млн. та бино) ва инфраструктуралар фундаментигача йўқ қилинган, нефть-газ қазиб чиқарувчи қувватларнинг кўп қисмига жиддий зарар етган. Шу сабабли, 85% сурияликларнинг қашшоқ ҳолатга тушиб қолганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, кейинчалик Сурияни тиклаш учун эса яна йилига 100 млрд. АҚШ доллари миқдордаги маблағ лозим бўлади. Шундай кейингина 9 йил ичида давлат 2010 йилги даражага чиқиши мумкин. Американинг The Antiquities Coalition нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, қадимий бой тарихий меросга эга бўлган давлат ҳудудида уруш натижасида 5000 йиллик тарих ва маданиятни акс эттирувчи юзлаб асори атиқалар нобуд бўлди, ёдгорлик мажмуалари бузиб ташланган. Уларнинг олтитаси ЮНЕСКО муҳофазасида эди. ИШИД жангарилари Сурияда ўзлари бошқараётган ҳудудларда 50 дан ортиқ мақбара ва масжидларни бузиб ташлашди. Ракка шаҳрида эса эрамиздан олдинги VII асрга оид икки арслон базальт ҳайкалларини портлатиб юборишди. Ўз пайтида ушбу арслонлар Оссурия подшоҳларининг қасрига кириш йўлагида турган эди. Шунингдек, жангарилар Пальмира шаҳридаги қадимги Амфитеатрни ҳам портлатишди. Ҳалаб ва Дераа шаҳарлари атрофида ҳукумат ва террорчилар ўртасида кечган шиддатли жанглар оқибатида эса қадимги масжидлар жиддий талофатланди. Айтиш керакки, ушбу масжидлар еттинчи асрда қурилган бўлиб, ислом оламидаги энг қадимий масжидлардан ҳисобланган. Шу билан бир қаторда, бошқа дин вакилларининг ўнлаб ибодатхоналари ҳам бузиб ташланган. The Antiquities Coalition ташкилотининг маълумотларига кўра, террорчилар томонидан босиб олинган ҳудудларда 2 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги артефактлар йўқолган[3].
  2. Ироқ. Ироқдаги ҳарбий можаро ХХ асрнинг иккинчи ярмида, яъни Саддам Ҳусайн бошқараётган Ироқ давлатининг 1990 йил Қувайтга бостириб киришидан сўнг бошланди[4]. Ўшанда Қувайт ҳукумати Ироқ нефтини ўғирлашда ва Ироқ ҳукуматига нисбатан фитнада айбланган. Уруш 40 кун давом этди ва Ироқ қўшинларининг Қувайтдан сиқиб чиқарилиши, Ироқнинг ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти қисқариши, шунингдек, кейинчалик Ироқда инсонпарварлик билан боғлиқ аҳволнинг ёмонлашувига олиб келган блокада жазоси билан якунланди. Бу зиддиятнинг илдизи 1932 йил Ироқнинг Бирлашган Қиролликдан мустақил бўлиб чиқишига бориб тақалади, Қувайт эса 1961 йилга келиб британияликлардан мустақилликни олди. Қувайт мустақиллиги эълон қилингандан бир ҳафта ўтиб Ироқ раҳбари Абдул Карим Қосим Қувайт ҳудудига даъволарини эълон қилди, бу халқаро инқирозга олиб келди. Араб давлатлари лигаси Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Судан қуролли кучларидан иборат араб қўшинларини Қувайтга юбориб вазиятга аралашди. Абдул Карим Қосим ўз даъволарини Қувайт Ироқнинг бир қисми бўлгани ва ундан Британия мустамлакачилиги даврида тортиб олингани билан асослади. 1963 йилнинг 4 ноябрида Ироқ Қувайтнинг мустақиллигини ва ўрнатилган чегаралар доирасида суверенитетини тан олди, Эрон-Ироқ уруши даврида эса Қувайт ва Саудия Арабистони Ироқ ҳукуматига иқтисодий ёрдам кўрсатди. Жумладан, Қувайтнинг шу уруш давомида Ироққа ёрдами ҳажми қарийб 14 миллиард долларга етди.

Бағдод бу қарзни ОПЕК томонидан нефть қазиб олиш ҳажмининг туширилиши ва бунинг оқибатида нефтнинг нархи ошиши ортидан тўлашни режалаштирганди, аммо нархлар пастлигича қолаверди, бу эса Саддам Ҳусайннинг Қувайт Ироққа зарар етказиш учун атайлаб нефть қазиб олиш ҳажмини оширди, деган айбловни илгари суришига олиб келди. Воқеалар хавфли тус ола бошлади: Саддам Ҳусайн Қувайтни Румайлода жойлашган шерикчиликдаги нефть конининг Ироққа тегишли қисмидан (Қувайт қисми Ратка деб номланади) ноқонуний нефть қазиб олишда айблади. Президент  Саддам Ҳусайн саккиз йилга яқин давом этган Эрон-Ироқ урушининг мақсади араб дунёсининг шарқий чегараларини ҳимоя қилишдан иборат эди, демак, Қувайт ва Саудия Арабистони Ироқ билан қарзларни тўлаш борасида келишиши ёки умуман улардан воз кечиши керак, деди. 1990 йилнинг 2 августида Ироқ армиясининг катта бўлинмалари Ироқ-Қувайт чегарасини кесиб ўтди. Қувайт ҳудудида Ироқ бронемашиналари ва танклари кеза бошлади, улар мамлакатнинг асосий марказлари устидан назорат ўрнатдилар, шундан сўнг Саддам Ҳусайн Қувайтни Ироқнинг ўн иккинчи вилояти деб эълон қилди. Қувайт амири Шайх ас-Сабоҳ Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга қочди, у ерда қочқинликдаги Қувайт ҳукуматини бошқара бошлади, бу вақтда эса Ироқ етти ой давомида Қувайтни тасарруфида ушлаб турди.

Америка Қўшма Штатлари Қувайтни озод этиш бўйича 38 мамлакатдан иборат коалицияни бошқарди. Коалиция амалиёти «Саҳродаги бўрон» деб номланди ва 1991 йилнинг 16 январи тонгида, Ироқ БМТ хавфсизлик кенгашининг Қувайтдан қўшинларни бир кун давомида олиб чиқиб кетиш талабини бажармагач, бошланди. Америка бошчилигидаги коалиция қўшинлари бутун Ироқ ҳудудини ҳаводан жадал бомбалай бошлади. 43 кун  давомида жами  109867 та, яъни кунига  2555  та авиазарба берилди, бунда ҳаммаси бўлиб 60624 тонна бомба ишлатилди[5]. Ироқ бу зарбаларга 17 январь куни Исроил томонга, уни ҳам урушга жалб этиш мақсадида еттита «Скад» ракеталарини йўллаш билан жавоб қайтарди. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг Дахрон ва Ар-Риёд шаҳарларига ҳам қатор ракеталар отилди. Ироқнинг Саудия Арабистонидаги энг машҳур нишонларидан бири Дахрондаги Америка ҳарбий базаси бўлди. Ироқ ракета зарбалари натижасида 28 нафар Америка аскари ҳалок бўлди. Бошқа араб давлатлари ҳам Ироққа қарши урушда иштирок этдилар, айни пайтда, Жазоир ва Марокаш бетараф бўлиб қолди. Ироқни Иордания қўллади.

3.Туркия. 2017 йил Истанбулдаги Reina тунги клубига Янги йил оқшомида қуролли ҳужум уюштирилган эди. Калашников автомати билан қуролланган террорчи клубни қўриқлаётган полициячини отиб ўлдирган ва клубдаги одамларга қарата ўт очган. Туркия ИИВ маълумотларига мувофиқ, ушбу теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 нафар шахс яраланган. Рейтер агентлиги эса «Ислом давлати» террорчилик уюшмаси ушбу теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олганлигини хабар қилган эди[6]. Афсуски, Сурия ва Ироққа чегарадош бўлган Туркия сўнгги йилларда ИШИД  террорчиларининг ҳаракатларидан азият чекмоқда. 2018 йил январь ойида Туркия Сурияга қарши уруш эълон қилди[7]. Туркия Сурия шимолидаги курдлар ташкилотлари бўлмиш «Демократик иттифоқ» (PYD) партияси ва «Халқ ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари» (YPG)ни 1984 йилдан буён алоҳида курдлар давлати тузиш мақсадида ҳаракат қилиб келадиган Курдистон Ишчилар партияси билан алоқадор ҳисоблайди. Аммо Сурия курдлари буни инкор этади.  Минтақадаги вазият Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқчиси саналадиган АҚШ билан зиддиятига олиб келди. Америка курдларни анчадан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда. Туркия 2012 йилдан Сурия билан чегарадаги курдларни ичкарироққа кетказиш учун фаол ҳаракатларни бошлаган. Кейинги икки йилда бу ҳаракатлар янада фаоллашди. 2016 йилда ИШИДга қарши кампания («Фрот қалқони») доирасида Туркия қўшинлари курдлар назоратида бўлган Жаралбус ва Ал-Боб шаҳарларини эгаллаб олди ва ўз иттифоқчиси бўлмиш «Сурия озодлик армияси» вакилларига топширди. Курдларни турклардан ҳимоя қилиб келадиган АҚШ ўшанда курдларни Африндан кетказишга кўндиришни ваъда қилиб, бу ҳудудга турклар ҳужуми давом этишини тўхтатганди. Шунингдек, асосий аҳолиси араблардан иборат Манбиж шаҳрига ҳужумнинг олди олинганди. АҚШ курдларни Фрот дарёсининг шарқига кетишга кўндирганди. Аммо Туркиянинг иддао қилишича, бугунги кунга қадар курдлар Фротнинг ғарбий соҳилида ҳам ўз позицияларини сақлаб қолишган. Туркия Сурия шимолини тозалашни анчадан буён мақсад қилиб келади. Курдлар анклави Туркия хавфсизлиги учун ҳақиқий таҳдиддир, агар курдлар давлати тузилса, Туркиянинг шарқидаги курдлар ҳам бу давлатга қўшилиб кетиши таҳдиди пайдо бўлади. Туркия ўз ҳаракатлари билан Сурия шимолида буфер зона ташкил қилишга интилмоқда. Турклар бу ҳудудга фуқаролар уруши вақтида ўз ҳудудида келиб ўрнашган суриялик қочқинларни жойлаштириши мумкин.

  1. Яман. 1918 йилгача Усмонли империяси остида бўлган Шимолий Яманда айнан мана шу йили шиаларнинг уч катта йўналишларидан бири бўлмиш зайдийлар имоми Яҳё Муҳаммад Ҳамидиддин мустақил Мутаваккилийлар қироллигини тузди. 1948 йилда Яҳё Муҳаммад ўлдириб кетилди ва тахтга ўғли Аҳмад ибн Яҳё ўтирди. У советлар блокига яқинлашиш сиёсатини олиб борди. Аҳмад ибн Яҳёнинг вафотидан кейин 1962 йилда тахтга ўғли Муҳаммад Бадр ўтирди ва қиролликда фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1962 йил 27 сентябрь куни шиалар қироллиги тугатилди ва мамлакатда (Шимолий Яманда) Миср армияси ёрдамида ҳукуматга келган суннийлар Яман араб республикаси деб аталувчи янги давлат тузди. 1970 йилга келиб шу пайтгача қироллик оиласини қўллаб келаётган Саудия Арабистони республика мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди ва кейинчалик бошқа Ғарб давлатлари ҳам тан олишди. Бу пайтда Яманнинг жанубий қисмида 1967 йилда тузилган Яман халқ демократик республикаси мавжуд эди. 1967 йилда Британия ҳарбийлари Адан портини тарк этганидан кейин иккала мамлакат ўзаро яқинлашиш йўлини тутди. Жумладан, 1979 йил март ойида Қувайтда учрашган икки мамлакат раҳбарлари мамлакат бирлашувининг тарафдорлари эканликларини эълон қилди. Ниҳоят, бир неча йиллик музокаралардан сўнг 1990 йил 22 май куни икки мамлакат бирлашуви юз берди ва Яман республикаси ташкил топди. Мамлакатга шу пайтгача Шимолий Яманни бошқариб келаётган Али Абдуллоҳ Салоҳ президент этиб сайланди[8]. Шу йили Яман Ироқ–Қувайт урушида Ироққа ён босди ва бу унга қимматга тушди. 1994 йилда Жанубий Яман мамлакатдан ажралиб чиқиш учун ҳаракат қилиб кўрди, аммо бу ҳаракатлар бесамар кетди. Бу тўқнашувлар натижасида 7 000 дан 10 000 гача инсон ҳалок бўлди. Инқироз туфайли 2000 йиллар бошида ҳукумат бир неча бор исёнчи гуруҳлар қаршилигига учради. Шулардан бири хусийлар эди. Мамлакатда ўз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганини иддао қилган хусийлар 1962 йилдан олдинги мавқеларини қайтариб олиш учун 2004 йилда ҳукуматга қарши исён бошлади ва у Садаъ уруши деб номланди. Франциянинг Aix en Provence сиёсатшунослик институти ўқитувчиси Сами Дорлианнинг фикрича, исённинг илдизи 2002 йил 17 январга бориб тақалади. Ўшанда хусийлар етакчиси, 1993–1997 йилларда «Ҳизб ул-ҳақ» партияси депутати бўлган Ҳусайн ал-Хусий Садаъ вилоятида конференция уюштирди[9]. Конференция давомида мусулмон ва араб дунёсида Америка гегемонлигига қарши уруш қилишга чақирди. Бунга сабаб эса Яман расмийларининг 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин террорга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилаётгани эди. Натижада унинг ушбу баёнотидан кейин бир неча юз киши ҳукумат кучлари томонидан қўлга олинди ва Яманда хусийлар қўзғолони бошланди.
! Хусийлар аслида шиаларнинг зайдия оқимига мансуб бўлиб, хусий номи Ҳусайн Бадриддин ал-Хусий исмидан олинган. Имом ал-Хусий Яман ҳукуматини АҚШга сотилганликда ва мамлакат аҳолисининг тахминан 35 фоизини ташкил этувчи шиалар ҳуқуқларини камситишда айблади. Ҳукумат эса ўз навбатида уни мазҳаблараро нифоқ қўзғовчи деб атади. Зайдийларнинг мақсади Яманда имомат барпо этиш ва Ҳусайн Бадриддин ал-Хусийни раҳбар этиш тайинлаш эди. Аммо 2004 йилнинг сентябрида имом ал-Хусий ўлдирилди. Исёнчиларни аввалига унинг отаси, кейин укаси бошқарди. Исён 2009 йилда Саудия Арабистони ёрдамида бостирилди, кейинги йили ҳукумат ва исёнчилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланди..

 

2011 йилда президент Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши норозилик намойишлари бошланиб кетгач, хусий-зайдийлар мамлакат шимолида ўз таъсирини ёйишга эришди. Айтиш керакки, Солиҳ президентлик курсисида анча ўтириб қолган эди: 1978-1990 йиллар орасида у Шимолий Яман президенти бўлган, 1990 йилдан бери эса бирлашган Яманни бошқариб келаётганди. Алал-оқибат унинг ўрнини Абдурабб Мансур Ходий эгаллади, Солиҳнинг ўзи эса кейинроқ хусийлар томонига ўтди.  Ўзларини «Ансараллоҳ» дей атайдиган хусийлар нафақат ҳукуматга қарши, балки шиа бўлмаган «Ал-Ислоҳ» гуруҳи, «Ал-Қоида» ва унга алоқадор «Ансар аш-Шариа» гуруҳига қарши қуролли курашга киришди («Ал-Қоида» Яман жанубидаги баъзи ҳудудларни қўлга киритган эди).

2014 йилнинг августидан хусийлар мамлакатнинг марказий ва шимолий қисмларида оммавий намойишлар ўтказа бошлади. Ўша йилнинг сентябрига келиб улар пойтахт Санодаги бир қанча туманни ва бир қатор давлат муассасаларини назоратига олди. 2014 йилнинг 21 сентябрида БМТ воситачилигида хусийлар ва ҳукумат ўртасида келишув имзоланди. Бу келишувнинг асосий шартларидан бири Муҳаммад Басиндва ҳукуматининг истеъфоси эди. 13 октябрда хусийларнинг розилиги билан Холид Маҳфуз Бахах бош вазир этиб тайинланди. Сентябрда тинчлик битими имзоланган бўлса-да, декабрь ойида хусийлар яна қуролли курашни бошлади. Улар Архаб ва Худайдо шаҳарларини, давлатга қарашли «Сафар петролиум» нефть компанияси биноси ва «Ас-Саура» газетаси таҳририятини назоратига олди. 2015 йилнинг 19 январида эса хусийлар бош вазир Бахахнинг кортежига ҳужум уюштириб, пойтахт Санода давлат телерадиокомпанияси биносини эгаллади. Бир неча соат давом этган отишмадан кейин томонлар сулҳга келишди ва бу келишув эртаси куниёқ бузилди. Бир неча кундан кейин президент Ходий мамлакатни тарк этди. Хусийлар муваққат ҳукумат тузди. 26 мартга ўтар кечаси хусийларга қарши Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция Санодаги бир неча объектга авиазарбалар берди. Шундай қилиб, Ямандаги ички низо чинакам халқаро можарога айланди. Саудия Арабистонига БАА, Қатар, Қувайт, Баҳрайн, Миср ва яна бир қатор мамлакатлар ёрдам берди. Бу коалицияни АҚШ ҳам қўллаб-қувватлади.

Саудия Арабистони бу можарога аралашар экан, икки мақсадни кўзлаган эди: хусийларга қурол-яроғ етказиб берилишининг олдини олиш; хусийлар ва уларнинг тарафдорларига Эрон билан яқинлашиш қанчалик қимматга тушишини уқтириш. Биринчи мақсадни амалга ошириш учун Яманнинг ҳаво ва денгиз бандаргоҳлари беркитилди, бу эса айни пайтда тинч аҳолига ҳам кулфат келтирди. Хусийларга Эрон ёрдам бериб келиши аввалдан айтиб келинади. Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати хусийларни ўз иттифоқдоши деб атаган. Можарога Саудия Арабистоннинг аралашгани минтақадаги вазиятнинг қанчалар жиддийлигини кўрсатади. Хусийлар қонуний ҳукуматни ағдариб, пойтахт Санони назорат қила бошлаганидан кейин Эроннинг исёнчилар билан иттифоқи мустаҳкамланишига қўйиб берилганида, Яманнинг шиалар зич яшайдиган шимоли иккинчи Ливанга айланган бўларди. Бу эса Саудия Арабистони миллий хавфсизлигига таҳдид демакдир. Зеро, Саудия Арабистони Ямандаги ҳаракатларини оқлар экан, «Эроннинг Ливан, Ироқ ва Суриядаги қилмишларига» эътибор қаратиш кераклиги таъкидлайди. Яна бир муҳим жиҳат Яманнинг жўғрофий жойлашуви билан боғлиқ. Мазкур мамлакат қўшнилари сингари нефтга бой эмас, лекин Яманни назорат қилиш Адан кўрфазини, Қизил ва Араб денгизларини, Ҳинд уммонига дарвозани назорат қилади деганидир. Чунки булар муҳим савдо йўллари ҳисобланади. Яқин Шарқ нефтининг каттагина қисми Қизил денгиз ва Адан кўрфазини бир-бирига боғлайдиган Боб ал-Мандиб бўғози орқали экспорт қилинади. Президент Ходийнинг: «Агар Эрон Боб ал-Мандиб бўғозини қўлга олса, унга атом бомбаси керак бўлмай қолади», дегани бежиз эмас.

Яман айни пайтда ҳар қачонгидан-да ночорроқ аҳволда. Уруш туфайли 27 миллион аҳолининг тўртдан уч қисми ташқи ёрдамсиз кун кечира олмайдиган ҳолга келди. Саудия Арабистони бошлаган қамал бу мамлакатга халқаро ёрдамларнинг келишига тўсқинлик қилди. Одамлар тўйиб овқат емаяпти, айниқса болаларнинг аҳволи оғир. Қуролли низо тахминан 10 минг яманликнинг ёстиғини қуритди. 3 миллион киши уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Устига-устак, бу йил Яманда вабо эпидемияси тарқаб, 600 мингдан ортиқ  киши касалланди, 3 минг бемор ҳаётдан кўз юмди[10].

  1. Катта Сахел ва Чад Республикаси. Катта Сахел ва Чад Республикасидаги зиддиятлар 2016 йилда 4,2 миллион нафар тинч аҳолини ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилди.  Марказий Сахел жиҳодчилари  Нигер, Буркина Фасо, Кот-д’Ивуарда ўзларининг террористик ҳаракатларини бошлашди.  Ҳудудда «Ислом Мағрибидаги Ал-Қоида» ва «Ал-Мурабитун» ҳамон фаол.  Чад Республикаси, Нигерия, Камерунда «Боко Харам» қўзғолончилари билан хавфсизлик кучлари ҳамон уруш олиб бормоқда.

 

! «Боко Харам» Нигерия ҳудудида фаолият олиб борувчи террорчи ташкилот ҳисобланади. Мазкур ташкилот жангарилари мамлакатда Ғарб модели бўйича таълимнинг жорий этилишига қарши кураш олиб боради ва ўзлари шариат деб номлаган урф-одатларни ўрнатишга ҳаракат қилади. Шекау 2009 йилдан буён ташкилотни бошқариб келади. У 2015 йилда ИШИД террористик ташкилотига содиқликка қасам ичган.

 

  1. Афғонистон.

Афғон урушининг юзага келиш сабаби сифатида ССРИ Коммунистик партиясининг олий раҳбарияти «дўстона муносабат»даги Афғонистон Халқ демократик партиясини қўллаб-қувватлаб, фаолиятини совет тузуми изига йўналтиришга, шунингдек, ССРИнинг жанубий чегарасини хавфдан сақлашга интилгани эътироф этилмоқда. Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти 150 минг кишидан ташкил топгани қайд этилган. Ушбу контингентга қарши курашган кучлар таркибидаги одам сонига оид аниқ маълумотлар йўқ Советлар томонидан берилган маълумотларга қараганда, мужоҳидлар сони 1980 йили тахминан 25 минг кишидан иборат бўлган бўлса, 1988 йилга келиб 140 минг кишига етган. Хорижий экспертлар томонидан берилган маълумотларга қараганда эса партизанлар сони 400 минг кишигача бўлган. Совет Армияси партизанларга қарши узоқ давом этадиган урушга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Ушбу армия партизанлар базасини забт этар, довонларга ҳужум қилиб, кўп талафотлар кўрар эди-ю, лекин партизанлар тоғ сўқмоқлари бўйлаб чекинганча, ўз сафларини тўлдириб, яна қайтиб келишар эди. Тоғ йўлларининг барчасини баравар тўсиб қўйиш эса иложсиз эди.

! Афғон уруши (1979 — 1989 йиллар). Афғонистон ҳукумати қўшинлари ва Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти билан бир қатор давлатларнинг сиёсий ва молиявий кўмагидан фойдаланган афғон партизанларининг кўп сонли қуролли тузилмалари ўртасида Афғонистон Демократик Республикаси (1987 йилдан эътиборан Афғонистон Республикаси) ҳудуди ва Покистоннинг ушбу республикага чегарадош ҳудудида бўлиб ўтган қуролли можаро. Совет Иттифоқи ҳукумати томонидан амалга оширилган ушбу ҳарбий акция БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан «Ҳарбий куч миллий чегарадан ташқарида очиқдан-очиқ қўлланилган ҳолат ва босқинчилик ҳаракати (ҳарбий интервенция)» сифатида таснифлади[11].

 

1986 йилга келиб, Афғонистон ҳудудининг деярли 70 фоизини ўз назоратига олган партизанлар совет гарнизонлари ва ССРИдан озиқ-овқат ва ўқ-дори захиралари ташиб келтирилаётган йўлларни ўққа тутишар эди. Бундан ташқари, Афғонистон Халқ демократик партиясининг армияси ўз юртдошларига қарши истар-истамас уруш олиб борган.

Афғонистон ҳудудида олиб борилган жанговар ҳаракатлар тажрибасини умумлаштириш билан машғул бўлган ССРИ Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ офицерлари совет қўшинларининг Афғонистонда бўлган даврини шартли равишда қуйида санаб ўтилган тўртта босқичга бўлиб чиқишган:

биринчи босқич (1979 йилнинг декабрь ойидан 1980 йилнинг февраль ойига қадар) — совет Қўшинларининг Афғонистон ҳудудига кириб бориб, гарнизонларга тақсимланиб жойлашиши;

иккинчи босқич (1980 йилнинг март ойидан 1985 йилнинг апрель ойига қадар) – фаол, шу жумладан йирик миқёсли жанговар ҳаракатлар олиб борилиши, Афғонистон Демократик Республикаси Қуролли Кучларини янгидан тузиб, мустаҳкамлаш ишлари;

учинчи босқич (1985 йилнинг апрель ойидан 1987 йилнинг апрель ойига қадар) – фаол жанговар ҳаракатлардан асосан афғон қўшинларига совет авиацияси, артиллерия қўшинлари ва сапёр бўлинмалари томонидан мадад берилиши, махсус бўлинмалар томонидан Афғонистон ҳудудига хориждан қурол-яроғ ва ўқ-дори етказиб берилишига қарши кураш олиб борилиши, совет қўшинларининг муайян қисми Афғонистон ҳудудидан чиқарилиши;

тўртинчи босқич (1987 йилнинг январь ойидан 1989 йилнинг февраль ойига қадар) – афғон қўшинларига мадад беришда давом этган совет қўшинларининг миллий муросага келтириш сиёсати рўёбга чиқарилишида иштирок этиши.

Афғон уруши оқибатида[12]:

Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти таркибига кирган 15051 киши ҳалок бўлган, 53753 киши яраланган ва 417 киши бедарак йўқолган;

Афғонистон қарийб 2 миллион кишини йўқотган бўлиб, уларнинг аксарияти тинч аҳоли бўлгани қайд этилган;

Афғонистон ҳудудига бостириб кирган 40-армия:

147 та танк:

1314 та жанговар зирҳли машина (яъни зирҳли транспортёрлар, пиёдалар жанговар машиналари, десантчилар жанговар машиналари, зирҳли разведка-дозор машиналари);

510 та муҳандислик машинаси;

11369 та юк ва ёқилғи ташиш машинаси;

433 та артиллерия тизими;

118 та самолёт;

333 та вертолёт (чегара қўшинлари ва Ўрта Осиё ҳарбий округи қўшинлари ихтиёридаги вертолётлар ҳисобга олинмаганда) йўқотган. Айни вақтда, ушбу рақамларга аниқликлар киритилмаган. Хусусан, авиациянинг жанговар ва жанговар бўлмаган талафоти, йўқотилган самолёт ва вертолётларнинг русумларига оид маълумотлар эълон қилинмаган;

Қобул ҳукуматини қўллаб-қувватлаб бориш учун ҳар йили ССРИ Давлат бюджетидан 800 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлса, 40- армия учун 3 миллиард АҚШ доллари сарф этиб борилган. Афғон урушига якун ясаладиган бўлса:

ССРИ раҳбарияти ўзининг ҳарбий-сиёсий мақсадларига эриша олмади, демакки, афғон халқи томонидан совет қўшинларига қарши олиб борилган миллий озодлик учун урушда мағлуб бўлди;

БМТга аъзо аксарият давлатлар томонидан ССРИнинг суверен Афғонистон давлатига қарши амалга оширган тажовузи қаттиқ қораланди, Совет давлатининг сиёсий обрўсига путур етди, 1980 йили ўтказилган Москва Олимпиадасида иштирок этишдан кўплаб етакчи давлатлар бош тортди, «Совуқ уруш» қайтадан бошланди, ССРИ ичида ва унга иттифоқдош давлатларда сиёсий норозиликлар бошланди;

ССРИ қайта тикланмас йирик иқтисодий зарар кўрди:

Совет Армиясининг ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий бўлмаган ходимлари орасида оқлаб бўлмайдиган талафот кўрилди;

Афғонистон иқтисодиёти батамом издан чиқди, давлатнинг марказий бошқаруви йўқотилди, тинч аҳоли орасида оммавий йўқотишлар, минг-минглаб одамлар мажруҳ, ногирон бўлиб қолгани, 5 миллионга яқин туб аҳоли қўшни давлатлар ва олис юртларга кўчиб кетгани кузатилди:

қурол-яроғ аҳоли орасида назорат қилиб бўлмайдиган даражада кенг тарқалди, юрт ҳудуди дала командирлари ва этник тўдалар томонидан назорат қилинадиган зоналарга парчаланиб кетди;

наркотик моддалар оммавий равишда ишлаб чиқарила бошланди, бундай моддалар транзити, савдоси ва истеъмол қилинишига собиқ совет республикалари аралашиб қолди;

пировардида Варшава шартномаси ташкилоти ва ССРИнинг таназзулга юз тутиб, парчаланиш жараёни фаол тус олди;

энг ёмони – Марказий Осиё минтақаси ҳарбий-сиёсий кескинлик марказига айланди;

Афғонистон ҳудудидаги фуқаролар уруши, бошқача айтганда биродаркушлик уруши ўнлаб йилларга чўзилиб кетди, АҚШ қўшинлари контингенти ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашувчи халқаро кучлар Афғонистон ҳудудидан чиқарилиши режалаштирилгач, ушбу уруш хотимасини ҳал қилиш масаласи мужмал қолмоқда[13].

«Совет социалистик республикалар иттифоқи Коммунистик партиясининг олий раҳбарияти томонидан олиб борилган Афғонистон билан боғлик сиёсатнинг мудҳиш оқибати, яъни Марказий Осиё минтақаси ҳарбий-сиёсий кескинлик марказига айланганини, юртимиз Ўзбекистон ва қўшни давлатлар учун ўша раҳбарият қолдириб кетган оғир «мерос» сифатида кўраман ва ижозатингиз билан, ушбу масалада ҳам икки оғиз сўз айтиб ўтаман, деб ёзади Ш.Долимов «Афғон уруши» номли мақоласида.

Сир эмаски, геосиёсий ва геостратегик аҳамиятга эга, минерал хомашё манбаларига ниҳоятда бой Марказий Осиё минтақаси, сўнгги йилларда, йирик давлатларнинг диққат-эътибор марказига, стратегик манфаатлари тўқнаш келаётган минтақага айланиб бормоқда.

Бинобарин, минтақамиздаги бугунги ҳарбий-сиёсий вазият турли мазмунда, тез-тез ўзгариб бориши, ҳар қандай фурсатда мураккаблашиб, янада чигаллашиб кетиши, беқарорликнинг доимий манбалари вужудга келиши, ядро қуроли ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролларини яратиш технологиялари кенг тарқаб кетиш хавфи юзага келиши кутилади. Минтақанинг айрим давлатларида ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани, ўша давлатлар аҳолиси орасида ижтимоий норозиликлар келиб чиқиши, демакки, экстремистик кучлар сафи мунтазам кенгайиб боришига замин яратади. Бундай ҳолат эса ўз навбатида, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан жиддий хавф туғдириши муқаррар.

Ушбу минтақада турли можаро ва тўқнашувлар кечаётгани, ҳар хил зиддиятлар мавжудлиги, халқаро терроризм ва диний экстремизм тобора кучайиб, наркотик моддаларнинг тажовузкор тавсифга эга ноқонуний савдоси миқёсан кенгайиб бораётгани, юртимизга чегарадош ҳудудларда юзага келаётган очиқ ва яширин хавф ва таҳдидлар даражаси тобора ўсаётгани, жанубий чегараларимиз ва қўшни ҳудудлардаги аҳвол янада кескин тус олиш эҳтимолли борлиги бизни, тинчликсевар, тараққийпарвар юртнинг кўп миллатли бунёдкор халқи, ҳар бир фуқаросини, қолаверса, жамики жаҳон жамиятини чуқур ташвишга солмай қўймайди, албатта.

Зикр этилган ҳолат яқин истиқболдан бошлаб Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар учун жиддий синовга айланиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди. Шундай экан, оқибатини олдиндан кўриб бўлмайдиган ушбу мураккаб жараёнлар бугун барчамиздан, хусусан, фақат аъло ва яхши баҳоларга ўқиши керак бўлган ўқувчидан тортиб, то республика раҳбариятига қадар огоҳ бўлиши кераклигини, бетакрор юртимиз ҳудудининг қаерида, қандай мазмун, кўриниш ва миқёсда бўлишидан қатъий назар, фитна чиқариш нияти кўзланган уринишларга мутлақо йўл қўймасликни, шунга ўхшаш кайфиятларга муросасиз муносабатда бўлишни, ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайдиган бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни кўз қорачиғидай асрашни, давлатимизнинг мудофаа қобилияти ва имкониятларини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамма ўз ўрнида, ўз ўқиши, меҳнати, қалами ва хизмати билан қўлдан келганча ҳаракат қилиши кераклигини талаб этади»[14].

  1. Мьянма. Асрлар давомида тахминан 1600000 сонли Качин миллати Хитой чегарасига яқин шимолий Мьянма тоғларида нисбатан тинч ҳаёт кечириб келишган. Мьянма 1948 йилда Буюк Британиядан мустақил бўлганидан кейин, оз сонли Качин миллатига тенглик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини беришга ваъда қилинган эди. Аммо 1962 йилда Мьянмада ҳарбийлар назоратни қўлга олганларидан сўнг можаро бошланди ва Качин ерларини ҳимоя қилиш учун Качин Мустақил Армияси (КМА) тузилди. Аун Сан Су Чжи 2016 йилда ҳукумат тепасига келганида ўзаро урушга барҳам беради, деб умид қилинганди. Аммо мамлакат жанубидаги Роҳингялар муаммоси каби, шимолдаги ушбу миллат билан боғлиқ вазият ҳам ёмонлашди. «Ўтган бир неча ҳафта давомида Качин штатида биз гувоҳи бўлаётган воқеалар бутунлай номақбулдир ва бунга тезда чек қўйиш керак. Бегуноҳ одамлар ўлдирилмоқда, яраланмоқда ва ҳозирда юзлаб оилалар жон сақлаш мақсадида ўз бошпаналари ташлаб қочмоқдалар», деган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Янгии Ли[15]. 2018 йил апрель ойидан бери 6800 дан ортиқ қишлоқ аҳолиси оғир артилерия ҳужуми туфайли ўз уйларини ташлаб қочганлар. Бу эса ўнлаб йиллар давомида қочқинга айланган 130 000 качинларни сонини янада кўпайтирди. Қочқинларнинг аксарият қисми қалин ўрмонларга тушиб қолишган ёки зиддият ўчоқларида қолиб кетишган. Айни пайтда гуманитар ёрдам ташкилотлари ўрмонларда кун кечираётган қочқинларга озиқ овқат етказиб бериш, энг зарур маҳсулотлар билан таъминлашга бўлган уринишларига тўсқинлик қилинаётгани ҳақида бонг уришмоқда. Сиёсий таҳлилчи ва ёзувчи Стелла Навнинг айтишича: «Качинда инсон ҳуқуқларини бузилишини кўрсатиб берувчи аниқ далилларга қарамасдан, ҳудуддаги вазият халқаро жамоатчилик эьтиборини ҳали ҳам ўзига қарата олмаяпти. Мьянма ҳарбийлари томонидан мунтазам равишда тинч аҳоли нишонга олинаётганига жаҳон ҳамжамияти кўз юммоқда»[16]. Тайланддаги Качин Аёллари Ассоцияси ҳамраиси Сан Хтои Стелла Навнинг фикрларига қўшилган ҳолда Качинда «оз сонли миллатга қарши кўринмас уруш» олиб борилаётганини уқтиради. У афсус билан сал илгарироқ БМТ хавфсизлик кенгаши комиссияси фақатгина Ракхайн штатига ташриф буюрганини ва комиссия Качиндаги вазиятдан бехабар ҳолда мамлакатни тарк этганини таъкидлайди. Сан Хтои сўнгги пайтларда можаронинг кучайиб кетаётганлигини ҳарбийларнинг янги стратегияси билан боғлайди. Бу стратегияга кўра Качин Мустақил Армиясини (КМА) батамом йўқ қилиш ёки уни сулҳ битимини имзолашга мажбур этиш назарда тутилган. Аммо ҳарбийларнинг Качин штатини назоратда ушлаб туришининг яна бир сабаби бор. Яъни бу худуд қаҳрабо, нефрит каби конларга бой ҳисобланади.  Мьянма ҳукуматининг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой ўз чегараси яқинида миномет снарядларининг портлашига қарамасдан Качин можаросига кўз юмиб келмоқда. Дастлаб уруш ҳаракатлари давомида ўз жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлган Качинлар Хитой томонидан қабул қилинган бўлса, кейинчалик, яъни 2017 йилга келиб қочқинлар ортга қайтариб юборилди.
  2. Украина.  Тарихга назар солсак, Украина аслида Россиянинг она ватани бўлиб, илк рус давлатчилиги ва славян халқларининг Проваслав динига киришлари айнан шу ҳудуддан бошланади. Кейинчалик бу ерда ҳосил бўлган давлатнинг секин-асталик билан ҳозирги Москва ҳудудларигача ёйилиши, сўнг эса парчаланиб кетиши оқибатида аслида бир илдизга эга бўлган халқ икки миллатга ажраб кетади. Айнан шу бўлиниш икки миллатни икки хил тарзда эврилишига олиб келди. Руслар мўғул ва туркий халқлар босқинларидан халос бўлганларидан сўнг ўзларининг ўзлигини асоси қилиб Православ черковини олишган бўлса, Украинларнинг тақдири русларникига қараганда камроқ ҳавас қиларли бўлди. Мўғул босқинларидан кейин Поляк, Швед ва Австрия таъсири остида бўлган Украина давлати ҳам Европа, ҳам Славян ва ҳам Проваслав маданиятлари таъсири остида шаклланди.

Украинанинг бир қисми Пётр II даврида Россия Империясига қўшиб олинади, мамлакатнинг қолган қисмлари – жануби Усмоний Турклар, ғарби эса Австрия империяси ҳудудларига бўлиниб кетган эди. Мамлакатнинг бундай тарзда империялар томонидан бўлиниб ташланиши Украина интеллектуал синфи орасида миллий ўзликни англаш, миллий давлат қуриш орзусини кучайтирди. Жумладан Тарас Шевченко каби ёзувчилар ўз асарларида Украин тили ва маданиятига алоҳида урғу беришган.

Биринчи Жаҳон уруши ва рус революциялари, Австрия ва Рус империяларини емириши оқибатида Украина 1917 йил 17 мартда ўз мустақиллигини эълон қилади. Мамлакат суверентитети 1918 йил январда Франция ва Буюк-Британия томонидан тан олинади. Бу давлат 1920 йилнинг биринчи ярмигача яшайди. Лекин шу давр ичида мамлакат бир қанча ҳам ички, ҳам ташқи ҳужумларга дуч келади. Большевиклар, Немислар, Совет Иттифоқига қарши иттифоқчилар ҳамда мамлакат ичидаги анархистлар, большевиклар тарафдорлари ва турли хил миллатчи фракциялар тўқнашадилар. Заифлашган мамлакат Совет Иттифоқига қўшиб олинади[17].

1939-1940 йиллардаги Совет Иттифоқи ва фашист Германиясининг келишувлари асосида Польша ва Руминия икки мамлакат орасида бўлиниб олинади. Ушбу ҳудудлар эса Украина ССР ҳудудига қўшилади.

1941 йилда Совет Иттифоқига Германиянинг ҳужуми бошланади. Сталиннинг репрессив аппаратидан ҳамда ижтимоий-иқтисодий оқсоқланишлардан чарчаган Украина аҳолиси Учинчи Рейх аскарларини озод этувчилар сифатида кутиб оладилар. Бундан ташқари бутун Иккинчи Жаҳон уруши давомида Украиналиклар орасида фашист Германияси билан иттифоқчи гуруҳлар тузилади. Лекин барча чет эл босқинчиларига қарши курашадиган миллатчи гуруҳлар ҳам мавжуд эди. Шулардан Украина Қўзғолончилар Армияси каби гуруҳлар ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, оҳирги қолдиқлари 1954-йилларда Қизил Армия томонидан йўқ қилинади. 1944 йилда Украина Қизил Армия томонидан немис оккупациясидан тозаланади. Фашистлар билан иттифоқ тузган кишиларнинг асосий кўпчилиги суд қилиниб, ГУЛАГга жўнатилади. 1945 йилда уруш ғолиби бўлмиш Совет Иттифоқи Чехославакияга тегишли бўлган ҳудудларни Украинага қўшиб олади ва ниҳоят 1954 йилда Украинада ўсган Никита Хрушчев, Пераяслав шартномасининг 300 йиллиги муносабати билан Қрим ярим оролини Украина ССР таркибига киритади. Шу билан ҳозирги биз харитада кўриб турган Украина давлатига асос солинади.

Кейинги Совет ҳукумати даврида Украина бошқа Совет республикаларига қараганда тезроқ миллий ўзлигини ва тилини тиклай бошлади. Совет Иттифоқининг парчаланишида ҳам Украина ҳукумати фаол қатнашди ва иттифоқни тугатилишида қатнашган уч мамлакатнинг бирига айланди.

Мустақилликнинг эълон қилиниши билан Россия ва Украина орасидаги энг катта келишмовчилик Қрим ярим ороли ҳамда Севастопол шаҳридаги Рус денгиз флоти хусусида бошланди. 1994 йилда Украина ўз ядро арсеналини Россияга бериш эвазига, Украинанинг суверентитетини ва ҳудудларининг даҳлсизлигини тасдиқловчи Бухарест меморендумига имзо чекилади. Меморендум Россия, Украина, АҚШ ва Буюк Британия томонидан имзоланади. Қрим ярим ороли ва Севастопол шаҳри хусусидаги келишув 1997 йилда имзоланган бўлиб унга кўра, Москва Қримни ва Севастополни Украинага тегишли ҳудудлар эканлигини тан олади. Лекин рус жамияти ва рус сиёсатчилари Севастопол шаҳрининг Украинага тегишли эканлигини ҳеч қачон қабул қилмадилар. Шаҳарнинг маданий ҳаёти, савдо-сотиқ хизматлари ва сиёсий тузилмаси руслар томонидан доимо эгалланиб келинган.

1990-йиллардаги Россиядаги иқтисодий-сиёсий турғунлик Украина ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат иқтисоди ва саноати ҳудди бошқа собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари каби Россия билан узвий боғлиқ эди. Айниқса, ҳарбий ва оғир металлургия саноатларида. Бу иқтисодий турғунлик ҳамда Украинанинг жойлашган ўрни унинг бошқа мамлакатлар, шу жумладан Ғарбий Европа мамлакатлари билан алоқаларини кучайтирди.

2000 йиллардан бошлаб мамлакат Ғарб нодавлат ташкилотлари, фондлари ва институтларига ўз эшикларини очиб қўйди. Натижада Украина жамиятида массив либераллаштириш жараёни бошланади, ўз навбатида бу ҳолат сиёсий ҳаётга ҳам тўғридан тўғри таъсир кўрсатди ва жараён 2004 йилда рангли инқилоб билан якун топди. Ғарбпараст кучлар Руспараст кучлар устидан ғолиб келиб ҳокимиятни қўлга киритадилар. Лекин мамлакат иқтисоди Россия билан узвий боғлиқлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Украинага кўзга кўринадиган ёрдамларни беролмаганлиги туфайли мамлакатда иқтисодий оқсоқланишлар юзага келади. Бир томонда Россияда Владимир Путиннинг ҳокимият тепасига келиши билан кучли сиёсий-иқтисодий ўсишлар кузатилди ва Россия ўзининг собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги позицияларини мустаҳкамлай бошлади. Бундай таъсирнинг ёйилишидан Украина ҳам бебаҳра қолмади. Россия Украинадаги иқтисодий аҳволни ёмонлаштирган ҳолда Ғарбпараст ҳукуматни йўқ қилиш учун бир нечта бор иқтисодий шантажларни амалга оширди. Бу уринишлар ўз самарасини беради, 2010 йилда ҳукумат тепасига Россия билан яқинлашишга хайрихоҳ бўлган Виктор Янукович келади.

Януковичнинг ҳукуматга келиши билан Ғарбга хайрихоҳ кучларга бирин-кетин зарбалар берилади. Рангли инқилобни уюштиришда иштирок этган ва унга молиявий ёрдамлар ажратган олигархлар турли хил жиноий ишларда айбланиб ҳибсга олиндилар ёки мамлакатни тарк этдилар. Шулар қаторида собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳам Россия билан газ импорти хусусидаги шартномаларда ўз ваколатини суистемол қилганликда айбланиб ҳибсга олинади. Бу ҳаракатлар Ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан қаттиқ танқид остига олиниб қораланади. Айнан шу даврдан бошлаб Украинада янгидан Россиянинг босимига ва янги ҳукуматга қарши намойишлар уюштирила бошлади.

2013 йил охирларига келиб Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодий шерикчилик хусусида келишув имзоланиши лозим эди. Лекин Россия турли хил йўллар билан, жумладан табиий газ баҳосини ошириш, Украина шоколод маҳсулотларига чекловлар қўйиш ва Россиядаги украиналикларга чет эллик мавқеини тасдиқловчи паспорт тизими яратиш билан Украина ҳукуматига босимлар ўтказади. Натижада Украина шартномага имзо чекишдан бош тортади ва Москва билан янги шартномалар тузишни эълон қилади.

Бундай қарор қабул қилиниши мамлакатдаги Ғарбга ҳайриҳоҳ бўлган кучларнинг кўчалар бўйлаб оммавий намойишларни бошлаб юборишларига туртки бўлди. Киевнинг марказида жойлашган Мустақиллик Майдонида намойишчилар деярли уч ой давомида ҳукуматни истеъфо беришини талаб қилиб майдонни эгаллаб турдилар. Намойишлар тинч вазиятда олиб борилди, лекин 2014 йил 18 февраль куни икки томон ўртасида зўравонликлар амалга оширилди. Хавфсизлик хизмати ходимлари ва намойишчилар ўртасида ҳақиқий ўт очар қуроллардан фойдаланиш кузатилади. Тўқнашувлар натижасида тахминан 80 киши қурбон бўлган ва юздан ортиқ киши яраланган. Вазиятнинг чуқурлашиб кетганидан чўчиган президент Янукович Қрим ярим ороли орқали Москвага қочишга муваффақ бўлади ва Москвадан туриб Украинада давлат тўнтариши амалга оширилганлигини эълон қилади. Вазиятдан фойдаланган Россия Украинада тузилган янги муваққат ҳукуматни ноқонуний деб топади ва Қрим ярим оролидаги рус аҳолиси ҳамда Россияга тегишли бўлган ҳарбий базаларни Украинадаги вазият изига тушгунча ҳимоя қилиш баҳонасида Украина ҳудудига ҳаво кучлари ёрдамида қўшинларини кирита бошлайди. Ҳали ўзининг вазирларини ҳам тайинлашга улгурмаган Украинанинг янги ҳукумати бу ҳолатдан талвасага тушиб қолди. Албатта, Россиянинг янги ҳукуматга хайрихоҳ бўлмаслиги тахмин қиларли ҳолат эди, лекин дунё ҳамжамияти Украина ҳудудига рус қўшинларини киритилишини кутмаган эди[18].

Сўнгги йилларда Россия ўзининг халқаро майдондаги мавқеини Совет Иттифоқи давридаги даражасига тиклаб олди, десак адашмаган бўламиз. Араб баҳорлари ва айниқса Сурия инқирозидаги Владимр Путиннинг прагматизми ва қаътийлиги Ғарб давлатларини чекинишга мажбур қилган эди. Шунингдек, АҚШ Миллий Хавфсизлик агенти Эдуард Сноуденнинг Россия ҳудудидан сиёсий бошпана бериш эвазига эълон қилинган АҚШ ултиматумларига қарши туриши ва бундан ташқари Сочи Олимпиада ўйинларидан олдин ва давомида Россиядаги бесоқолбозларнинг ҳақ-ҳуқуларини топталишини важ қилиб кўрсатган ҳолда Рус ҳукуматига қилинган ахборот уруши хуружларига совуққонлик билан ёндашиши Ғарб сиёсатчиларини Путин шахсияти олдида ўзларини йўқотиб қўйишига олиб келди. Юмшоқ Куч (Soft Power) сиёсатини ўзига асос қилиб олган Ғарб ҳукуматлари Россиянинг кескин ва ёпирилувчи сиёсати олдида унга қарши муҳим қарорларни қабул қилишга қийналмоқдалар. Чунки бир томондан Ғарб мамлакатларида Россияни иррационал мамлакат сифатида тасаввур қилиш одат тусига кириб қолган бўлиб, Россия ядро урушини бошлашдан ҳам тап тортмаслигига ғарбликлар шубҳа қилмайдилар. Бундан ташқари АҚШни ҳам, Европа мамлакатларини ҳам сўнгги 20 йилликдаги интервентионист ташқи сиёсатлари, уларни иқтисодий жиҳатдан ҳолдан тойдирди, айниқса Россия (кейинчалик Хитой иттифоқчи сифатида можарога аралашиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас) каби рақиблар билан тўғридан-тўғри тўқнашувлар бу мамлакатларни бутунлай банкрот ҳолатига олиб келиши турган гап.

Албатта, юқоридаги каби  зиддиятларни  узоқ санаб ўтиш мумкин. Сиёсий-диний зиддиятларнинг туб моҳиятини таҳлил этганда, уларнинг сабаблари асосан  тарихий, ҳудудий, сиёсий, ижтимоий-маданий қарама-қаршиликларда эканлигини кўриш мумкин. Афсуски, ҳануз улар дунёнинг турли ҳудудларида «қайноқ нуқталар» сифатида инсоният тинчлигига раҳна солиб келмоқда:

*Тоғли Қорабоғ (насроний динида бўлган арманлар ва мусулмон озарбайжонлар ўртасидаги ҳудуд талаш борасидаги зиддият);

*Чеченистон (мусулмонлар ва насронийлар);

*Кипр ороли ( насроний греклар ва мусулмон турклар);

* Собиқ Югославия (мусулмон боснияликлар ва насроний албанияликлар, шунингдек католиклар ва хорватлар);

* Мьянма (буддистлар ва мусулмонлар) ва ҳоказо.

Мазкур зиддиятларда турли хил дин, маданият, тил, қадриятларга эга бўлган халқлар қатнашишади. Афсуски, аксарият ҳолатда мазкур зиддиятларнинг оқибатлари қурбонлар сонининг кўпайиши билан тугайди.

Буюк Британияда чоп этиладиган Бутунжаҳон христиан энциклопедиясида ёзилишича[19], ҳозирги кунда дунёда 10 000 дан ортиқроқ диний оқимлар мавжуд. Уларнинг энг йириги христианлик (насронийлик) дини бўлиб, жаҳон аҳолисининг 33,0 % унга эътиқод қилади. Сайёрамиз аҳолисининг бешдан бир қисми, яъни 19,6 %  исломга, 13,4 %  индуизмга, 6,4 % – хитой этник динига, 5,9 % — буддавийликка,   3,6% — бошқа этник динларга ва  1,7 %. – янги Осиё динларига эътиқод қилишади. Ернинг 2,5% аҳолиси динсиздир. Ҳар қандай дин асосида ягона ҳақиқат маавжуд бўлиб, фақат у турли динлар томнидан турли кўринишда ифода этилади. Уларнинг барчаси ўлдирма, озор етказма, алдама, ҳақорат қилма каби эзгу ҳақиқатларга амал қилади. Масалан:

Буддавийлик: «Инсон ўз яқинлари ва қариндошларига муносабатларини беш хил тарзда ифода этиши лозим: бағрикенглик, ҳурмат, меҳрибонлик билан, ўз сўзига содиқ қолган ва ўзига ишонгандай тарзда».

Конфуцийлик: «Сенга бошқалар қандай муносабатда бўлишини истасанг, уларга ҳам шундай муносабатда бўл».

Индуизм: «Сенга оғриқ келтирадиган нарсани бошқаларга қилма».

Ислом: «Барчамиз ўзимизни севган каби яқинларимизни севган тақдирдагина, мусулмон бўла оламиз».

Жайнизм: «Бахтда, ғамда, қийноқда ҳам биз барча жонзотларга ўзимизга бўлгандек муносабатда бўлишимиз лозим».

Иудаизм: «Сенга ёмон таъсир қиладиган нарсани ўз яқининга қилма».

Сикхизм: «Ўзинг ҳақида қандай ўйласанг, бошқалар ҳақида ҳам шундай ўйла. Шунда кўкда барча баробар бўлади».

Даосизм: «Қўшнингнинг муваффақиятини ўз муваффақиятинг деб бил, йўқотишини эса ўз йўқотишинг деб».

Зардўштийлик: «Ўзи учун ёмон бўлган нарсани бошқаларга раво кўрмайдиган инсонгина яхшидир».

Насронийлик: «Сизга бошқа одамлар қандай муносабатда бўлишини истасангиз, уларга ҳам шундай муносабатда бўлинг» .[20]

     Деструктив гуруҳлар тавсифи. Жаҳонда экстремизм ва терроризмнинг ривожи дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Маълумотларга кўра, хозир дунёда 500 дан ортиқ террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 % Ислом дини  никоби остида фаолият юритади. Афсуски сўнгги йилларда уларнинг фаолияти янада фаоллашмоқда. Бугунги кунда энг фаол террорчилик гуруҳларининг фаолиятини кўриб чиқамиз.

  1. Курдистон ишчи партияси (КИП). 1984 йилдан бери Туркиянинг асосан курдлар яшайдиган жануби-шарқий ҳудудларига мустақиллик берилиши учун курашиб келади. Туркия ва Эронда КИП террорчилик ташкилоти сифатида рўйхатга оинган. Асосий мақсади Туркиядан қадимги Курдистон ерларини ажратиб олиб, мустақил давлат сифатида ажралиб чиқишдир. Радикал гуруҳ курдларни узоқ йиллар давомида камситиш, ҳуқуқларини паймол қилиш оқибатида вужудга келган эди. Афсуски, гуруҳ ўз мақсадларига эришиш йўлида зўравонликни қўллашади. Шу сабабли у НАТО ва қатор мамлакатларнинг «қора рўйхат»ига киритилган[21].
  2. Колумбиянинг ҳарбий инқилобий кучлари. Колумбиянинг сўл радикал инқилобий гуруҳи бўлиб, FARC номи билан машҳур. Ташкилот 1946 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бориб, социализмга ўхшаш ғояни илгари суради. FARC болаларни ўғирлаш, гиёҳванд моддаларни сотиш, бегуноҳ инсонларни гавровга олиб, ўлдиришда айбланади.
    3. ХАМАС. Ислом антисемит ҳаракати Фаластин ҳудудида фаолият олиб бориб, унинг аъзолари неонацизмни қўллаб-қувватлашади. ХАМАС аъзолари харбий ҳаракатлар чоғида болалардан «тирик қалқон» сифатида фойдаланганликлари, бегуноҳ одамларни гаровга олиб ўлдиришлари, оммавий равишда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишлари, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси билан шуғулланганликлари учун жаҳон ҳамжамияти томонидан қораланади[22].
  3. Ҳаракат аш-Шабаб аль-Мужахидин – Африкадаги Сомали ва Эфиопияда фаолият юритувчи террорчилик гуруҳи. Гуруҳ Сомалида ташкил этилган бўлиб, 2009 йилдан деярли бутун мамлакатни назоратга олган. Асосан мамлакатда радикал ислом ғояларини ёйиб, асосан қимматбаҳо ва тақиқланган фил суягини  сотиш орқали кун кўради. Йилига минглаб филларни ва жониворларни ҳимоя қилганларни аёвсиз ўлдиришади[23].
  4. Ку-клукс-клан (ККК) АҚШда 1865 йилдан буён фаолият юритади. Ирқчилик ғояларини тарғиб этиб, оқ танлиларни доимо бошқалардан устун қўяди ва бошқа ирқдагиларни камситган ҳолда, террорчилик ҳаракатларини уюштириш орқали кўплаб тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ташкилотнинг 8000 нафардан ортиқ аъзолари бор. 1920 йилда аъзоларининг сони 4 миллион нафардан ортиқ эди. ККК ташкилоти аъзолари ўз қурбонларига беш дона апельсин уруғи жўнатишган. Агарда қурбон ўз қарашларидан воз кечмаса, уни ўлдиришган.
  5. «Толибон» ҳаракати 1990 йилларда Покистонда вужудга келган ҳарбий – сиёсий ташкилот. Бош мақсади – Афғонистон ва Покистонда уруш йўли билан Ислом халифалигини тиклаш. Харакатнинг асосий қисмини пуштун миллатига мансуб одамлар ташкил этиб, уларни Муҳаммад Умар етакчилигидаги Раҳбарлик кенгаши (Кветта кенгаши) бошқаради. Покистонда толибонларнинг таҳдиди окибатида кинотеатр, театр ва бошқа маданий масканлар фаолияти тўхтаган.Толибонлар интернет марказларининг фаолияти, мобил телефонлардан фойдаланиш, спорт билан шуғулланишни таъқиқлаган. Ҳаракат турли террористик ташкилотлар, жумладан «Туркистон ислом харакати» билан бирга ҳукуматнинг ҳарбий кучларига қарши, «Вазиристон урушлари» номи остида танилган қуролли тўқнашувларда ҳамда Афғонистон ҳудудидаги террористик ҳаракатларда иштирок этмоқда.
  6. 7. Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) Ироқ ва Суриянинг бир қанча ҳудудларида қонли тўқнашувларни амалга ошираётган, ҳозирги кунда ўзларини «Ислом динининг ҳимоячилари»деб атаётган террористик ташкилот. Салафий-жиҳодий йўналишидаги террористик қуролли гуруҳ.  Гуруҳ 2006 йил 15 октябрда бир гуруҳ қуролли жамоаларнинг йиғилиши натижасида юзага келган. Гуруҳга Абу Умар исмли шахс етакчи этиб сайланган. Бир қанча қўпорувчилик ҳаракатларини ўз бўйнига олган. Ташкилот халифаликни қайтариш ва шариатни татбиқ қилишни мақсад қилади. Ироқнинг Мосул ва бошқа минтақаларини эгаллагандан сўнг дунёдаги энг бой террористик ташкилотлардан бирига айланган. Ҳаракат «Добиқ» номли журнални чоп этади.
  7. «Ал-Қоида» террорчилик ҳаракати ўзининг энг шов-шувли террорчилик ҳаракатини 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги эгизак бинолар, пентагон биносига самолётлар орқали уюштирилган ҳужуми орқали амалга оширди. 1988 йили ташкил топган. Асосий маысади илдом давлатларини бирлаштириб, «Бую кислом халифалиги»ни ташкил этиш. 1998 йили АҚШ, Кения, Танзанияда қатор террорчилик ҳаракатларини амалга оширгач, дунёдаги биринчи рақамли террорчилик ташкилотига айланди. Раҳбари Усама бен Ладен 2011 йилда ўлдирилган бўлсада, ташкилот ҳануз дунёдаги энг кўп тақиқланган террорчилик ташкилотлар сирасига киради[24].

[1] http://fikr.uz/blog/NamMTI/dinii-va-etnik-ziddiyatlarning-eshlar-khaetiga-tasiri.

[2]   Суриядаги зиддиятлар. http://fikr.uz/blog/Fikr_goya_va_marifat/curijadagi-ziddijatlar.html

[3] Суриядаги зиддиятлар. http://fikr.uz/blog/Fikr_goya_va_marifat/curijadagi-ziddijatlar.html

[4] Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув. https://kun.uz/79712092

[5] Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув. https://kun.uz/79712092

[6] https://sputniknews-uz.com/incidents/20170117/4609766/Istanbuldagi-tungi-klubda-otishma-sodir-qilgan-terrorchi-oz-aybiga-iqror-boldi.html

[7] Туркия Сурияда уруш бошлади. Қачон тугаши номаълум. https://kun.uz/07736375?q=%2F07736375

[8] https://daryo.uz/k/2019/01/13/yaman-inqirozi-xusiylar-kimlar/

[9] Машарипов А. Ёнаётган Яман. https://azon.uz/content/views/yonayotgan-yaman

[10] Машарипов А. Ёнаётган Яман. https://azon.uz/content/views/yonayotgan-yaman

[11]  Долимов Ш. Афғон уруши. https://uforum.uz/showthread.php?t=20231

[12] Ўша ерда

[13] Долимов Ш. Афғон уруши. https://uforum.uz/showthread.php?t=20231

[14] Долимов Ш. Афғон уруши. https://uforum.uz/showthread.php?t=20231

[15] Тошпўлатова Н.    Мьянмада Качин Христиан озчилик миллатига қарши яширин уруш ҳам мавжуд. http://uza.uz/oz/world/myanmada-kachin-khristian-ozchilik-millatiga-arshi-yashirin—15-05-2018.

[16] Ўша ерда.

[17] Раҳманов Ахмед. Россия – Украина кризиси, узоқ тарихдан бугунги кунгача. http://website.informer.com/visit?domain=imlo.insof.uz

 

[18] Раҳманов Ахмед. Россия – Украина кризиси, узоқ тарихдан бугунги кунгача. http://website.informer.com/visit?domain=imlo.insof.uz

[19] Адамчик Мирослав. Всемирная энциклопедия: Христианство. Современный литератор, 2004, https://books.google.co.uz/books/about.html?id=cEJqPgAACAAJ&redir_esc=y

[20] Зеленков М.Ю. Религиозные конфликты: проблемы и пути их ре-шения в начале XXI века (политико-правовой аспект). – Воронеж: Воронежский государственный университет, 2007. – 24 с.

[21] https://bugaga.ru/interesting/1146745638-top-10-samyh-izvestnyh-terroristicheskih-organizaciy-v-mire.html#ixzz5iyitnO00

[22] Самые крупные террористические организации мира: казни, взрывы и тысячи жертв. https://www.segodnya.ua/world/kak-zhivut-mezhdunarodnye-terroristy-unichtozhayut-evreev-ustraivayut-vzryvy-i-zapreshchayut-cerkvi—667925.html

 

[23] https://ru.wikipedia.org/wiki

[24] https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%90%D0%BB%D1%8C-%D0%9A%D0%B0%D0%B8%D0%B4%D0%B0

Улашинг: