“Бешинчи фарзандимга ҳомиладорлигимни билганимда уни олдирмоқчи бўлдим. Шифокорлар билан келишиб, қабул вақтини белгилаган куним уч ёшли кичик фарзандим иситмалаб, ҳушидан кетди. Икки ҳафта шифохонада даволандик. Кейинчалик ҳомиламни олдириш фикридан қайтдим. Чунки бундан хабар топган турмуш ўртоғим ҳам қароримни қаттиқ қоралади. Худонинг қаҳридан қўрқдим…
Тўққиз ой қийналдим. Бутун баданим қақшаб симиллаб оғриди. Иштаҳам йўқ. Ўз-ўзидан юрагим сиқилди. Эшигимиз олдидан “Тез ёрдам” машинаси аримай қолди.
Шу фарзандимни туғишга кучим етмай ўлиб қолсам керак, деган ўй мени сира тарк этмади. Ой куним етиб, кўзим ёриди. Лекин кўнглимдаги ғашлик ҳамон бор. Жажжи гўдаккинамга термуламан: шу қадар ҳам фариштасифат бўладими бола?! Уни қаттиқ бағримга босиб тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Кўнглимдаги ғашликдан қўрқаман. Бу не синоат?
Туғруқхона педиатри боламда жиддий нуқсон борлигини гумон қилаётганини айтганида дастлаб ҳеч нимани тушунмадим. У боламни “топширишим” мумкинлигини билдирганида ҳушимни йўқотдим. Турмуш ўртоғим бу хабарни қандай қабул қилди, билолмадим. Лекин шифокорнинг гапидан қаттиқ жаҳли чиққани эсимда.
Гўдагимни бағримга босиб, уйга олиб келдим. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас! У менинг болам, уни ҳеч кимга бермайман!
Шифокор маслаҳатига кўра генетик текширувидан ўтдик. Боламда “Даун синдроми” ташҳиси аниқланди. Хозир шу фарзандим 3 ёшда. Бу орада кўплаб шифокорлар қабулида бўлдик. Мени кўп қийнаган нарса – боламнинг ташхиси эмас, баъзи “шифокорлар”нинг бизга кўрсатган муносабати бўлди. Оилавий педиатримиз: “Нега туғдингиз? Тўртта фарзандингиз борку. Пул учунми десам, эрингиз яхши “топади”. Ўғил ё қиз учунми десам, униси ҳам буниси ҳам бор сизда…” Невропатологимизнинг гаплари ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди: “Вой, даун-ку, қаранг, бир кўришдаёқ билдима. Ҳечқиси йўқ, сиқилманг. Ака-опаларига овунчоқ бўлади. Катта бўлганида айтганингизни қилади, дўконга ўн марта юборсангиз ҳам индамай бориб-келаверади”. Мен болаларимга овунчоқ, ё ўзимга хизматкор эмас фарзанд туққанман, деб қичқиргим келди. Кейинчалик билишимча, “доноликда тенги йўқ” бу дўхтиримизни менга ўхшаган муштипар “мамаша” бир уриб кийим жавонга тиқиб қўйган экан. Бу ҳам кам! Чунки, ўшалар сингари “шифокорлар” қанчадан-қанча оналарни руҳан таҳқирлаб, маънавий эзишини ўз танамда ҳис қилдим.
Нега, деган саволга аслида улар, шифокорлар жавоб ахтариши керак! Ўқисин, излансин, даво чораларини топсин. Болаларнинг ногирон бўлиб дунёга келишида чаласавод шифокорларнинг ҳам айби бор!”
Бундан икки йил аввал ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда мен интервью олмоқчи бўлган аёл қўлимга дафтар тутқазди: ногирон болажонлар ҳақида ниманики билишни истасангиз жавобини шундан топасиз, деди. Бу унинг кундалиги эди. Юқорида шу кундаликдан парча келтирдим.
Ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаш мустаҳкам асаб ва битмас сабрни талаб этади. Бу жараён узоқ ва машаққатли кечишини ҳамма ҳам билавермайди. Зеро, орамизда шундай масъулиятни ўз зиммасига олиб яшаётган оталар ва оналар, педагоглар, тарбиячилар, шифокорлар кўп. Ана шундай жонфидо бир инсон Даун синдромли болажонлар ва бошқа ногиронлиги бор болажонларни соғломлаштириш ҳамда тарбиялашда қўл келадиган ноёб бир китобнинг электрон версиясини бериб, рус тилидан таржима қилишимни сўради. Номи “Гапир! Сен буни уддалайсан”. Муаллиф — Ромена Августова. Китобни ўқигач, бу инсон чин маънодаги истеъдодли Педагог эканлигини тушундим. Бу китобдаги кўрсатмалар кўпчиликка – ота-оналарга, шифокорларга, ўқитувчиларга яқин кўмакдош бўла олишига ишончим комил. Уни ота-она бўлиш истагида юрган барча ёш оиалаларга, буви-ю боболарга, кўп йиллик тажрибага эга ота-оналарга, мактаб ўқитувчиларига, боғча тарбиячиларига, шифокорларга ўқишни тавсия қиламан. Зотан, шу каби китобларга эҳтиёж бор.
Муҳайё Саидова, журналист.