57

ОНЛАЙН СПОРТ ТЕЛЕКАНАЛЛАРИДА МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

Қосимова Наргис Суннат қизи, ф.ф.., доцент

Асосий тушунчалар: спорт, телеканал, журналистика, чемпионат, онлайн

Бугунги кунда, нафақат Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК), балки исталган бошқа мамлакат телевидениеси муаллифлик ҳуқуқи нормаларига амал қилишга мажбур. Айниқса, ўша мамлакат бу борада турли тегишли ташкилотларга аъзо бўлса, унга нисбатан талаблар янада кучаяди. Шунингдек, айтиб ўтиш жоизки, ҳеч қандай фарқсиз дунёнинг исталган Онлайн спорт телеканалларига ҳам  худди шундай талаблар қўйилади. Буни яъни телеканал ташкил этилаётган пайтдаёқ, низомда аниқ кўрсатиш талаб этилади. Хусусан, мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган қатор халқаро ташкилотлар, чунончи, ЮНЕСКО, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан турли йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистондаги мазкур ҳолат нафақат ЮНЕСКО, ЖИМТ, ЖСТ, балки Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа тегишли идоралар томонидан назорат қилинади. Афсуски энди маълум бир сабабларга кўра МТРКнинг «Sport» канали эндиликда Европа миллий чемпионатларидан Англия, Испания ва Италия биринчиликларининг трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмагунича намойиш қилмайди. Бунинг учун МТРК тегишли ташкилотлардан телетрансляция ҳуқуқини сотиб олиши талаб этилади. Бу телеканаламизнинг интернетдаги онлайн версиясига ҳам бевосита таалуқлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йилдаги «Sport» телеканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини спорт мухлислари томонидан хурсандчилик билан кутиб олиндива орадан кўп ўтмай 2004 йилнинг илк кунидан бошлаб «Sport» телеканали эфирга узатила бошланди.[1] Канал бир қатор студиялардан иборат бўлиб, улар орасида «Трансляция ва сунъий йўлдош орқали олиб кўрсатиладиган дастурлар студияси» (ТСЙОКДС) алоҳида ўрин тутади. Қайд этиш керак, мазкур студия канал эфир соатларининг катта қисмини қамраб олади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ТСЙОКДСнинг фаолияти бевосита муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ. Трансляцияларнинг асосий қисми хорижий компаниялар билан ҳамкорликка қараб қолгани сабабли канал муаллифлик ҳуқуқи нормаларига деярли ҳар куни дуч келиши табиий.Бу борада МТРК секин-аста қамров доирасини кенгайтириб бораётгани сир эмас. Мисол сифатида компаниянинг сўнгги – жаҳон (2010 йил, ЖАР) ва Европа (2008 йил, Австрия ва Швейцария, 2012 йил, Украина ва Польша) чемпионатлари ўйинлари трансляция ҳуқуқини сотиб олганини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Ёзги ва Қишки олимпиада ўйинлари трансляцияси ҳам МТРК томонидан муаллифлик ҳуқуқи меъёрлари асосида қўлга киритилди. Аммо яна бир қатор мусобақалар борки, компания мазкур турнирлар телетрансляцияси ҳуқуқини босқичма-босқич қўлга киритишни мақсад қилган. Улар орасида «Sport» телеканали эфир соатларининг энг катта қисмини ташкил қиладиган, шунингдек, кўпчилик кузатиб борадиган Европа миллий чемпионатлардир.«Sport» телеканали бугунга қадар Европа миллий чемпионатлари трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмаган. Лекин канал мухлислар талаби ва истакларидан келиб чиқиб Европа яшил майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувларни имкон қадар эфирга узатишга ҳаракат қилди. Бу борада «Sport»  канали жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари телеканалларини ҳам ортда қолдиргани ҳолда, ўзи истаган ва мухлислар учун қизиқарли бўлган ўйинларнинг барчасини намойиш қилиб келди. Гарчи сифат борасида трансляциялар мақташга арзигулик бўлмаса-да, канал ўз имконияти даражасида аудитория талабини қондиришга интилди. Аммо бу жараён узоқ давом этиши мумкин эмасди. Эртами-кечми, МТРК мазкур ҳолатга барҳам бериши ва трансляция ҳуқуқини қўлга киритиши талаб этиларди.[2] Эслатиб ўтиш жоизки, ҳозирда телеканалларга манзил кўрсатилиб, илова-гиперйўлланма[3] кераксиз жойга олиб боради. Бу компьютер хакерларининг онлайн телеканал фойдаланувчиларини ўзлари истаган манзилга олиб келишга бўлган ҳаракатдир. Булар одатда спам[4] деб юритилади.

Интернет маълумотларнинг тубсиз ва чексиз океанидир. Тармоқдан исталган мавзу ва масала бўйича  барча маълумотларни топиш мумкин. Аммо уларни маълум қидирув воситасидан топиш керак. [5] Умуман олганда, онлайн спорт телеканаллари бугунги кунда анъанавий телеканалларга ҳам рақобатчи, ҳам янги имконият шаклида ривожланмоқда. Ривожланган мамлакатларда интернет технологияларининг тараққиёти, интернет провайдерлари сифати юқорилиги сабаб онлайн телеканаллар фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилган. Масалан, Россияда анча яхши даражада. Телевиденияси ривожланган давлатларида аҳолининг катта қисми ёши ўрта ёшдан катта бўлгани учун улар кўпроқ анъанавий ТВларни томоша қилишади. Бироқ биз бу билан Россияда онлайн телевидение секин ривожланмоқда деган фикрдан йироқмиз, чунки, гарчи анъанавий телевидение ўзининг онлайн версиясида ҳам кўрсатувларни бир хилда узатсада, интернетнинг телеканалларга берган қўшимча имкониятлари жумладан, гиперматнлилик, интерактивлик, архивлик, мавзу-мундарижасини тез янгиланиб туриши билан янги турдаги ОАВ сифатида қўшимча меҳнат талаб қилади. Шунинг баробарида, онлайн телевидение телеканаллар учун реклама ва бошқа ахборот хизматлари кўрсатиш, ўз нуфузи ва таъсир доирасини кенгайтириш орқали катта фойда келтиради.

Дунёдаги барча анъанавий ва онлайн спорт каналлари, Россиянинг барча спорт телеканаллари Англиянинг «Advisers Media Internatioanal» (AMI) ҳамда «Eurasian Broadcasting Enterprise LTD» (EBEL) компанияларига тегишли бўлган ҳуқуқдан фойдаланиб келди. Компаниялар веб-сайтида ёзилишича, уларга тегишли ҳуқуқдан фойдаланиш учун Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бевосита компаниянинг ўзи билан музокара олиб боришлари керак бўлади. МТРК «Sport» телеканали билан боғлиқ бўлган трансляция масалаларини айнан Европа миллий чемпионати ўйинларидан бошлашга қарор қилган кўринади. Боиси каналда Европанинг бир қатор миллий чемпионати ўйинлари трансляцияси тўхтатилди. Аммо кўринишидан Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек, Россия, Франция, Германия каби чемпионатлар трансляцияси борасидаги ишлар кейинги босқичда кўриб чиқилади. Сабаби мазкур мусобақалар трансляцияси ҳозирча тўхтамаган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, энг қизиқарли ва керакли бўлган мусобақаларнинг трансляция ҳуқуқини МТРК босқичма-босқич сотиб олишга ҳаракат қилади.«Sport» телеканали еврофутбол ихлосмандларининг талабини қондириш учун ҳаминқадар ҳаракат қилди ҳамда «Al-Jazeera», «Eurosport», «Россия-2» каби каналлар трансляциясидан фойдаланди. Бироқ бунда сифат ва тўлақонли трансляция кафолатланмайди. Сигнал баъзан жуда ёмон бўлиши ёки узилиб қолиши ҳоллари кўп кузатилади.[6] Бундан ташқари жонли эфир жараёни режиссёрлар учун бош оғриқ бўлиб, улар ўйинни бошлаб берадиган ҳакам ҳуштаги ва финал ҳуштагига тақаб трансляция тақдим этишади. Боиси жонли эфирда сигнал қабул қилинаётган канал бошқа кадрга ёки рекламага ўтиб кетиши катта эҳтимол. Шундай вақтлар бўлганки, муҳим ўйинларни Россия ёки Қозоғистоннинг бирорта канали намойиш эта олмаган бир вақтда «Sport» телеканали тоза интершум билан ўша учрашувни жонли равишда эфирга узатган. Яъни, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг талаб ва истаклари ҳурмати канал таваккал қилишга мажбур бўлган.[7]

Вақт ўтгани сари, онлайн телевидениелар шаклланиб ривожлангани сари, бу янгиликдаги камчиликлар ўз-ўзидан камайиб кета бошлади. АҚШнинг таниқли «Microsoft» компанияси 2003 йил октябрда оддий телекўрсатувларни ҳеч қандай сифатини йўқотмасдан интернет орқали узатиш технологиясини жорий этишини маълум қилган. Бундай катта лойиҳада ўзига шерик-ҳамкор қидирган. Бу интернет ТВни кўриш учун камида 1 мб тезликдаги интернет керак бўлган. Айни пайтда Европа ва Шимолий Американинг кўп жойларида интернет тезлиги 1-2 Мбит/с дан ошмайди, Бироқ Жанубий Корея ва Японияда интернет тезлиги 10 Мбит/с ни ташкил қилади. Кўриниб турибдики, бундан кўпчилик баҳраманд бўлиши мумкин. Фақат интернет сифати яхши бўлса бўлди.  Ўзбекистонда эса бундай каналларни уй шароитида ҳозирча кўришнинг иложи йўқ. «Microsoft» бу онлайн ТВни кўриш учун керак бўладиган программани (ресивер ва декодер) сотиш орқали пул ундиради ва бу бошланишига $150 ни ташкил қилади, улар бу нархнинг тўрт йилдан кейин $50 га тушиши мумкинлигини эълон қилган.[8] Шу билан бирга Буюк Британиянинг «Pace Micro Technology», Франциянинг «Тhomson» ва АҚШнинг «Intel» компаниялари ҳам арзон йўллар билан спорт кўрсатувларини интернет орқали узатиш аппаратларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Франциянинг «Netgem» компаниясининг (www.netgem.com)  «Netbox» ва «Microsoft» корпорациясининг «WebTV» (www.webtv.net) номли махсус клавиатура ва сичқончалари ёрдамида оддий телевизорнинг катта экранлари орқали ҳам интернетдан фойдаланиш мумкин. Янги технология ҳам телефон сими орқали уланиб компьютерсиз интернетга уланиш имконини яратади, аммо компьютердаги каби кўпгина функцияларга чегаралайди.

Шу ўринда  бирқанча катта спорт ТВ каналлари ўзларининг веб сайтлари орқали тўғридан-тўғри кўрсатувларни эфирга узатади. Масалан, Ўзбекистонда Россиянинг спортга оид бир қатор каналларини («1-Канал», «НТВ+», «Россия 2» в.ҳ.) интернет орқали томоша қилиш мумкин. Уларнинг веб-сайтларида онлайн роликлар ёзиб қолдирилган. Бундай кичик-кичик роликлар  3 минутдан 3 соатгача бўлган эшиттириш ва кўрсатувлар бўлади.

Ҳозирда компьютернинг ўзида теледастурларни кўриш имконини берадиган интернетдан эмас, оддий антенналардан фойдаланадиган ТВ-тюнерлар кенг тарқалган. ТВ тюнер орқали компютерда пайдо бўладиган махсус кичик ойначада исталган телеканалларни кўриш мумкин. Бу каби қурилмаларни 1998 йилларда таниқли техник жиҳозлар ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан (Gateway 2000, Philips, Sanyo Electronics) PC-TV (компьютер-телевизор) гибридлари ишлаб чиқарилган. Улар юқори тезликда (30 Мбит/с) спорт онлайн ТВларини томоша қилиш ва бир вақтнинг ўзида интернет сайтларини кўриб ўтиришга жуда қулай бўлган. Бироқ уларнинг жуда қимматлиги боис, айни пайтда жуда кам жойларда ва махсус жойларда ишлатилмоқда.[9]

«Sport» телеканали сўнгги пайтларда хориждаги айрим кўпчилик қизиқадиган лига ўйинларини намойиш эта олмади. Чунки, каналда намойиш ҳуқуқи йўқ эди. Хориждан ўйинларни сотиб олиб, намойиш этиш учун шартнома тузиш, тўловларни амалга ошириш зарур. Каналда бундай имконият мавжуд эмас. Жаҳондаги йирик ўйинларни олиб беролмаса бу телеканал ўзимизнинг футбол учрашувлари билан чекланиб қолса кўзланган мақсадга етолмайди. Томошабин уларни кўриши учун пул тўлашга ҳам тайёр. Бутун дунёда тижорийлашувнинг телевидение бизнесига тўла маънода айланганини айтиб ўтиш мумкин. [10]

Ўзбекистон спорт телеканалининг интернетдаги фаолияти ҳозир талаб даражасида эмас. Маълумотлар жуда кам. МТРК сайти дизайни сифат жиҳатдан бошқа хориж телеканаллари билан рақобатлаша олмайди. Уларни бойитиш ва фойдаланувчиларга қулайликлар яратиши учун махсус дастурчи мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиши керак. Мавзу юзасидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун:

  1. Давлат ва нодавлат телеканаллари интернет тармоғида рақобат асосида фаолиятини амалга ошириши, бу борада улар нафақат хорижий телеканаллар фаолияти, балки ижтимоий тармоқлар, турли янгиликлар блоглари тажрибасини ҳам ўрганиши зарур. Чунки ҳозирги вақтда матн, овоз, анимация ва видео материаллари, энг тезкор янгиликлар телевидениедан кўра ижтимоий тармоқларда тезроқ алмашинмоқда.
  2. Ҳар қандай оммавий ахборот воситаси қандай турга мансуб бўлишидан қатъи назар қамров доираси кенг бўлган халқаро ижтимоий тармоқлар хусусан бугунги кунда машҳур бўлган «Facebook», «Instagram» ва «Twitter» каби тармоқларда ўз расмий саҳифасини ёки блогини очиши керак.

3.Спорт телеканаллар ўз веб-сайтларини доимий равишда оператив ишлашини таъминлаши, маълумотлар базасини тезкорлик билан алмаштириб туриши зарур.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Имомхўжаев А. Мафтунингман, футбол! Т.: Шарқ, 2004. 62 бет
  2. Имомхўжаев А. Футбол – қувончим, дардим, фахрим. Т.: Шарқ, 69 бет.
  3. Биркенбир В. Язык интонации, мимики, жестов. СПб., 1997. стр 455
  4. Луғат-маълумотнома. Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. Т.: “Зар қалам”, 2003
  5. Қудратхўжаев Ш. Интернет:  Тарихи, тузилиши, техник хавфсизлик. Тошкент. «Ўзбекистон» 2011. 55 бет

 

[1] МТРК ҳақида икки оғиз сўз. Imean.uz. 04.01.2016

[2]Imean.uz Диёр Имомхўжаев блоги

[3]MTRK.uz

[4]Кераксиз, зарали бўлган ахборот.

[5] Қудратхўжаев Ш.  Интернет:  Тарихи, тузилиши, техник хавфсизлик. Тошкент. «Ўзбекистон» 2011. 55 бет

[6]Имомхўжаев А. Мафтунингман, футбол! Т.: Шарқ, 2004. 62 бет

[7]Имомхўжаев А. Футбол – қувончим, дардим, фахрим. Т.: Шарқ,  1996. 69 бет

[8]Биркенбир В. Язык интонации, мимики, жестов. СПб., 1997. стр 455

 

[9]IMean.uz

[10]Луғат-маълумотнома. Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. Т.: “Зар қалам”, 2003

Улашинг: