Рўпарамда ўтирган новча, озғин йигитга тикилар эканман, беихтиёр унинг қўлларига қарадим. Қиз боланикидек нозик, ингичка бармоқларини у қаерга қўйишини билмас, дамба-дам қўлларини униқиб кетган телпагининг тагига яширар эди. Унга савол назари билан тикилар эканман, у бироз танаффусдан сўнг, гап бошлади:
-Опа, илтимос менинг номимни ёзманг, лекин мен бу ерга келишимдан мақсад, менинг кўрган-кечирганларимни бошқалар ҳам билса, хатоимни бошқалар такрорламаса дейман.
Келинг яхшиси бир бошидан гапириб бера қолай. Мен оилада тўнғич фарзандман. Оиламиз катта. Оз эмас, кўп эмас 13 кишимиз. Отам оддий ишчи бўлиб ишлар эдилар. 1994 йилдан бошлаб биз яшаётган ширкат хўжалигида ойлик маошларини ололмагач ишдан бўшатишларини сўраб ариза ёздилар. Шу кунларда бир парча ерга уруғ қадаб, худодан баракасини сўрайдилар. Оиламга озроқ бўлса ҳам ёрдам бериш мақсадида Жиззахга келдим. Менга меҳнат биржасига боришга маслаҳат беришди. Аммо у ерда менга кутишимни маслаҳат беришди. Кейин мардикор бозорига чиқдим. Бозорда тумонат одам. Кўлларида аррадан тортиб, пой тешагача. Ўнлаб одамлар шумшайиб, ўтган-кетган машинага умидворлик билан кўз тикишади. Агар бирортаси тўхтаб қолса, унга ёпирилишади. Биласиз, ҳозир «сезон» эмас. Кўпчилик қурилиш ишларини кеч баҳор, ёки ёзда бошлайди. 3-4 кун мардикор бозорида овораи- сарсон бўлгач, бу ердан ҳам иш топаолмаслигимни англадаим. Шу ерда ўзбекларнинг кўпчилиги Қозоғистонга бориб, яхши даромад қилиб келишаётганини эшитиб қолдим Ёру-дустлардан қарз хавола қилиб, таваккал дея мен ҳам ўтган йили июнь бошларида Қозоғистон томон отландим. Тошкент-Термез катта трассасидаги қозоғистон бекатига тушдим. Ҳақиқатдан ҳам бу ерда ўзбеклар анча экан.. Уёқ бу ёққа аланглаётганимдан янгилигимни сезишди шекилли, олдимга иккита қозоқ полициячи келиб, паспортимни сўради. Мен уларга мардикорликка келганимни, аммо паспортим йўқлигини айтдим. Нима мақсада келганимни билишгач, улар менга орқаларидан юришимни айтишди. Полиция махкамасига келгач, у ерда 15 чоғли Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган мардикорлар билан учрашдим. Кўп кутдик. Охири бизларни бир-бир чақириб, рўйхат қила бошлашди. Шу-шу мени темир панжарали, зах хонага қамаб қўйишди. Кун иссиқ. Сўрасанг ҳам, ичгани сўв беришмайди. Биринчи учратган юртдошларимни бошқа кўрмадим, кейин уларни 500 тенгега сотишганини эшитдим. Зерикканимдан қўшни хонада ўтирган қозоқ йигитни гапга тутдим. У ҳам зерикиб ўтирган эканми, бир пасда гаплашиб кетдик.. Мени бу ерга қандай келиб қолганимни билгач, «э, шўринг қурғур. Бу ерда сени бекор ушлаб туришмайди. Сен шуринг қурғурларни полициячилар бадавлат одамларга пуллашади. Ўз юмушини битказган бой эса яна бошқасига сотади. Бу ёқда паспортларинг махкамада чанг босиб ётаверади».
Унинг гапларини эшитмаслик учун қулоқларимни беркитдим. Бир биридан аччиқ ҳаёлллар мени ўз гирдобига олган эди «ўзбек, қозоқ, қирғиз ҳаммаси биргина туркий аталмиш ўзак фарзандлари бўла туриб, бир дарёдан сув ичиб, дини-ю, тили, пайғамбари-ю, авлиёлари бир бўла туриб… Нега? Нега? Ўз қавмини сотади, шешенгни…. деб хўрланади. Қўшни хонадан аёлнинг йиғлаган овози эшитилди.
-«Эй Худо, қаёқдан ҳам бу ерга келдим. Не куйларга тушдим. Унинг қаттиқроқ йиғлаган овози эшитилди. Бу ерга келганига олти кун бўлган экан. Ҳалигача ўзини боса олмайди. Гоҳида ярим тунда ҳам унинг инграб, нола қилган овози эшитилади. Шунда навбатчи полиция хизматчиси билан уйқуси бузилган маҳбуслар бақириб, овозини учиришни талаб қилишади. Эрталаб, бир парча нон ва бир стакан сув билан тамадди қилиб, махкама атрофини супуриб бўлгач, кечаси тинмай йиғлаган аёлни кўришга ошиқдим. Исми Санобар, ўзи Фарғонанинг Олтиариқ туманидан экан. Турмуш ўртоғи ногирон, икки фарзанднинг онаси. Қийналиб кетганидан бир дугонаси «қозоққа» ишга борамиз деб қолибди. Кўп ўйланмай рози бўлиб, йўлга тушишибди. Қозоғистонга келгач, чиндан ҳам иш топидик.
Мақтали деган қишлоқдаги Сандибай исмли кишининг ерида ишлай бошладик. Келишув оғзаки бўлиб, бир гектар ерга 8000 сумдан келишувдик – деди Санобар опа. Аммо 7 га деб чопиқ қилишга келишилган жой 10 га экан. Биз шунисига ҳам рози эдик. Эрта азон туриб, кеч шомгача тиним билмадик. Аммо хисоб-китобга келганда, хўжайинимиз ҳар хил гап қила бошлади. Яна 3-4 кун шу ерда ҳар хил иш қилиб юрдик. Пулдан эса дарак йўқ. Пулимизни ундириб беринг деб ҳам ҳеч қаерга арз қилаолмадик.
Қўшнилар эса:
— Энди пулларингни бермайди, сизларга ўхшаганлар озми бу ерда. Агар йўл кирага озроқ пул берса, тезроқ уйларингга кета қолинглар, деб қолишди. Фарғонадан чиққанимга 14 кун бўлди. Биздан хавотир олишаётгани Аниқ. Бошимиз қотиб турувди, дугонам бизларга ажратилган хонадаги эски жихозларни хизмат хаққи эвазига олиб кетишни айтиб қолди. Бу ўғирлик, ўзимиз ҳам билиб турибмиз, аммо… ўғирладик. Мен иккита гилам олдим. Ҳали бомдодга азон айтилмасдан йўлга чиқдик. Икки дугона қилган ишимиздан юракни ҳовучлаймиз. Шу пайт ёнимизга енгил машина келиб тўхтади. Полиция… тамом. Мен нима қиларимни билмай эсим оғиб қолди. Бир маҳал қарасам ёнимда дугонам йўқ. Шундай қилиб бу ерга келиб қолдим. Кеча онам келган эдилар. Айтишларича, йўлда такси ҳайдовчи қозоқлар, алдаб 60 минг сўм пулларини олибди. Гиламнинг эгаси эса кечирадиганга ўхшамайди» Шундан кейин Санобарнинг овози тиниб, қамоқхонага сув қўйгандек жим бўлиб қолди. Тўғрисини айтсам, менинг бахтим бор экан. Бир бой қозоқ келиб мени олиб кетмоқчи бўлганида, махкамага отам қидириб келиб қолдилар. Ёнларида озгина пул бўлгани учун, яна қайтиб кетдилар. Шундан кейин мени сотишмади. Бир хафтадан сўнг отам 65 минг сўм олиб келиб, мени олиб кетдилар. Отамга ёрдам бераман деб, аксинча, уларни ҳам ташвишга, ҳам қийинчиликка қўйдим…
Йигит бошини ҳам қилганча жим бўлиб қолди. Унга тикилар эканман халқимизнинг «узоқдаги қуйруқдан, яқиндаги ўпка яхши» деган ибратли мақоли ёдимга тушди…
Наргис Қосимова, журналист