Мактабда ўқиб юрган кезларим Би-Би-Си ҳақида эшитиб, журналистлари фолиятини бир бор бўлса-да кўришни орзу қилардим. Ёшликдаги орзуимга орадан салкам 35 йил ўтгач эришдим – “янгиликлар империя” си фаолияти билан танишишга муваффақ бўлдим. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонаси ҳамкорлигида бир гуруҳ ўзбек журналистларининг Лондонга сафари Британиянинг умумиллий телеэшиттиришлар ташкилоти фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланди. Инглиз тилида British Broadcasting Corporation деб номланадиган Британия телевизион корпорацияси 1922 йили 18 октябрда British Broadcasting Company сифатида бир нечта хусусий корпорациялар – Marconi’s Wireless Telegraph Company (мазкур компания 1922 йил 14 февралда Буюк Британияда илк 2MT радиостнциясини ишга тушириб, орадан кўп ўтмай, 1923 йил 17 январ куни у ёпилган эди), Metropolitan Vickers Electrical Company, Radio Communication Company, The British Thomson-Houston Company, The General Electric Company и Western Electric Company ҳамкорлигида ташкил топган. 1922–1924 йиллари BBC ўрта тўлқинларда бир нечта ҳудудий радиостанцияларни ишга туширади. 1927 йил 1 январда эса BBC миллийлаштирилиб, British Broadcasting Corporation номини олди. Иккинчи жаҳон урушига қадар ВВСнинг аудиторияси 25–40 минг хонадондан иборат эди.
1939 йили BBC National Programme ёпилиб, унинг частотасида BBC BBC Forces Programme радиостанциясини ишга туширади ва у 1944 йили BBC General Forces Programme деб қайта номланади. Шунингдек, BBC Regional Programme BBC Home Serviceга айланади.
1962 йили Британия қўмитасининг маърузасида ВВС фаолияти юқори баҳоланиб, унга яна бир канал – BBC TV очишга рухсат берилади ва у 1964 йили BBC1 номи билан эфирга чиқади. Ўша йили 20 апрелда очилишимўлжалланган BBC2 телеканали электростанциядаги ёнғин оқибатида Лондонда чироқнинг ўчиб қолганлиги боис, очилиш тадбирларини шамлар ёруғида амалга оширади. BBC Two оддий янгиликлар ва уй бекалари учун мўлжалланган сериалларни кўрсатишдан йироқ эди.1967 йили BBC Home Service BBC Radio 4 га, BBC Light Programme эса BBC Radio 2 га , BBCнинг учинчи дастури BBC Radio 3 деб қайта номланади ва 1964 йили BBC Light Programme ўзининг тўртинчи канали бўлган BBC Radio 1 ни ишга туширади. Аммо 1973 йилнинг 8 октябрида LBC (London Broadcasting Company –«Лондон радиоэшиттиришлар компанияси»)нинг ишга туширилиши ВВСни радио тўлқинларидаги монополиясига якун ясайди. Шу сабабли 1974 йили у Ceefax телематнлар станциясини ишга туширади. 1981 йилдан бошлаб компания компьютерлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўяди ва 1986 йилдан бошлаб BBC Master компьютерларини чиқара бошлайди. 1987 йил 4 июнь куни Буюк Британия учун унутилмас кун бўлди. ВВС сунъий йўлдош орқали эфирга чиқувчи халқаро BBC TV Europe телеканалини ишга туширди. 1991 йили у BBC World Service Television, деб қайта номланади. Ўша йилнинг 30 январида BBC World (21 апрель 2008 йилдан BBC World News) ва BBC Prime (11 ноябрь 2009 йилдан BBC Entertainment) бўлинади. 2002 йил 19 июндан бошлаб унга BBC Food, 2008 йил 26 декабрдан эса BBC Lifestyle ва BBC Knowledge каналлари қўшилади. 1998 йилдан бошлаб ВВС каналлари рақамли форматга ўта бошлайди. 2007 йил 1 декабрь куни BBC HD канали ишга тушиб, 2013 йил 13 февралда BBC HD BBC Two HD га айлантирилади. Би-би-сининг бутунжаҳон хизмати 2007 йилдан ўнта тилдаги радиоэшиттириш-ларини тўхтатиб, тежалган маблағ ҳисобидан араб тилида янги радиоканал очади. Шу йилнинг июль ойидан BBC хозирча фақатгина Буюк Британия аҳолиси фойдалана оладиган iPlayerни муомалага киритди. Бу замонавий гаджет орқали фойдаланувчи телевидение дастурларига уланиб, уларни кўриш имконига эга бўлади.
2014 йилда BBC халқаро BBC First ва 2015 йили халқаро BBC Brit ва BBC Earth каналларини ишга туширди. Бугунги кунда дунёдаги энг машҳур телерадиокорпорация умумий мавзудаги ўн еттита телеканал, Шотландия учун BBC Alba – ахборот-кўнгилочар телеканали, учта (BBCWorld News, BBC Arabic Television, BBC Persian Television) халқаро телеканаллар, муайян мавзуга ихтисослашган олтита умумиллиий телеканаллар (BBC Three – ёшлар телеканали, BBC Four – маданий-маърифий канал, CBBC ва CBeebies болалар учун мўлжалланган каналлар, BBC News –янгиликлар канали, BBC Parliament – парламент канали, турли хил йўналишлардаги қирқ олтита радиостанция (ҳудудлар билан умумлашганда ўн тўртта та йўналишда), умумий мавзуда эфирга чиқувчи олтита ҳудудий, йигирма саккиз тилда, шу жумладан, ўзбек тилида ҳам эфирга чиқувчи ўн еттита халқаро радиостанциялар, мусиқага бағишланган BBC Radio 6 Music ва BBC Radio 1Xtra, спортга йўналтирилган BBC Radio 5 Live Sports Extra, ўтган йилларнинг воқеаларига бағишланган BBC Radio 4 Extra ва муҳожирлар учун BBC Asian Network эфирга чиқади. Ўзига хос бўлган BBC Red Button телематнлар канали ва bbc.com домени остида онлайн ТВ ва онлайн радиони ўз ичига олган йигирма тўққиз сайт фаолият юритади.
Биринчи кун. ВВС журналистлари ўз малакаларини қаерда оширишади?
“Янгиликлар империяси” билан танишувимиз бевосита корпорациянинг журналистлар малакасини ошириш бўлими ВВС ACTION билан танишувдан бошланди. Видеожурналист Жонни Рутхерфорднинг ярим кунлик тренинги гуруҳдаги малакали журналистларга билим олиш ва ўрганишдан инсон ҳеч қачон тўхтамаслиги кераклигини яна бир бор эслатди, десам адашмаган бўламан.
– Кадрда кўрсатилаётган ҳар бир нарсани томошабин ҳис қилиши керак, дейди Ж.Рутхерфорд. – Масалан, сиз бирорта озиқ-овқат маҳсулотини суратга олаяпсиз. Томошабин унинг таъмини ҳис қилиши учун, яъни мисол учун сабзи тўғралаётган жараённи, унинг шарбати камера линзасига сачраши учун яқиндан, йирик планда олиш лозим. Айни пайтда видеожурналистлар, яъни ҳамма жараённи бир ўзи бажарадиган журналистлар сони кўпайиб, операторларнинг сони 70 фоизгача қисқартирилмоқда. Агарда эътибор берган бўлсангиз ВВС асосан, янгиликлар, янгиликлар шоуси ва ҳужжатли фильмларга кўпроқ эътибор беради. Янгиликларда мен ўзимга ёққан нарсани кўпроқ кўрсатишга ҳаракат қиламан. Агарда янгилик ёки видеоролик сайёҳлар учун тайёрланадиган бўлса, албатта тарихий жойларни қайта таъмирланмаган, ўз ҳолича қолган қисмларини кўпроқ кўрсатиш лозим. Бу уларнинг эътиборини кўпроқ жалб этади. Чунки ҳар бир кадр томошабинни уйғотиши зарур.
Бугунги кунга қадар ВВС ACTIONда тўққиз юздан ортиқ журналист ўз малакасини оширган. Ходимлар учун мунтазам ташкил қилинадиган семинар-тренинглар нафақат билимларни оширишга, балки замон билан ҳамнафас бўлишга ёрдам беради.
Иккинчи кун. Виктория Дербешева “янгиликлар шоу”си
Бугунги томошабин жуда инжиқ. Ахборот асрида маълумотларнинг кўплиги томошабин эътиборини жалб қилиш учун янгиликни эфирга янги-янги усуллар билан узатишни тақозо этмоқда. Албатта, бу борада ВВС ходимлари доимо изланишда. Ниҳоят, сафаримизнинг иккинчи куни “Янгиликлар империяси”нинг бош биносига қадам қўйганимизда ичимдаги ҳаяжонни бир оз босиб олиш учун гуруҳдан орқада қолишга тўғри келди. Бинога кириш олдиндан маълумотлар тақдим қилинганлиги боис атиги ўн дақиқани олди. Саккиз қаватдан иборат, салкам саккиз минг нафардан ортиқ ходим ишлаётган бино катта чумоли уясини эслатарди. Биз Буюк Британияда рейтинги бўйича юқори ўринлардан бирини эгаллаб турган Виктория Дербешери янгиликлар шоусини тайёрлаш жараёнини кузатдик. Янгиликлар шоусининг асоси мақсади мавжуд ижтимоий муаммоларга телетомошабинлар эътиборини қаратиш. Эфирга кетган журналист лавҳасидан сўнг студияга лавҳа қатнашчилари ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари чақирилиб, ўша заҳотиёқ ечилмаётган муаммоларга жавоб топишга ҳаракат қилинади. Томошабинларни айнан асосий янгиликларни кўришга ундовчи ва ушбу янгиликларнинг ўзига хос рекламаси сифатида янгиликлардан олдин дастур тайёрланиб, эфирга узатилади.
Асосий мақсадимиз оддий одамлар дардини тинглаш, уларнинг муаммоларини ҳукуматгача етказишдир, – дейди “Виктория Дербешери билан янгиликлар дастури”нинг менежери Верити Мерфи. – Интервью олиш жараёнида аудиторияга ишлаш керак эмас. Респондент журналистга ишониши, унга қалбини очиши лозим. Албатта, бу журналистдан маҳоратни талаб қилади. Виктория суҳбат жараёнида ўз респондентини қўллаб-қувватловчи сўзлар билан, елкасидан қучган ҳолда юпатиши мумкин.Сиёсатчиларга нисбатан эса, аксинча, у жуда ҳам қаттиқўл. Муаммо ечимини топмагунича тинчимайди. Бизнинг гуруҳимиз тез-тез журналист суриштирувини ўтказади. Албатта, бу жуда қийин жараён. Аммо ҳақиқатни юзага чиқаришда ёрдам беради ва дастур рейтинг кўрсаткичининг юқори бўлишига олиб келади.
Дастур ВВС сайтларида, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг намойиш этилади.
ВВСнинг ўзбек хизмати билан учрашуви мароқли ўтди, десам муболаға бўлмайди. Хизмат фаолиятини мувофиқлаштириб турган Ҳамид Исмоилов ва Хайрулла Убайдуллаев ва Дилором Иброҳимованинг айтишича, бугунги кунда хизматда ўн нафар ўзбек журналистлари фаолият юритмоқда.
–Марказий Осиё хизмати ўз фаолиятини 1994 йили бошлаган эди, –деди биз билан суҳбатда Ҳ.Исмоилов. – Ўша пайти қирқ тўртта хизмат фаолият юритган бўлса, кейинчалик уларнинг сони қисқариб, йигирма саккизтани ташкил этди. 2017 йилдан бошлаб Шимолий Афғонистонда истиқомат қиладиган ўзбеклар учун ўн дақиқалик кўрсатув эфирга узатила бошлади.
Ўзбекистон учун эса дунё хабарларини ўзбекистонликларга ва Ўзбекистон хабарларини инглиз тилида тарқатиш учун онлайн тарзда хизматнинг интернетдаги саҳифаси www.bbcuzbek.com ни, фейсбук, твиттер, инсаграммдаги саҳифалари https://twitter.com/bbcuzbek, https://www.instagram.com/bbcuzbek/?hl, https://ru-ru.facebook.com/bbcuzbek олиб боради.
2017 йили Тошкентда ВВС мухбирлик шаҳобчасининг очилиши катта воқеа бўлди. Бу Ўзбекистонда бугунги кунда кечаётган янгиланишлар, ислоҳатларни жаҳон аудиториясига тақдим этиш имконини беради.
Учинчи кун. ВВСдан аудитория нимани истайди?
Телетомашабинлар учун хизмат қилиш ва уларнинг муносабати корпорациянинг ҳаётий фаолиятини таъминлайди. Бугунги кунга келиб ВВС аудиторияси 500 миллион нафар кишидан ортиқдир. Уларнинг фикри ВВС томонидан етмиш беш йилдан буён ўрганилади. Мухлислар диққат-эътиборида бўлиш учун ташкил этилган Audience Strategy ёки аудиторияни ўрганиш бўлимида мингга яқин ходим фаолият юритади.
Бизнинг аудиториямиз корпорация юрагидир ва барча фаолиятимиз уларнинг ахборотга эҳтиёжини қондиришга қаратилган, дейди бўлим директори Ник Норт. – Айни пайтда аудитория билан ишлаш уч йўналишда олиб борилади:
сўровномалар;
аудитория ҳаракатини ўрганиш;
сифатли тадқиқотлар;
телетомошабинлар билан шахсан учрашиш ва тадбирларга
аудиториямиз вакилларини жалб этиш.
ВВС телеканали обуначилари доимо сифатли ахборотга эга бўлишлари
лозим. Шу сабабли уларнинг фикри доимо ёпиқ домендаги сайтимизда кўриниб туради. Мустақил компания эса кўрсатув ва эшиттиришларда нима қизиқ, нима қизиқ эмас каби саволларга жавоб олиб, барча маълумотларни бизга тақдим этади ва шунга қараб, у ёки бу кўрсатув ва эшиттириш рейтинги аниқланади. Телевидение ва радиодан эфирга узатиладиган янгилик ва маълумотларнинг сифатини аниқлаш учун обуначилар орасидан маълум бир қисми саралаб олиниб, ходимларимиз уларнинг уйларига бориб суҳбат ўтказишади, бир ҳафта давомида респондентлар нимани кўришаётгани, эшитаётгани ҳақида кундалик юритишади. Натижалар эса таҳлил қилиниб, хулосаланади. Бундай таҳлиллар ҳар ҳафта ўтказилади. Телевидениеда эса обуначиларнинг телевизорларига электрҳисоблагич ўрнатилиб, у ҳар бир дастурни қачон ва неча маротаба кўрилганлигини қайд этиб боради. Албатта, биз учун болаларнинг фикри ҳам муҳим. Чунки улар учун алоҳида теле- ва радиоканаллар фаолият юритишади. Улар учун алоҳида ҳисоблагич ишлаб чиқилган бўлиб, тўрт ёшдан бошлаб болакай ўзи учун мўлжалланган дастурни кўраётганида пультдаги алоҳида тугмачани босади. Бунда биз катталардан назорат қилишларини илтимос қиламиз. 2017 йилдан бошлаб эса аналог ва рақамли телекналларни кўришда болалар ўзларини қандай тутишларини ўргана бошладик. Бу жамият қандай ўзгараётганлигини ва болаларнинг эҳтиёжлари нималардан иборат эканлигини билиш имконини беради. Айни пайтда, ногиронлиги бор инсонлар билан ишламоқдамиз. Жамиятимизда бундай инсонлар 20 фоизга яқин кўрчаткични ташкил этади, аммо ҳозирча каналларимиздаги кўрсатувларнинг атиги 3 фоизигина улар учун мўлжалланган. Ҳужжатли фильмлар эса аксарият ҳолларда аудитория талаби билан ишланади. Бизнинг асосий мақсадимиз Буюк Қироллик ҳудудида яшовчи ҳар бир инсонга, у ким бўлишидан қатъи назар хизмат кўрсатишдир.
ВВС журналисти фаолиятига қандай талаблар қўйилади?
ВВСда ахборот журналистлар томонидан қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда тайёрланади: ҳақиқат ва аниқлик, холислик ва мустақиллик, жамият манфаатларини устун қўйиш ва ўз аудиториясига ҳисобот бериш. Мазкур талабларга ҳар бир журналист риоя қилади. Ахлоқий қоидаларга эса инсонни камситмаслик, одамларга нисбатан атамаларни ишлатишда эса эҳтиёт бўлиш лозим. Қуйида айнан ВВС журналистлари риоя этадиган бир нечта қоидани келтирамиз:
репортер касбий фаолиятидан келиб чиққан ҳолда фикрини билдириши
мумкин; яхши журналистика жамиятнинг турли қатламларида у ёки бу ҳодиса, воқеа ҳақида фикрини шакллантира олади;
интервью қатъий ва ўзаро ҳурматга асосланган бўлиши лозим;
аудитория фикрини доимо инобатга олиш зарур;
телетомошабин, радиотингловчини ҳеч қачон алдаманг.
Наргис ҚОСИМОВА тайёрлади.