19

Болаларнинг тасаввурлари унда ижодий қобилиятни ривожлантиради

УЧ ЁШДАН СЎНГ КЕЧ

Масару ИБУКА

 Давоми. Боши ўтган сонларда.

 Болаларнинг тасаввурлари унда ижодий қобилиятни ривожлантиради

 Кўпгина ота-оналар  ўз фарзандларини ижодкор қилиб  тарбиялашни  истайдилар.  Аммо  замонавий таълим тизими бу борада анча самарасиздир. Ижоднинг ўзи нима?Унга  аниқ  таъриф  бериш  қийин.  Бу  —  кашфиётлар  қилиши  мумкин бўлган  тасаввурнинг  эркин  ҳолати,  кучайган  ҳиссиётлардир.  Катталарнинг реал ҳаётидан узоқ бўлган болаларнинг тасаввурлари аслида ижодкорликнинг куртакларидир.  Масалан, болага сиз бирор бир ҳайвон кўринишида  ўйинчоқ совға қилдингиз. У ўзини  ана шу ҳайвон билан таққослаши, у ҳақида бутун бир  ҳикоя  тўқиб  чиқариши  мумкин.  Ёки  бирор-бир  сурат  унинг тасаввурларини шу даржада уйғотиб, турли хил тўқима образларни вужудга келтириши  эҳтимолдан  холи  эмас.  Айтишларича,  Леонардо  да  Винчигўдаклигида хона шифти остида учиб юрган жодугарларни кўрган. Катта одам чойнакнинг  расмини  чизса,  бола  унда  оғзи  очиқ  балиқ  тасвирини  кўради. Фарзандини “бу чойнак, балиқ эмас” деб уришиш хато, бу билан энди куртак ёймоқчи бўлган ижодкорликни йўққа чиқариш мумкин.

Болангизда ички сезгирликни ривожлантиринг

 Биз одамда бешта сезги органи: кўриш, эшитиш, ҳис этиш, таъм ва ҳид билиш борлигини биламиз. Болада эса улар олтида. Охиргиси ички сезги ёки олтинчи туйғудир. У кўпгина  оналарда  бор.  Аксарият  буюк  кашфиётчилар  ўзларининг улкан  билим  ва тажрибалари  билан бирга  ички  туйғуларига  ҳам  таяниб  иш кўришган.

Ички туйғуни шунингдек, “ҳайвонлар сезгиси” деб ҳам аташади. Мен уч ёшгача бўлган бола ҳайвонга яқинлигини айтиб ўтган эдим. У ҳали мантиқий фикрлай  олмайди, асосан, ўзининг инстинктларига таяниб иш кўради. Буни унутмаслик  ва  унинг  инстинктларини  рағбатлантириб  бориш  зарур.  Ички сезги юқорида санаб ўтилган  бешта сезгининг жамланмаси ҳамдир. Шунинг учун  уни  ривожлантириш  келгусида  фарзандингизни  буюк  шахс  бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.

Нотўғри овқатланиш бир умрга ёмон одатларни шакллантиради

 Овқатланиш  муаммолари  эртами-кеч  ҳар  бир  оилада  пайдо  бўлади. Аёлларнинг журналлари болалар тарбиясига йўналтирилган мақолалар билан тўла. Уларнинг аксарияти “Нега болангиз овқатланишдан бош тортади?” деган сарлавҳалар  билан  бошланади.  Шу  ўринда, балки,  овқатланиш  муаммосини келтириб  чиқарувчи  сабабларни  бартараф  этиш  керакдир?  Ёмон  одатларни бартараф  этиш  жуда  ҳам  қийин.  Агар  болани  унинг  истагига  қарши овқатланишга мажбур қилинса, у қайт қилиши ёки  унда  ана шу маҳсулотга нисбатан  бир  умр  салбий  муносабат  шаклланиб  қолиши  мумкин.  Агарда фарзандингизга  ҳар  куни  бир  хил  овқат  берсангиз,  унинг  таъм  билиш  ва фарқлай олиш қобилияти жуда  секин  ривожланади. Бу  шаклланиш  жараёни болада бир ёшдан уч ёшгача бўлган давр оралиғида кечади. Уни фақатгина ит ёки отга ўхшаб фақатгина фойдали нарсалар билангина овқатлантириш керак эмас. Бола овқатдан лаззатланиши керак. Мен болага энг мазали таомларни берган  бўлар  эдим  ва  шу  орқали  унда  овқатга  нисбатан  тўғри  муносабатни шакллантирардим.  Шу  ўринда  турли  хил  зираворларнинг  аҳамияти  жуда катта.  Чунки  улар  болада  турфа  таъмларни  билиш  қобилиятини шакллантиради.

Кун тартиби вақт қадрига етказади

 Ҳаётимиз,  болалигимдан  фарқли  ўлароқ  телевидение  ва  интернет вақтидир.  Замонавий  бола  учун  уларсиз  ҳаётни  тасаввур  этиб  бўлмайди. Телевидение бола ҳаётида соат вазифасини бажаради. Ҳар бир кўрсатув унга вақт  меъёрини  беради.  Эрталабки  кўрсатув  –  отаси  ишга  кетадиган  вақт, кечкиси –  овқатланадиган ва ҳоказо.  Аксарият ҳолатларда гўдаклар фақатгина бугунги  кун  билан  яшайди,  уларда  “кеча”  ва  “эртага”  деган  нарса  йўқ,  деб ҳисобланади.  Икки ярим ёшларда у  ушбу тушунчаларнинг моҳиятини англай бошлайди. Оиладаги кун тартиби, яъни маълум соатларда  овқатланиш, уйқуга ётиш,  уй  юмушларини  бажариш  кун  тартибининг  ишлаб  чиқилишига  асос бўлади.  Бола  учун  ишлаб  чиқилган  кун  тартиби  эса  унда  ижобий кўникмаларнинг  ҳосил  бўлишига,  вақтдан  унумли  фойдаланишига  олиб келади. Аксарият оналар гўдакларини соатга қараб вақтни ажратишга ўргата бошллайдилар. Аммо бу самарасиз машғулот фақатгина асаббузарликка олиб келади. Бола кечки соат саккиз бўлгани учун эмас, балки қоронғи тушгани ва уйқуси келгани учунгина ухлагани ётишини унутманг.

Эрта берилган мусиқавий тария боланинг ташқи кўринишини ўзгартиради

Одамнинг  ташқи  кўриниши  унинг  ирсиятига  боғлиқлиги  аллақачон исботланган. Аммо инсоннинг ҳаёт тарзига қараб унинг ташқи кўриниши ҳам ўзгаришини  барчамиз  кўп  кузатганмиз.  Масалан,  мусиқани  мунтазам эшитадиган  ёки  бирор  бир  мусиқа  асбобида  уни  чалишни  ўрганаётган боланинг  ташқи  кўриниши  албатта  ўзгаради.  Биз  “Эрта  ривожланиш” ассоциациясида  бир  гуруҳ  гўдаклар  ўртасида  тажриба  ўтказдик. Бошланғич босқичда  улар  бир-бирларидан  деярли  фарқ  қилишмасди.  Улардан  бир нечтасини  ажратиб  олиб,  тўрт  ой  давомида  Моцартнинг  “Кичик  тунги серенадаси”ни  мунтазам  эшиттириб  бордик.  Тажриба  охирида  улар  ўз тенгдошларидан  фарқли  ўлароқ,  анча  жонли  ҳаракатланишга  ўтдилар, уларнинг  кўзлари  ёниб  турарди.  Япониянинг  таниқли  мусиқашуноси Маруонинг  фикрича,  “Товушлар  инсонга  жуда  катта  таъсир  кўрсатади.

Бугунги кунда болаларнинг интеллектуал даражаси бундан 100 йил олдинги болаларнинг ақлий салоҳиятига нисбатан анча юқори. Чунки :

1) оналарнинг маданий даражаси ўсган;

2) овқатланиш яхшиланган;

3)болаларнинг  мусиқага  ошнолиги  кучайган. Мусиқашунос  танқидчи мусиқанинг  инсон  юз  ифодасини  ўзгартиришига,  инсоннинг  кўркига  кўрк бағишлашига ишонади.

Шунинг учун ҳам бир ойлик чақалоқ билан фақат гаплашиш эмас, балки унга мунтазам равишда мусиқа эшиттириб бориш ижобий самара беради.

Шеър ёдлаш хотирани кучайтиради

Тажриба мактабимизда  боланинг иқтидорини намоён қилиш учун оддий шеърларни уларга ёдлатамиз. Бундай осон, тез эсда қоладиган шеърлар япон тилида “хайку” деб аталади. Шеър ёдлаш болада олижанобликни тарбиялайди. Аввалига  болалар  кунига  биттадан шеър ёдлашади. Уларга шеърнинг мазмуни тушинтириб  берилади  ва  улардан  уни  ёдлаш  сўралади.  Шу  орқали гўдакларнинг хотираси кучайтирилади.  Бошида  болаларга шеър эсда қолиши учун ўн мароталаб ўқиб берилса, кейинги сафар эса 2-3 маротаба такрорланса,мисралар  уларнинг  хотирасидан  жой  олади.  Гўдаклар  бир  йилда  170тагача хайку ёдлай оладилар. Икки-уч  йилдан сўнг эса болалар бутун бир асарни ёд олиш қобилиятига эга бўлишади. Боланинг хотираси 200тагача шеърни сақлаб қолиш  қобилиятига  эга.  Аммо  хотирани  мунтазам  равишда  машқ  қилдириб турилмаса, у ўз қобилиятини йўқотади.

Фарзандларингизни ўзингиздаги энг яхши нарсалар билан таъминланг

 Қадимий  буюмларни  сотадиган  антикварчи  ўз  шогирдини  олти  ой давомида фақатгина асл санъат асари бўлган буюмлар орасида яшашга мажбур этган.  Мақсади  –  шогирдини  асл  нарсани  қалбакисидан  ажрата  олишга ўргатиш эди. Ушбу усул бола тарбиясида жуда ҳам қўл келади. Агарда унинг тоза  оқ  варақ  сингари  миясида  ҳаётдаги  энг  чиройли  нарсалар  ва  чинакам қимматга  эга бўлган  буюмлар  ўз аксини  топса, гўдак  гўзалликнинг  қадрига етадиган,  қалбаки  нарсалардан  қочадиган,  эзгулик  сари  интиладиган  инсон бўлиб вояга етади. Унда эстетик туйғу шаклланади. Болага  примитив расмларга  эга бўлган китобларни  бериш керак  эмас. Агарда  унинг  ота-онаси  Матис  ёки  Пикассонинг  мухлислари  бўлса  вафарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялашса,  мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо бола ўзига ёққанини танлаб олиши учун унга бошқа асарларни ҳам  кўрсатиб туриш  лозим.  Ҳозир  ота-оналар  болаларини  уларга  фақатгина  поп мусиқасидан  бошқа  мусиқа  ёқмаслиги  учун  уришдилар.  Аммо  уларнинг ўзлари  бунинг олдини олиш учун нима қилишди?  Ахир болалар телевизор ва радиодан  кичиклигиданоқ  шу  мусиқани  эшитишган  ва  эндиликда  уларнинг мияси бошқа мусиқани қабул қилишга ярамай қолган. Болада эстетик дидни шакллантиришнинг  эрта бошланиши,  келажакда  унинг  меҳрибон, интилувчан, гўзаликка ошно инсон  ёки худбин, жиноят содир этишга қодир одам сифатида вояга етишига омил бўлиб хизмат қилади.

 Болага эртароқ қалам беринг

Саккиз ойлигида бола қўлида қалам тута олади. Айнан шу ёшда у китоб йиртади, ўйинчоқларини бузишга ҳаракат қилади.    Шунинг учун ҳам унинг ҳаракатларини  тўғри  йўналтириш  муҳим  аҳамиятга  эга.  Унга  рангли  қалам беринг.  Албатта,  у  ўша  заҳотиёқ  чиза  бошлайди.  Бу  чизиқлар  унинг мустақиликка  қўйган  биринчи  қадамидир.  Онаси  болага  ўргатишга  ҳаракат қилади:  “Қаламни  тўғри  ушла!”,  “Олма  қизил  бўлиши  керак”,  “Китобни йиртма”,  “Қоғозни  ерга  ташлама!”,  “Столга  ёзма!”  ва  ҳоказо.  Гўдак  учун тақиқлар  кўплик  қилмайдими?  Бола  нимани  қўли  билан  бажарса  –  чизса, ўйинчоқларини сочса, қоғозни йиртса – буларнинг ҳаммаси ундаги интеллект ва ижодкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини унутманг.

Нақш ўйиш, ясаш, чизиш боладаги ижодкорликни ривожлантиради

Атрофингизга  қаранг,  боболаримиз  томонидан  асрлар  давомида фойдаланиб келинган лой, қоғоз, тахта бўлаги болалигида улар учун энг яхши ўйинчоқ  бўлган.  Уларга  турли  хил  шакллар  бериш  мумкин.  Бу  эса  болада ижодкорликни  ривожлантирган.  Шунинг  учун  ҳам  болага  идеал  ўйинчоқ беришдан  кўра,  оддийроғини  тақдим  қилиш  мақсадга  мувофиқ.  Унинг тасаввури қўлидаги оддий  ёғоч бўлагини отга, итга ёхуд аждарга айлантиради.Агарда  гўдакнинг  қўлига  лой  ёки  пластилин  берилса,  ундаги ўзгаришларни кузатинг ва сиз болангизнинг тасаввури ва фантазияси  қанчалар бой эканлигига гувоҳ бўласиз.Бир  ёшгача  бўлган  бола  уни  қўлида  фақатгина  эзғилайди  ва  бу жараёндан  завқланади. Унга  ўргангач, лойга  шакл беришга  ҳаракат  қилади. Шаклларни  жуда  ҳам  эрта  ясай  бошлаган  бола  ривожланишда  ўз тенгдошларидан ўзиб кетади. Чунки лойдан нарса ясаш ундаги интеллектуал ва ижодкорликни уйғотишга хизмат қилади.

Болангизнинг чап қўлини ўнг қўли сингари ривожлантиринг

Орангизда  чапақайлар  кўпми?  Кўп  эмас,  тўғрими?  Икки  қўлини  ҳам бирдай ишлата оладиган одамларнинг сони эса анча кам. Момо ҳаво ва Одам Ато ўнақай бўлганми ёки йўқми билмадим-у, аммо инсоният тарихида асосан ўнг  қўлдан  фойдаланиш  одат  бўлиб  қолган,  бу  эса  миянинг  ўнг  томони фаолроқ  ишлашини  таъминлайди.  Ҳаттоки  бизни  ўраб  турган  буюмларни бошқариш  ҳам  ўнг  қўлга  мўлжалланиб  ясалади.  Автомобилни  бошқариш, ошхона жиҳозлари, турли хил ускуналар.  Буларнинг барчасини ишга солиш учун  ўнг  қўлдан  фойдаланишимиз  зарур.  Шунинг  учун  ҳам  ота-оналар  ўз фарзандларини ўнг қўл билан иш қилишга ўргатишади. Японияга  нисбатан  Америкада  чап  ва  ўнг  қўлини  бирдай  ишлата оладиган одамларнинг сони кўпчиликни ташкил этади. Баъзи шифокорлар чап қўлни  ишлатиш  юракка  юк  тушишига  сабаб  бўлади,  деган  фикрни  илгари суришади. Аммо мен чап қўлини ишлатган одамнинг юраги касал бўлганини ҳали  сира  учратмадим.  Одам  чап  қўлини  бемалол  ишлата  олиши  учун болалигиданоқ  уни  машқ  қилдириши  зарур.  Маймунлар  ўнг  ва  чап  қўлни фарқлашмайди  ва  улардан  баравар  фойдаланишади.  Чап  қўлни  ҳам  ўнг  қўл билан  баравар  ишлатиш  миянинг  ўнг  ва  чап  томонининг  бирдек  ишлашига сабаб бўлади.

Наргис ҚОСИМОВА таржимаси.

Улашинг: