91

БУХОРО АМИРИ ҲИСОР ҚАЛЪАСИДА БЎЛГАНМИ?

Тожикистонга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Ҳисор қалъасини кўрмай кетмайди. Ўзбекистонлик  журналистларининг Тожикистонга медиатури давомида мамлакатнинг қадимий дурдонаси бўлмиш Ҳисор қалъасини зиёрат қилиш ҳам насиб этди. Қалъа  шу номдаги посёлкадан 7 км., Душанбе шаҳридан эса 20 км. узоқликда жойлашган. Қалъа билан кўплаб афсоналар ва воқеалар боғлиқ.  Улардан бирига кўра, Афросиёб Ҳисор қалъасини паҳлавон Рустамдан ҳимоя қилиш учун қурган.  Аслида эса у сўнгги пайтда Бухоро амири бекларидан бирининг саройи бўлган. Қалъа деворларининг қалинлиги бир метр бўлиб, унга ҳимояланиш учун дарчалар ўрнатилган.

Ҳисор тарихий-маданий  архитектура қўриқхонаси раҳбари Абдуғани Мирзоқуловнинг айтишича, ўша пайтлари қалъа ичида сув ҳавзалари бўлиб, атрофи боғлар  билан ўралган. Дарвоза олдида эса каттагина бозор бўлган. -Ҳисор номи мазкур ҳудудга 8 асрда берилган, дейди А.Мирзоқулов. — Мазкур  шаҳар Сомонийлар давлатининг деярли маркази бўлиб,  бу ерда ҳаёт қайнаган, кулолчилик темирчилик, савдо-сотиқ ривожланган.  Ҳисор араб босқинчиларигача Шумо деб аталган. Александр Македонский келгунига қадар кичик турар жой сифатида фаолият юритган. Кушон давлати ташкил топгач, Шуман шаҳри (хозирги Ҳисор посёлкаси) кенгая боради. Араблар келгач,  улар Шуман шаҳрига Ҳисор номини беришгач. 200 гектрадан иборат шаҳрга киргач, унинг ичида қалъани кўриб Ҳисор (қалъа) деган номни беришади. 13 асрда муғуллар, 14 асрда темурийлар, 18 асрдан эса Ҳисор беклиги Бухоро амирлигиа қарашли бўлган. 1920 йилда Бухоронинг сўнгги амири Бухородан қочиб, шу ерда қўним топади ва 6 ой яшайди. Большевиклар Ҳисорга яқинлашганида эса барча хотинлари ва бойлигини ташлаб, бир нечта ўзига яқин бўлган беклари ва қалъанинг беки Авлиёқул Қушбеги  билан Афғонистонга қочади ва у ерда 1944 йили вафот этади.

1982 йили бу ерда Ҳисор тарихий-маданий қўриқхона ташкил этилади. Айни пайтда у 22 гектар майдонда, шундан 17 гектарида қалъанинг ўзи жойлашган. Бу ерда олиб борилган қазишмалар натижасида топилган буюмлар унинг ёши 3 минг йилдан ортиқлигини кўрсатади. Айни пайтда  қалъа уч қисмдан иборат. Биринчи қисми арк- Ҳисор хокимининг саройи жойлашган. Бухоро амири қочгач, бу ерда ҳеч ким турмаган ва сарой аста-секин нураб бошлаган. Саройда 25 та хона бўлиб, ҳарам қисмида бекнинг хотинлари, хизматкорлар истиқомат қилишган. Иккинчи қисм Уштурхона деб аталиб, хизматкорлар ва от, туялар учун жойлар бўлган. Учинчи қисми навкархона бўлиб, ХХ асрнинг бошларида 400 га яқин навкарлар шу

 

ерда бўлган.

Хисор қалъасининг асосий дарвозаси 16 асрда қурилган. 1974 йилда у қайта тикланган. Ҳисор қалъасининг 17 та дарвозаси бўлиб, унинг энг қадимгиси 2 минг ёшга эга. Яна бирининг ёши (пойдевори қолган) Х аср билан ўлчанади.

1993 йили Ҳисор расмий равишда шаҳар мақомини олиб, 2005 йилда яна посёлкага айлантирилган.

Қўриқхона ҳудудида 16 асрга тегишли мадраса мавжуд. Унинг ҳудуди 2250 кв.метр бўлиб, ҳозирда музейга айлантирилган.  ХХ асрга қадар бу ерда 150 тагача талаба  диний билимларни ўзлаштиришган. Энг охирги талаба мадрасани 1921 йили тарк этган.  Мадрасани айланар экансиз, икки қаватли ҳужраларда бир пайтлар толибларнинг Қуръон ёки фикх илмини ўрганаётган овозларини эшитгандай бўласиз.

17 асрда қурилган янги мадраса, яъни Мадрасаи нав афсуски бугунги кунгача етиб келмаган.  Ундан фақатгина икки қавати девор қолган, холос. 16-17 асрларда бунёд этилган  Махдум аъзам  мавзолейи  Эски мадраса ёнида жойлашган. Бу ерга елаётган зиёратчиларнинг  кети узилмайди.  Айтишларича, бу ерга  Хужа Мухаммад Хайвоки  дафн этилган. религиозными деятелями.  17-18 асрга тегишли бўлган Карвон сарой Ҳисор мажмуасининг дурдоналаридан биридир. ХХ асргача Карвон сарой колдиклардан иборат ёдгорлик бўлиб, унинг асл ҳолати 1913 йилда суратга олинган фото орқали қайта тикланган.

Ҳисор қалъасининг кириш дарвозаси минораларидан бирида зиндонни кўриш мумкин. Канахона деб аталган ушбу зиндонга қамалган маҳбусларнинг аянчли аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қалъанинг шимол томонига қараб юрар экансиз, бу ерда  грек-юнонлар даврида қурилган ва бугунги кунда қайта тикланган амфитеатрни кўриш мумкин. Ярим доира шаклида қурилган мазкур иншоатда гладиаторлар жанглари бўлиб ўтган бўлса, ажаб эмас.

Қўриқхона ҳудудидан жуда ҳам катта таассуротлар билан Душанбега қайтдик.   Архитектураси, қалъа музейга қўйилган буюмлар, тарихий-маданий қўриқхонага ташрифимиз чоғида бу ерда ўтказилаётган тўйнинг мусиқа садолари яна бир бор барчамизга ўзбек ва тожик халқи асрлар давомида бир тану бир жон бўлиб яшаганлигини гувоҳи бўлдик.

Наргис ҚОСИМОВА