162

ҚИШЛОҚЛАРДА СУВ МУАММОСИ ЕЧИЛАДИМИ?

Сув танқислиги муаммоси мамлакатимиз учун доимо долзарб бўлиб келган. Айниқса сўнгги йилларда Орол фожиаси, глобал иқлим ўзгариши натижасида ёғингарчиликнинг  кам бўлиши мазкур масалага янгича ёндошишни тақозо қилмоқда. Мамлакатимизда 92% чучук суви қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Унинг сарфи жуда юқори бўлиб,  бугунги кунда тежамкор технологиялардан фойдаланмаса Марказий Осиёда сув тақчиллиги билан боғлиқ кўплаб муаммолар келиб чиқиши мумкин ва уларнинг кўпчилиги ҳозир мавжуд: чўлланишнинг кучайиши, сувнинг ифлосланиши, биохилмахилликнинг йўқолиши ва ҳоказо. Қишлоқ ҳудудларида сўғориш ва ичимлик суви муаммоси қачон ечилади? Бугунги кунда мазкур масала Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий хокимиятлар саъй-ҳаракати билан қисман бўлсада ечилмоқда, аммо етарлича эмас. Шу сабабли хорижий сармояларнинг жалб қилиниши муаммони қисман бўлсада бартараф этиш имконини беради. Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» Дастурини амалга ошириб  келинмоқда. Ушбу дастур Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Ўзбекистон ўртасидаги 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида сув ресурсларини бошқаришни қўллаб-қувватлайди ва Европа Иттифоқининг Сув бўйича Доиравий Директивасига таянган холда энг яхши Европа амалиёти қўлланилишини рағбатлантиради. Дастур 2016-2019 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий мақсади иқлим ўзгариши шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳар тамонлама ва барқарор ўсишига ҳисса қўшишдир. Дастур 3 та ўзаро боғлиқ таркибий қисмлардан иборат:

1) 1-компонент. GIZ томонидан амалга оширилиб, сув ҳўжалигини ва ресурсларини мукаммал бошқаришнинг миллий доиравий концепциясини яратишга қаратилган. Шу билан бирга ушбу компонент доирасида умумий қиймати 7 миллион еврога тенг сув ва энергия ресурсларини тежовчи асбоб-ускуналар ва замонавий қишлоқ ҳўжалиги техникалари хариди ҳам кўзда тутилган.

2) 2-компонент. БМТнинг Тараққиёт Дастури томонидан амалга оширилиб, қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш техник салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

3) 3-Компонент. Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегацияси томонидан амалга оширилиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган. Ушбу компонентнинг асосий мақсади сув ресурсларини асраш, сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг стратегик аҳамиятини жамоатчилик томонидан янада чуқурроқ англанишини уйғотишдан иборат. Ҳўш, мазкур муаммо нима учун долзарб? Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Кузатишларга қараганда, 2020 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб ҳозиргидан 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб 12–16 фоизга ошади. Бинобарин, табиатга муносабат, жумладан, сув ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш янада муҳим масалалардан бирига айланади. Сувсизлик муаммоси қишлоқ хўжалигига, қолаверса, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига катта зарар етказиб, шу заминда яшаётган кишиларни жиддий синовларга дучор этиши мумкин.

— Ушбу лойиҳа ирригация тизими ҳавза бошқармалари, сув истеъмолчилари уюшмулари ва фермер хўжаликлари даражасида сув хўжалик ташкилотларининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаш учун мўлжалланган. Барқарор сув хўжаликларини бошқариш ва санитария шароитларини таъминлашга қаратилган Барқарор ривожланиш учун 2030 йилги Дастур мақсадларига ёрдам беради. Бу қуйи даражалардаги сув ресурсларининг интеграциялашган бошқарувини қўллаб-қўвватлаш ва маҳаллий ҳамжамиятнинг сув ресурсларини самарали бошқариш борасидаги иштирокини қўллаб-қўвватлашга орқали амалга ошириш мумкин, деди Ўзбекистонда Европа Иттифоқи  Делегациясининг бўлим бошлиғи Франсуа Бежо.

Дастур Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини қамраб олган бўлиб, Ўзбекистонда Европа Иттифоқи Делегациясининг Фарғона вилоятига уюштирган медиатури жараёнида водийда Дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

“Зармурод-Турғунбой” Сув истеъмолчилари уюшмасининг раҳбари Равшанбек Якубовнинг фикрига кўра, уюшма лойиҳага қўшилгач, анча  ишлар амалга оширилди. Хусусан, СИУ ҳудудидаги 24000 аҳоли, 67 та фермер хўжалиги мавжуд.  Уларнинг 47 таси пахта ва ғалла экишса, 20 таси боғдорчиликка ихтисослашган. Ҳудудда сувнинг сарфини камайтириш ва ундан оқилона фойдаланиш учун фермер хўжаликларида сувни тежаш технологияларидан, яъни томчилатиб, плёнка ташлаб, қарама-қарши сўғориш каби усулларни жорий қилмоқда. Мавжуд аҳволни яхшилаш ва СИУ фаолиятини рағбатлантириш учун ишчиларга 5 та велосипед, битта юк ташувчи мотоцикл берилди. СИУ биноси таъмирланиб, компьютер техникаси билан таъминланди. Ҳудуддга сув келувчи канални таъмирлаб, сувни ўлчовчи гидропостлар қурилди, деди Р.Якубов.

БМТТД лойиҳасининг техник маслаҳатчиси Малика Икромованинг айтишича, лойиҳа қамраб олган ҳудудлардаги фаолият юритаётган СИУларнинг энг аҳволи оғирлари танлаб олинган. Улар лойиҳага қўшилгач, қисқа муддат ичида уларнинг фаолиятида ижобий ўзгаришлар сезилди.  Бундан ташқари, ҳудудда 5 та хўжаликка томчилаб сўғориш технологиялари киритилиб, экиш учун кўчатлар берилди.

Тошлоқ тумани Заркент қишлоғи Янгийўл маҳалласида истиқомат қилувчи Аминжон Дадажонов хонадонини ҳам лойиҳа қамраб олган.

-10 сотих еримиз бор, дейди хондон бекаси Муқаддам Муйдинова. – Бизда ичимлик ва сўғориш суви доимо муаммо бўлиб келган. Экинларни артезан қудуғидан сув ташиб суғорар эдик. Европа Иттифоқи лойиҳаси доирасида хонадонимиз танлаб олиниб, сувни йиғиш қурилмаси ўрнатилди ва 47 туп олма, нок кўчатлари совға қилиниб, уларни томчилатиб сўғориш учун ускуналар билан таъминландик. Қисқа муддатда томорқадан олинаётган ҳосилдорлик ҳам ошди.

Қува тумани Фарғона вилоятининг ўзининг анорлари билан дунёга машҳурдир. Туман қишлоқларини оралаб юрар экансиз, бу ерда ҳар бир қарич ер меҳр билан парвариш қилинганлигини,  боғдорчилик шаклланганлигининг гувоҳи бўласиз.

-Туманимизда 309 та фермер хўжалиги пахта ва ғаллага, 800 таси эса боғдорчиликка ихтисослашган, дейди туман хокимининг ўринбосари Абдували Исохолов. – Туманда 250 минг нафар истиқомат қилиб, уларнинг 80% ичимлик суви билан таъминланган. Албатта сўнгги йиллари  аҳолининг ўсиши, сув ресурсларининг камайиши кузатилмоқда. Бундай шароитда сувни етказиб бериш муаммодир. Шу сабабли аввало аҳолининг сувни тежаш борасидаги билимларини ошириш, экологик маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Биргина томчилатиб сўғориш 35-40% сувни тежайди.

Туманнинг Гулистон қишлоғида истиқомат қилувчи Мажидов Олимжон томорқасига экилган 40 туп мевали дарахтларнинг кўчатлари, сабзавотлар  томчилатиб сўғориш технологиясини қўллаш орқали етиштирилмоқда. О.Мажидов деҳқончилик билан шуғулланиб, сувнинг ҳар бир томиси нақадар қадрли эканлигини жуда яхши билади.

-Тирикчилигим 17 сотих томорқа ва ижрага олинган ерда сабзавот етиштириш билан ўтади.  Хонадонимга сувни йиғиш қурилмаси ва томчилатиб сўғориш учун ускуналар ўрнатилгач, кунига 200-300 литр сув тежала бошланди. Ёзнинг энг иссиқ, сув тақчил кунларида ҳам экинларни сўғориб туриш имкони бўлди, дейди О.Мажидов.

Франсуа Бежо раҳбарлигида амалга оширилган медиатур жараёнида Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делега

Қува тумани Гулистон қишлоғида жойлашган “Мусажон Исмоилов” СИУ 501 та хонадонни ўз ичига олади. СИУ муҳандиси Абдулбек Шералиевнинг айтишича, қишлоқ хонадонлари лойиҳа билан қамраб олингач, қисқа муддатда қишлоқдаги 37 умумий ўрта мактаб, 14-сонли МТМ ва 150 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.  3600 гектар ерга эга бўлган 93 та фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш учун уч километр  узунликка эга бўлган канал суғориш сувининг йўқотилишини олдин олиш учун бетонланмоқда.

-Канал қурилиши жорий йилнинг сентябрь ойида бошланди. 2018 йилнинг декабрь ойида тугатилиши белгиланган, дейди “Улкан инвест хамроҳ” МЧЖ Шаҳобиддин Хасанов. – Канал битса фермерлар бир йилда сарфлайдиган 500 м3  ўрнига 200 м3  сув сарфланади ва бебаҳо обиҳаётнинг60% тежалади. Бундан ташқари шу пайтгача 20 та фермер хўжалиги шу каналдан сув ичаётган бўлса, таъмирлаш битгач, сувнинг сарфи камайиши ҳисобига яна 5 та фермер хўжалиги суғориш сувига эга бўлади.

Албатта лойиҳа қамраб олинган ҳудудларда сувни тежаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Аммо лойиҳа 2019 йилда тугагач, бошланган ишар амалга ошадими?

-Мен Фарғона вилоятида олдинга интилган одамларни кўрдим. Хонадонларда бўлиш чоғида уларнинг қўшнилари жорий этилаётган технологияларни кўриб, ўзларида ҳам жорий этаётганларини айтишди. Бу жуда қувонарли ҳолат. Чунки бу лойиҳанинг барқарорлигини таъминлайди.

Демак, лойиҳа натижаларига кўра мамлакатмизнинг Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм ҳудудларида Ирригация тизими хавза бошқармаси, Ирригация  тизими бошқармаси ва 7 та Сув истеъмолчилари уюшмаларининг моддий-техника базаси уларнинг транспорт воситалари ва портатив сув ўлчаш асбоблари орқали мустаҳкамланади. Уларнинг бинолари таъмирланиб, янги мебель ва компьютер техникаси билан жиҳозланади. 7 та СИУга қарашли 9 та канал ва 2 та ирригация тизими бошқармалари қайта таъмирланиб,  гидротехник сув дарвозалари янгиланади. Сув ресурсларини самарали ва барқарор бошқаришга имкон берувчи сув хўжалигини бошқариш, гидрометрия ва метрология, йирик иншоатлар ва сув омборлари, ирригация ва мелиорация, сув насослари ва энергия тежаш соҳасида 2500 сув хўжалиги мутахассислари янги билимларга эга бўлиб,  уларнинг амалий кўникмалари оширилади.

Сувни тежаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Айнан ҳар бир одамнинг бу борадаги ҳаракати, яъни сувни тежашда, уни ифлослантиришни олдини олишда, экологик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги фаолияти муаммони ҳал этишга ёрдам бериб, фарзандларимизга фаровон ва экологик жиҳатдан тоза дунёни қолдиришга имкон яратади.

Наргис ҚОСИМОВА