100

ОНЛАЙН ЖУРНАЛИСТИКАДА КАСБИЙ АХЛОҚНИНГ ҚОНУНИЙ ВА АМАЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Бугунги кунда республикамизда ҳар бир фуқаро, оммавий ахборот воситалари  ходимлари ва журналистларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар яратган асарларнинг дахлсизлигини таъминлаш ва эркин фаолият кўрсатишлари билан боғлиқ йўналишда изчил давлат сиёсати олиб борилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда журналистика соҳасида эришилган ютуқлар қаторида журналистлик ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Оммавий ахборот воситалари фаолияти  бевосита конституциявий, халқаро ҳуқуқий ва тегишли қонунчилик асослари орқали мувофиқлаштирилади.

Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг халқаро ҳуқуқий асослари сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар билан ахборот сиёсатига доир тузган битим ва шартномаларини келтириш мумкин. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ахборотни излаш, олиш, тарқатиш жараёнлари ва ОАВ фаолиятини бевосита ёки билвосита тартибга солувчи дастлабки нормалар ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида: “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”, — дейилади.

Мазкур масала Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда янада аниқроқ баён этилган. Чунки, ахборотларни бундай тартибда излаш, олиш, тарқатиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳоли саломатлиги каби қонуний муҳофазадаги субъектларга дахл қилмаслиги лозим. Шу нуқтаи назардан мазкур ҳолат Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасида қуйидагича ўз аксини топган: “Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ… турли ахборот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади”. Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш ўз ўрнида журналист зиммасига алоҳида мажбурият ва масъулият юклайди. Бу ҳолат табиийки, айрим чеклашлар билан боғлиқ, яъни,

а) шахсларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятига дахл қилмаслик  ва ҳ.к.

Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – мамлакатимизнинг асосий қонуни ҳисобланади. Яъни бошқа барча қонунларимиз Конституция асосида қабул қилинади ва унга зид келмаслиги шарт. Демак, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда ҳам ана шу тамойил асос бўлиб хизмат қилади.

Бош қомусимизда ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқи ва ОАВ фаолиятининг Конституциявий асослари ўз аксини топган. Жумладан, Конституциямизнинг алоҳида боби, яъни 15-боб  “Оммавий ахборот воситалари” деб аталади. Мазкур  бобда келтирилган 67-моддада: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.  Цензурага йўл қўйилмайди”,   деб ёзилган[1].

Сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи Конституциямизнинг 29-моддасида аниқ белгилаб қўйилган: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.  Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ  ва манфаатларига дахлдор бўлган маълумотлар билан танишиш имконияти эса 30-моддада ўз аксини топган: “Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим”.

Конституцияда белгиланган бу ҳуқуқлар “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунларда ҳам ўз аксини топган. Биринчисида журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган, шунингдек, журналистга ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар берилиши ҳам кўрсатилган бўлса, иккинчи қонунда фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш  баён этилади.

Тадқиқотимиз доирасида  “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда кўрсатилаган “Журналист хуқуқлари[2]” ни санаб ўтар эканмиз, унинг ахборотни  йиғиш, таҳлил этиш ва тарқатиш ҳуқуқи билан биргаликда  журналист суриштирувини ўтказиш, турли ҳужжатлардан фойдаланиш, материалларда ўз фикрини баён этиш каби ҳуқуқлар ҳам борлиги қайд этилади. Аммо тадқиқот  мавзусидан келиб чиққан ҳолда, бизни кўпроқ унинг мажбуриятлари қизиқтиради, зеро журналист фаолиятининг аҳлоқий тамойиллари кўп жиҳатдан  айнан шунга боғлиқдир.

Демак, журналист ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш жараёнида “қонунчилик ва халқаро шартномалар қоидаларига риоя этиши, объектив ахборотни тарқатиши, айбсизлик призумпцияси тамойилига риоя этиши, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши лозим. Шунингдек, журналист шахсий манфаати йўлида  профессионал информациядан фойдаланиши, жисмоний шахснинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши, муаллиф рухсатисиз аудио ва видео ахборотни эълон  қилмаслиги зарур”[3].

Шунингдек, журналист ўз фаолияти мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Фуқаролик – процессуал, Жиноят, Жиноят – процессуал, Жиноят – ижроия, Хўжалик – процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари меъёрларига кўра иш юритиши мумкин.

Журналист  инсоний мезонларга ҳурмат назари билан қараб, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати, эътиқоди ёки шахсий ҳаётлари билан боғлиқ масалаларга путур етказмасликлари, давлат сири, шунингдек, қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга дахл қилмасликлари лозим.

Фуқаролик кодекси ва бир қатор қонунларда шахсий-номулкий ва мулкий ҳуқуқлар доираси, инсон шаъни ва қадр-қиммати тушунчаси, тижорат сирлари каби масалаларга аниқ таърифлар берилган. Фуқаролик кодексида конфедициал ахборотлар, тижорат сири, ишчанлик обрўси ёки шахсий сирларга путур етказувчи ахборотларни тарқатмаслик борасида чекловлар мавжуд. Ҳар қандай журналист ўз фаолиятини амалга оширар экан, у албатта қонун билан қўриқланадиган мазкур ҳуқуқ ва эркинликларга путур етказмаслиги лозим.

Кейинги йилларда мамлакатимизда журналистларнинг ҳуқуқий мақомини кенгайтириш, ваколатини янада ошириш, муассислар билан таҳририятлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришлар фикримизнинг далилидир.

Pegion.uz агентлиги порталида журналистикахлоқ тамойиллари. Интернетга биринчилардан бўлиб босма оммавий ахборот воситалари интилади. Тармоқнинг имкониятлари йирик ахборот агентликлари ва хизматларининг назаридан четда қолмайди. Негаки интернетга чиқиш нафақат янги профессионал даражага кўтарилиш, балки дунёнинг турли бурчакларидаги ўқувчиларга етиб бориш демакдир. Матбуотдан сўнг интернетда фаол ишлаётган ахборот воситалари сафида ахборот агентликлари биринчи ўринга чиқиб олди. Зеро ахборотни ўқувчига тез ва осон етказиш ва бошқа ОАВларга тарқатишнинг энг қулай усуслига айланди. Интернетда бугунги кунда Ўзбекистон миқёсида ўнга яқин ахборот агентлиги фаолият юритиб келмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, интернетнинг ОАВ сифатидаги бир қанча ўзига хос жиҳатлари мавжуд бўлиб, булар:

— тармоқнинг глобал миқёсга эга экани;

— маълумотлар узатишдаги тезкорлик;

— иш жараёнининг марказлаштирилмагани;

— ҳамма учун очиқлиги;

— фойдаланувчи томонидан назорат қилиниши;

— иқтисодий жиҳатдан қулайлиги.

Айнан мазкур хусусиятлар интернетдан фойдаланувчилар сонининг йилдан-йилга ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Кези келганда замонавий журналистикада аудиторияга таъсир этиш усуллари ҳақида гап кетар экан, мулоқот кўникмаларини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтиш керак. Чунки ҳар куни турли касб, турли ёшдаги, турлича дунёқарашга эга бўлган одамлар билан мулоқот қилиш жараёнида журналистнинг касбий малакаси ва психологик қарашлари ўзгариб, бойиб боради. Бугунги кунда журналистика аудиторияга таъсир кўрсатиш орқали жамиятни бошқараяпти, деб ҳам айта оламиз. Бу эса ўз ўрнида  журналист зиммасига улкан масъулият юклаши табиий.

Онлайн тизимда ижод қилаётган журналист материал тайёрлаш жараёнида, айниқса, интервью олиш пайтида асосий эътиборни суҳбатдошига қаратиб, унинг руҳий ҳолатини диққат билан кузатиб бориши лозим. Афсуски, айрим ҳолларда журналистларда ўзига юқори баҳо бериш — эгоизм ҳолатлари кузатилади. Буларнинг барчаси аудиторияга таъсирнинг салбий кўринишига олиб келиши мумкин.

Бугунги кунда  интернет тизимида фаолият кўрсатаётган нашрлар, асосан ёшлар диққат-эътиборини тортаётгани сабабли ҳам, жамиятдаги турлича фикрлайдиган, ҳар хил қарашларга эга бўлган кишиларнинг индивидуал онгини интеграциялаш вазифасини ҳам бажармоқда. Чунки кундалик турмуш даражасида янгича онг ва қарашларни шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири сифатида ижтимоий-иқтисодий талаблар ва қизиқишлар кун тартибида туради. Бошқача айтганда, ёшларни жамиятимиз ҳаётида юз бераётган воқеа ва ҳодисалар билан биргаликда ўзларини қизиқтираётган масалалар, иқтисодчиларни шу йўналишдаги давлат сиёсати, табиат муҳофазачиларини эса кишиларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабати кўпроқ қизиқтиради,  ташвишга солади ва ҳоказо.

ОАВда эълон қилинган материалларнинг самарасини баҳолашнинг ўзига хос мезони бўлиб у оммавий аудитория, жамоатчилик онгида, ҳиссий туйғуларида, интилишларида, билимларида, дунёқарашида рўй берган ўзгаришлар даражасига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан онлайн тизимида фаолият олиб бораётган нашрлар ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидан четда қолишлари мумкин эмас. Табиийки, давр кўзгуси бўлган ОАВнинг биринчи галдаги вазифаси — мамлакатимиз ва жамиятда юз бераётган жараёнларни ўз вақтида, холис, шу жумладан танқидий ёритиб, улардан аҳолини ўз вақтида бохабар этиб боришдир. ОАВнинг жамият тараққиётидаги бу муҳим ўрни бошқа соҳалар қатори ахборот ва телекоммуникация соҳасида ҳам ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этади ва айни пайтда бу янгиланишлар олиб борилмоқда, миллий ахборот муҳити шаклланмоқда ва бу муҳитда бозор муносабатлари қарор топмоқда. Энг муҳими, энди ўқувчи учун танлаб ўқиш имконияти кенгайди. Бу эса нашрларда фаолият юритиб келаётган журналистлар фаолиятининг аҳлоқий жиҳатларига ҳам назар ташлашни тақозо этди.

Дилрабо Сайдуллаева,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети магистранти