35

ХОНАБОД ЯНА ОБОД

Йиллар давомида «ёпиқ» аҳоли пункти номини олган Хонабод шаҳарчаси бугунги кунда нафақат юртдошлармиз, балки хорижий сайёҳларни ҳам эътиборини тортаётган масканга айланмоқда. Андижон вилоятининг энг чекка шарқий нуқтаси, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси яқинида жойлашган Хонабод шаҳарчаси ўзининг тоза ҳавоси, яшиликка бурканган адирлари, гўзал табиати билан доимо эътиборда бўлиб келган эди. Шаҳарчанинг қачон ташкил топгани ҳақида бирор бир маълумот йўқ. Аммо турли хил ривоят ва афсоналарга кўра, Хонтахт  деб ҳам аталган. Айтишларича шикордан қайтаётган хон баҳаво қишлоққа дам олиш учун тўхтайди. Ҳавонинг тозалигидан дили йраган хон Хонабоднинг кайфиятни кўтарувчи шамолини сотиб олишга қарор қилишади. Маҳаллий аҳоли хоннинг ғалати истагининг устидан кулиб, уни 200 тангага сотишади.  Орадан маълум вақт ўтгач, шолини шамолда қуритиш пайти келганида хондан вакил келиб, унинг хусусий шамолидан фойдаланишаётгани учун деҳқонлардан ҳақ талаб қилади. Охир оқибат хонабодликлар хондан шамолни 500 тангага қатиб сотиб олишга мажбур бўлишади. Фозиломон ота  булоғи ўзининг минерал таркибига кўра кўпгина дардга даъводир ва бугун булоқ сувини  Ўзбек-Россия “МАСК” қўшма корхонаси қадоқлаб сотмоқда. Хонабод қишлоғи 1972 йил 3 май куни шаҳарча мақомини олди.
Аммо “ёпиқ” йиллари Хонабод инфратузилмаси бироз орқага кетди. Ишсизлик сабабали асосан ёшлар  ўртасида  хорижий мамлакатларга иш қидириб кетиш ҳолатлари кучайди. Аммо сўнгги йилларда вазият кескин ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2019 йилларда Андижон вилояти Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ги 2017 йил 28 июлдаги 557-сонли қарори қабул қилиниб, унда асосан умумий қиймати 194,9 млрд.сўмлик 118 та лойиҳалар амалга оширилиши ва 2336 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган эди.

-Мазкур дастур доирасида  2017 йил ва 2018 йилнинг январь-апрель ойларида жами 92 та лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, натижада 42,8 млрд.сўм инвестициялар, шундан 24,6 млрд.сўм ўз маблағлари, 6,7 млрд.сўм банк кредити ўзлаштирилди ва 1008 та иш ўринлари яратилди, деди биз билан суҳбатда Хонабод шаҳри хокимияти ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Нилуфар Юнусалиева. -2017 йили Хонабодга Президентимиз Ш.Мирзиёев ташрифи чоғида унда туризм соҳасини ривожлантириш ва шаҳарга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун маданий хордиқ чиқариш ва шу билан бирга фуқароларни ёзги таътил мавсумини ҳамда дам олиш кунларини мазмунли ўтказишни таъминлаш борасида ишлар қилиниши лозимлигини қайд этган эди.  Қисқа муддат ичида шаҳарчада  «Elegant innovation» МЧЖ  томонидан 680,0 млн.сўм инвестиция маблағлари ҳисобидан  1,5 га ер майдонида  «Чанғи учиш» комплекси ташкил этилди.  8,0 га ер майдонида 800,0 миллион сўмлик «Чўмилиш хавзаси»  қурилмоқда. Якка тадбиркор Собиров Махмудхон томонидан эса 80,0 млн.сўмлик маблағ эвасига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 100 та замонавий кўринишдаги велосипедлар олиб келинди.

-Шаҳарчамиз қисқа муддатда танимас даражада ўзгариб кетди, дейди Мулдошева Тожихон ая. — Ҳозир қарияларга анчагина эътибор қаратилиб, барча шароитлар мавжудлигидан хурсанд бўлиб яшаяпмиз. Чироқ бир йилдан буён бирор маротаба учгани йўқ. Газ ва ичимлик суви билан таъминланганмиз.

Шаҳарча ҳудудида 14 та маҳалла жойлашган. Улардан энг йириги Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, унда 900 нафардан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилишади. Хонабодликларнинг аксарит қисми якка тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишади. Биргина Фурқат номли маҳаллада ўз маҳсулотларини бутун республикамиз ва қўшни Қирғизистонга сотаётган ҳунармандларни кўплаб учратиш мумкин. Андижон дўппилари, белбоғ, “майсабеқасам” чопон, бешикларнинг харидорлари кўп.

“Анҳор” маҳалласида Болиевлар оиласини барча ҳурмат қилади. Болиевлар сулоласи қадимда толдан шохларидан турли уй-рўзғор буюмлари ясашади. Оила бошлиғи Абдуллажон Болиевнинг отаси Неъматжон ота бу ҳунарни ўз ўғилларига ўргатган эди. Энди  сулола удумини унинг энг кенжа вакили Донирбек Неъматжонов даъвом эттирмоқда.

-Мен 10 йилдан буён дўппи тикаман, дейди Гулбадан Алижонова. Аввалига банкдан 3 млн. сўмлик кредит олган эдим. Даромаддан иссиқхона қуриб, ҳозир оилавий гулчилик билан ҳам шуғулланаяпмиз. Худога шукр, меҳнат қилган, ҳеч қачон хор бўлмайди.

Хонабод шаҳрининг асосий объектларига Республика вазирлик, идорлар бириктирилган бўлиб, уларга жами 88,2 млрд.сўм маблағлар сарфланди.

Шунингдек, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан “Хонобод санаторияси”да қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бормоқда. Ҳозирда  73,0 млрд.сўм маблағ сарфланиб, 85% ишлар якунланган. “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ободонлаштириш ишлари қилинмоқда, 16 минг дона манзарали кўчатлар ўтказилди. Ҳозирда объектда қурилиш-монтаж ишларида 120 нафар ишчилар ишламоқда. Даволаниш маскани 180 ўринга мослашган бўлиб, 130 нафар янги ишчи ўринлари яратилади.

“Гулистон” АЖ мутахассиси Ғайрат Сувоновнинг айтишича,  Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғи — «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти томонидан 2018 йил 12 январь кунидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги   “2017-2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 557-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзпахтаёғ” АЖ  корхоналари томонидан пўлат арқонли йўлнинг бошланғич бекати биносини худудини ободонлаштириш ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш, бошланғич бекати биносини ва чархпалакни, истироҳат боғи маъмурий биносини, хиёбон қуриш майдончаси ён атрофини ободонлаштириш ва капитал таъмирлаш, замонавий рақс майдончасини қуриш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.  Юқори охирги станцияси биноси ёнида айвонлар ва хожатхоналар, замонавий рақс майдончаси қуриш ва жихозлаш ишлари, стелла ёдгорлиги хайкалини ва 1,5 км зинани таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш ишлари якунланди. Манзарали кўчатлар ўтказиш мақсадида жами 12 гектар ер майдони бўлиб, ҳозирга қадар 1500 туп  манзарали арча кўчатлари ўтказилди ва янги  чархпалак ўрнатиш жойига қатлаван қазиш ва музқаймоқ сотиш дўкони қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу объектларда  корхоналар томонидан 3 278 327 090 сўм маблағ сарфланди.

— Боғимиз 45 гектардан иборат,  80 турдан ошиқ дарахтлар бориб, бу йилнинг ўзида 60 минг дона кўчат экилди. Боғнинг ичидаги дам олиш масканлари, ўйингоҳлар дерли таъмирдан чиқарилди, дейди  Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғи директори Хабибулло Мамадалиев. — Бир кунда бо-да  10 минг одам дам олиши режалаштирилмоқда.

Андижон қишлоқ хўжалиги институти битирувчиси Тўланбоев Муҳаммадиброҳим тенгқурларининг хорижга иш қидириб кетишларини нотўғри  деб ҳисоблайди. Унинг фикрича,  ҳар бир инсон аввало ўзи тўғилиб ўсган юрт ободлигига ҳисса қўшиши, бирданига катта пулни орқасидан қувмай, борига шукр қилиб яшашни ўрганиши, ўз устида ишлаб, маҳоратини ошириши лозим, деб ҳисоблайди.

“Тонг юлдузи” маҳалласида истиқомат қилувчи 23 ёшли   Шорасул Азимов  шаҳарчага бугунги кунда  берилаётган эътибордан хурсанд. -Президентимиз 2017 йилдаги ташрифи натижасида шаҳарга эътибор кучайди, дейди у. Аммо мутассадиларнинг айнан шаҳар атрофидаги  чўмилиш сув ҳавзаларига эътибори қаратилса, кўпроқ сайёҳлар келар ва албатта хонабодликларнинг даромадлари ҳам ошар эди.

Шаҳардаги  автомобиль ва ички йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари  2018 йил якунига қадар якунланади, бу эса ўз навбатида ушбу йўлларда қатновни 3 баробарга ошириш ва аҳолини хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Хонобод шаҳрида жойлашган  Боғи-баланд массивидаги манзарали дарахтлар экилиши хамда дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган бўлиб,  Хозирда вилоятдаги туманлар хокимлигига, корхона ва ташкилотлар томонидан “Арча туя”, “Арча можавелник”,“Каштан” , “Дуб” ва “Крим соснаси”каби манзарали дарахтлар,   жами 11460 дарахтлар ва кўчатлар экилди.

-Истиқлол МФЙ ҳудудига қарашли адирлик қисмларда  557-сонли қарорида кўра дала ховли курилиши белгиланган. Шунга кўра фуқаролар аризаси асосида     41 нафар фуқарога 0,04 гадан  жами 1,64 га ер майдони ажратилди. Жами  200 та дала ховли қурилиши режалаштирилган. Тасдиқланган лойиҳа асосида 5 та замонавий кўринишда дала ховли лойиҳалар ишлаб чиқилиб,  Шунингдек махаллий ахолиги ёнғоқ, бодом, унаби, писта, узум каби мевали дарахтлар экиш учун 57 нафар фуқароларга 25 га ер майдони ажратиб берилди, дейди Хонабод шаҳри хокимияти ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Нилуфар Юнусалиева.- 2017 йилда шаҳридаги мавжуд кўп қаватли уй-жойларларни барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан мақсадида чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Туризмни ривожлантириш борасида маҳаллий қадриятларга мувофиқ ишлар амалга оширилиши қувонарли ҳол. Истиқлол МФЙ Хонтоғ ҳудудида якка твдбиркор “Абжамилова Эркиной” томонидан 400,0 млн.сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 0,1 га ер майдонида “Қирғиз Ўзбек дўстлиги туризими” ни ривожлантириш учун Қирғиз уйи Ўтов дам олиш маскани ташкил этиш ва 10 нафар ишчи ўринлари яратиш борасида иш олиб борилмоқда. “Ўзбекистон Швейцрияси”номини олган Хонабод тез кунларда мамлакатимизнинг энг сайёҳатбоп гўшаларидан бирига айланиши шубҳасиз. Бундан шаҳарликлар ҳам хурсанд. Зеро, шаҳарчанинг ободлиги, янги иш ўринларнинг яратилиши хонабодликларни иш қидириб, ўзга юрларда сарсон-саргардон бўлишининг олдини олади,  ўз билими ва  маҳоратини Хонабоднинг янада обод бўлишига сарфлашади.

Наргис ҚОСИМОВА