2 154

Интернет-нашрлар бесоқолбозликни «тарғиб» қилиб, фоҳишабозлик ортидан кун кўряптими?

Журналистика кун сайин ривожланиб, ОАВлар сони ортиб, интернет-журналистикасига бўлган қизиқиш кучайгани сайин ундаги муаммо ва камчилик сув юзига чиқмоқда. “QALAMPIR.UZ” раҳбари Қамариддин Шайховнинг ўқувчиларга нотаниш бўлган ушбу муаммолар ҳақидаги таҳлилий мақоласи ЎзАда чоп этилди.

Интернет-нашрлар бесоқолбозликни «тарғиб» қилиб, фоҳишабозлик ортидан кун кўряптими?

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам интернет-нашрлар ахборот етказувчи асосий майдон вазифасини ўтамоқда. Одамларнинг қисқа, лўнда, тезкор ва эксклюзив ахборотларга бўлган талаби кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан у ёки бу нашрнинг оммалашувига сабаб бўлмоқда.

UZ доменидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 12 253 тадан ортиқ веб-сайт фаолият юритаётган бўлса, улардан 450 дан ортиғи Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган. Мазкур сайтларнинг кучли бешталигини “DARYO.UZ”, “KUN.UZ”, “QALAMPIR.UZ”, “GAZETA.UZ”, “PODROBNO.UZ” сайтлари банд этмоқда. Гап сайтларнинг рейтинги масаласига бориб тақалар экан, бу рейтинг улар бераётган шов-шувли, эксклюзив, одамларнинг эътиборини тортадиган ҳар қандай кўринишдаги материалларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айни шу борада сўз кетганда, интернет-журналистикада этика масалалари не чоғлик оғир аҳволга тушиб қолганини кўриш мумкин. Бу эса сунъий рейтингнинг ортидан қувиш оқибатидир.

Журналист этикаси тамойиллари, унинг ахлоқ-одоби меъёрлари илк бор 1954 йил 25-28 апрелда Бордо шаҳрида ўтган Халқаро журналистлар федерациясининг II Жаҳон Конгрессида қабул қилинган “Журналист фаолияти принциплари Декларацияси”да қайд қилинган. Бу ҳужжатга Халқаро журналистлар федерациясининг 1986 йил 2-6 июнда Хельсинкида ўтган XVIII Умумжаҳон Конференциясида бир қатор ўзгартишлар киритилган. Унда қуйидаги бош тамойиллар (принциплар) баён этилади: “Ҳақиқатни барча ҳурмат қилиши лозим, жамиятнинг ана шу ҳақиқатни билишга бўлган ҳуқуқи – муқаддасдир, ахборотни холисона тўплаш ва уни ОАВда чоп этишда эркинлик принциплари қўлланилиши даркор. Журналистнинг холисона шарҳ қилиш ҳуқуқи, танқид қилиш ҳуқуқи, касбий сирини сақлаш ҳуқуқи, ахборот манбаини ошкор қилмаслик ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлари мавжуддир”.

Ҳужжатда келтирилган қоидаларнинг айримлари Ўзбекистонда қабул қилинган ОАВга доир қонунларда ҳам ўз ифодасини топган.

Интернет-нашрлар Ўзбекистон анъанавий журналистикасида янги даврни бошлаб берди. Платформалар журналистларига қўйилаётган талаблар газета ва журналлар, радио ва телевидение талабларидан юқори. Боиси, ходим бир вақтнинг ўзида ҳам журналист, ҳам фотомухбир, ҳам сайт администратори вазифаларини бажариши керак. Шу сабаб ҳам Ўзбекистонда кенг қамровли, кўп қиррали, тезкор журналист кадрларга эҳтиёж катта.

Соҳада профессионал бўлмаган, журналистика амалиётидан хабардор, аммо назариясини ўрганмаганлар жуда кўп. Ачинарлиси шундаки, интернетда ишлаётган ҳамма – блогер, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар администратори, таржимон, “фрилансер”, репортёр, “копирайтер”лар бир ном билан аталади – журналист! Шу сабабдан ҳам фан назариясини ўрганиш, журналистиканинг моҳиятини тушуниш, унинг мақсад ва вазифаларини тўлиқ англаб етиш унчалик муҳим бўлмай қолган. Асосий ғоя – хабар етказиш, танқид ва таҳлил қилиш. Бунинг учун керак бўладиган билим, савия, маҳорат, ҳаётий тажриба кўпинча иккинчи даражага тушиб қоляптики, баъзан берилаётган хабарлар на умуминсоний, на миллий қадриятларга мос келади.

Шу ўринда Ўзбекистондаги интернет-нашрларда учраётган журналистик этикага зид бўлган асосий ҳолатларга тўхталсак:

Биринчидан, журналистларнинг бир ахборот манбасига таяниб хулоса чиқариши, ахборот манбасини, хабарда келтирилган факт ва маълумотларни текширмай уни ўз нашрида эълон қилиши кузатилмоқда.

Бунга мисол тариқасида “KUN.UZ” нашрида узатилган хабарни келтириш мумкин. Нашр 22 ноябрь куни соат 17:35 да “Таниқли актёр ва режиссёр Шуҳрат Нуралиев вафот этди” номли хабарни чоп этди. Ахборот яшин тезлигида маҳаллий ҳамда хорижий ОАВларга тарқалди. “QALAMPIR.UZ”да чоп этилган “Шуҳрат Нуралиев тирик, у шифохонанинг жонлантириш бўлимида” номли мақоладаги кескин танқиддан сўнг, шу куни соат 18:43 да “KUN.UZ”да “Тузатиш. Шуҳрат Нуралиев ҳаёт, лекин чуқур кома ҳолатида” номли мақола чоп этилди. Бироқ бир соатдан ошиқ вақт давомида Шуҳрат Нуралиевнинг вафот этгани ҳақидаги ёлғон хабар бутун республикага тарқаб улгурган эди.

Иккинчидан, айрим интернет-нашрлар, жумладан уларда фаолият юритаётган таржимонлар, “копирайтер”лар муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаслиги ҳам учрамоқда. Хусусан, “UZNEWS.UZ” интернет-нашрида 14:45 да чоп этилган “Водитель маршрутки, чуть не сбивший детей, оштрафован” номли мақола ҳеч қандай манба кўрсатилмасдан “QALAMPIR.UZ”нинг 2017 йил 29 ноябрь куни соат 17:35 да сайтга жойлаштирилган “Видео: Ойбек ва Нигора болаларни уриб юборай деган маршрут ортидан тушди” ва 2017 йил 2 декабь куни соат 15:55 да чоп этилган “Ойбек ва Нигора аниқлаган қоидабузар ҳайдовчи ЙҲХБ томонидан топилиб, жаримага тортилди” номли мақоласидан плагиат қилинган. Ушбу мақола “QALAMPIR.UZ”нинг муаллифлик материали бўлиб, ҳатто, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “QALAMPIR.UZ” келтирган фактлар орқали ЙТҲ келиб чиқишига сабаб бўлган йўналишли таксини топишга муваффақ бўлганини расмий сайтида ёзган.

21 декабрь куни муаллиф Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Ислом Каримовнинг жасорати: У халқаро аҳамиятга лойиқ тадбирда Асқар Ақаевни танқид қилганди” номли мақоласи “QALAMPIR.UZ”да эълон қилинган эди. Ушбу мақолани муаллиф сайтга жойлаштириш таклифи билан чиққанидан сўнг, биз мақола саҳифага жойлаштирилгач, унга Ислом Каримов юбилейига бағишлаб ташкил этилган мақолалар танловида иштирок этиш таклифини билдирдик. Ва мақолага сайтимиз номидан расмий хат, бошқа ҳужжатлар илова қилиниб, танлов ҳайъатига юборилди.

2017 йилнинг 29 декабрь куни “XABAR.UZ” ва “TAFSILOT.UZ” сайтларида худди шу мақола (бизда мақоланинг айрим қисмлари таҳрир қилинган эди) “Йигирма икки йиллик сир: Ислом Каримов манасшуносликда кенг тарқалган қандай хатони танқид қилганди?” номи билан берилди. Иккисида ҳам “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бузилиб, манба кўрсатилмади.

2006 йилда “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлса-да, интернет-нашрларда фаолият юритаётган кўплаб “муаллифлар” бу каби ОАВга оид қонунчиликдан бехабар ва уни мунтазам бузиб келяпти.

Учинчидан, фаолиятдан шахсий мақсадда фойдаланиш, сохта обрў орттиришга мойиллик кўзга ташланмоқда. Мисолларга мурожаат этсак: яқиндагина “KUN.UZ” интернет нашрида “Шаҳрихондаги оила бошлиғи пахтага кетганида уй ёниб кетди. Энди унга кўмак керак” номли мақола чоп этилди. Шу ўринда савол туғилади: уйнинг ёниб кетишига оила бошлиғи пахтага кетишининг нима алоқаси бор? Пахта теримини бу йўсинда жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга сабабчи, айбдор сифатида кўрсатиб, дастак қилиб олиш журналист этикасининг бузилишининг яққол исботи эмасми? Боиси агар ўша уйнинг электр тизимида ёнғин чиқиши мумкин бўлган носозлик ёки ёнғинни келтириб чиқарадиган бошқа сабаблар бўлса, оила бошлиғи пахта ёки бозорга кетадими уй барибир ёнади. Демакки, шундоқ ҳам камчилик сифатида кўрилаётган ҳолатларга бу йўсинда яна бир бор эътибор қаратиб, одамларда нафрат туйғусини уйғотиш журналистнинг нопрофессионаллигидан далолат.

Тўртинчидан, қонунларда ёзилмаган миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одатларга беписанд қараш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Халқимизда “гапирсанг бети, урсанг эти қотади” деган гап бор. Жамиятда шундай иллатлар учраб турадики, баъзан булар ҳақида гапириб, халқнинг асрлар оша улуғланиб келган маънавиятини бузгандан, гапирмай сукут сақлаган маъқул. Сўнгги вақтларда ОАВда, айниқса, интернет-нашрларда фоҳишахоналар ва фоҳишаларнинг қўлга олинаётгани билан боғлиқ хабарлар кенг тарқалмоқда. Ҳар куни у ёки бу интернет-нашрида шундай хабарга кўзингиз тушади. Биргина “QALAMPIR.UZ” сайтида фоҳишахона сақлашга оид 29 та материал чоп этилган бўлиб, бу ҳақдаги илк хабар 2017 йилнинг 3 март куни сайтга жойлаштирилган. Илк хабарни 21 мингдан ортиқ фойдаланувчи ўқиган. Шу мазмундаги охирги хабар 2017 йил 9 декабрь куни жойлаштирилди. Уни 4500 дан ортиқ фойдаланувчи ўқиган. Ўртадаги тафовутга эътибор қаратилса, шу мавзудаги биринчи ва охирги хабар ўртасида 17 мингга яқин фойдаланувчи бор. Демак, 17 минг киши учун бу мазмундаги хабарлар қизиқ бўлмай қолди, бошқача қилиб айтганда, бу мазмундаги ахборотлар кишиларнинг меъдасига тегди. Омманинг бети қотди. ОАВлар эса фоҳишахоналар ва фоҳишалар қўлга олингани билан боғлиқ ўзбек миллати, унинг қадриятларига зид бўлган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни кунора ўқувчига етказиш билан банд.

Бу ҳам етмагандек, “UZNEWS.UZ” сайтида бесоқолбозлар ҳақида мақола чоп этилди. Исмини ва хабар манбасини ошкор этмаган муаллиф Тошкентда икки бесоқолбоз қўлга олингани, уларнинг суд тиббий экспертизадан ўтказилгани ва хулосаларга кўра, улар мунтазам жинсий алоқада бўлганини очиқ-ойдин ёзади. Ушбу хабар “DIYDOR AZIZ”, “SOF.UZ” каби маҳаллий интернет-нашрларда ва халқаро “Sputnik” нашрида, “Озодлик” радиосининг интернет саҳифасида чоп этилди. Хабарларда “UZNEWS.UZ” ахборот манбаси сифатида кўрсатилди. Бир мавзу ва мазмундаги, турли сайтларда, турли сарлавҳа остида чоп этилган хабар 60 мингдан ортиқ интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди. Яна 60 минг киши учун бу мазмундаги хабар ҳеч нарса бўлмай қолди. Улар яна шу мавзудаги хабарларни ўқиса сесканмайди, бора-бора буни оддий ҳолдек тушунишни бошлайди. ОАВлар эса бунга замин ҳозирламоқда.

Бешинчидан, танқид ва таҳлил ортидан яширин реклама тарғиботига ҳисса қўшиш кузатилмоқда.

Мисол учун, тунги клублар, интернет-кафеларнинг туни билан фаолият юритиши, унда ўтказилган рейдларда ёш-яланг қўлга олинаётганини ёзаётган нашрлар “Бу масканларга ёшлар келмасдан, кексалар келиши керакми?” деган саволни ўзига бериб кўрмаяпти. Нега бу кафеларни ташкил этганлар, тунги клубларнинг фаолиятига йўл қўйиб, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар савдосига жим қараб турганлар эмас, ўша кафеларга борганлар қораланяпти? Журналистнинг позицияси қаерда? Аслида масаланинг туб моҳиятига етиб, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ўз таклифини бериш журналистнинг вазифаси эмасми?

Олтинчидан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабар, аудио ва видеоёзувларни ўзлаштириш, манбаси ва ахборот холислигини текширмай тарқатиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Ўзбекистон Республикасида ОАВга оид қонунларнинг аксарияти қабул қилинганига 15-20 йил тўлди. Қонунлар қабул қилинган даврда Ўзбекистонда интернет ОАВлар ҳали ривожланмаган эди. Айни даврдаги қонунлар эса интернетдаги ахборот алмашинувини рад этмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда бирор шахс ёки давлат ва жамоат ташкилотининг раҳбарига тегишли саҳифадан ёзиб қолдирилган постлардан интернет сайтлари учун катта мақола тайёрлаш амалиёти хориждан бизгача етиб келди. Бироқ, ўша ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган ёзишмалар, видео ва аудиоёзувлар ўчириб юборилса, саҳифа эгаси ҳам ижтимоий тармоқни тарк этсаю ёзганларини рад этса, журналистни ким ёки нима муҳофазалайди. Ҳеч нима! Шу боис журналист ўз касбий этика меъёрларини унутмаслиги, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар, аудиовизуал материалларни ўзлаштиришдан аввал уларнинг ишончли ва холислигини таъминлаши, воқеа иштирокчиларининг рухсатисиз (судда исбот ўрнида ўтувчи расмий рухсатномасиз) уларни чоп этмаслиги керак.

Еттинчидан, тил ва имло қоидалари қўпол ва мунтазам бузилмоқда.

Бунда айнан бирор сайтни мисол тариқасида келтириш жоиз эмас. Боиси бу ҳолат барча сайтларда сурункали равишда учраб туради. Сайтларда ишлаётган аксарият журналистлар етарли билим ва салоҳиятга эга эмас, тил қоидаларини тўлиқ ўзлаштирмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, журналистнинг сўзи, ёзаётган мақоласи, тайёрлаётган кўрсатув ва эшиттириши жамиятда ҳал қилувчи кучга эга. У давлат ва халқнинг айни даврдаги кайфиятини ўзида акс эттиради. Шундай экан, журналист ўз позициясига эга бўлиши, жамият манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйиши, саводли, кузатувчан бўлиши лозим.

Журналистиканинг ривожини назариясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, интернет-журналистика соҳада янги даврни бошлаб берди. Мамлакатда интернет ОАВлар сони кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради. Бироқ, бу соҳада кадрлар танқислиги сезилаётгани, журналистика факультетларида онлайн-журналистика бўйича мутахассислар тайёрлашга эътиборнинг сустлиги, ЎзМУ Журналистика факультетида Интернет журналистикаси кафедраси фаолиятининг тугатилганлиги, назарий ва амалий билимга эга бўлган педагогларнинг етишмаслиги, ўзбек тилидаги ўқув қўлланмалар, соҳага оид адабиётларнинг озлиги соҳада қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу боис:

– журналистика факультетларида онлайн-журналистика кафедраларини тиклаб, назарий ва амалий билим ҳамда тажрибага эга мутахассисларни дарс жараёнларига жалб этиш, дарсларни сайтлар таҳририятларида ташкил этиш;

– интернет ОАВларида тарқалаётган хабарларнинг чек-чегараси йўқлиги, қамрови кенглиги, ёлғон ахборотлар ҳам яшин тезлигида дунёнинг нариги чеккасига етиб бораётганини инобатга олиб, бундай ахборотларнинг тарқалишига нисбатан вакцина сифатида ҳар бир интернет ОАВ таъсис ҳайъати ёки таҳририят кенгашига журналист дипломига эга бўлган битта бўлса ҳам профессионал журналистни киритиш;

– Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ОАВларда мухбир, “копирайтер”, таржимон репортёрлар базасини яратиш, оммавий ахборот воситалари учун профессионал журналистлар тақсимотини йўлга қўйиш;

– журналистика факультетларини тугатган, аммо иш билан таъминланмаган кадрлар учун алоҳида алоқа маркази ёки портал ташкил этиш;

– мавжуд ОАВга доир миллий қонунчиликка интернет ОАВга дахлдор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

– миллий профессионал журналистлар этикаси қоидаларини ишлаб чиқиш;

– интернет журналистикага доир ўқув қўлланма ва дарсликлар чоп этиш кабиларга кенг аҳамият қаратиш жоиз.

Қамариддин Шайхов,
“QALAMPIR.UZ” интернет-нашри раҳбари

Манба:  http://qalampir.uz/news/15512

Улашинг: