Марказий Осиё мамлакатларида силни трансчегаравий назорат қилиш масалалари Остона шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги учинчи ҳудудий учрашувда муҳокама қилинди. Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Project HOPE, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш глобал жамғармаси ва АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари, Марказий Осиё мамлакатларининг силга қарши кураш миллий дастурлари ва миграция органлари, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, “СТОП СИЛ” ҳамкорлиги, Миграция бўйича халқаро ташкилоти, Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамияти халқаро федерациясининг АҚШ, Россия, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон вакиллар қатнашишди. Учрашув 2014-2020 йилларга мўлжалланган Силга қарши кураш бўйича комплекс режани амалга оишириш ва “Қозоғистон Республикасидаги меҳнат муҳожирлари орасида силни трансчегаравий назорат қилиш бўйича тадбирлар” доирасида ташкил этилди.
Худдди шундай учрашувлар 2015 йилнинг ноябрь ва 2016 йилнинг декабрь ойларида силни ташхислаш ва даволаш бўйича ҳудудий мувоиқлаштириш ва ҳамкорликни амалга ошириш механизмларини амалга ошириш мақсадида ўтказилган эди.
Жорий учрашувдан асосий мақсад – иккинчи йил Йўл харитаси режаларини муҳокама қилиш, мигрантлар ўртасида сил билан касалланиш ҳолатини камайтириш, “Силни бартараф этиш” стратегиясини тадбиқ этишдан иборат бўлди.
Лучика Дитиу, СТОП СИЛ Ҳамкорлигининг ижрочи котиби:
-Дунёда бугунги кунда 2 млрд. нафарга яқин муҳожирлар мавжуд. Ушбу инсонларнинг ўз Ватани ва уйларини ташлашга турли хил сабаблар: иқтисодий инқироз, табиий офатлар, қуролли тўқнашувлар сабаб бўлмоқда. 2016 йил ҳолатига кўра шундан 10, 4 млн. нафари силга чалинган бўлиб, 1,7 млн. нафари ушбу касалликдан вафот этган. 6, 3 млн. нафар айни пайтда силдан даволанмоқда. Мамлакатлар кесимида эса 30 та давлатда юқори сил кўрсаткичи қайд этилган.
Маълумот: Соғлиқни сақлаш бутунжаҳон Ассамблеяси 2014 йил май ойида Женевада 2015 йилдан бошлаб амалга ошириладиган Силга қарши кураш бўйича глобал стратегияни қабул қилиб, унга кўра силнинг глобал эпидемиясини бартараф этиш, 2015-2035 йиллар ичида сил оқибатида вафот этишни 95% га камайтириш, шунингдек силни бепул даволашни амалга оширишни мақсад қилиб қўйган. Резолюция барча давлатларни мазкур стратегияни амалга оширишга чақиради. Ҳужжат соғлиқни сақлаш, ижтимоий, бандлик, иммиграция ва ҳуқуқ органларини ҳамкорликда фаолият юритишга чақиради. БССТ Котибияти эса ҳужжатга кўра барча аъзо давлатларга Стратегияни амалга оширишда кўмак бериши лозим. |
Жейми Калдерон, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Жанубий-Шарқий Европа, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ҳудудий офисининг миграция ва соғлиқни сақлаш бўйича катта ҳудудий маслаҳатчиси:
-Афсуски Осиё мамлакатларида ўтган йили 75 млн. нафар муҳожирлар мавжудлиги қайд этилди. Шундан 24 млн. турли хил сабабларга кўра ҳар йили чегарадан ўтишади. Биргина иқтисодий инқироз туфайли муҳожирлар сони 93%ни ташкил этади. Ҳар биримиз муҳожир ҳам инсон эканлигини, унинг ҳам соғлиғини сақлашга ҳуқуқи борлигини, ҳар биримиз келгусида уларнинг ҳолатига тушишимиз мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Бугунги кунда Осиё давлатларида муҳожирлар иқтисодиётнинг ривожига ўзларининг салиоқли ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Шу сабабли сиёсатчилар айнан уларни турли хил хавфдан ҳимоя қилиш, ўз мамлакатларида силга чалинган муҳожирларни самарали даволашни йўлга қўйишлари лозим.
Андрей Даду, БССТ Европа ҳудудий бюросининг ОИТС\ОИВ, гепатит бўйича глобал дастурининг техник мутахассиси:
— Бугунги кунда ОИТС билан касалланганлар ичида сил билан касалланган инсонларнинг сони Европа мамлакатларида 34 мингта ОИТС билан касалланганларда сил аниқланган. 290 минг болалардан 31 минг нафар болалар эса сил билан касалланган. ОИТС билан касалланганларнинг 26 минг нафари силдан вафот этади, уларнинг ичида 4800 нафари болалардир. Марказий Осиё бўйича 2016 йилги далиллар таҳлил этилганда Ўзбекистонда ҳар бир 63 нафар ОИТС билан касаллангандан 24 нафари сил билан ҳам касалланган. Айтиш жоизки, силдан ОИТС дан кўра кўпроқ инсонлар нобуд бўлишади. Масалан, Тожикистонда силдан вафот этиш бошқа ўлим ҳолатларига нисбатан 6 ўринда туради. Албатта бундай ҳолатларни камайтириш чораларини ҳамкорликда кўриш лозим.
Зулфия Ҳайдарова, “Юксалиш” ННТ раҳбари, Ўзбекистон Республикаси.
-Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳам давлат ва нодавлат ташкилот вакиллари иштирокидаги бугунги куннинг долзарб мавзуси бўлган меҳнат муҳожирларининг соғлиғини ҳимоя қилиш, хусусан силдан даволаш масалаларини ҳамкорликда ҳал қилиш жуда ҳам долзарбдир. Чунки Қозоғистон қабул қилувчи давлат ва мазкур мамлакатга ҳам аксарият юртдошларимиз ишлаш учун келишади. Муҳожирларни сил билан қаерда касалланганлигини аниқлаш мушкул, энг асосийси уларни соғлом ҳолда юртига қайтишидир. Албатта соғлом юртдошларига мазкур каслликни юқтирмасликлари учун уларни жойида аниқлаб, даволаш ишларини амалга ошириш зарур. Ва бу борада давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Мазкур учрашув айнан мазкур масалани ҳал қилади.
— Қозоғистон бугунги кунда силни трансчегаравий назорати йўналишида еткчилир, дейди Европа ва Евроосиё мамлакатлари бўйича Project HOPE нинг катта ҳудудий директори Мариам Сианозова. – Қозоғистонда силга қарши курашиш нафақат меҳнат муҳожирлари учун ташхислаш ва даволашга бўлган имкониятларни яхшилаш бўйича тадбирларни ўтказишдан ташқари мазкур масала юзасидан ҳудудий мулоқотни ўтказишни ҳам назарда тутади. 2014 йилдан бошлаб Project HOPE Глобал Фонднинг молиявий кўмагида Қозоғистонда силга қарши кураш Комплекс режасини амалга оширмоқда. Айтиш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва миллий ҳамкорларни кўмагида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилди. Ҳудуд мамлакатлари ўртасида самарали мулоқот амалга оширилмоқда. Силни трансчегаравий назорат қилиш бўйича Иккитомонлама клишувни имзоланиши эса ҳудудда узоқ муддатга силга қарши кураш механизмларини жорий қилиш имконини беради.
Пленар йиғилишларда муҳожирлар ўртасида силни назорат қилиш борасида Комплекс режа, кейинги йил ва истиқболадаги режалар муҳокама қилинди. Эксперт-маслаҳатчилар ҳудудда силни трансчегаравий назорат қилиш борасидаги ишларнинг натижалари юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Юқори даражадаги учинчи ҳудудий учрашув доирасида қозоғистонлик журналист Динара Ибраимованинг “Уйингга соғлом қайт!” деб номланган фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Наргис ҚОСИМОВА