1 952

ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ ЁХУД ИСРОИЛДА БОЛА ТАРБИЯСИ

-Ҳозир қизини силтаб кўтариб, юмшоқ жойига бир-икки шапати уради, деди ёнимда ўтирган дугонам.

-Урмаса керагов, қизболаку, дедим зимдан воқеани кузатар эканман.

Ота яна бир неча дақиқа қизалоғига бир нарсаларни тушинтирдида, у унамагач, фарзандини  аста кўтариб, қучоқлади. Шунда ҳам қизча юзидан кафтларини олмади. Йигит эса унинг орқасини оҳиста силаганича, мулойим, аммо қатъий овозда бир нималарни гапирганича йўлида давом этди. Биз  “қойил” дегандек дугонам билан бир-биримизга қараб қўйдик.

Шу ҳолат бизда бўлганидами, кўпчилик атрофдаги одамларга ҳам қарамай боласига бақирган ёхуд бир-икки шапати урган, силтаган бўлар эди. Шу воқеадан сўнг Исролда бола тарбияси қай тарзда олиб боришига қизиқиб қолдим. Кўпгина саволларимга ўқув курсимиз руҳшуноси Гила  Петрова жавоб топишга ёрдам берди:

-Марказий Осиё мамлакатлари халқларининг менталитети, урф-одатлари ва қадриятлари, қариндошлик муносабатлари таҳлил этилганда оила марказида ёши улуғ инсон турса, Исроилда эса бола тради ва ҳамма унинг атрофида парвона бўлади. Унинг айтгани айтган, дегани дегандир.

Бизнинг савол беришга чоғланганимизни кўриб, руҳшунос кулимсиради.

-Албатта, бундан ёндапшувда бола талтайиб кетадику, демоқчисиз, тўғрими? Айнан ана шу ҳолат юз бермаслиги учун тарбияни тўғри олиб бориш,  катталар болага ҳар куни камида бир соат вақт ажратиб, унинг ҳаёти, қизиқишлари, ўртоқлари билан қизиқишади.Нима яхши ва нима ёмон эканлиги қатъий мисолларда кўрсатилади ва кўп ҳолатларда бола диний йўналишда тарбияланади. Мисол учун болангиз инжиқлик қилиб,  кўчада тўполон кўтарди. Бу боланинг “мен борман, менга эътибор беринг,  мен билан гаплашинг” демоқчи бўлгани, холос. Аммо инжиқлиги натижасида у сўраган нарсасини дарҳол олиб берманг. Ҳар қандай совға бирор меҳнат, хатти-ҳаракат учун тақдирлаш эканлиги, пул осонгина  топилмаслиги, дунёдаги энг ёмон нарса текинхўрлик ва бирор одам ҳисобига яшаш эканлигини  уқтириш лозим. Исроилда фарзанд тарбиясига болалар руҳшунослари яқиндан ёрдам беради. Ҳар бир оиланинг ўз руҳшуноси бўлиб, уларнинг хизматлари қиммат эмас. Энг аввало ўзи яхши ўқиса, ҳунар ўрганса, катта муваффақиятларга эришса, бой бўлса нафақат оиласига, балки бутун жамиятга керакли ва фойдали шахс бўлиши, бу дунёдаги умрини бекорга яшаб ўтмаслиги кичкиналигиданоқ уқтирилади.  Албатта, “қуш ясида кўрганини қилади” деганларидек, ота-оналар ўз фарзандларига бу борада намуна бўлишга интиладилар.

Исроилда болалар билан боғлиқ бир қанча бизнинг тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган тақиқлар мавжуд бўлиб, исроилликлар уларни “бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши” сифатида белгилашган. Кўчада йиқилган, ёки инжиқланган болани кўрсангиз зинҳор унга ёрдам беришга шошилманг. Агарда яқинлашсангиз сизни болани йиқитганликда айблашлари мумкин. Кейин эса анчагина вақтингиз полицияда бесамар тушинтиришларга кетади.

Агарда оилада ёш болани ёлғиз қолдириб, онаси ёки отаси зарур иш билан бир жойга чиқишса, одатда биз қўшниларга унга қараб туришга илтимос қиламиз. Исроилда эса бундан хабар топган қўшнилар ота-онани айблаб, дарҳол полицияга қўнғироқ қиладилар. Зеро, мамлакат қонунчилигига биноан вояга етмаган 15 ёшли йигит ёки қиз ҳам энага билан ўтириши керак. Шунингдек, мамлакатда ота-оналар ёки васий шахслар рухсатисиз болаларни, боғча ва мактабларни фотосуратга олиш мумкин эмас. Агарда сиз бирорта таълим муассасаси олдида мақсадсиз кўпроқ қолиб  кетсангиз, йўловчилар полиция нозирини чақиртиришади.  Агарда 18 ёшгача вояга етмаган болага дўконда спиртли ичимлик ёки сигарета сотишганини билиб қолишса, мазкур савдо шахобчаси эгаси судга тортилади ва шохобча маълум муддатга ёпилиши мумкин. 22.00 дан сўнг кўчада юрган вояга етмаган ўсмирни полиция ушлаб олса, ни уйига олиб келишади. Агар унда бирор бир спиртли ичимлик бўлса тортиб олинади.

Исроилда барча тўгараклар пулли бўлганлиги сабабли, аксарият болалар ёзда бирор фойдали машғулот билан машғул бўлмай, кўчада тантираб юришади.. Бугунги кунда ҳукумат бунинг олдини олиш учун турли хил ижтимоий дастурлар ишлаб чиқиб, уларга вояга етмаганларни жалб қилишга ҳаракат қилишмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА

2013 йил

Улашинг: