2024 йил 12 октябрда телеграммимга хорижлик, ташқи кўриниши осиёлик бўлган Асмирамохаммед деган бир хоним, жуда ҳам мулозамат билан қуйидагиларни ёза бошлади:
“Махфийлигингизга аралашганим учун учун узр, лекин мен Телеграммдаги профилингизни кўрдим, сиз ажойиб кўринасиз, мен сизга қизиқдим, чунки мен сизни дўст сифатида қўшишга қарор қилдим. Менинг дўстлигимга қарши эмассиз деган умиддаман?”
Дарҳол миямга навбатдаги фирибгарнинг ҳийласи деган, фикр келди. Аммо қизиқиш, Асмирамохамед хоним дўст бўлиб нима таклиф қилмоқчи эканлигини кутишга қарор қилдим. “Ассалому алайкум, албатта” деб жавоб ёзишим билан, у кўп кутирмай менинг ишончимни қозониш учун, ўзини таништира бошлади:
“Менинг исмим Асмара Мухаммад, мен индонезияликман, лекин марҳум турмуш ўртоғим Абу Даби Бирлашган Араб амирликларидан ва биз кўп йиллардан бери Лондонда яшаймиз, исмингиз нима ва қаердансиз? Таклифимга жавобингизни қадрлайман, сиз менга ёқасиз ва сиз билан очиқ бўлишни хоҳлайман, мен ҳаётни кўрган аёлман, кўп йиллардан бери ижтимоий доирадаман”
Қизиқ, бу аёл балки эркакдир, исмингиз нима? Деб сўраяпти, амммо биринчи хабарида “профилингизни кўрдим, сиз ажойиб кўринасиз, мен сизга қизиқдим” деб ёзганди, ўзи расмдаги аёл ким экан, деб қизиқиб google imig орқали расмни текшириб кўрдим. google расмдаги аёл Вьетнамнинг энг бой хоними Май Кю Лин Vinamilk компаниясининг раҳбари эканлигини чиқариб берди.
Аммо буни фирибгарга билдирмай, у нима ёзишини кутдим. Мен жавоб ёзмагач, у ўзини таништиришда, ишончимга кириш учун ҳаракат қилишда давом этди:
“Мен эримдан 2019 йил 18 август куни айрилдим. Шу билан бирга мен узоқ вақт саратон касаллиги билан курашдим ва шифокоримнинг айтишича, ҳозирги босқич назоратсиз, яна бир неча ой яшашим керак. Сиз мен учун қилганингиз каби (нимани қилганим?) мен буни ўзим қилмоқчиман, лекин саратон билан куришишим менга имкон бермайд, буни қилишимга ёрдам бера оласизми, билмайман. Мен сизни яхшироқ билишни яхши кўраман (гугл таржимон нотўғри таржима қилган шекилли), сиз нима билан шуғулланасиз, оилавий аҳволингиз қандай, ишдаги мавқеингиз ва ҳозир қаерда яшаяпсиз”
Фирибгарни қўлдан чиқармаслик ва охиригача унинг мақсадини ойдинлаштириш учун жавоб ёздим:
“Мен нафақадаман. Ёлғиз яшайман. Сизга шифо тилайман” дея кеч 23.33 да ёзиб юбордим.
2024 йил 13 октябрь куни у менинг ниҳоят жавоб берганимдан “лаққа, гул балиқ қўлга илинди” дея қувонганча, шу заҳотиёқ яна ёзишга тушди:
“Сизнинг хабарингизни кўрганимдан хурсандман. Бугун қандайсиз? Сиз халол инсон эканлигингиздан (халол инсонман деб ёзмадим шекилли?), яхши жавоб олганимдан хурсандман, гарча Худодан ҳали ҳам сиз ҳақингизда кўпроқ маълумот беришини сўрайман. Мен сиздан мамлакатингиздаги камбағаллар ва бевалар учун имтиёзлар/ҳаёт имконияти учун хайрия лойиҳасини амалга ошира оласизми, деб сўрамоқчиман. Эрим ўлимидан олдин Америка Қўшма Штатлари ҳукумати билан 7, 6 миллион долларлик шартнома тузган, лекин у менинг банк ҳисобимга пул юборишидан олдин (демак, ўзида ҳам шу пул йўқ!) уни ўлим олиб кетди. Эрим ўлимидн олдин хайриячи эди. Мен камбағалларга ёрдам беришим учун (пул ўтказмасдан эри ўлиб қолган бўлса, қаердан олмоқчи экан менга ўтказмоқчи бўлган пулни?), чунки турмуш қурганимиздан бери соғлиғим туфайли фарзанд кўра олмадик. Мен ўз шаҳримга Филиппинга (Филиппин мамлакат эди, шекилли? Суҳбатимиз бошида индонезияликман девди!) тўрт миллион доллар юбордим ва дори-дармонларим учун касалхонага 600 минг долларни қўйдим. Қолган уч миллион долларни сизга жўнатмоқчиман. Марҳум турмуш ўртоғимнинг кўрсатмасига биноан (турмуш ўртоғи ўзи Ўзбекистон деган мамлакатда Қосимова Наргис деган фуқаро яшашиши билганмикан?) ўз юртингиздаги камбағаллар ва бева аёлларга беришга ёрдам берасиз, чунки бизда пул йўқ эди. Болалар бу пулни мерос қилиб олишлари учун. Илтимос, ушбу лойиҳани кўриб чиқишда диний, ирқий, миллати бўйича камситманг, ушбу хайрия таклифига максимал даражада махфийлик билан муносабатда бўлинг”.
Миллионер бўлишимга озгина вақт қолди шекилли, фирибгар хоним ёки жаноб (чунки иккинчи касалхонада ўтирган суратини текшириб кўрганимда гугл уни эркак деб чиқариб берди) ёзмай қўймасин дея яна жавоб ёздим:
“О, хайрия қилиш жуда савоб. Эрингизнинг жойи жаннатда бўлсин. Аммо нега мен? Мени қандай топдингиз?”
Фирибгар хоним/эркак мени эркак деб ўйлаб, ёзишда давом этди:
“Азизим, бу лойиҳани сенга беришдан олдин, мен сенга ишондим, ҳеч бир эркакка нисбатан ёмон ниятим йўқ эди, бу лойиҳани марҳум турмуш ўртоғим буйруғига биноан қилаяпман. Мен ҳеч қачон бирор эркакни алдаш учун ёмон ниятда бўлмаганман. Мен ҳаётни кўрган аёлман. Сизни алдашдан нима фойда? Сизни алдамоқчи бўлган ёмон ҳаёлларим бўлса нгим ўзимда бўлсин (тушунарсиз, гуглжон туғри таржима қилмаяпти). Бу пулга ёмон ниятинг борми, бу пул билан қочиб кет азизим худодан қўрқ . ( Бу пуллар билан қочиб кетишдан Худодан қўрқ, демоқчи шекилли). Мен сизни алдамоқчи эмасман, йўқ, йўқ, йўқ, йўқ. Агар сизни алдамоқчи бўлсам касал бўлиб ўлишга рухсат беринг (юқорида ўлим тўшагида ётибман, деб дод вой қилаётганди, шекилли?!)”
Суҳбатимиз тобора қизаётгани, ҳадеб марҳум эрини эслаётгани учун унга жавоб ёздим:
“Сиз менга марҳум эрингизнинг суратини жўната оласизми?”
Аммо гапни олиб қочди:
“Бу ердан хайрли тонг азизим. Бугунги кунингиз қандай? Умид қиламанки, сиз ва оилангиз (юқорида мен ёлғизман, деган эдим) билан ҳаммаси яхши бўладими? Менинг аҳволим туфайли, бу хабарларнинг барчасини ёзишга вақт топишим керак. Мен буни иринчи марта қилмаяпман, азизим. Марҳум турмуш ўртоғимнинг пули кўп. Бу дунеда оз вақтим борлигини билганим учун уни камбағалларга беришим керак. Чунки бу пулларнинг барчасини мерос қилиб оладиган фарзандим йўқ. Сиз билан телефонда гаплашишни хоҳлардим, лекин муаммо шундаки, оғриқ туфайли яхши гапира олмаяпман (аммо достон ёзишга қўли оғримабди!), лекин бу лойиҳа амалга ошишидан олдин сизга видеоқўнғироқ қилиб, гаплашаман, шунда ҳозирги ҳолатимни кўрасиз. Мен бир мамлакатнинг камбағал халқига ва у ердаги бева аёлларга бироз пул юбордим. Мен бу пуларнинг ҳаммасини банкдаги ҳисобимга қўйиб, бу дунёни тарк этишдан хурсанд бўлмайман. Бу менинг одамларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимнинг асосий сабабибидир. Мен ишлаётган таржимон туфайли ёзганим яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин биламанки, сабабларимни тушинасиз. Илтимос буни ҳазил сифатида кўрманг. Чунки мен ушбу лойиҳага жуда жиддий муносабатдаман ва ушбу лойиҳани амалга оширишда ёрдам беришингиз керак. Худо сизга нимани устида ишламоқчи эканлигимни тушиниш учун донолик берсин. Сизга салом оила ватсапда кўпроқ гаплашсак бўладими? Агар қарши бўлмасангиз азиз дўстим. +447432847957. Бу менинг ватсап маълумотларим. Шу рақам орқали мени қўшиб шахсий суҳбатлашамиз”
Мен унга “Менда ватсап йўқ” деб ёздим.
Фирибгар: “Жавобингиз учун раҳмат. Мен бу пулни мамлакатингиздаги кам таъминланган одамларга, етим ва беваларга беришни хоҳлардим ва Худо бу лойиҳани чин дилдан ҳал қилиш учун яхши юрак беришини сўрайман. Мен сизни ушбу лойиҳа учун томоша қилмайман ёки пулни қандай сарфлаётганингизни билмайман. Лекин Худо сизни кўриши учун пулнинг 10%ни харажатларингиз учун олишингиз керак. Қолганини хайрия ишлари. Илтимос ёмон дўстлар ёки оила аъзоларингиз сизни барча пулларни ўзингиз учун ишлатиш учун алдашларига йўл қўйманг. Чунки оқибатлари сизга тегишли бўлади. Сиз билан боғландим, чунки лойиҳани ўзим амалга ошира олмаяпман. Мамлакатингизда сизга пул жўнатишнинг энг яхши усулини билишим учун банк менежиримга мурожаат қиламан. Илтимос, буни жуда сир сақланг, пулни қабул қилмагунингизча ва олмагунингизча бу пул ҳақида ҳеч кимга айтманг”.
Унга ачинган киши бўлдим:
“Мен нима қилишим керак? Сизни кўриб ичим эзилди”
У дарҳол жавоб қайтарди:
“Азизларим бугун оилангиз қандай (бошида ёлғизман деб ёзгадим). Азизим бугун мен ўзимни яхши ҳис қилаяпман. Лекин ҳали ҳам бироз оғриқ бор. Мен сенга ишонаман. Чунки қудратли Худо мени сенга йўналтирди. Ва у яхши қалбинг билан менга ёрдам беришингни билади. Сен жуда яхши инсонсан. Сиз қилиш керак бўлган нарса менга ёрдам бериш ва пулни олиш. Уни черковлар, болалар уйларига тарқатишдир. Шифокорлар ва улар берган натижага кўра, менга ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилди ва у мени аста-секин ўлдиради. Мен шифокорларнинг ёрдамисиз, ўзим тура олмайман.Сиз билан боғландим. Мен банк менежиримдан эртага касалхонага келиб, мени кўришини сўрадим. Шунда у билан пулни сизга қандай ўтказишини муҳокама қиламан. У келганидан кейин дарҳол сизга хабар бераман. Пулни олганингиздан сўнг, пулни қандай сарфлашни ният қилганингизни тушинтириб беришни ният қилганингизни сўрайман. Мен берган пул у ердаги масчит, черковлар, етим болалар ва бевалар билан бўлишлмаса, мен хурсанд бўлмайман. Соғ бўлинг.”
15 октябрь
“Азизим бугун қандайсиз? Безовта қилганим учун узр. Сен индамай қўйганинг мени хафа қилди. Агар лойиҳа сени қизиқтирмаса менга айтгинг. Шунда мен стрессга тушмаслигим учун бошқа одамни излайман”
Бечора стрессга тушмаслиги учун жавоб ёздим:
“Мен нима қилай?”
“Мен банк менежерим билан сизнинг мамлакатингизда сизга пул ўтказишнинг энг қулай ва осон йўлини муҳокама қилдим. Банк менежери агар пулни банк ўтказмаси орқали ўтказсам текширувга дуч келишимни айтди. Британия ҳукумати бундай катта миқдордаги пулни (адашмасам Британия пул бирлиги фунт-стерлинг эи) ўтказишга рухсат бермайди. Бироқ банк менежери бундай катта миқдордаги пулни ўтказишнинг энг осон йўли дипломатик агентлар орқали етказишни айтди. У менга пул хавфсиз бўлишига ва ҳеч қандай муаммосиз етказиб беришига 100 фоиз кафолат берди (У ўзи банк ходимими ёки мафиозникми?!). Аммо у агентингиз мамлакатингизга келганида аэропортда кичик тўловни ўз миллий валютангизда амалга оширишингиз кераклигини айтди Гарчи пул унчалик кўп бўлмасада божхона тўлови учун. Шунда у ватанингизга келганида сизга қўнғироқ қилади ва божхонани қандай ҳал қилишни айтиб беради. Шунда улар агентга сизнинг уй манзилингизга келишига ва фондни сизга итопширишингизга рухсат беришади (божхоначиларимизни аҳмоқ деб ўйлади, шекилли?). Бу мени касалхонага кўргани келган банк менежерим билан тушган суратим”.
Уни хурсанд қилиш учун жавоб ёздим:
“Бу муаммосиз. Чунки менинг акам божхона бошлиғидир”.
16 октябрь
Тонг отиши билан ундан келган номани ўқийман:
“Азизим, бугун қандайсиз, сизда ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан. Сизга шуни маълум қилмоқчиманки, мен тез орада жарроҳлик операциясига ётаман. Ва бу лойиҳа операциягача амалга ошишини хоҳлайман. Чунки мен камбағалларнинг дуоси менга ёрдам беришига жуда ишонаман. Сизнинг маълумотларингиздан фойдаланишни ва етказиб бериш хужжатини тайёрлаш, шунингдек агент юртингизга келганида, компания фондни топшириш керак бўлган қонуний шахсни билиши керак. Етказиб бериш компанияси менга ўз маълумотларингизни юборишингизни талаб қилди. Масалан:
Тўлиқ исми
Уй манзили
Электрон почта манзили
Телефон рақами (ватсап линияси бўлиши керак)
Шахсий гувоҳнома еки паспортингиз фотомсурати.
Сизнинг мамлакатингиз (ўзбек тилида ёзиб, мамлакатимни билмасмиш)
Раҳмат, худо сиздан рози бўлсин, хабарингизни кутаман”
“Ёзишмаларимизни скриншот қилиб бораётган эдим. Охирида, сиз ростанам менга пул жўнатадиган ва касал аёллигингизни билиш учун мамлакатимиз миллий хавфсизлигига мурожаат этдим” деб ёзганимни биламан, бутун ёзишмаларимизни ўчириб, мени блоклаб қўйди.
Шундай қилиб уч миллион доллардан қуруқ қолдим.
Афсуски, юртдошларимиз орасида ана шундай фирибгарларга ишониб, “божхона пулини” тўлаб, (у ҳам минг доллардан кам бўлмайди) пулидан айрилиб қолаётганлар кам эмас. “Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади”, деган мақолни унутманг!
Наргис Қосимова