Сўнгги уч ой мобайнида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биринчи бўлиб кўтарилаётган мавзу айнан Covid-19 бўлиб қолди. 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида кun.uz янгиликлар сайти эълон қилгач, ўзбек оммавий ахборот воситалари мазкур юқумли касаллик ҳақида бараваракайига гапира бошлашди. Унгача бутун дунёда жами 156 738 кишида коронавирус аниқланган эди. Айнан март ойида ОАВнинг деярли барча турларида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан короновируснинг республикада тарқалиши борасидаги хабарларни ўзгартиришсиз, журналистик ёндошувсиз кўчириб бериш ҳолати кузатилади. Журналистлар мазкур муаммога жиддийроқ қарай бошлашди. Аммо журналистларнинг пандемия шароитида коронавирус ҳақидаги мақолалари анчагина жонсиз ва ҳиссизлиги, асосан ахборот жанрларидан фойдаланиш, мавжуд ҳолатга аниқлик киритадиган журналистик суриштирувларнинг йўқлиги ижтимоий тармоқларда ваҳиманинг кучайишига сабаб бўлди.
Сохта хабарларга қарши кураш
Ўзбекистон аҳолиси энг кўп фойдаланадиган Телеграм каналидаги гуруҳларда фейк хабарлар тарқатила бошланди. Мазкур жараёндан хавотирга тушган Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис Сенати 24 март куни онлайн-шаклда ўтган йиғилишда мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритиб, фейк хабарлар тарқатган инсонлар учун жиноий жазо қўллаш таклифи билан чиқдилар.
Албатта, биринчи бўлиб мазкур хабарни ОАВ рейтингида биринчи ўринда турган kun.uz, сўнг бошқа янгилик сайтлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари эълон қилишди. Афсуски, яна фақат ахборот жанрларда.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони гўёки 44 нафарга етгани ҳақида сохта хабарлар тарқала бошлагач, 20 март куни https://t.me/antifake_uz телеграм канали очилиб, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда коронавирус ҳақида тарқатилаётган фейк хабарлар фош этила бошланди. 20 мартдан -18 май кунига қадар 48 та ёлғон ахборотларнинг сохталиги аниқланди. Мазкур сохта хабар тарқатувчилари ичида расмий ОАВ ҳам бор. Аксарият ҳолатда эса ижтимоий тармоқлар ва Telegram каналларида Kun.uz янгиликлар сайти номидан 9 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент томонидан 13 майдан карантин тугатилиб, ўқишлар бошланиши, чегаралар очилиб, экспорт давом этиши тўғрисида қарор қилингани тўғрисидаги ёлғон хабар тарқатишган.
Албатта канал кўпгина ёлғон хабарларнинг сохталигини кўрсатмоқда, аҳолини огоҳлантирмоқда. Аммо канал юритувчилари мазкур сохта хабарлар қаердан пайдо бўлган, ким ва нима мақсадда уларни тарқатаяпти, мазкур хабар нега ёлғонлигданини аниқлаштиришмайди. Фақатгина фейкларнинг сурати таг ёзув билан қўйилиб, баъзида мазкур постлар ЎзР Жиноят Кодексидан келтирилган жазо миқдори билан алмашиниб туради, холос.
Короновирус мавзусини тизимли ёритишда www.gazeta.uz, https://kun.uz янгиликлар сайтлари етакчилик қилмоқда. Зеро, аксарият ОАВ айнан улардан материал олиб, чоп этишади. Аммо kun.uz дан сўнг энг кўп ўқиладиган сайтлардан бири daryo.uz, шунингдек, “Халқ сўзи” газетаси, hidoyat.uz сайтлари 1 апрелда Хитойда мушукларда короновирус аниқланиб, улар касаллик тарқатувчисига айланишлари мумкинлиги чоп этилди.
Мазкур хабар зооҳимоячилар, хусусан “Мехр ва оқибат” ННТнинг эътирозларидан сўнг барча ОАВлардан олиб ташланди. “Правда Востока” газетасининг сайти pv.uz да эса бунга қарши 3 апрель куни “Ваҳима қилманг: жониворлардан инсонларга коронавирус юқмайди” мақоласи эълон қилинди.
Хулоса шуки, аксарият ОАВ сенсация, яъни короновирус ҳақидаги янги хабарларни аудиторияга тезда етказишга шошилиб, унинг манбасини текшириб кўрмаган ҳолда беришади. Бунинг орқасидан ўз аудиторияси ишончини йўқотишади.
Журналистларга ишончли манба керак
Ўзбекистонда 1 февралда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибининг https://t.me/ssvmatbuotkotibi расмий телеграм каналида мамлакатда короновирусга чалинган инсонлар мавжуд, аммо уларнинг сони яширилаётгани ҳақидаги хабар ёлғонлиги ҳақида пост қўйилди. 15 март куни коронавирус ҳақида ишончли ахборотни аҳолига етказиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида Телеграмм мессенжерида https://t.me/koronavirusinfouz канали ташкил қилиниб, журналистларни айнан мазкур каналдан ахборот олишга чақиришди. Чунки ёмғирдан кейинчиққан қўзиқориндек, Ўзбекистон аҳолиси энг кўп фойдаланадиган Телеграм месенжерида короновирус ҳақида маълумот тарқатувчи “KoronaVirusUz”, “Dunyo_yangiliklari_koronavirus” каби каналлар пайдо бўлди.
Умуман олганда пандемия ҳолатини Ўзбекистон ОАВида ёритиш март ва апрель ойининг бошларида бироз текширилмаган хабарлар қўйилган бўлса, бугунга келиб вазият ижобий томонга ўзгарганлигини кўриш мумкин. Ҳар куни 2 марта Соғлиқни сақлаш вазирлигининг https://t.me/ssvuz ва https://t.me/koronavirusinfouz телеграм каналларида касалга чалинганлар ва тузалганлар сони, ҳукуматнинг пандемиядан йўқотишлариз чиқиб кетиш борасида ўтказаётган брифинг ва баёнотлари мунтазам бериб борилмоқда. Мазкур манбаларда ахборотнинг пайдо бўлиши билан юзлаб ОАВ ва телеграм каналлари уларни кўчириб босишади. Фақатгина мазкур каналлардаги ахборотларни журналистлар ҳар соатда текшириб туришлари лозим. Чунки аксарият ҳолатда бир бирини инкор қилувчи маълумотлар чиқиб қолади. Масалан, https://t.me/koronavirusinfouz телеграм каналида 18 май куни соат 16.43 да “поездда ёки самолетда сафарга чиқиши учун короновирус инфекциясига топширилган тест натижалари бўйича маълумотнома талаб қилинади” деб хабар қўйилган бўлса, 18.03 да “Эндиликда юқорида кўрсатилган рейслар бўйича ҳаракатланаётган йўловчилардан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганлиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилмайди” деган хабар қўйилди.
Шунингдек, апрелнинг охири май ойининг бошларидан бошлаб етакчи kun.uz, gazeta.uz, xabardor.uz, daryo.uz янгиликлар сайтлари, ижтимоий-сиёсий газеталарнинг веб-саҳифаларида ҳам бевосита короновирус пандемиясига оид қисман таҳлилий материаллар тайёрлана бошлагани қувонарли ҳол, бу бевосита ўқувчиларга ҳолатни аниқлаштириш ва тушунишга ёрдам беради.
Жанрлар ва форматлар
Короновирус мавзусининг анънавий тарзда ёритилиши ва бир хил фактларнинг берилиши ўқувчини зериктириб қўйди. Бу янгилик сайтларида короновирус мавзуси бўйича берилаётган материалларни ўқилиш сонидан ҳам кўрса бўлади. Журналистлар олдида ўз ўқувчисини йўқотмаслик учун мавзуни кўпроқ визуаллаштиришга уриниш апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ОАВда кўзга ташлана бошлади. Масалан, nuz.uz сайти мавзудаги статистик маълумотларни ёритишда апрелда оддий диаграммалардан фойдаланган бўлса, майга келиб тўлиқ суратли инфографикадан фойдалана бошланди. https://review.uz сайти бошқалардан фарқли ўлароқ короновирус билан касалланганлар сонининг ортишини диаграмада бериб борди.
11 майда туман ва шаҳарлар карантин даражаси бўйича тоифаларга ажратилиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга бўлинганлигини эса харитада берди.
https://www.xabar.uz сайти ҳам бошқалардан орқада қолмаслик учун короновирусни ёрқин инфографикада бериб келмоқда. Aniq. uz сайти касалланганлар сонини жадвалда бериб боришни афзал кўрди.
Бу Ўзбекистонда расмий ОАв сифатида рўйхатдан ўтган 300 дан ортиқ сайтлардан атиги 5-6 таси, холос. Қолганлар ҳануз анъанавий матн услубидан чиқиб кетишгани йўқ. Мультимедиа воситалари, онлайн инструментлардан фойдаланган ҳолда короновирус мавзусини ёритиш ҳозирча ўзбек журналистларининг қўлидан келмаяпти, шекилли.
Наргис Қосимова