474

““…Ўзинг ота-она меҳрига зор бўлиб ўсдинг. Энди фарзандларинг ҳам онасиз вояга етишни истайсанми?…”

Туғилганидан бошлаб бирон бир рўшнолик кўрмаган Мария (барча исмлар ўзгартирилган) “Меҳрибонлик уйи”да катта бўлди. Вояга етгач, унга ҳам ота, ҳам она бўлган тарбиячилари билан хайрлашди. Бироз муддат иш қидирди. Аммо топа олмагач, таваккал қилиб Россия Федерациясига отланди. Мария мусофир юртда ишлаб юриб, шу ерда Игорь исмли йигит билан танишди. Дўстона муносабатлар бора бора севги-муҳаббатга айланиб, бир бирларига кўнгил қўйган ёшлар аҳду паймон қилишди ва бирга яшай бошлашди. Икки йил ичида кетма кет бир қиз ва бир ўғилли бўлишди. Аммо, Мариянинг бахти сароб бўлиб чиқди, беқарор эри Игорь уни ташлаб кетди. Мария кута-кута чарчади. Аммо умидини узолмади, Игорь ҳаммасини обдон ўйлаб кўриб, қилмишидан пушаймон бўлгач уйга қайтар, ахир унинг оиласи, фарзандлари бор-ку… Бироқ орадан вақтлар ўтди, эри қайтиб келмади. Мариянинг телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермас, умумий дўстлари орқали юборилган хабарларни эшитмаганга оларди. Ҳаётнинг оғир зарбаларига бардош беришга мажбур бўлган жувон ниҳоят 6 йил деганда ўз она юртига қайтди. Қўлидаги озгина пул эвазига ижарада яшай бошлади. Пули тугай бошлаб, ноилож қолганидан сўнг, ўзи тарбияланган “Меҳрибонлик уйи”нинг раҳбари билан боғланиб, болаларини шу масканга жойламоқчи эканини айтди.
Бошидан ўтган машаққатларни сўзлаб берган Марияни диққат билан эшитган “Меҳрибонлик уйи”нинг раҳбари Марияга болалар она бағрида ўсиши кераклигини уқтира бошлади.
– Ўз болалигингни бир эслаб кўргин. Ота-она меҳрига зору интизор бўлиб ўсдингку! Энди фарзандларинг ҳам ота-онасиз вояга етишни истайсанми? Биламан, сенга ҳозир жуда ҳам қийин. Аммо вақти келиб ҳаммаси ортда қолади. Бу кунлар ҳам ўтади-кетади. Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қиладиган ташкилот бор. Уларга мурожаат қилсанг албатта ёрдам беришади, – деди “Меҳрибонлик уйи” раҳбари.
Мария маслаҳатига қулоқ тутди. Самарқанд вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига мурожаат қилди.
Марказ раҳбари М.Азимова ва психологи Н. Маматова томонидан Мария икки нафар фарзанди билан Марказ бошпанасига жойлаштирилди.
– Марказимизда аёлга тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Кейин эса Самарқанд вилояти ҳокими номига Марияни уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича ариза ёзишга кўмак берилди. Болаларини имтиёзли болалар боғчасига бериш учун навбатга қўйилди. Шу вақт оралиғида берилган ариза ижобий ҳал қилиниб, Мария янги уйга фарзандлари билан кўчиб кирди. Ҳозир у кунлик ишда ишламоқда, билишимизча, эндиликда аҳволи яхши, келажакда бундан ҳам яхши бўлади, деб ўйлайман, – дейди Марказ раҳбари М. Азимова. – Шубҳасиз, Мария ҳозирда жуда қийин кунларни бошдан кечирмоқда, лекин у ўзини ҳар томонлама қўллаб-қувватланганини ҳис қилди ва энди у ёлғиз эмаслигини билади. Вақт ўтади ва у болаларини “Меҳрибонлик уйи”га топширмай жуда тўғри ва оқилона қарор қабул қилганига ишонч ҳосил қилади…
Наргис Қосимова

Улашинг: