8

“….Замирани сиртмоқдан ечиб олишганида у ҳушсиз эди…”

 

Бизнинг жамоамизга реабилитация марказига жойлаштирилган аёлларнинг кечмиши ҳақидаги оғир ҳикояси юборилганда биз тушунамизки ҳар бир воқеа – фожиядир…

Ангрен намунали туманлараро аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига келиб тушган мурожаат асосида қайта қўнғироқ қилинганида, гўшакни ёши каттароқ аёл кўтарди.

— Алло, мени кимдир эшитяптими?! – аёлнинг қичқирган овози титроқлар билан қоришиб кетганди. — Фарзандимга оиласида кўрсатилган зулмлардан афсуски жуда кеч хабар топдим…

Исмини сўраганимизда ўзини Зулайҳо (исмлар ўзгартирилган) деб таништирди. Аёлнинг қизи Замиранинг бошига тушган оғир кунлар ҳақидаги ҳикояси чиндан ҳам даҳшатли эди…

Замира 7 йил аввал бошқа вилоятга турмушга чиқиб, икки нафар фарзандли бўлди. Айтишича, эр-хотин турмуш аввалида бахтли яшашган. Аммо вақт ўтиши билан эри Жаҳонгир ўзгариб қолиб, оиласидан узоқлаша бошлади. Уйга кеч қайтар, на хотини, на фарзандларининг гап-сўзи ёқмас, уларни жеркигани жеркиган эди. Баъзида “хизмат сафарига кетдим”, дея 4-5 кунлаб йўқ бўлиб қоларди. Замира эридан нега бунчалик ўзгариб қолганини сўраса, жавоб ўрнига калтак ерди. Аҳвол шу даражагача бориб етдики, эри Замирага ўлдириш билан таҳдид қила бошлади.

…Ўша куни Жаҳонгир уйга кеч келди. Замира дастурхон ёзди. Аммо Жаҳонгир хотинини кўрмагандай ётоқхонага кириб кетди. Замира унинг орқасидан “Чой ичмайсизми?” деганича қолди. Дастурхонни йиғиштириб, болалари, бошқа уйда ётган қайнонасини уйғотиб юбормаслик учун ошхонадаги идишларни шовқинсиз ювиб, аста ётоққа кирди. Хотини кирганини сезмаган Жаҳонгир қандайдир аёлга ширин гапириб, у билан яна учрашишга интиқ эканлигини айтарди.

— Ким у? Ким у жонингизга айланган? — Замиранинг рашкдан юзлари қизариб кетди.

— Сенга нима? Истаган одамим билан гаплашаман. Истасам 10 та хотинни шу уйга олиб келаман. Яна саволинг борми? Ўчир овозингни!

Жаҳонгир ўрнидан сакраб туриб, бақираётган хотинини юзига шапалоқ тортиб юборди. Аламидан, хўрликдан уни тинмай қарғаётган хотинини дуч келган жойига уриб, бўға бошлади.

— Ўлдираман сени! Шундагина сендан қутиламан.

Кейин нима бўлди, жанжал қандай авжига чиқди, бу ёғи бизга қоронғу, чунки можаро иштирокчилари ўша вақтда бўлган воқеаларни бизга ипидан игнасига айтиб беришолмайди.

Шовқин-сурон ва болаларнинг изиллаб йиғлашидан уйғониб кетган Ҳалима хола ўғли билан келини ётган уйга йўналди. Эшик олдига келганида бақир-чақир тинган эди. Бир ортга қайтмоқчи ҳам бўлди. Сўнг хавотирланиб, эшикни тақиллатди. Ўғлининг дарғазаб “Ким у?” деган овозини эшитиб, эшикни итариб, ичкарига кирди. Бурчакда икки невараси унсиз йиғлаганича, қотиб туришгани уни ваҳимага солди…

Келинининг бўйнига шарфдан сиртмоқ солинган, хона шифтида осилган ҳолича, жон талвасасида типирчиларди.

Ҳалима ҳола даҳшатдан чинқирганича, келининг оёғига ёпишиб, ўғлига “Бўшат, нега қараб турибсан?” дея бақирди. Замирани сиртмоқдан ечиб олишганида у ҳушини йўқотган эди. Чақиртирилган “Тез ёрдам” 15 дақиқага қолмай етиб келди. Жаҳонгир эса шифокорларга ювингани чиққанини, хонага қайтиб кирса хотини ўзини осганини тинмай такрорларди…

Замира шифохонанинг жонлантириш бўлимида 10 кун ётди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан ниҳоят ҳушига келди.

…Зулайҳонинг айтишича, Замирани тўлиқ ўзига келмаган ҳолатда прокуратурага олиб кетишган ва аҳволининг оғирлигига қарамай, терговчининг ёнига уни, Залайҳони киргизишмаган. У ерда Замира “ҳеч ким мени осмади, ўзим жонимга қасд қилдим” деб ёзиб берган. Аммо онанинг ишончи комилки, қизи ҳеч қачон бундай қилмайди, айниқса ўз фарзандларининг олдида!

— Марказимиз шу куни масалага ойдинлик киритиш мақсадида аёлга қонуний ёрдам сўраб Тошкент вилояти прокуратураси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ва вилоят Хотин-қизлар қўмитасига тегишли хат билан мурожаат қилди, — дейди Ангрен намунали туманлараро Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Сурия Ботирова. — Айни пайтда мазкур иш ўрганиб чиқилмоқда. Замира эса ҳамон шифохонада даволанмоқда. Зулайҳо қизи эрининг уйига бошқа қайтиб бормаслигини айтган. Бунга Замиранинг ўзи ҳам розилик билдирди. Албатта Замира шифохонадан чиққач, унга психологик ёрдам кўрсатамиз. Шу билан бирга, болалар ҳам руҳий муолажа олишлари керак. Ҳозирча эса аниқ қандай ҳодиса содир бўлганини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларигина аниқлаб бера олишади, деган умиддамиз.

“Зўравонликка йўл йўқ!” лойиҳаси жамоаси бу ҳодисани кузатиб боради ва ушбу иш бўйича қўшимча маълумотларни муштарийларга етказиб туради.

Наргис Қосимова

Улашинг: