442

“Археология устуни” Эдвард Ртвеладзе таваллудининг 80 йиллигига бағишланган кеча бўлиб ўтди

Бугун Киночилар уйида атоқли олим, археолог, академик, тарих фанлари доктори, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларда” лойиҳасининг илмий раҳбари Э.В. Ртвеладзе таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжахон жамияти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томнидан ташкил этилди, тадбир ҳомийси — «Eriell Group» нефть-сервис компанияси.

Тадбир доирасида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжахон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов “Эдвард Ртвеладзе хотираси” номли хотира китобининг дастлабки пилот нашрини тақдим этди. Китоб олимнинг ҳамкасблари, дўстлари, оила аъзолари ва яқинлари томонидан ёзилган 50 дан ортиқ мақолани ўз ичига олган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси таҳририят кенгаши раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжахон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зураб Абдушелишвили иштирок этишди ва марҳумни ёд олиб сўзга чиқишди. Эдвард Васильевич Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини, Буюк Ипак йўлининг эски ва янги йўлларини тадқиқ этган. Олим Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган 800 дан ортиқ илмий мақолаларга муаллифлик қилган.

Илмий фаолияти давомида турли мукофот ва орденлар билан тақдирланган, жумладан, 1985 йилда Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2017 йилда “Эл-юрт хурмати” орден. Бундан ташқари, Грузия Республикасининг шараф ордени — «Гирдебис Оредени» билан тақдирланган.

Эдвард Ртвеладзенинг сўнгги йиллардаги энг машҳур археологик кашфиётлардан бири милоддан аввалги IV охирида асос солинган Окс Александриясидир. Қадимий шаҳар милодий I аср бошларигача Сурхондарё ҳудудида мавжуд бўлган.

Олим Ўрта Осиё ва Шимолий Кавказда 100 дан ортиқ археологик экспедицияларда қатнашган. Ртвеладзе 1990 йиллар охирида Тохаристон археологик экспедициясини тузиб, қадимий Кампиртепа манзилгоҳида тадқиқотларни қайта тиклаган, бу ерда Ўрта Осиё археологик амалиётида биринчи марта аҳоли пунктининг тўлиқ очилиши амалга оширилган, унинг жойлашуви ва Кушонлар даврига оид шаҳар тузилмаси аниқланган.

Сўнгги йилларда Э.В. Ртвеладзе “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг илмий раҳбари вазивасини бажарган. Унинг раҳбарлигида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид 50 та китоб-альбом нашр этилган.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжахон жамияти лойиҳалари доирасида “Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси”, “Тарихий кутубхона”, “Ўзбекистоннинг атоқли олимлари” туркум китоблари устида ҳам ишлаган.

Афсуски, 2020 йил апрель ойида олимнинг рафиқаси — археолог ва архивчи Лидия Ртвеладзе вафот этди. Эдвард Василевич Ртвеладзе ўзининг яқинда нашр этилган «Лидия Львовна Ртвеладзе. Ҳаёт, имл, оила” китобини рафиқасининг хотирасига бағишлаган эди.

Эдвард Ртвеладзе жорий йилнинг 10 февралида вафот этган эди.

Манзура Бекчанова

Улашинг: