479

“… Энди мен сизларнинг онангизман, бошқасини унутинглар…” 

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда аёлнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда зўравонлик ва тазйиқларнинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу борада барча мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлари қизғин фаолият олиб боришмоқда.

Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги хотин-қизлар кенгаши маслаҳатчилари ҳам айни вақтда Реабилитация ва мослаштириш марказлари ходимлари, профилактика инспекторлари ва бошқа дахлдор идора-ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз ҳудудларидаги нотинч оилалар, зўравонликка учраган хотин-қизларга баҳоли қудрат ёрдам беришга ҳаракат қилиб келишмоқда.

Жиззах вилоятида фаолият олиб бораётган “Қалб нури” ННТ ҳам аёллар ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам бериш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлашни ўзининг устувор мақсади сифатида белгилаб олган. Мазкур муассаса томонидан жамиятда гендер тенглигини таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган семинар-тренинглар Жиззах вилоятининг барча туманларида ўтказилар экан, ҳудудларнинг биридаги Кенгаш маслаҳатчиси Ноила (исмлар ўзгартирилган) ўзининг аччиқ тақдири ҳақида сўзлаб берди.

…Қишлоқ жой эмасми, рўзғор ташвиши ва оғирликлари асосан аёлнинг зиммасида бўлади. Бола тарбияси, оила аъзоларининг барчасига хизмат қилиш, уй юмушларидан ташқари бир-икки сўм топиш учун қишлоқ хўжалиги экинларини чопиш, ўтоқ қилиш, йиғиб-териш, арзимаган пул топиш илинжида мавсумий ишларга ёлланиб ишлаш… Эҳҳе, билсангиз эди, қишлоқ аёлининг ҳаёти нақадар оғир ва машаққатларга тўла эканини…

Ноила буларнинг барчасини қулоқ қоқмай сўзсиз бажарар, пешонасига ёзилган тақдирнинг аччиқ битигини, рўзғор аталмиш ғорнинг аравасини кундан кунга кўпайиб бораётган юклари билан азоб-уқуқбатлар чекиб судрар борарди. Аммо қанчалик итоатгўйлигини намоён этса, шунчалик кўп бошида калтак синарди. Қайнонаси Турсуной момо ҳассага таяниб қолган, ўзининг уддасидан чиқиши қийин. Шундай бўлса-да салкам 7 йилдан бери хизматини қилиб юрган, уни оқ ювиб оқ тараётган келинини асло чиқиштирмас, нуқул нолигани нолиган, қарғагани қарғаган эди. Боз устига, баъзида ҳассаси билан калтаклаб ҳам қоларди.

Сабаби, ўғли у танлаган қизга қиё бормай, ўзбошимчалик билан шу шўрпешона Ноилага уйлангани эди. Қайнонасининг зуғумларига уйларига тез-тез келиб турадиган қайин опаси ҳам қўшиларди. Ноила у чақирган заҳоти “лаббай”, деб югуриб келмаса, бошида калтак синарди. Фарзандли бўлмагани учун турмуши бузилган Сайёра онасига қўшилиб, келинини аямай саваларди. Доимо юзи кўкариб, йиғидан кўзлари қизариб юрадиган Ноиланинг юриш-туришидан айб топавериб, икки аёл охири ундан воз кечишга қарор қилишди.

– Ойижон, жиянларимни ўзим боқиб оламан. Ўзим оналик қиламан, уларга. Ноилани ҳайдаймиз, нега шунга ўхшаган исқиртларга Худо фарзанд беради-ю, мени битта тирноққа зор қилади… Йўқотинг шунингизни, кўргани кўзим йўқ… – деди кунларнинг бирида Сайёра онасига.

Хуллас, шундан кейин Сайёра ҳеч бир сабабсиз йўқ ердан катта можаро чиқарди ва онаси билан тил бириктириб, Ноиланинг бир ўзини кўчага ҳайдаб солишди, фарзандларини эса ўзлари билан олиб қолишди. Бу вақтда Ноиланинг эри уйда йўқ, ишда эди.

Онасининг орқасидан изиллаб йиғлаб қолган 2 ва 4 ёшли жиянларини Сайёра ширинлик, қанд-қурс бериб, алдаб-сулдаб овутган бўлди.

– Энди мен сизларнинг онангизман, бошқасини унутинглар. У ёмон хотин, сизларни уришарди. Мен уришмайман. Чиройли кийим, ўйинчоқлар олиб бераман, – деди у йиғлаётган болаларнинг бошини силаб.

Ноила, йиғлаб, ялигниб-ёлвормасин, қайнонаси ва қайин опаси уни уйга киритишмади. Бу орада ишдан қайтган Эркин ҳам онасига ён босиб қўя қолди.

– Онамни хафа қилган, унинг кўнглини оғритган ярамас хотин билан яшамайман, – дея ёлғиз эридан нажот кутган Ноиланинг юзига тарсаки туширди.

Ноиложликдан маҳалла хотин-қизлар Кенгаши маслаҳатчисига онаси билан биргаликда мурожаат қилган Ноила фарзандлари билан бирга бўлиш умидини рўёбга чиқариш мақсадида охирги илинж билан бу ерга бош уриб келганини айтиб, ўксиб-ўксиб йиғлади…

Маҳалла Кенгаши маслаҳатчиси профилактика инспектори билан бирга Турсуной аянинг уйига боришганида, 80 ёшни қоралаб қолган Ноиланинг қайнонаси мақсадини яшириб ўтирмади. Невараларини фарзандсиз қизи Сайёрага олиб бермоқчи эканини айтди.

– Ахир ақли-ҳуши жойида, тўрт мучаси соғлом онаси бўла туриб, невараларингизни қизингизга олиб бера олмайсиз, бунга қонун йўл қўймайди, – дейишганига қарамай, кампир сўзида қатъий туриб олди. Ўғил ҳам хотинини онасининг кўнглини ололмаганликда айблаб, онаси томонга ўтди. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай инсонни камситиш, хўрлаш, калтаклаш учун жиноий жавобгарлик борлиги айтилгачгина, Турсуной она жимиб қолди. Ноила оиласига қайтарилиб, қайнонаси ва қайин опасига нисбатан унга “Ҳимоя ордери” расмийлаштириб берилди…

– Афсуски, бундай оилалар жуда ҳам кўп, – дейишди семинар қатнашчилари. – Биз ҳар куни оиладагилари, айниқса келинларига нисбатан зўравонликни амалга оширадиган эр, қайнона, қайин опа, қайин сингилларга дуч келамиз. Баъзида бунинг акси бўлиб, уй бошқарувини қўлига олмоқчи бўлган келинлар зўравонлиги ҳам учрайди. Иложи борича бундай ҳолатда ҳар бир оила аъзолари билан суҳбатлашиб, ҳар бир инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқ, мажбурият ва эркинликлари борлигини, ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик учун мамлакатимизнинг Маъмурий ва Жиноий кодексларининг тегишли моддалари орқали жавобгарлик белгиланганини тушунтириб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

Оилада тез-тез учраб турадиган бундай зўравонликларга қачон чек қўйиларкин? Нега асрлар оша давом этиб келаётган зўравонлик халқасини уза олмаяпмиз?

Азиз муштарийлар, балки бу масалаларда сизда фикр-мулоҳазалар бордир? Унда марҳамат, ушбу фикрларингизни каналимиз орқали бошқа ҳамюртларимиз билан ўртоқлашинг!

 

Наргис Қосимова

Улашинг: