(телевизион детектив сериал сценарийси)
Наргис Қосимованинг «Кўз қорачиғидаги жавоб» ҳикояси асосида
1 кадр. Кадрда 40 ёшлардаги эркак ва 10-12 ёшлардаги ўғли спорт кийимида паркда югуриб бораяпти. Бола чарчаб тўхтайди.
ОТА: — Ҳа, ўғлим, чарчадингми?
ЎҒИЛ: — Дада, чарчаб қолдим, озгина дам олай. (Шундай деб бола бута ғов (“живой изгород”)нинг ортига ўтади. Бирдан боланинг “Дада-а-а…” деб бақиргани эшитилади).
ОТА: (Шошганча ўғли ўтиб кетган томонга югуради): — Нима бўлди, тинчликми?
(Бута ғовнинг ортига ўтган ота ерда ётган аёл кишининг жасадини кўради ва қўрқиб кетган ўғлининг юзини бағрига босганча, овози қалтираб “Қўрқма” дейди.)
ТИТР: ТИТР: Сирдарё вилоят телерадиокомпанияси намойиш этади
КЎЗ ҚОРАЧИҒИДАГИ ЖАВОБ
2 кадр. Кадрда ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Кадр хонага алмашади. Капитан Жияновнинг хонасига Содиқ Валиев қўлида қоғоз билан кириб келади.
ВАЛИЕВ: – Мана биологик экспертизанинг натижалари. Мурда биологик жиҳатдан 50–52 ёшлар атрофида. Бунга суяк, мушак тўқималарининг ҳолати далолат бериб турибди.
(Капитан Жиянов ҳайрон бўлиб Валиевга тикилади).
ЖИЯНОВ: – Бўлиши мумкин эмас, Содиқ. Ахир берилган қидирув эълонида Раъно Шукурова 37 ёшда эканлиги кўрсатилганку!
ВАЛИЕВ: – Эри келиб мурдани танидими? (Валиев капитанга саволомуз қарайди).
ЖИЯНОВ: –Ҳали келгани йўқ, аммо чақиртирганмиз. Лекин жасад ёнидаги сумкачадан топилган паспорт бу ҳақиқатдан ҳам Раъно Шукурова эканлигини тасдиқлаб турибди. У 1975 йили туғилган. Демак, ҳаммаси тўғри.
ВАЛИЕВ: – Қизиқ, ҳеч нарсага тушунмаяпман, қизиқ. (Валиев кўзойнагини олиб, дастрўмоли билан пешонаси, бурни устида пайдо бўлган майда терларни артади)
3 кадр. Соат тахминан 11:00 лар атрофи. Кадрда ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Ҳусниддиннинг бинога кириб кетаётгани. У Капитан Жияновнинг хонасига кириб келади.
ҲУСНИДДИН: – Кечирасиз, мумкинми? Мен Хусниддин Шукуровман.
ЖИЯНОВ: – Келинг, ўтиринг.
(Ҳусниддин Шукуров кам ухлаганиданми, кўзлари ичига ботган, кўз ости қорайган бўлади).
ҲУСНИДДИН: – Хотинимни топдингларми, ўртоқ капитан? У ҳозир қаерда?
ЖИЯНОВ: – Ҳа, топдик. (Жиянов столи устида турган минерал сувдан пиёлага қўйиб, Ҳусниддинга узатади.)
ЖИЯНОВ: – Ҳозир биргаликда бир ерга борамиз. Сизнинг ёрдамингиз керак.
ҲУСНИДДИН:– Раънога нима бўлди, гапирсангиз-чи?
ЖИЯНОВ: – Тинчланинг, кеча кечқурун шаҳар паркида аёл кишининг жасади топилган. Балки у сизнинг хотинингиз эмасдир, аммо…
(Ҳусниддин инграб юборади, нафаси бўғилиб кўйлаги ёқасининг иккита тугмасини ечади.)
4 кадр. Ўликхона. Ҳусниддин Шукуров капитаннинг орқасидан этни жунжиктирадиган сукунатга қадам қўяр экан, формальдегиднинг ўткир ҳидидан кўнгли айниб бир ўқчиб қўяди. Кичикроқ хонада темир столлар устига уч киши ётқизилган. Ҳаммасининг усти оқ чойшаб билан ёпиқ.
– Марҳамат (Ўликхона эшиги олдида уларни кутиб олган ва кузатиб бораётган киши ўртада турган стол устидаги чойшабнинг бош қисмини қайириб қўяди.)
ҲУСНИДДИН: – Раъ-н-о-о! (Ҳусниддин хотинини таниб, ўзини орқага ташлайди.)
ЖИЯНОВ: – Бу Раъно Шукурова, сизнинг рафииқангиз, тўғрими?
(Шукуров жимгина бошини қимирлатади).
ЖИЯНОВ: – Кетдик.
(Жиянов ҳамон оқ чойшаб остидаги жасаддан кўзини уза олмаётган Ҳусниддининг елкасига қўлини қўяди ва такрорлайди) Кетдик.
ҲУСНИДДИН: – Ҳа, ҳа, албатта.
5 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
(Жиянов Ҳусниддинга яна сув қуйиб бергач, судмедэксперт хулосасини унга ўқиб беради. Унда айтилишича, Раъно аввал зўрланган, сўнг эса баданининг юзи, қорни, елкасига пичоқ урилган. Шунда ҳам у ўлмаган. Охири уни бўғиб ўлдиришган).
ҲУСНИДДИН: – Даҳшат, э, Худо. Қотилни топасизлар, тўғрими? Топасизлар-а?
ЖИЯНОВ: – Албатта, қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Яқин ойлар ичида шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат ёзиб беринг. Асосий гувоҳ сифатида жиноий ишда қатнашишингиз лозим.
ҲУСНИДДИН: – Ҳўп.
6 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
ВАЛИЕВ: — Хўш, Раъно Шукурова кўп қон йўқотиш ва ҳаво етишмаслигидан ҳаётдан кўз юмган. Аёлнинг баданидаги жароҳат изларидан ташқари, унинг танасида топилган қон гуруҳи учинчи бўлган эркак спермалари ҳам зўрланганлигидан далолат бериб турибди.
ЖИЯНОВ: –Ишни тезлаштирадиган яна бирор далил борми?
ВАЛИЕВ: – Ўлимидан сал олдин у камди-ча еган.
ЖИЯНОВ: – У нима бўлди, яна?
ВАЛИЕВ: – Корейс салати.
ЖИЯНОВ: – Нима бўпти, шаҳарнинг ҳар бир бурчагида корейсча салатлар сотилади.
ВАЛИЕВ: –Лекин бунақаси эмас. Камди-ча фақатгина бир жойда, «Қора юлдуз» ресторанида тайёрланади.
ЖИЯНОВ: – «Қора юлдуз» дегин, қизиқ.
ВАЛИЕВ: – Қотиллик содир бўлган куни Раъно Шукурова ана шу ресторанга кирган бўлиши керак.
ЖИЯНОВ: – Қойил, даҳосан-да! (Жиянов жилмайиб турган Валиевнинг қўлини маҳкам қисади).
7 кадр. «Қора юлдуз» ресторани олдига машина келиб тўхтайди. Ундан Жиянов тушиб, ресторанга киради. Уни эшик олдида барваста йигит кутиб олади.
ЭШИКБОН: – Хўш келибсиз, марҳамат!
ЖИЯНОВ: – Раҳмат, мен жиноят қидирув бўлимиданман, раҳбарларингиз билан гаплашсам бўладими? (Жиянов эшикбонга ҳужжатини кўрсатади).
ЭШИКБОН: – Бир дақиқа. (У ён томондаги хоналардан бирига кириб кетади).
8 кадр. «Қора юлдуз» ресторани раҳбарининг хонаси. Эшик тақиллайди.
РАҲБАР: — Киринг.
ЭШИКБОН: – Кечирасиз, Фарруҳ ака, жиноят қидирув бўлимидан келишибди. Сизнинг олдингизга киришмоқчи.
РАҲБАР: — Тинчликмикан? Майли таклиф қилинг-чи, нима гап экан?! (Эшикбон Жияновни ичкарига таклиф қилади)
ЭШИКБОН: – Марҳамат, киринг.
(Жиянов ресторан раҳбарининг хонасига киради. Фаррух уни ўрнидан туриб кутиб олади. Иккаласи кўришгач, Фаррух Жияновни ўтиришга таклиф қилади.)
ФАРРУХ: — Марҳамат, ўтиринг.
ЖИЯНОВ: – Рахмат! (У стулга ўтирар экан, жиноят қидирув бўлими ходимларига хос синчковлик билан хонага разм солади).
ЖИЯНОВ: – Олдингизга келишимдан мақсад, биз бир қотиллик жинояти бўйича суриштирув олиб бораяпмиз.
ФАРРУХ: – Ходимларимиздан бирортаси гумондорми?
ЖИЯНОВ: – Йўқ, жиноят қурбони бўлган аёл ўлимидан сал олдин камди-ча салати еган экан. Билишимча, бунақа антиқа салат шаҳар бўйича фақат сизнинг ресторанингизда тайёрланар экан. Шунга, рухсат берсангиз, официантларингиз билан суҳбатлашсам, дегандим. Балки бирортаси аёлни, у ким билан келганини эслаб қолар.
ФАРРУХ: – Бирор ёрдамимиз тегса, бажонидил. (У стол тагига ўрнатилган тугмачани босади. Эшик очилиб, эшикбон киради.)
ФАРРУХ: – Официант қизларни чақиринг. (Эшикбон чиқиб кетгач, у пиёлага чой қуйиб, Жияновга узатади. Шу орада эшик очилиб, учта қиз кириб келади.)
ҚИЗНИНГ БИРИНЧИ КИРГАНИ (САРВИНОЗ): — Фаррух ака, мумкинми?
ФАРРУХ: – Киринглар.
ЖИЯНОВ: – Қизлар, диққат билан қарангларчи, ресторанда мана бу аёлга бирорталаринг яқин орада хизмат кўрсатганмисизлар? (У қизларга Шукурованинг суратини кўрсатади. Қизлар суратни навбати билан қўлларига олиб, қарашади. Ўртада турган тўлачадан келган қиз, яъни Сарвиноз Жияновга юзланади).
САРВИНОЗ: — Кечирасиз, бу аёл ресторанимизга тез тез келиб турарди, исмлари Раъно опа. Биринчи марта дугоналари билан келганида мен хизмат кўрсатган эдим, шундан бери ҳар сафар фақат мен хизмат қилишимни сўрарди.
ЖИЯНОВ: – Исмингиз ким?
ОФИЦИАНТ ҚИЗ: — Сарвиноз.
ЖИЯНОВ: –Сарвиноз, эслаб кўрингчи, охирги келганида у ёлғиз эдими? (Жиянов савол назари билан официантга қарайди.)
САРВИНОЗ: – Ҳа, ёлғиз эди. Аммо кимдир келишини айтган эди. Шунинг учун иссиқ овқат буюрмай, фақат салат билан чегараланди.
9 кадр. Сарвиноз ҳикоя қилаётган воқеалар тасвирда жонланади. «Қора юлдуз» ресторанига Раъно Шукурова кириб келиб, бўш столлардан бирига ўтиради.
РАЪНО ШУКУРОВА (стол ёнидан ўтиб кетаётган официант қизга): — Илтимос, Сарвинозни айтиб юборинг.
ОФИЦИАНТ ҚИЗ: — Хўп, ҳозир.
(Ресторан залининг умумий кўриниши. Сарвинознинг Шукурова ўтирган стол ёнига келиши).
САРВИНОЗ: — Ассалом алайкум, Раъно опа, хуш келибсиз.
РАЪНО ШУКУРОВА: — Ишларинг яхшими, Сарвиноз, чарчамаяпсанми?
САРВИНОЗ: — Раҳмат, яхши. Нима буюрасиз?
РАЪНО ШУКУРОВА: — Ҳар доимгидай, камди-ча салати билан шарбат. Бир киши билан учрашишим керак эди, келганидан кейин балки бирор иссиқ овқат буюрармиз…
САРВИНОЗ: — Яхши, ҳозир буюртмангизни олиб келаман.
(Ресторан залининг умумий кўриниши. Умумий планда Сарвиноз Шукурова ўтирган стол ёнига келиб, патнисдаги салат ва стакандаги шарбатни столга қўяди.)
САРВИНОЗ: — Ёқимли иштаҳа, Раъно опа. Агар яна бирор нарса керак бўлса, чақирарсиз.
РАЪНО ШУКУРОВА: — Раҳмат!
(Ресторан залининг умумий кўриниши. Умумий планда Раъно Шукурова салатни ўйчанлик билан иштаҳасиз еб ўтиргани).
10 кадр. «Қора юлдуз» ресторани раҳбарининг хонаси (8 кадрдаги ҳолатга қайтилади).
САРВИНОЗ: — Хуллас, Раъно опа бир соатлар чамаси ўтиргач, кутган одами келмагани учун чиқиб кетдилар.
ЖИЯНОВ: – Ўм-м, шунақа денг, тушунарли. Раҳмат, бизга катта ёрдам бердингиз.
(Қизлар чиқиб кетгач, Жиянов ресторан раҳбарига юзланади)
ЖИЯНОВ: – Сизга ҳам раҳмат!
ФАРРУХ: — Ёрдамимиз теккан бўлса, бажонидил.
11 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
ЖИЯНОВ: – Қотиллик содир бўлган куни хотинингиз бирор жойга, масалан, «Қора юлдуз» ресторанига боришини айтмаганмиди, мабодо?
(Ҳусниддин Жияновнинг саволига жавобан елка қисади).
ҲУСНИДДИН: – Ишга кетаётганимда у бирор жойга боришини айтмаган эди. У билан учрашишга ҳам келишмаганмиз. Тўғри, фарзандимиз йўқлиги сабабли Раъно кўнглини ёзиш учун тез-тез дугоналари билан бирор ресторан ёки кафеда учрашиб турарди. Аммо ҳозир меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли, уйда дам олмоқчи эканлигини айтганди.
ЖИЯНОВ: – Хотинингизни эркак танишлари бормиди?
ҲУСНИДДИН: – Ҳа, ҳамкасблари. Яна билмадим.
12 кадр. Ҳусниддиннинг ҳовлиси. Мотамсаро аёллар йиғилиб ўтиришибди, кираверишдаги кичик уйга келиб-кетувчилар учун дастурхон тузалган. Уй эгаси ҳануз чопон белбоғда, дарвозахона соясида икки-уч киши билан гаплашиб ўтирибди. Жиянов ҳовлига яқинлашганда, Ҳусниддин капитанни таниб, ўрнидан қўзғалади.
ЖИЯНОВ: – Ассалому-алайкум. Илоҳим, жойи жаннатда бўлсин. Бандалик. Бу савдо ҳамманинг бошида бор. Наилож.
(Қуръон тиловатидан сўнг Жиянов асосий мақсадга кўчади).
ЖИЯНОВ: – Сиз билан гаплашиб олишим керак, иложи бўлса бугун…
ҲУСНИДДИН: – Бугун еттисини ўтказдик. Идорага боришим керакми?
ЖИЯНОВ: – Бу ерда гаплашиш сал ноқулай, шунинг учун эртага идорага ўтсангиз яхши бўларди, ишга баъзи бир ойдинликлар киритиш лозим.
13 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
ҲУСНИДДИН: – Биринчи хотиним саратон касаллигидан ўн гулидан бир гули очилмай вафот этган. Ҳатто фарзанд кўришга ҳам улгурмадик. Тақдир мени Раъно билан учратганида бошим осмонга етувди. Тўрт йил давомида унга шу қадар қаттиқ боғланиб қолган эканманки, ҳозир ўзимни қўярга жой топа олмаяпман. Топиш-тутишим яхши. Данғиллама ҳовлим, машинам, шаҳарда уч-тўртта дўконим бор. Бир кам дунё дегани шу бўлса керак, фарзандим йўқ. Турмуш қурганимиздан сўнг Раъно фарзанд кўролмаслигини айтганида ундан ажралмаслик учун тақдирга тан берувдим. Энди нима қиламан, ҳайронман?
ЖИЯНОВ: – Сиз аёлингизни неча йилдан бери танирдингиз?
ҲУСНИДДИН: – Тўрт йил бўлди.
ЖИЯНОВ: –Сизга турмушга чиқмасдан илгари ҳам танирдингизми?
ҲУСНИДДИН: – Тўғриси, биз илк бор «Қора юлдзу» ресторанида учрашган эдик. Ўша пайтлари хотинимнинг қазо қилганига 2 йил бўлганди. Кейин Раъно билан бир муддат ҳам ажралишганимиз йўқ.
ЖИЯНОВ: – Хотинингиз асли қаердан? Қариндошлари борми? Назаримда жанозасига ҳам у томондан ҳеч ким келмади, шекилли.
ҲУСНИДДИН: – Танишганимизда Раъно менга етимлигини айтган эди. Самарқандда, болалар уйида катта бўлган. Тўғриси, унинг кўнглини оғритмаслик учун ўтмиши ҳақида кўп ҳам сўрамаганман. Бундан ташқари, турмуш қуришимиздан олдин ҳам эр қилганлигини, эри гиёҳванд моддалар савдоси учун қамалгач, ажрашганини айтганди.
(Жиянов Ҳуснидиннинг охирги гапларидан сўнг ҳушёр тортиб, ялт этиб унга қарайди).
ЖИЯНОВ: – Илгари ҳам турмуш қурган дедингизми? Эрини танийсизми?
ҲУСНИДДИН: – Йўқ, лекин фамилияси Аҳмедов бўлган. Раъно менинг фамилиямга ўтишдан олдин унинг фамилиясида эди.
ЖИЯНОВ: – Аҳмедов… Аҳмедов… Раҳмат.
13 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
ВАЛИЕВ: — Хўш, ўртоқ изқувар, нима янгиликлар?
ЖИЯНОВ(қўлидаги қоғозларни варақлаганча): — Мана, ҳибсхоналардан Аҳмедовлар ҳақида келган маълумотларни кўриб ўтирибман. Айни пайтда Ховос ҳибсҳонасининг ўзида тўртта, Қорақалпоғистонда иккита, Қаршида ҳам иккита, Навоийда битта Аҳмедовлар рўйхатга олинган экан. Шулардан 3 нафари гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва ноқонуний савдоси учун жазога тортилган. Аҳмедов Салим 20 ёшда, Аҳмедов Жаббор 36 ёшда, илгари ҳам 3 маротаба судланган, Аҳмедов Абдураҳим 58 ёшда, яқинда қамоқ муддати тугаб, озодликка чиққан. Хў-ўш, Аҳмедов Салим ёш жиҳатидан тўғри келмайди. Аҳмедов Жаббор ёш жиҳатдан тўгри келса-да, уйланган, икки фарзанднинг отаси, бунинг устига 3 йил илгари қамалган. Раъно Шукурова эса Ҳусниддин билан 4 йил илгари турмуш қурган. Балки Жаббор билан ноқонуний яшагандир? Йўқ, тўғри келмайди. Жаббор Раънони қамалишидан олдин излаб келган бўларди, бундан ташқари Раъно Шукуровга турмушга чиқаётганида эри қамалганига бир йил бўлгани ва ажралишганини айтган экан. Унинг гапларига асосан Аҳмедов Абдураҳим тўғри келади. Аммо унинг ёши… Шундай гўзал, ёш аёл ўзидан салкам 30 ёш катта одам билан яшамагандир. Лекин Раъно ғирт етим бўлган. Самарқанддаги «Меҳрибонлик уйлари»га сўровнома жўнатиш зарур.
14 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Бинонинг йўлаги. Шошганича Жияновнинг хонасига бораётган Валиев у билан йўлакда учрашади.
ВАЛИЕВ: – Менда иккита янгилик бор. Бири яхши, иккинчиси ундан ҳам яхши. Қайсидан бошлай?
ЖИЯНОВ: –Иккаласи ҳам яхши бўлса, хоҳлаганингдан.
ВАЛИЕВ: –Бошлиқ кеча роса пўстагингни қоққан кўринади. Хўш, Шукурованинг иши бўйича бирор янгилик топдингми?
ЖИЯНОВ: – Қўй, шуни эслатма, янгилик менда нима қилсин. Одамни қон қилмай гапирсанг-чи? Жудаям одамни интиқ қилишни яхши кўрасан-да?
ВАЛИЕВ: – Ўзим сени майор қиламан.
ЖИЯНОВ: – Гапирасанми, ёки йўқми?
ВАЛИЕВ: – Менимча, Шукурова 30 ёшда бўлмаган. Бошида айтганимдек, у 50 ёшлар атрофида. Ёш кўринишига сабаб эса, бир неча бор пластик операция қилиб, юзи, қўли, баданининг айрим жойларининг терисини торттирган. Бундан ташқари, фитнес билан ҳам шуғулланиб турган.
ЖИЯНОВ: – Қизиқ, демак Аҳмедов Абдураҳимни четга суриб бўлмайди Хўш, иккинчи янгилик-чи?
ВАЛИЕВ: – Мановини бир қарагин.
(Валиев Жияновнинг қўлига 3–4 та фотосурат тутқазади. Суратларда Шукурованинг юзи, унинг тиғ тегмаган кўзи, катталаштирилган кўз қорачиғи акс этган бўлади).
ЖИЯНОВ: – Бу нима?
ВАЛИЕВ: – Яхшилаб мана бу суратга қара. (Валиев капитаннинг қўлидан суратларни олиб, кўз қорачиғи катталаштирилган суратни қайта қўлига тутқазади) – Қорачиқда одам тасвирининг акси қотиб қолган. Бу қотил бўлиши мумкин. Агар вақт топиб, бизнинг бўлимга ўтсанг, компьютерда аниқроқ кўрардинг.
ЖИЯНОВ: – Майли, ҳозир юборган сўровномаларимнинг жавобларини кўрай, кейин ўтаман.
(Жиянов ва Валиев каридордан икки томонга кетади.)
15 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
(Жиянов ахборот бўлимидан олиб кирилган маълумотларни кўздан кечирганча ўзига ўзи гапириб ўтирган бўлади)
ЖИЯНОВ: – Хўш, нима деб ёзишибди, бир кўрайликчи. Раъно Музаффаровна Солиева исмли тарбияланувчи 1960 йилда туғилган ва 1968 йили Самарқанддаги «Меҳрибонлик уйи»га олиб келинган. Бўлиши мумкин эмас. Раънонинг отасини исми ҳам Музаффар бўлган, Шукуров қизлик фамилиясини Солиева деганди. Демак… Содиқ тўғри айтган экан-да. Пластик операция, фитнес… Ҳозироқ Содиқнинг олдига ўтиб, компьютерда қорачиқдаги суратни кўришим керакка ўхшайди.
16 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Суд медэкспертиза бўлими, Валиевнинг хонаси.
ВАЛИЕВ: – Мана, мен айтган сурат. (У компьютерда суратни катталаштриб кўрсатади).
ЖИЯНОВ (Суратда Аҳмедов Абдураҳимнинг аксини таниб): – Қотил Аҳмедов Абдураҳим, бунга шубҳа йўқ. Шукурованинг биологик ёши 52 да бўлса, ҳаммаси ойдинлашади. Лекин паспорти. Паспортини алмаштирган. Қаллоблик йўли билан. Зудлик билан Аҳмедов Абдураҳимни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ тайёрлаш лозим.
(Жиянов компьютердан нигоҳини олиб, Валиевга қарайди).
ЖИЯНОВ: –Менга қара, қорачиқни текшириш қандай эсингга келиб қолди?
ВАЛИЕВ: – Саргузаштга ишқибозлигимни биласан-ку. Кеча ўғлим Жюл Верннинг «Кип ака-укалар» китобини ўқиётган экан. Ухлаб қолганда варақлаб кўрсам, оптография – қотилнинг сиймоси сўнгги лаҳзаларда қурбоннинг кўзида акс этиши ёзилган экан. Бирдан миямга Раъно Шукурованинг кўзини текшириб кўриш фикри келди. Ахир у сўнгги дамигача қотил билан олишган. Азонда интернетни титиб, ҳақиқатда ҳам оптография мавжудлигини топдим. Х1Х асрда профессор Кюне Гейдельберг лабораториясида қуёнлар ва сичқонлар устидан тажриба ўтказиб, бунга ишонч ҳосил қилган. 1924 йили Германияда содир этилган қотиллик айнан ўлдирилган 8 та одамлардан бирининг кўз қорачиғида муҳрланиб қолган болта кўтарган қотил сурати орқали фош этилган. 1932 йилда Франциядаги даҳшатли қотиллик сирини айнан ўлдирилган қурбоннинг кўз қорачиғидаги қотил сиймоси орқали очишган. Негадир сўнгги йилларда фан-техника ривожланиб, оптографияга эътибор бермай қўйишди.
(Жиянов «қойил» дегандек дўстига тикилади).
17 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
ЖИЯНОВ: — Айтингчи, собиқ хотинингиз Раъно Шукуровани нега ўлдирдингиз, ахир у тинчгина яшаб юрган эди-ку?
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Мен уни севардим. Қамоқда ҳам у сабабли ўтирганман. Уни таъминлаш, доимо яхши яшаши учун ҳеч нарсани аямадим. Уни деб жиноятга қўл урдим. Лекин у доим ўзидан ёшларга интиларди. Меҳнат таътилига чиқмасдан олдин ишига қўнғироқ қилиб гаплашгандим, кейин у йўқолиб қолди. Билсам, таътилга чиққан экан. Уйини қидириб топдим. Телефон орқали «Қора юлдуз»да учрашишга келишдик. Келмаса, бирга яшаган пайти тушган суратларимизни эрига кўрсатиб, унинг ҳақиқатда неча ёшдалигини фош қилишимни айтгач, у рози бўлди. Чунки Раъно сирининг фош бўлишидан ўлгудек қўрқарди. Ресторанга кирмай уни ташқарида кутиб турдим. Ёшариб кетибди. Худди илк бор учрашганимиздек. У ўша гўзаллиги билан меники эди. Яна, у гўзаллигига, ҳозирги қиёфасига қамалганимдан сўнг мол-мулкимни сотиб эришди.
18 кадр. Қоронғи туша бошлаган пайт. Шаҳар парки. Хилват ўриндиқда Абдураҳим Аҳмедов билан Раъно Шукурова ўтиришибди.
РАЪНО: — Қачон чиқдингиз?
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Яқинда. Чиқдиму, сени изладим. Менинг бор топган тутганимга эгалик қилиб, бунинг устига бир бечорани аҳмоқ қилганча эрга ҳам тегиб олибсан. Энди мен темир йўл бўйидаги бир кулбада яшаб юрибман.
РАЪНО: — Гапни айлантирмай, муддаойингизни айтинг.
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Эринг билан ажрашиб, ёнимга қайтишингни хохлайман.
РАЪНО: — Бунинг иложи йўқ.
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Унда илгари тушган суратларимизни эрингга кўрсатиб, бор сирингни фош қиламан. Кўрамиз, ўшанда нима деб сайрар экансан.
РАЪНО: — Хўш, қанча берсам, мени тинч қўйиб, суратларни менга берасиз?
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Нима, сен мени сотиб олмоқчимисан? Пулга манави чиройли ҳуснингни сотиб олишинг мумкин, лекин мени эмас. Бунинг устига жиғимга тегаверсанг, битта устара тортаман, гўзал юзингга кетмайдиган бўлиб чандиқ тушади, тушундингми?
РАЪНО: — Исқирт, қари чол, мени қўрқитмоқчи бўлаяпсизми? Яна қамоққа қайтиб кетгингиз келиб қолганга ўхшайди.
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: – Ким исқирт, ким қари чол, менми? Аслида сени деб шу аҳволга тушдимку, манжалақи…
19 кадр. Ички ишлар бошқармаси биносининг ташқи кўриниши. Капитан Жияновнинг хонаси.
АБДУРАҲИМ АҲМЕДОВ: –Агарда ўшанда мени ҳақорат қилмаган, қаршилик кўрсатмаганда эди… мен уни ўлдирмоқчи эмасдим. Аммо уни деб қамоқда чеккан азобларим. Раънонинг бошқаси билан айш–ишрат қилиб юрганини эслаб ўзимни йўқотиб қўйдим. Шунча йилдан сўнг у яна меники бўлиши керак эди. Аммо у хоҳламади. Шу билан ўзининг тақдирини ўзи белгилади. Мени йўлидан ўзи олиб ташлаганлигини, хоҳласа яна қамоққа тиқишини айтганида, қандай қилиб этигим қўнжидаги пичоқни олганимни билмайман…
20 кадр. Суд биносининг коридорида Жиянов Ҳусниддин билан гаплашиб турибди.
ҲУСНИДДИН: – Биласизми, Раъно баъзи-баъзида 70-йилларда бўлган воқеаларни эслаб, гапириб қолар, ҳайрон бўлсам телевизорда кўрганлигини айтарди.
ЖИЯНОВ: – Ўзига гумонларингизни айтмаганмидингиз?
ҲУСНИДДИН: – Йўқ, чунки у менга севишни ўргатди… Сизга эса катта раҳмат.
(Ҳусниддин Жиянов билан хайрлашиб, бинонинг тор йўлагидан тез-тез юриб кетади…)
Сценарий муаллифлари:
Наргис ҚОСИМОВА,
Дармон ИБРОҲИМОВ
Режиссёр:
Жаҳонгир ИШПУЛАТОВ
Тасвирчи:
Ойбек ИСАЕВ