2 469

ОЙ ТУТИЛГАН ОҚШОМ

Мадина қозиққа илинган челакни олиб сигир томон кетар экан, Гулчеҳра опанинг айтган гаплари қулоғидан нари кетмас эди.

-Ёш умрингни шу қишлоқда хазон қиласанми? Сендай қизлар чет элдан қўша-қўша уйлар, машинали бўлиб қайтишаяпти. Сен нимани кўрдинг. Шу лойсувоқ қилинган уйингу, молхонадан бошқа жойни кўрганмисан ўзи..?»

Мадинанинг ҳаёлида яна Гулчеҳра опа тасвирлаган ҳаёт гавдаланди. Ҳашаматли уй, ўзининг машинаси бўлади, атрофида йигитлар парвона бўлса, орқасидан икки йилдан буён юрган Самад  ҳасадидан ёрилиб ўлса керак. Ўша пачағи чиққан «Жигулиси» бир тийинга қиммат-у, яна кеккайганига ўлсинми?

Мадинанинг ширин ҳаёлларини  онасининг бақирган овози тўзитиб юборди.

— Ҳа, қиз бўлмай кетгин-а, сенга нима жин урган ўзи? Нега бир жойда қоққан қозиққа ўхшаб қанқайиб қолдинг, сигир согмайсанми?

— Уф-ф, ҳаммаси жонга тегди, қачон қутилар эканман, шу ишлардан..

Мадина челакни тарақлатиб сигирнинг бўғиқ овози келаётган молхонага кириб кетди.

….Мадина 9 синфга ўтганида ўқитувчиси барча аълочи ўқувчиларни аввал Жиззахга, бир ой ўтгач Тошкентга айлантиргани олиб боргач, ёш қизалоқнинг ҳаловати йўқолди. Ўтирса ҳам турса ҳам шахарнинг кўкка бўй чўзган бинолари-ю, асфальт ётқизилган кенг ва равон кўчалари ҳақида гапира бошлади. 9 йил ўқиб, биринчи алифбо сабоқларидан дарс олган қадрдон мактаби ҳам кўзига ўта хунук кўрина бошлади. Мактабида на пол бор, на тузук парта. Дадасининг айтишича 1950 йилларнинг охирларида шу мактаб қишлоққа кираверишда хашар йўли билан қурилган экан. Шундан буён ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Фақат  70 йилларга келиб, шиша чироқ ўрнини  қишлоққа ўтказилган электр чироги эгаллаганини айтмаса, ҳали ҳам ўша ўтин билан ёқиладиган чуян печка-ю, йиллар давомида қирилиб ола-була бўлиб қолган синф доскаси. Қишлоқлари тоғ орасида жойлашгани учун 5 километрга чўзилиб кетган. Одамлар уйларини сувга яқин бўлиш учун сой бўйига қуришган. Бунинг устига ҳар бир уйнинг оралиги камида 500-600 метр. Қишлоқларида на бир клуб бор, на бир томошагоҳ. Уларни-ку-я қўяверинг, оддий тиббий пункт ҳам йўқ. Биров касал былиб қолса, ё сойнинг у томони, 2 километр нарида турадиган ҳамширани олиб келишади, от-улови борлар эса  25 километр узоқликда жойлашган туман касалхонасига чопади. Ёзда ҳам бир амаллашар, қишда, тоғларга қор тушганда- қийин. Бозор-ўчарнинг ҳам аҳволи шу. Қишлоқ одамларининг қонига савдогарликдан худойим солмаган  шекилли, қишлоқларида бирорта дўкон йўқ. Ким Жиззахга ёки туман марказига борса, керакли нарсани «заказ» қилишади. Хотин-халаж куни билан уйда. Ана опаси Дилнозани қўриб нима қилади, шахарга бориб бузилиб кетади деб, мактабни битиргани билан эрга берворишди. Энди 19 га кирди-ю, лекин иккита боланинг онаси. Онасининг айтишича, аёлларнинг қисмати шу экан. Акаси Шоҳрух бўлса уч йилдан буён нима қилишини билмай юрибди. Бир-икки марта Жиззахга бориб мардикорлик қилди, лекин охирги маротаба борганида обдон калтак еб, ишлаб топган бор пулини олдириб қайтди-ю сўнг куни билан кўчага чиқмай уйда ётадиган бўлди.             Қийин, қийин отасига қийин боғларидаги барча қуриган дарахтларни кесиб, ўтин қилишганидан сўнг, ҳеч бўлмаса қишга кўмирга пул топарман деб, Мирзачўлга, катта акасининг олдига ишлагани кетган эди. Мана бир ойдан буён ундан хабар йўқ. Бутун мол-хол ҳозир унинг бўйнида. Сигирни  тонг саҳарда соғиш-у, подага қўшиш,  қўй бузоқларга ўт ўриш-у.. Э-э, ҳаммаси жонига тегди. Икки ойдан сўнг мактабни битиради. Ана шунда Гулчеҳра опа ваъдасида туриб чет элга олиб кетса.. Қанийди.

Суюмгул опа сўнгги пайтлари қизининг ўзгарганлигини кўриб, хавотирга туша бошлади. қаёқдан ҳам шу уйларига опаси билан Гулчеҳра исмли аёл келди. Қизини бошини айлантирди, қўйди. Мактабни битиргач чет элга кетармиш? Қизи тушмагур жуда ужарда, айтганини қилмагунича қўймайди. Дадаси билан маслаҳатлашиб, жойи чиқса узатвормаса бўлмайди.

Аммо Мадинанинг орзусига фаришталар омин деган эканми, июнь ойининг ўрталарида, битирув имтиҳонлари тугаши билан уйларида яна ўша Гулчеҳра опа пайдо бўлди. Бу сафар унинг ёнида бир эркак ҳам бор эди. Кейин билса, у Гулчеҳра опанинг турмуш ўртоги экан. Меҳмонлар уларникида уч кун меҳмон бўлишди. «Меҳмон атои худо»  дейдилар. Уларга атаб сўйилган қўзининг гўшти ҳам тугаб, қувондиқ ака меҳмонларни яна нима билан меҳмон қилиш ҳақида боши қотаётганида, улар кетишга ижозат сўрашди. Аммо сафар олдидан Мадинанинг отаси билан узоқ алланималар хусусида гаплашишди. Мадина фақат ўзининг тақдири ҳақида гап кетаётганлигини сезди.

Ички бир ҳаяжон билан уларга чой олиб кирганида қулогига чалинган узуқ-юлуқ гаплардан Гулчеҳра опа август ойларида келиб,уни олиб кетмоқчи эканлигини эшитиб, юраги шодликдан хапқирар эди. Меҳмонлар кетгач, қувондиқ ота ўйдагилари билан маслаҳатлашиб, қизининг йўл харажатлари учун ўғлининг тўйига деб боқиб қўйган икки новвосини, бир-икки қўйини сотди. Пулни, Мадинанинг хужжатлари билан белгиланган куни Гулчеҳра опанинг эри олиб кетди. Ҳар тугул, инсофли, диёнатли одамлар экан. Орадан икки ҳафта ўтар ўтмас, уйларига Гулчеҳра опа келиб, инглиз тилида ёзилган қандайдир қогозларни Қувондиқ отага кўрсатди. Мадинага, у аввал Японияда ҳунар ўрганиш учун ўқишини, кейин ўзи тенги қизлар билан у ерда бир йил ишлашини айтди.

Суюмгул опа бу гапларни эшитиб йиғлаб юборди. Илтижо  билан Қувондиқ аканинг юзига боқди.

— Қўйинг, қизииз японга бормай қуя қолсин. Қиз бола нарса бўлса, бегона юртларда тентиб юрадими?

Қувондиқ ака хотинига хумрайиб қарар экан,  энг суюкли қизининг шодликдан порлаб турган кўзларини кўриб, чўрт кесди:

-Сен билан менга насиб этмаган бахт қизингга насиб этаяпти. Ўқисин, одам бўлсин, дунёни кўрсин. Кўрасан, биркунмас бир кун келиб, Мадинанг номи тилларда достон бўлади..

Қувондиқ ака сўнгги сўзларининг нақадар ҳақиқатга яқин эканлиги ўшанда билганда эди…

Гулчещра опа  Жиззах вилоятининг турли қишлоқларидан йиғилган 5 қизни шахардаги уйида бир ҳафта сақлади. Бу ерда  ўзини Гулчеҳра опанинг қизиман деб таништирган Гулҳаё уларга оро беришни, замонавий кийинишни, сирли жилмайиб кўришиш-у, ноз билан қадам ташлашни ўргатди. Гулҳаёнинг айтишича, бу нарса аввало чет элда уялиб қолмаслик учун керак экан. Қизлар ўзларида йўқ  шод эдилар. Бўлмасачи, Гулчеҳра опа ҳаммаларига бир сидрадан энг замонавий кийим-бош қилди. Кийимлар қизларнинг нозик  қадди-қоматларига шундай ярашди-ки, асти қуяверинг. Албатта, бошида калта ва тор юбкада, баланд пошнали туфлида юриш ноқулай бўлсада, икки уч кунда кўникиб кетишди. Самолёт Японияга  шанба куни учиши керак эди. Аммо душанба куни Гулчеҳра опа келиб, чипталар жуда қимматлашиб кетганлигини ва ҳар бир қиз яна 100 минг сўмдан пул тўлаши лозимлигини айтди. Бир бирларига гап бермай чугурлашиб ётган қизлар юзида саросима акс этди.

— Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ. Ҳар бирларинг уйларингга хат ёзиб берсаларинг, ўзим бориб келаман. Ота–оналаринг шунча сенларга харажат қилди бу ёгидан ҳам қочмас, зато  берган пулини бир йилдан кейин ўзларинг уч баробар қилиб қайтарасизлар.

— Опа, сиз билан ўзим бориб келсам бўладими?  Дилноза ийманиб, секингина сўради.

-Уйда нима қиласан?

— Энамларни соғиндим.

— Э, сени қара-ю, кап-катта қизсан-у, дийдиё қиласан-а. Уйларингга ўзим бориб келаман, сизларнинг бўлса ҳали бу ерда ўрганадиган нарсаларинг кўп. Ундан кўра вақтни ўтказмай, чиройли юришни, гаплашишни ўрганинглар. Яна японлар устиларингдан кулиб юришмасин. Гулчеҳра опа қизлар ёзиб берган хатларни бирма-бир кўздан кечириб, сумкачасига солиб қўйди. Орадан беш кун ўтди. Гулчеҳра опадан  хабар бўлмаганидан қизлар хавотирлана бошладилар. Ахир эртага самолет учиши керак. Ўзи Японияга  бир ойда бир марта учармиш. Келмаса, яна бир ой кутишадими?! Кеч соат 23.00 да  хонадон эшигининг қўнгироги  ёқимли жиринглади.

Бу Гулчеҳра опа эди. Уни мамнун ҳолда кўрган қизларнинг кўнгли жойига тушди.

-Яхши ўтирибсизларми?. Ана иш ҳам битди, фақат Дилноза ота-онанг жа-а қуримсоқ экан, зўрга 60 минг сўм топиб беришди-я. Пулини қизининг бахтидан ҳам аядиганлар бор-а. Гулчеҳра опа семиз гавдасини диванга ташлади. Сўнг кўзларига ёш келиб турган Дилнозага кўзи тушиб:

— Бўпти. Қолган 40 мингни ўзим қўшаман, фақат қарздорлигингни унутмасанг бўлгани.

Дилдноза югуриб келиб Гулчеҳра опани қучоқлаб олди.

-Албатта опажон, Япониядан қайтишимиз билан қайтараман, ўзингиз айтдингизку у ерда кўп пул ишлаймиз деб. Албатта қайтараман…

— Майли, майли. Ҳозир нарсаларингни йиғиштириб, таёр бўлиб туринглар, машина келади. Соат бирда Тошкентга жўнаймиз. Самолет тонгга яқин учади. Гулчеҳра опа Дилнозанинг қучоғидан бўшаб, ўзининг хобхонасига кириб кетди.

Тун. Шаҳар осуда уйқуда. Кўчадан онда-сонда ўтаётган машиналарнинг товуши демаса, ёзнинг бу гўзал кечаси, дур сочилгандек чарақлаган юлдузларга тўла осмони, чигирткаларнинг сархуш чириллаши қизларга қадрдон қишлофларини эслатган бўлса ажаб эмас.

Кийимларини йиғиштириб, машина келишини кутган қизлар бир зум  деразадан ана шу қадрдон ислар уфуриб турган намхуш ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олишар, ҳудди бошлари узра осилиб тургандек туюлган юлдузларга суқланиб боқар эдилар.

…Самолет   Малайзиянинг  Куала Лумпур  аэропортига  келиб қўнганида осмон худди Жиззахдагидек юлдузларга тўла эди. Аммо бу ерда улар янада ёрқинроқ ва каттароқ бўлиб кўриннишарди. 14 соатлик учишдан толиққан қизлар самолёт трапидан тушиши билан олдиларига бир аёл келиб, соф ўзбек тилида «Сизлар Гулчеҳрани қизларими?» деб сўради. Ҳа, жавобини олгач, қизларга орқасидан юришни буюрди.

— Ана, Гулчеҳра опа сизларни у ерда кутиб олишади девдилар, гаплари рост бўлиб чиқди. Сен эса Гулчеҳра опа Тошкентда қолганига қўрқиб юрибсан – деди Малика Мадинани туртиб.

-Э, нима, сан умрингда  самолётда учганмисан, ундан тушиб нима қиламиз, қаерга борамиз деб қўрқдим-да. Япон тилини  тугул, хатто ўрисча ҳам билмайсан-ку. Мадина дугонасидан хафа бўлгандек, лабини чуччайтирди.

-Қизиқсан-а, Унга шунча пул тўладик-ку, бизни ташлаб кетмас эди. Қизлар гап билан бўлиб, дугоналаридан орқада қолганликларини сезиб, жомадонларини кўтарганча югуриб кетишди. Аэропорт божхонасидан ўтгач, қизларнинг ўзларига Гулчеҳра опа қайтариб берган паспортларини энди бу аёл йиғиб олиб, ўқишлари тугагач  уларга  қайтаришларини айтди. Аэропорт биносидан чиққан қизлар бино эшиги ёнида кутиб турган икки машинага ўтиришди. Сўнг қоп-қоронги кўчалардан ярим соатлар чамаси юришди. Машина икки қаватли чоғроққина бино олдида келиб тўхтаганида  уфқ оқара бошлаган эди. Уларни олиб келган аёл ичкарига кириб, бир оздан сўнг бир йигит билан қайтиб чиқди-да, қизларга машинадан тушишни буюрди. Уларни  икки кишилик хоналарга жойлаштиришди.

Мадина кўзини очганида кун ёйилиб кетган,  унча катта бўлмаган хона худди нурга чўмилгандек эди. Аввалига қаерда ётганини тушунмай, Мадина бироз кўзини юмиб ётди-да, сўнг бир нимани эслагандек, сакраб ўрнидан турди. Тўғридаги тахта каравотда Малика пишиллаб ухлаб ётарди. Хонада бир стол, бир стул бўлиб, деворга ойна илинган, ўртага кичик буйра тўшалган эди.  Юз-қўлини ювиш учун у ювиниш хонасини қидира бошлади. Ювиниш хонасини ўтайдиган хона кичикина бўлиб, ўртада ёгоч курси турар, унинг устида эса тогора, ёнида кўза билан сув турар эди. Юз-қўлини ювиб олган Мадина, хонага қайтиб кирганида, Малика ҳам уйғонган ва синчиковлик билан теварак-атрофни кузатар эди.

— Турдингми, Малик. Эҳ, шунақанги қорним очди-ки. Овқат беришарканми, ё ўзимиз бирор жойдан нон-пон сотволамизми?

— Қаердан сотволасан, пулинг йўғку.

-Бор. Аям берган беш минг сўмни яшириб қўйганман.

— Э, каллаварам. Бу ерда сани сўминг ўтмайди, ҳамма нарса долларга ёки японларнинг ўзини пулига сотилса керак.

Шу пайт эшик тақиллаб, қизлар жавоб беришга улгурмай хонага енгил кўйлак ва шорти кийган қиз кириб келди. У жилмайганича қизлар олдига қўлидаги патнисни қўйиб, енгил таъзим билан чиқиб кетди.

— Мадина анқайганича қизни орқасидан қараб қолар экан, фақатгина эшик ёпилишидан ўзига келди.

— Ў, зўр-ку. Мана буни ҳаёт деса бўлади. Эрталаб азонда турмайсан, ўтин ташимайсан, сигир соғмайсан. Эҳ, қандай мазза.

Қизлар овқатланиб бўлишлари билан, худди пойлаб тургандек эшикда яна ўша қиз пайдо бўлди-да, жилмайганича патнисни олиб чиқиб кетди.

-Японлар ҳам ўзбекларга ўхшар экан-ку. Малика қизнинг орқасидан эшик ёпилгач хохолаб кулди. Қизлар Гулчеҳра опа олиб берган  кийимларни кийиб, ўзларига оро беришгач, кўчага чиқишга қарор қилишди. Аммо эшик қулф эди. Ҳарчанд уринишмасин эшикни оча олмадилар. Ҳайрон бўлиб ўтиришганида, эшик очилиб, хонага қизларини аэропортда кутиб олган аёл, икки эркак билан кириб келди.

-Кечқурун  иккаланг ҳам иш бошлайсан- деди .

— Қанақа иш, ахир биз  Японияга ўқишга келдик- деди Мадина.

Мадинанинг бу гапидан ҳар уччаласи хохолаб кулиб юборишди.

— Япония, Японияни тушингда кўрасан. Сен ҳозир Куала-Лумпурдасан.

-Қаерда?

-Малайзияда, қизалоқ, Малайзияда.

-Гулчеҳра опа бизларни Японияга қўиб, кейин ишлайсизлар деган эдиларку. Мадина ғазабидан титраб кетди.

-Қаерда ишлашинг барибир эмасми, фақат бу ишга ўқишинг  керак эмас. Кечқурунга иккаланг ҳам тайёр бўл, одам қабул қиласанлар.

Мадина Маликага ялт этиб қаради-да, дугонасининг индамай турганини кўриб, баттар жаҳли чиқди.

— Қанақа одам. Ҳозироқ мени орқага жўнатинг. Уйга кетаман. Нимага бизни алдайсизлар . Мадина кўзларидан қўйилиб келган ёшни тўхтата олмади.

-Овозингни ўчир.

Мадина аёлнинг бақирганидан сесканиб тушди.

-Иккала қулоқларинг билан ҳам эшитиб олинглар. Сенларнинг ҳар бирингга турт минг долларга сотиб олганман. Шуни олти минг доллар қилиб ишлаб берасанларда, кейин турт томонинг қибла.

— Нега бизни сотиб оласиз, нима ҳаққингиз бор. Қўйворинг бизни.

Мадина йиғи аралаш овозининг борича бақирди.

Бояги аёл нотаниш тилда эркакларнинг бирига бир нималар деб шивирлаган эди, у Мадинанинг қўлини орқасига қайирди, иккинчиси қон томирига шиприцда аллақандай суюқлик юборди.

Мадина ўзига келганида кун кеч бўлган, хонада Малика кўринмас эди. Фақат эрталабга яқин, эшик очилиб, хонага Маликани кечаги барзангилардан бири судраб келиб, ташлаб кетди. Мадина ўрнидан турмоқчи былиб, бошини кўтарганида, хонанинг шифти гир-гир айлана бошлади. Кўнгли айниб ўқчигиси келди.

Каравотда 10 дақиқа чамаси ўликдай ётган Маликанинг инграган овозини эшитиб, Мадина қувониб кетди.

-Малик, тирикмисан. Қўрқитвординг-э.

-Мадина…

Малика щунграб йиглаб юборди.

-Нима бўлди?

-Гапирсангчи?

-Уларни айтганини қилмасак ўлар эканмиз. Сенга укол қилганидан сўнг ўлиб қолдинг деб ўйладим. Кейин улар сени ечинтириб, биттаси… Биттаси…

Малика яна ҳунграб юборди. Шундагина Мадина енгил устки кўйлагининг тугмалари узилганлигига эътибор берди.

Кунлар аста- секин шу зайлда ўтаверди. Хар куни эрталаб ва кечқурун  Малика чиқиб кетар, Мадинанинг олдига эса барзангиларидан бири келиб, унинг қаршилик кўрсатишига қарамай, билагининг қон томирига игна санчир эди. Аста- секин Мадина қонига сингиб кетиб, унга ҳузур багишлаётган дорини согина бошлади. Хаттоки, барзангини интиқлик билан кутадиган бўлди. Орадан икки ҳафта ўтар ўтмас, гиёҳванд моддасиз туролмайдиган бўлиб қолди. Энг даҳшатлиси эса  ҳафтанинг сўнгги кунлари юз берди. Икки кун дори истеъмол қилмаган Мадина, ҳориб-толиб хонасига қайтган Маликага ёпишди.

-Малик, жон дугонажон Абуга айт, келсин. Бўлмаса ўлиб қоламан. Ҳаммаёгим қақшаб кетаяпти.

Малика ёноқлари қизарган, кўзлари бежо дугонасига ҳайрон бўлиб қаради.

-Уни кўрарга кўзинг йўқ эди-ку, тинчликми?

Мадина жавоб бера олмай, баданига суқилган минг-минглаб ниналарнинг огригидан гужанак бўлиб олди. Дугонасининг азоб тортаётганини кўрган Малика югуриб йўлакка чиқиб кетди. Бироздан сўнг ўзларининг босси – Диля хоним билан  қайтиб келди.

Аёл ерда гужанак бўлиб ётган Мадинанинг олдига чўккалаб, секин қулогига шивирлади

— Агар ҳали ҳам ўжарлик қилсанг, бундан баттар бўлади.

Мадина кўзини очиб, тепасида Диля хонимни кўрди-да, унга қараб талпинди.

-Опажон Абуга айтинг, менга озроқ дори берсин, бўлмаса ўлиб қоламан.

-Албатта, айтаман, фақат сен ақилли бўлсанг бўлгани.

— Айтганингизни қиламан, фақат айтинг, тезроқ келсин.

Мадина  оғриқ кучидан инграб юборди.

— Айтаман, ҳозир Абу келади. Фақат кечқурун ишга чиқасан

Диля хоним хонадан чиқиб кетгач, беш дақиқа ўтар- ўтмас хонага Абу кириб, Мадинанинг қон томорига гиёҳванд модда юборди. Мадина чуқур тин олиб, каравотига чўзилар экан, кечқурун нима бўлишини мутлақо ўйламас эди. Шу пайти  чигирткаларнинг чириллашлари ҳам тиниб, осмон узра сочилган, чарақлаб турган юлдузлар хира тортди. Кўкда  ой  тутилди. Борлиқни қоплаган сукунат эса худди улкан аждаҳо каби тирик жонзотни ўз домига тортарди гўё.

                      Наргис ҚОСИМОВА  

Улашинг: