Аёллар байрами 8 март арафасида Ўзбекистон мустақил оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб қувватлаш жамоат фонди матбуот ва интернет тармоғида ижод қилувчи журналист аёллар ўртасида «Матбуотимиз маликаси» танловини эълон қилган эди. Танлов шартига кўра хотин-қизлар ўз фотосуратлари ва ижодий йўсинда баён қилинган таржимаи ҳолларини топширишлари керак бўлган. Юртимизда илк бор ўтказилган мазкур танловда «Учител Узбекистана» газетаси масъул котиби Наргис Қосимова ғолиб деб топилди. |
Наргис Қосимова 1969 йил Жиззахда таваллуд топган, Тошкент ва Москва давлат университетлари журналистика факультетларида таҳсил олган. Иш фаолиятини «Жиззах хақиқати» газетасида бошлаб, кейинчалик Жиззах вилояти телерадиокомпанияси, «Сангзор» радиоси ва яна бир қанча ОАВларда журналист, Ўзбекистон Миллий Университетида катта ўқитувчи сифатида фаолият юритди.
— Наргис опа, аввало муваффақият қозонганингиз билан қутлаймиз. Ғалаба нашидасини суриш сизда илк бор юз бермаётгандир… — Ўзи танловларда иштирок этишни яхши кўраман. Гап ғолиб бўлиш ёки бўлмасликда эмас, бирор нарсага интилиб, мақсадли ҳаракат қилсангиз, ижодингиз ҳам ўзгача тус олади. Олдин Ўзбекистон — Индонезия дўстлик жамияти ва Индонезия элчихонаси томонидан ўтказилган танловда, Унни бойитиш мавзусини ёритиш бўйича миллий мукофотда, Россия элчихонаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган танловларда қатнашиб, бир неча бор ғолибликни қўлга киритганман. — Сиз санаб ўтган танловлардан «Матбуотимиз маликаси»нинг қандай фарқи бўлди? — У танловларда бирор мавзу устида иш олиб бориларди. «Матбуотимиз маликаси» эса журналист аёлларнинг бевосита ижодга таъсир кўрсатувчи бошқа қирраларини аниқлаш ва шакллантиришга хизмат қилади. — Журналистлар учун ўтказиладиган танловлардан ташқари аёл журналистларга аталган махсус танловларни жорий этишга қандай зарурат бор? — Сирасини айтганда, журналистлик қийин касб, табиийки аёл журналистга янада қийин. Чунки унинг вақти чегараланган. Журналистликдан ташқари уй бекаси, оналик вазифаларини ҳам ўташи керак. Журналистика талаб қиладиган тезкорлик, турли жойларда бўлиш, баъзан иш соатларидан кейин ҳам, дам олиш кунлари ҳам ишлашга тўғри келиши оилавий масалаларга тўғри келмаслиги мумкин. Аммо бу икки томонда ҳам мувозанатни сақлаб қолаётган аёлларимизга касб эгаси ва аёл сифатида эътибор қаратилмоқда. Уларни юзага чиқариш ва рағбатлантириш мақсадида бундай танловлар йўлга қўйиляпти, деб ўйлайман. — Журналист аёллар меҳнатининг машаққати ҳақида сўз очдингиз. Оила ва жамиятда муносиб ўрнини топиб, бу икки қутбда ҳам фаолликка эриша олиш учун, етишиб чиқаётган журналист кадрларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз? — Сўнгги йиллар юртимизда аёл журналистлар сафи кенгайди. Қизларда ҳам бу касб эгаси бўлишга қизиқиш кучли. Талаба қизларимдан нима учун бу касбни танлаганини сўраганимда, кўпчилик одамлар орасида бўлиш истаги юқорилигини айтган. Берадиган маслаҳатим кўпроқ ота-оналарга. Баъзилар: «Эртадан кечгача кўчада бўладими?», «Микрофон кўтариб бировнинг кетидан югуриб юрадими?» дея қизларининг журналист бўлишига тўсқинлик қилишади. Ташқи томондан бундай таъсирлар бўлмаса, бу соҳадаги аёлларга касбини ҳам, оила ишини хам уддалаш осонлашади. — Охирги савол. Кейинги йилги танловда яна қатнашасизми? — Тўғрисини айтсам, йўқ. Менга кўрсатилган эътибордан миннатдорман. Аммо ҳозирдан бошқа бу танловда қатнашмайман, деб хулоса чиқариб қўйдим. Сабаби, биринчидан, яна ғолиб бўлиб қолсам, (кулади) иштирокчиларнинг интилиши сўниб қолиши мумкин. Иккинчидан, менга шунинг ўзи етади. Энди бошқаларга ҳам имкон бериш керак. Дурдона АЛИМОВА суҳбатлашди манба «Хуррият» газетаси, 2007 йил |
1 432