1 013

«МЕҲРИБОН ТОҒА» ОИЛАГА БАХТ КЕЛТИРДИМИ?

(Халқаро оила кунига бағишланади)

Қизнинг уйига совчи келди. Оила катталари гапни бир жойга қўйиб, икки ёшни таништирдилар. Ёшлар ҳам бир-бирига ёқди. Буёғи ҳурсандчилик, тўй тараддуди. Ёшлар никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари керак. Куёв бўлмишнинг тоғаси қайсидир тиббий ташкилот раҳбари экан ёшларнинг ишини осонлаштириб, ҳужжатларни тиббий кўриксиз тўғирлатиб берди. Иши тез битган икки ёш тўй кунини интиқлик билан кута бошлади.

…Узоқ кутилган тўй ҳам ўтди. Ҳаммаси мана шу тўйдан кейин бошланди. Келин ҳомиладор бўлди. Тиббий кўрик натижалари бутун оилани гангитиб қўйди. Келинда ОИТС аниқланди. Маълум бўлишича, келинга бу касаллик куёвдан юққан экан. Ой куни етиб, келин фарзандли бўлди. Бегуноҳ гўдакда ҳам ОИТС борлиги тасдиқланди. Ёш оиланинг умри шифохоналарда даволаниш билан ўта бошлади. Орадан кўп ўтмай куёв дардга енгилди. У вафот этди. Касал она ва боланинг энди ҳеч кимга кераги бўлмай қолди. Қайнона ва қайнота уларни уйдан ҳайдашди.

Биргина нотўғри қўйилган қадам, ёшликнинг бебошлиги йигитнинг умрини ҳазон қилди. “Меҳрибон тоға”нинг ёрдами билан эса бир қизнинг гулдек умри, бегуноҳ гўдакнинг тақдири ҳазонга айланди.

Жамият турмушида учраб турадиган таниш-билишчилик, коррупция каби иллатларнинг келажакка аянчли таъсирини юқоридаги кичик воқей ҳикоядан англаб олиш қийин эмас. 15-май Халқаро оила куни муносабати билан жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон бўйлаб оила мавзусига бағишланган конференциялар, семинарлар ва турли тадбирлар ташкил этилаётгани бежизга эмас. Мақсад, ёшларни оила ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи мавжуд қонун моддалари билан яқиндан таништириш, шунингдек, йигит-қизларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилгандир.

Куни кеча ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида “Оила мустаҳкамлиги – жамият тараққиётининг асосидир” мавзусига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Республика хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фахрийлари ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Республика илмий-амалий тадқиқот маркази, шунингдек, университет Педагогика ва психология кафедраси ҳамкорлигида балоғат ёшидаги талаба йигит-қизлар учун ташкил этилди.

Тадбирни ЎзДЖТУ проректори Гуландон Боқиева очиб берди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати, педагогика фанлари доктори, профессор О.Р.Жамолиддинова, ЎзДЖТУ кафедра мудири, профессор, Республика хотин-қизлар қўмитаси “Илм-фан ва аёл” уюшмаси аъзоси А.Мусурманова, Республика Оила илмий-амалий тадқиқот маркази эксперти Г.Мардоновалар талабаларга оилани мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асослари, аёл, фарзанд ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бола ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оилада психологик соғлом муҳитни яратиш масалалари тўғрисида сўзлаб бердилар.

Меҳмонлар ўз тажрибаларида бўлиб ўтган мисоллар билан ёш тингловчиларга ҳатто алла айтиб бериб, алланинг бола тарбиясига ижобий таъсири ҳақида далиллар келтирдилар.

Тадбирда университет психологлари Ж.Пўлатов ва З.Хайруллаевалар иштирокчилар учун қизиқарли бўлган “Оилада низоли ҳолатларнинг олдини олиш” номи остида амалий психологик тренинг ўтказдилар. Мазкур тренинг ўйин тарзида жуда қизиқарли бўлиб, унда иштирокчилар “Мен кимман?”, “Олий мақсад” каби инсоннинг психологик жиҳатдан имкониятлари даражасини белгилаб берувчи сўровномаларни бажонидил қоғозларга ёзиб, қоғоз коптокчаларни махсус қутичага тушириш ўйинини катта иштиёқ билан бажардилар.

Тадбир оила мавзусига оид саҳна кўриниши ва куй-қўшиқлар билан кўтаринки руҳда якунланди.

М.Саидова, журналист.

Улашинг: