Ёқуб Умер ўғли
Ёзнинг иссиқ кунларидан бири эди. Товуқлар девор тагида тумушуқларини очганларича, ҳаракатсиз қотишган. Уларнинг оғир нафас олишларини узоқдан кўриш мумкин. Мушуклар қаёққадир йўқолган, итлар эса кўланкада ўлик каби узала тушиб ётишибди. Вейсил билан биргаликда тут дарахтининг соясида уч тош ўйнамоқчи бўлдик. Мен бир неча маротаба уни ютдим, неча маротаба эса Вейсил ўйинда ғолиб келганини иккимиз ҳам билганимиз йўқ. Ниҳоят шабода турди. Танамизни ялаб, роҳт баҳш этди ва куннинг оғир иссиғини ҳайдашига ишора қилгандек бўлди.
Вейсил девор тагига қуритиб, бостирилган пичанни кўрсатиб:
“Сакрай оламанми?” деди.
Албатта бунга ҳеч бир эътирозим билдирмадим. “Қани, ҳа” дедим. Икки чапани девор ёнидаги ёғоч нарвондан унинг устига чиқдик. Ёнма-ён туриб, пастга қарадик. Шу сабабли кута бошладим. Биринчи бўлиб қўлларини икки ёнга ёзганича Вейсил сакрамоқчи бўлди. У икки тиззасини бироз букиб, қаддини олдинга эгди. Оёқлари уйнинг томидан айрилиб, ўтларнинг устига тушганига қадар Вейсилнинг “Хоооп” деган хайқириғи қулоғимда жаранглаб турди. У ўт устига тушиб, менга қараганидан сўнг, унинг харакатларини такрорлаган холда пастга сакрадим. Узоқ вақт тут ёғочида ўтиришдан қотиб қолган баданимиз худди ёзилгандек бўлди. Яна нарвонни қайтадан тираб, уйнинг томига чиқдик. Иссиқ ҳавода эсган шабода бизга роҳат баҳш этарди. Яна қўлларимизни икки томонга кенг ёзганча қушлар каби учишга шайландик. Бир марта сакрадик, яна бир марта… Шундан сўнг қанча сакраганимизни санамай қўйдик. Энг охири эсда қолган нарсам “йигирма бир” дея сакраганимиз бўлди. Ниҳоят бу ўйин ҳам жонимизга тега бошлади. Шу орада яна қанча сакрашимизни режалаштириш пайида эдик-ки, ўйин бошловчиси Вейсил: “Мустафа, кел бошимиздан умбалоқ ошиб сакраймиз?” деб қолди.
Ажабо бу қандай бўлади? Бош устидан умбалоқ ошиб сакрашни ҳеч эшитмаган ва кўрмаган эдим. Аммо бу тарзда сакраш, тўғриси менга ёқинқирамай турарди. Бироз тараддудланиб, “Майли, фақат биринчи сен бошла” дедим. Вейсил олдиндан бунга тайёр экани кўринарди.
“Бўлди” деди-да, чуқур нафас олиб, қандай сакраб тушишини кўрмоқчи бўлгандек, пастга қаради, унинг бир оз қўрқаётганлиги сезилиб турарди. Бир оз эгилиб, боши ўт устига тушганида пастда қолмаслиги учун бадани ва харакатларинини бирлаштирди. Ҳақиқатдан ҳам пастда уйилган пичанга унинг боши тегди, гавдаси бироз ёйилди-да, кейин ўтларнинг четидан тупроққа думалаб тушди. Оёққа тураркан , бироз зорлангандай бўлди. Устига ёпишган ўтларни қоқаркан, мен унинг юзини кўришга шошилдим. Унинг юзида ушбу сакрашдан катта завқ олганлигидан асар ҳам йўқ эди, аммо у йиғламасди.
“Ачишаяптими?” дедим ниҳоят тилга кириб.
У устига ёпишган ўтларни тозалашда давом этаркан, инкор маъносида, бошини қимирлатиб, “йўқ” деди. Бош устидан умбалоқ ошиб сакраш катта завқ боғишламагани кўриниб турсада, унинг ҳеч бир жойи тирналмабди. Мен ҳам сакрашга қарор қилдим. Чуқур нафас олиб тараддуд кўра бошладим. Балки бир оз бош устидан сакрашдан қўрқаётганимданми ёки Вейсил қаддини тутмай, йиғлай бошласа бу ниятимдан воз кечиш имкони бўлиб қолар деган умидда бир қарорга келмай турардим.
Вейсил эса менга қараб турар, аммо йиғламас эди. Яна бир оз кутдим, кейин ўтларга бошим тегар даражасида сакрашимни режалаштириб, ҳозирландим. Сакрашдан олдим бироз ҳаяжонландим. Агар ҳеч жойимиз ачишмаса, бир оз яна сакраймиз. Мен ҳам Вейсил сингари бошимни елкамга тортиб сакрадим, кейин эса ҳаракатларимни назорат қила олмай пичан устидан тупроққа юмалаб тушдим. Оёққа турар эканман, бир оз ғингшидим, аммо ҳамма нарса жойидагидек дарҳол ўзимни тутиб олдим. Вейсил менга қараб турарди. У бўғиқ овозда “Қалай?” деди. Ҳамма жойим оғрир, қаддимни зўрға тутиб турардим.
“Меники бироз ачишди”, дедим-у, оғрияётган белимни тўғирлашга ҳаракат қилдим. Вейсил “Меники ҳам бироз ачишди” деди-ю, у гапини тамомламасдан бир биримизни қучоқлаб йиғлай бошладик.
Турк тилидан Н.Қосимова таржимаси.
— — —