Журналистик материални тайёрлашда кўплаб факт, рақам, статистик маълумотлар билан ишлаш журналистдан билим ва маҳоратни талаб этади. Мақолада миллий журналистикамиздан аста- секинлик билан ўз ўрнига эга бўлаётган янги йўналиш –маълумотлар журналистикасининг келиб чиқиши, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва ўрни ҳақида сўз юритилади.
Использование в написание журналисткого материала фактов, цифр, статистических данных требует от журналиста знаний и профессионализма. В статье речь идет об истории и значении, места нового направления в национальной журналистике –журналистике данных.
Using a journalist writing material facts, figures, statistics requires the knowledge and professionalism of journalists. The article is about the history and meaning of the place of a new direction in the national journalism — data journalism.
Калит сўзлар: факт, рақам, маълумотлар журналистикаси, Пулитцер мукофоти, инфографика, статистик маълумотлар, ахборот.
Ключевые слова: факт, цифра, журналистика данных, Пулитцеровская премия, инфографика, статистические данные, информация.
Key words: facts, figures, data journalism, the Pulitzer Prize, infographics, statistics, information.
Журналистиканинг бугунги кунда тури ва йўналиши кўп. Радиожурналистика, тележурналистика, интернет журналистикаси, фуқаролик журналистикаси, экожурналистика, илмий журналистика ва ҳоказо. Уларнинг мақсад ва вазифалари айнан бир хил. Яъни ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва ўз аудиториясига етказиб бериш. Фақатгина улар бир биридан айнан ана шу ахборотни йиғиш ва етказиб бериш усуллари билангина фарқланади. Бугунги кунда миллий журналистикамизда ўз ўрнига аста-секинлик билан эга бўлаётган яна бир йўналиш бор. Бу маълумотлар журналистикаси ёхуд дата журналистикадир. Унинг атамаси инглиз тилидаги data journalism сўзидан олинган. Мазкур йўналишнинг асосида маълумотларни қайта ишлаш, уларни визуаллаштириш ва ундан журналистик материални яратишда фойдаланиш тушинилади. Ҳўш, дата журналистиканинг оддий журналистикадан фарқи нимада? Анъанавий журналистика асосида ҳам маълумотлар журналистикаси сингари факт ва далиллар ётади. Бугун ахборот шиддат билан айланаётган ва айнан ахборот ҳаётимиз мазмунига айланиб улгурган бир пайтда оддий маъуломотларни асл ҳолатида ёзма ахборот тарзда узатиш ўз самарасини бермай қолди. Вақт тиғиз, маълумот, ахборот эса жуда ҳам кўп. Уни ўқиб, тушуниб етишга на имкон, на вақт етарли. Маълумотлар журналистикаси эса жуда катта ҳажмдаги ахборотни визуал тақдим этади. Шунинг учун ҳам у информатика, дизайн, статистика каби соҳалар билан чамбарчас боғлиқ. Аслида журналистиканинг ушбу йўналиши кеча пайдо бўлгани йўқ. Унинг тарихи 19 асрга бориб тақалади. Илк бора маълумотлар журналистикаси сифатида эътироф этилган биринчи материал 1821 йили Британиянинг “The Guardian” газетаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эди[1]. Унда Англиянинг турли хил ҳудудларида фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида таълим бериш нархлари, тўлов орқали ва бепул ўқияётган талабалар сони таҳлил этилганди. Мақола муаллифлари жадвал шаклида ҳар бир олий таълим муассасасида ўқиш, яшаш нархларини солиштирма тарзда кўрсата олганликлари учун мақола ижобий тақризларга эга бўлиб, уларда “илк маротаба журналистик амалиётда ўқувчилар аудиторияси учун ошкора барча маълумотлар келтирилган”лиги қайд этилди. 1858 йили биринчи аслзодалардан чиққан тиббиёт ҳамшираси Флоренс Найтингейл Британия армиясининг йиллик йўқотишлари ва ҳолатини таҳлилига бағишланган тадқиқот ўтказди[2]. 54 бетдан иборат материалда муаллиф турли хил жадвал ва диаграммалардан фойланди. Найтингейл тадқиқоти шунингдек ўзига хос журналист текшируви бўлиб, унинг натижаларига кўра тинчлик пайтида армиядаги зобитлар ўртасида ўлим, тинч аҳоли ўртасидаги ўлимдан кўра икки баробар кўплиги аниқланди.
Маълумотлар журналистикасининг замонавий кўринишдаги ҳолати эса 1952 йилда вужудга келди. Унда илк маротаба журналист фаолиятида компьютердан фойдаланилган эди. CBS телеканали президент сайловларининг умумий натижалари ва ҳар бир номзод тўплаган овозларни таҳлил этиш учун UNIVAC I компаниясидан компьютерни ижарага олган эди[3]. Ўтган асрнинг 60-йилларининг охирларида журналистикада компьютердан кенг фойдалана бошланди. 1967 йили АҚШнинг Detroit Free Press газетасининг мухбири Филипп Мейер шаҳарда ўтказилган намойишлар ҳақида материал тайёрлаш учун комптютердан фойдаланилди[4]. 1980 йили журналист Билл Дедмен эса етакчи молиявий институтларнинг кредит сиёсати ҳақида турли хил ирқдаги одамларнинг тушунчаларини баён этувчи “Пул ранги” сарлавҳали материалини тайёрлашда компьютердан фойдаланди. 1990 йилларда Стив Дойг ўзининг “нимадир нотўғри бўлди” сарлавҳали материалида эса “Эндрю” бўрони оқибатида АҚШга етказилган талофат таҳлил этилади[5]. Журналистлар маълумотларни тушунарли, ёрқин ва инфографика сифатида тақдим этганликлари учун турли хил мукофотларга сазовор бўлишган. 1989 йили АҚШнинг “The Atlanta Journal-Constitution” газетаси компьютерда қайта ишланган маълумотлардан фойлаланган қатор репортажлари учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлган. Шу йили Миссури университети қошидаги Журналистика мактабида илк Компьютер журналистикаси миллий институти очилади ва 1990 йили маълумотлар журналистикасига бағишланган илк конференциясини ўтказади. Мазкур анжуман ҳар йили ташкил этилиб, унда бутун дунёда айнан маълумотлар журналистикаси йўналишида фаолият юритаётган ОАВ вакиллари қатнашадилар. Маълумотлар ёки дата журналистика ўз номини 2010 йилда Амстердамда ўтказилган конференция чоғида олди ва бугунги кунда у тезкорлик билан ривожланмоқда. Маълумотлар журналистикаси билан шуғулланадиган биринчи ОАВ сифатида “The Guardian” газетасини тилга олиш мумкин. 2009 йили Datablog бўлимини ташкил этиб, унда чоп этилаётган материалларнинг барчаси маълумотларни қайта ишлаш орқали берилади.
Бугунги кунда маълумотлар журналистикаси ўз аудиториясига эга бўлиб, унинг сафи кундан кунга кенгаймоқда. Масалан, АҚШнинг “Las Vegas Sun” газетаси икки йил давомида “Do No Harm” (“Зарар етказма”) деб номланган лойиҳа доирасида ўз сайтида Лас-Вегасда тиббиёт муаммоларига бағишланган бўлим ташкил этди. Унда журналистик материалларга асос бўлган видеорепортажлар, беморларнинг воқеалари, интерактив инфографика, ҳужжатлар эълон қилинди 2,9 миллион касалхона қайдларини қайта ишлаш натижасида журналистлар тиббиёт ходимларининг айблари натижасида беморларда юзага келган 3500 та жароҳатлар ва касалларнинг ёмонлашув ҳолатини аниқлашди. Уларнинг аксарияти ўлим билан якун топган. Лойиҳа нафақат ўқувчилар аудиторияси, балки шаҳар мерияси ва тиббий ҳамжамиятнинг экспертлар гуруҳи ичида ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлиб, мавжуд муаммоларнинг олдини олиш ва айбдорларни жазолаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. 2009 йили яна бир лойиҳа “The New York Times” газетаси томонидан амалга оширилган “Toxic Waters” (“Заҳарли сувлар”) лойиҳаси нуфузли Пулитцер мукофотига сазовор бўлди. Лойиҳа доирасида журналистлар гуруҳи АҚШнинг турли штатларида ичимлик сувининг ифлосланиш ҳолати ҳақида сўровномалар, ўқувчиларнинг ҳикоялари ва сувнинг ифлослигини қайд этувчи қурилмаларнинг маълумотлари, бу борадаги юзлаб ҳужжатларни тадқиқ этиш ва қайта ишлаш натижасида қатор инфографика, интерактив хариталар яратдилар. Сувдаги мавжуд заҳарли моддаларни аниқлаш ва тадқиқ этиш билан биргаликда журналистлар ифлосларнган ичимлик сувининг аҳоли соғлиғига зарари ва бу борада юзага келиши мумкин бўлган хавфларни ҳам ўрганишди. Мазкур лойиҳа маълумотлар ва илмий журналистиканинг чамбарчас боғлиқлиги натижасида амалга оширилди. Айнан маълумотлар журналистикасининг ривожига машҳур “Wikileaks” сайтида чоп этилган махфий маълумотлар ҳам асос бўлди. “Associated Press” ахборот агентлигининг мухбирлари Жонатан Стрэй ва Жулиан Берджесс сайтда эълон қилинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда Ироқдаги уруш ҳақидаги 391832 та ҳужжатни қайта ишлаб, эълон қилишди. Улар ўнлаб бевосита Ироқдаги урушнинг асл моҳиятини очиб берувчи теглар булутини яратиб, интернетдаги қатор қидирув сайтлари орқали осонгина мазкур маълумотларга эга бўлиш мумкин. Олиб борилган тадқиқотнинг натижасига кўра Ироқда 4000 нафар АҚШ зобити ва 100000 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. Асирга олинганларни қийноққа олиш, рухсатсиз отишмалар ҳақидаги маълумотлар айнан тадыиыотт давомида аниқ бўлган. АҚШнинг расмий ахборотида эса бу каби ахборот берилмаган[6].
2012 йили Global Editors Network жамияти маълумотлар журналистикаси соҳасида— Data Journalism Awards мукофотини таъсис этди[7]. Шундан буён ҳар йили мазкур соҳада маълумотларни энг яхши визуаллаштириш, энг яхши журналистик текшируви, энг яхши шахсий портфолио, ОАВнинг энг яхши сайти ва бошқа номинацияларда мукофотлар ўз эгаларига топширилади.
Юртимизда маълумотлар журналистикаси эндигина тетапоя бўлмоқда. 2014 йили Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши натижасида 2015 йили http://data.gov.uz сайти иш бошлади. Унда илгари ОАВ вакиллари учун ёпиқ бўлган турли хил йўналишдаги рақамлар, статистик маълумотлар тўпланган. Эндиликда навбат журналистларга. Улар ўз нашрлари, ОАВ сайтларида бевосита бирор мавзу юзасидан маълумотларни таҳлил этган ҳолда визуаллаштирилган, яъни камроқ матн ишлатиб, инфографика, видерепортаж ва интерактив хариталар ёрдамида материалларни ўз ўқувчиларига тақдим этишларининг вақти етди.
Наргис ҚОСИМОВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика
факультетининг доценти, ф.ф.н
ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
-
Хакатон по журналистике данных. http://www.datadrivenjournalism.ru
2. Биография Флоренс Найтингейл. http://www.sisterflo.ru
-
http://moscow.pink
-
www.freep.com
5. Журналистика данных в перспективе. http://ria.ru
-
http://bestapp.menu
-
https://salaries.texastribune.org
[1] Хакатон по журналистике данных. http://www.datadrivenjournalism.ru/2016/06/ddj-hack [2] Биография Флоренс Найтингейл. http://www.sisterflo.ru/flo/biography_flo.php
[3] http://moscow.pink/univaжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжжзэээззc_4563334.html
[4] www.freep.com/story/entertainment/movies/2016/
[5] Журналистика данных в перспективе. http://ria.ru/files/book/_site/
[6] http://bestapp.menu/primery-zhurnalistiki-dannyx/
[7] https://salaries.texastribune.org/