Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» Маркази, Республика болаларни ижтимоий мослашуви маркази ва Ўзбекистон СОС маҳаллалари яқин ҳамкорликда Ўзбекистонда болаларни парваришлаш тизимини янада ислоҳ қилишга оид кенгаш ўтказди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция зўравонлик, бешафқат муомала ва менсимасликдан холи бўлган ҳимояловчи, меҳр берувчи ва мақбул оилавий шароит ҳар бир бола учун энг яхши муҳит эканлигини назарда тутади. Афсуски, бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда, айрим болалар ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлиб, давлат муассасаларига тушиб қоладилар. Бундай муассасалар кўпинча яхши ниятлар билан яратилади ва бу болаларни парваришлашнинг энг яхши усули эканлиги назарда тутилади. Лекин мавжуд маълумотлар бу каби муассасалар болалар эсон-омонлигига салбий таъсир кўрсатишидан далолат бермоқда.
ЮНИСЕФ нинг глобал тадқиқотлари Ғарбий Европа ва Марказий Осиё минтақасида ҳанузгача интернат муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг энг юқори даражаси кузатилишини кўрсатмоқда (ҳар бир 100 000 нафар болалар аҳолисининг 666 нафари интернат муассасаларида яшайди) – бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан беш баравар юқоридир (ҳар бир 100 000 нафар болалар аҳолисига 120 нафар болалар тўғри келади). 2015 йилдаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қарийб 20 000 болалар ҳар хил турдаги муассасаларда яшаётганлигини кўрсатмоқда. Бу ҳар бир 100 000 нафар болалардан 200 нафари интернат муассасаларида яшаётганлигидан далолат беради. Уларнинг 75 фоизи ногирон болалардир.
Ўзбекистонда интернат туридаги муассасаларда яшайдиган болаларнинг аксарияти аслида етим эмас, чунки уларнинг ота-оналаридан бири ёки иккаласи ҳам ҳаёт. Кўп ҳолатларда болалар интернат муассасаларига ижтимоий, ҳуқуқий ёки молиявий муаммолар оқибатида ҳамда оилани қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шу жумладан ногирон болалари мавжуд бўлган оилалар учун мўлжалланган хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлмаслиги сабабли жойлаштирилади.
«Биз Ўзбекистон Ҳукуматининг болалар интернат муассасаларига жойлаштирилишига барҳам бериш ва муҳтож оилалар ва болаларни қўллаб-қувватлаш учун кучли механизмларни яратиш ҳамда уларни зарур хизматлардан баҳраманд бўлишлари учун йўналтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз», – деб таъкидлади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. «Болаларни парваришлашнинг интернат усули, уларнинг энг яхши манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, болаларни парвариш қилишнинг барча бошқа шакллари пухта кўриб чиқилган ва маъқул деб топилмаган ҳолатдагина қўлланилиши лозим. Бу ҳолда болага васийлик ёки оилавий турдаги парваришлаш тақдим этилган ҳолда жойлаштирилиши керак», — деб қўшимча қилди Саша Грауманн.
2017 йилда Ўзбекистон Ҳукумати ва ЮНИСЕФ, ислоҳотлар стратегиясини ишлаб чиқиш йўлидаги дастлабки қадам сифатида, болаларни ҳимоялаш тизимини баҳолаш тадбирини ўтказдилар. Шунингдек ЮНИСЕФ мамлакат Ҳукуматига болаларни ҳимоялаш бўйича турли органлар таҳлилини ўтказишга кўмаклашди.
«Болалар оила ва маҳаллий ҳамжамият даражасида парваришланишини яратиш вазифаси катта аҳамиятга эга. Бу жараёнда ҳукумат, маҳаллий ҳокимият органлари, ижтимоий қўллаб-
қувватлаш соҳасидаги амалиётчи мутахассислар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг рольи айнан оилалар ва маҳаллий ҳамжамиятларга барча болаларни зарур оилавий турдаги парвариш билан қамраб олишда ёрдам кўрсатишдан иборат,» — деб эътироф этди Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, ва таъкидладики — «тарихан Ўзбекистон халқи ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оила ва маҳалла даражасида доимо қўллаб-қувватлайди».
Болаларга васийлик қилиш бўйича халқаро эксперт Стелла Григораш Эвропа ва Марказий Осиёда болаларни парваришлаш тизимларида ислоҳотларни амалга оширишдаги илғор тажрибалар тақдимотини ўтказди. Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистон интернат туридаги муассасалар сонини қисқартириш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларида мамлакат шароитларига мослаштирилиши мумкин бўлган вазифаларни муҳокама қилдилар.
ЮНИСЕФ бу масалада болалар ижтимоий-иқтисодий сабаблар бўйича бундай муассасаларга жойлаштирилишига барҳам бериш; муассасаларга жойлаштиришдан кўра оилавий турдаги шароитларда парваришлашни афзал кўриш; тўғри билимлар ва кўникмаларга эга бўлган ижтимоий ходимлар сонини кўпайтириш; ҳамда ҳар бир алоҳида вазиятни қўллаб-қувватлаш учун «индивидуал ҳолатларни олиб бориш» ёндашувини рағбатлантириш каби бир қатор аҳамиятли тавсияларини тақдим этди.
Муҳокамаларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистон Миллий университети ва «Маҳалла» жамғармасининг экспертлари иштирок этдилар.