Тошкент аҳолиси ўзи учун бозорларнинг янги кўринишини “кашф” этди. Пойтахтимизнинг турли туманларида фаолият юритаётган экобозорлар аста-секинлик билан ўз харидорларига эга бўлмоқда.
М.Содиқов, харидор.
— Менга айнан «Экобозор»дан харид қилиш жуда ҳам ёқади. Чунки бозор ҳудуди жуда тоза, озода, тартибли. Албатта, сотилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳам юқори.
Ш. Лазизова, харидор
-“Экобозор”даги маҳсулотларнинг нархи бошқа бозорларникига нисбатан бироз юқори, аммо супермаркетдан арзон. Аммо шунга қарамай, бу ердаги озодалик ва тартиблилик менимча кўпгина харидорларни бу ерга жалб этади.
Ecobozor — бу супермаркет ва бозорларнинг энг яхши томонларини ўзида мужассамлаштирган бозор шаклидир. Янги шаклдаги экобозорлар тармоғи — бу одатий озиқ-овқат бозори ва замонавий савдо маркази қулайлиги уйғунлигидир. Эcо Бозор лойиҳаси бевосита қишлоқ хўжалиги ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга савдо жойларини тақдим этишга асосланган. Бу ерда юқори сифатли мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, сут, нон ва гўшт маҳсулотлари, ичимликлар, шоколад ва қандолат маҳсулотлари, пишириқлар ва яна кўплаб шунга ўхшаш маҳсулотларни харид қилиш мумкин. Шунингдек, экобозор ҳудудида маиший кимё, дорихона ва кўплаб бошқа дўконлар жойлашган бўлади.
Агарда унинг номига эътибор берадиган бўлсак, бевосита мазкур бозорда экологик жиҳатдан тоза маҳсулот сотилиши зарур. Аммо харидорлар ва сотувчилар билан суҳбатимизда ҳеч ким бирор бир тушунчага эга эмаслигининг гувоҳи бўлдик.
К. Жабборов, сотувчи.
-Барча сабзавотларни биз Паркент туманидаги фермерлардан олиб келамиз. Тўғриси, уларни етиштиришда албатта кимёвий ўғитлар қўлланилади. Аммо кўриб турибсиз сабзавотларимиз сифатли ва янги.
З.Шоимова, сотувчи.
— Тўғриси, маҳсулотни фермерлардан сотиб олаётганда ҳеч қачон қандай шароитда етиштирилганини сўрамаганман. Албатта ҳамма ишлатадиган ўғитлардан фойдаланилса керак.
Ж. Малинина, харидор.
-Мен илк маротаба экобозорга харид қилиш учун келганимда сотувчилардан сабзавот ва кўкатлар қандай шароитда етиштирилган, улар экологик тозами деб сўраган эдим, аммо афсуски бирорта сотувчи бу саволимга жавоб бера олмади.
Дарҳақиқат, жаҳонда экобозор ёки экодўкон тушунчаси ишлатилганда харидорларда у ерда сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари экологик тоза шароитда етиштирилгани, кимёвий ўғитлар ишлатилмаганлиги, балки маҳаллий ўғитлардан фойдаланилганлигига ишончи комил бўлиб, харидини амалга оширади. Бундай маҳсулотлар жаҳонда кимёвий ўғитлар ишлатилган ҳолда етиштирилган маҳсулотларга нисбатан бироз қиммат туради. Бугунги кунда экобозорлар дунёнинг кўпгина мамлакатларида ташкил этилиб, айнан уларни яратишдан мақсад тоза экологик маҳсулотларни харид қилишдир.
Пойтахтамиздаги экобозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда косметика ва гигиеник воситалар ҳам сотилмоқда. Аммо уларнинг сифати қай даражада? Муддати ўтмаганми? Афсуски бироз кузатишимиз жараёнида бирорта харидор сотувчига юқоридаги саволларни бермади, товар сертификатлари билан қизиқмади.
Ҳўш, бундай шаклдаги бозорларни ташкил этишдан мақсад нима?
Биринчи навбатда фермерларга ўзлари етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга имкон яратиш, тоза ва қулай шароитдаги харид учун сотувчиларга имкон яратиш ва асосийси аҳолига экологик жиҳатдан тоза маҳсулотларни тақдим этишдир.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган экобозор директори Ш.Сайфутдиновнинг фикрига кўра, экобозор арзонлаштирилган нархларда сифатли маҳсулотларни сотиб олиш учун қулай бозор бўлиб, харидорлар бепул автотураргоҳдан фойдаланишлари мумкин. Бу ерда фермерларнинг ўзлари билан биргаликда уларнинг маҳсулотларини сотиб олиб, қайта сотадиган сотувчилар ҳам бор.
Экобозорлар бугунги кунда аста-секинлик билан ўз харидорларига эга бўлмоқда. Экологик тоза маҳсулотни харид қилиш учун яратилган имкониятдан келжакда фойдаланиш учун сотувчи ва харидорларнинг “экологик тоза маҳсулот” деган тушунчанинг моҳиятини тушунтириш, бу борада уларнинг билимларини ошириш лозим. Чунки талаб, таклифни келтириб чиқаради. Харидор қанчалик сотувчилардан “экологик тоза шароитда етиштирилган маҳсулот”ни талаб қилса, сотувчи (агарда у фермер бўлмаса) ҳам ўз навбатида ўзига сотиш учун етказиб бериладиган маҳсулотнинг сифати билан қизиқади.
-Бугунги кундаги мавжуд касалликларнинг аксарияти озиқ-овқатларнинг кимёвий қайта ишланиши ва кимёвий ўғитлар билан етиштирилиши натижасидир, дейди шифокор Л.Зупарова. – Уларни даволагандан кўра, экологик тоза маҳсулотни истеъмол қилиш орқали олдини олиш мумкин. Мамлакатимизда айнан мазкур муаммога эътибор қаратиш, аҳоли соғлиғи борасидаги кўпгина муаммоларнинг олдини олиш мумкин.
Демак, юртимизда экобозорларни кўпайтириш ва айнан у ерда экологик тоза маҳсулотларни сотиш давр талабидир. Чунки ҳар биримизнинг, оила аъзоларимизнинг, қолаверса юртдошларимизнинг соғлиғи ўз қўлимиздадир.
Н.ҚОСИМОВА