2 198

ОЗАРБАЙЖОННИНГ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИ  ВА УРФ- ОДАТЛАРИ

Каспий денгизи бўйида жойлашан, гўзал табиати ва бой миллий қадриятларни асрлар давомида асраб –авайлаб келган Озарбайжоннинг урф-одатлари ва анъаналари туркий халқларнинг қадриятлари билан  муштарак. Собиқ Иттифоқ даврида  улар йўқ қилинишга ҳаракат қилинган бўлсада, озарбайжон халқи ўзининг тили, дини, ёзуви, маросимлари ва байрамларини, оилавий анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Кўпгина туркий халқлар сингари мамлакатда нишонланган «Новруз Байрами» янгиланишни англатади.  Кадимда озарбайжонликлар байрамга  бир ой олдин тайёргарлик кўришган. Тўрт ҳафтанинг ҳар бири, яъни ҳар чоршанба тўртта унсурга бағишланган: Су Чершенбе (сув чоршанба), Одлу Чершенбе (оловли чоршанба), Торпаг Чершенбе (Ер ёки тупроқ чоршанбаси) ва Ахир Чершенбе (сўнгги чоршанба) сифатида нишонланган. Ривоятларга кўра биринчи чоршанбада сув, иккинчисида олов, учинчисида ер, тўртинчисида эса ниҳоят янги йил билан биргаликда баҳор кириб келган. Оарбайжонда жуда ҳам кўп удумлар олов билан боғлиқ. Бошқа туркий халқлар сингари бу ерда ҳам олов тозалаш вазифасини ўташига ишонишган. Яъни гулхандан сакраб, унинг атрофида айланиб, қўшиқ куйлашган. Қадимда гулханни вояга етмаган ўғил бола ёққан.

Мамлакатда ҳар бир оила қадимги удумлар ва анъаналарни қадрият сифатида сақлаб келишга ҳаракат қилади. Албатта меҳмондўстликдан ташқари, келган меҳмонга озиқ-овқат солинган халта бериб юборилган. Мазкур анъана ҳозир ҳам сақланиб қолган. Озарбайжонда оила ва унинг анъаналарига жуда ҳам эътибор билан қарашади. Мамлакатда ажралишларнинг камлиги ҳам айнан ана шу хусусият билан белгиланади. Агарда оилада фарзанд бўлса, бундай оилалар камдан кам ажршишади. Ажрашган тақдирда ҳам  ота ҳеч қачон ўз фарзандини ташлаб қўймайди ва бевосита унинг тарбияси ва таъминотида қатнашади.  Бола тарбиясида “Ўз фарзандингни келажакда қандай бўлишини истасанг, ўзинг ҳозир шундай бўл” деган ақидага амал қилинади. Яна бир мақол “Кексалар оиланинг таянчи” том маънода озарбайжонликларнинг қарияларга бўлган муносабатини ўзида акс этади. Мамлакатда атиги 9 та  қариялар уйи бўлиб, аксарият ҳолатда уларда истиқомат қилаётган отахон ва онахонларнинг ҳеч кими йўқдир. Агарда  жуда ҳам узоқ қариндоши  бор бўлган тақдирда, албатта қарияни ўз уйларига олиб кетишади, чунки Озарбайжонда  ўз отаси ёки онасини қариялар уйига бериш жуда ҳам  уят иш ҳисобланади.Озарбайжон халқи қадриятларидан яна бири бу тўй маросимларидир. Қизникига совчи келишидан олдин йигит томон ҳурматга эга бўлган инсонни совчи келишидан хабардор қилиш учун қизнинг уйига жўнатишади. У йигит оиласи хусусида барча маълумотни беради ва совчилар келиши кунини белгилаб, қайтади. Агарда қиз томон бунга рози бўлмаса, йигит томондагилар қишлоқ, шҳардаги энг ҳурматли одамни қайта жўнатишга ҳаракат қилишади ва иш аксарият ҳолатларда “пишади”. Совчилар асосан аёллар бўлиб, улар қиз томоннинг розилигини олишгач, икки оила эркаклари –оталар учрашишади. Бунда куёвнинг отаси учта энг ҳурматли инсонлар билан қиз томонга ташриф буюради. Албатта биринчи маротаба қизнинг отаси рози бўлмайди. Розилик “катта совчилик” пайтида олинади. Йигитнинг отаси қиз томон ва ўзининг қариндошларини уйига чақиради ва шунда тўйнинг бўлиш ёки бўлмаслиги ҳал қилинади. Шундан сўнггина йигит томон яна қиз томонга совчи жўнатиб, уларнинг розилигини  олади. “Катта совчилик” пайтида бўлажак келин ва унинг онаси  уйда бўлмаслиги лозим. Меҳмонларни келиннинг яқин қариндошлари ва отаси кутиб олади. Совчиликдан сўнг бир ой ичида “фотиҳа тўй” бўлиб ўтади. 25-30 нафар меҳмон қатнашадиган бу маросимда йигит томондагилар қизникига  никоҳ узуги, рўмол ва ширинликлар олиб келишади. Йигитнинг опаси ёки акаси қизнинг қўлига узук тақиб, бошига рўмол ўрайди ва ширинликни тишлатади. Тишланган ширинликнинг қолган ярми куёвга  олиб бориб берилади. Кейин меҳмондорчилик бошланади.

Никоҳланмоқ  («кебин кесмек») тўйдан бир неча кун олдин бўлиб ўтади. Никоҳ шартномасига («кэбин кагызы»), икки томоннинг мажбурияти, маҳр пули  миқдори  («мэхр») ёзилади. Асрлар давомида риоя этиб келинаётган бу удум аёлнинг  ажралиши ёки эрининг вафотидан сўнг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини беради.

Тўйдан бир неча кун олдин “уй безаш” «ев бяземек» маросими бўлиб ўтиб, келин томон сепи –кийим кечак, идишлар олиб келинади.

Тўйдан бир кун олдин қизникида  “хна қўйиш” маросими бўлиб ўтиб, келиннинг қўлларига хна қўйилади. Буни йигит томондан келган аёллар амалга оширишади. Мазкур маросим ҳам ўйин-кулгу, мусиқа садолари остида бўлиб ўтади. Хна қўйиш маросими мамлакатнинг турли ҳудудларидаҳар хил амалга оширилади. Шекида у  «келин базми»,  Товузда — «қиз кўриш»,  Масалла ва Ленкоранда — «қиз йиғилиши», Губада «нанесхно қўйиш маросими», Абшеронда — «хнанане» деб аталади. «Хына гойма» (хна қўйиш)  куни анъанага кўра куёв келиннинг уйига келиб, «той паи» (тўй  улуши), яъни келин  томонидан тўйга ажратилган қўй ва товуқни олиб кетишади, эвазига эса пул ва совғалар қолдиришади.  Хна қўйиш маросими албатта  мусиқа садолари  остида ўйин-кулгу билан ўтади.

Тўйнинг иккинчи куни  келинни олиб келиш учун «гялин гятирмэ» маросими бўлиб, унда келин томонга машиналар жўнатиб, қайтишда йигит ва қизнинг дўстлари  пул талаб қилишади («хэлэт») ва совға ёки пул олганларидан кейингина қўйиб юборишади. Тўйдан сўнг келиннинг юзини очиш маросими «узэ чыхды» (юз очиш) маросими бўлиб ўтади.  Агарда илгари  тўй 3 кундан 7 кунгача давом этган бўлса, бугунги кунда харажатларни қисқартириш мақсадида тўй 1 кунда бўлиб ўтади.

Озарбайжонда оилавий муносабатлар жуда ҳам қадрланади. Оилада эркакнинг роли жуда ҳам катта бўлиб, қарор қабул қилиш аксарият ҳолатда у амалга оширилади.

Бугунги кундаги глобаллашув жараёнлари албатта Озарбайжонда асрлар давомида асраб келинаётган қадриятларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Кўпгина урф-одатдар, ўзгариб, замонавийлашиб бормоқда. Шунга қарамай, миллатнинг руҳини акс этувчи қадриятларнинг сақлаб қолишга бўлган ҳаракат давом этиб, бу давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА, журналист

Улашинг: